Life Style
26.07.2025
53
Деярли ҳар куни автоҳалокат билан боғлиқ ҳодисалар ҳақида ўқиймиз, эшитамиз ёки тасодифан шундай воқеаларнинг гувоҳи бўламиз. Йўл-транспорт ҳодисалари оқибатларини кўриб, сергак ва ҳушёр тортамиз ҳам. Аммо буларнинг бари биз учун лаҳзалик ҳолатдек ўтади-кетади. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, ҳаммасини унутамиз. Ҳатто ҳушёрликни ҳам. Аслида автоаварияларнинг асосий сабаби ҳам ҳушёрликни йўқотиш эмасми?!
Кимларгадир ишониб, масъулиятни унутиб, ҳужжатсиз рулга ўтирадиганлар, йўл қоидаларини менсимайдиганлар, йўл-патруль хизмати ходимларининг ишорасига бўйсунмайдиганлар аввал ҳам бор эди, бугун ҳам бор, ҳатто кўп. Йўл-транспорт ҳодисаларининг аксари шундайлар туфайли содир бўлаётгани ҳам айни ҳақиқат. Бундайларнинг касофати фақат ўзига урса майли эди, уларнинг касрига бегуноҳ инсонларнинг ҳам умри хазон бўлаётгани ачинарли ҳол.
Бугун сизга ҳикоя қилмоқчи бўлганимиз ҳам аянчли йўл-транспорт ҳодисаси билан боғлиқ ҳолат. Асрор (исмлар ўзгартирилган) “Матиз” автомашинасида пойтахт бўйлаб йўлга чиқди. Балки, бирон-бир юмуш биландир, ё йўловчиларнинг узоғини яқин қилиб, тўрт-беш сўм ишламоқчи бўлгандир. У чорраҳага яқинлашганда, светофорнинг қизил чироғи ёнганини пайқамай қолдими, тўхташни истамадими, машинанинг тезлигини пасайтирмасдан, ҳаракатланишда давом этди.
Шу пайтда йўл қоидасига амал қилиб, бошқа йўналишдан ҳаракатланиб келаётган машина бехосдан Асрорнинг йўналишига бурилди. Асрор энди тўхтамаса ёки йўналишни ўзгартирмаса, автоавария қилиши шубҳасиз бўлиб қолди. Ҳаяжонданми, қўрқувданми, Асрор машина чамбарагини кескин бурди. Бурилган йўналишини ҳали тўлиқ кўриб улгурмасидан, пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтиб бораётган она ва болани бориб урганини кўрдию...
Тез ёрдам ва шифокорлар томонидан кўрсатилган биринчи тиббий ёрдам ҳам, муолажалар ҳам боланинг ҳаётини сақлаб қололмади. Ҳаёти сақлаб қолинган она эса эндигина беш ёшга тўлган ўғлининг исмини айтиб чор тарафга илтижоли боқади...
Суд жараёнида маълум бўлишича, Асрор бир йил аввал автомобил бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. У машинани ҳужжатсиз бошқариб юрган. У ўз айбини тан олиш асносида отасига ҳайдовчилик гувоҳномасини қайтариб олгани тўғрисида ёлғон гапириб, машинани қўлга киритганини, кутилмаганда бу мудҳиш ҳодисанинг рўй бериганини афсус ва надоматлар билан гапирар экан, суддан жазо тайинлашда енгиллик сўради.
Марҳум боланинг ота-онаси эса ўзини қўярга жой тополмайди. Гоҳ бир-бирига далда бергандек бўлади, гоҳ айбдорнинг бу қилмишини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмаслигини айтиб, дод-фарёд қилади.
Қонун барчага баробар. Асрорга ҳам тегишли жазо тайинланди. Аслида жазонинг қандайлиги муҳим эмас, муҳими, содир этилган ҳодисадан тўғри хулоса чиқариш. Бизнинг ҳам бу воқеани ёритишдан мақсадимиз йўл ҳаракати қоидаларига бўйсунмасликнинг оқибати яхшилик билан тугамаслигини яна бир бор ёдга солиб қўйишдир.
Йўлларда бирон бир ҳайвон ёки парранда, борингки, ҳеч бир жонзотга шикаст етказишга ҳаққимиз йўқ! Шундай экан, автомобиль бошқараётганда ҳушёрликни йўқотмайлик!
Ёрбек ИСКАНДАРОВ,
“Инсон ва қонун” мухбири
Улашиш:
Бошқалар
Автомобилда газ баллонларидан фойдаланиш юзасидан тавсиялар
Автомобилларга ўрнатилган газ баллонларининг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлашда, унинг фойдаланиш муддати асосий мезонларидан бири ҳисобланади.
Жиноят ишларда ярашув амалиётини қўллаш тартиби
Ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд муҳокамаси жиноят иши судга келган пайтдан эътиборан ўн суткадан кечиктирмай ўтказилади.
Никоҳланувчилардан бири носоғлом бўлса, никоҳ тузиладими?
Оила кодексининг 14-моддасига кўра, никоҳ фақат тарафларнинг ўзаро розилиги асосида тузилади.
Декрет пули декретдан декретга уланса неча фоиз тўлаб берилади?
Декрет пули бу аёллар ҳомиладорлик ва туғруқ таътили вақтида оладиган нафақа пули.