Ҳуқуқ
06.03.2026
41

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида васиятнома тизими мерос ҳуқуқининг муҳим таркибий қисми сифатида тартибга солинган. Хусусан, 1120 — 1133-моддаларда васият тушунчаси, унинг шакли, шартлари, бекор қилиниши, ижроси ва васият мажбурияти каби масалалар атрофлича ёритилган. Қуйида ушбу нормалар асосида таҳлилий ёндашув тақдим этилади.
Васият тушунчаси ва унинг ҳуқуқий табиати
Фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулк ёки мол-мулкка бўлган ҳуқуқни вафот этганидан кейин тасарруф этиш ҳақидаги хоҳиш-иродаси васият деб эътироф этилади.
Бу таърифдан келиб чиқадиган асосий белгилар:
◾️ Бир томонлама битим — васият фақат васият қилувчининг иродасига асосланади.
◾️ Шахсан тузилиши — вакил орқали васиятнома тузишга йўл қўйилмайди.
◾️Эркинлик принципи — шахс ўз мол-мулкини исталган шахсга, жумладан, қонун бўйича меросхўр бўлмаган шахсларга, юридик шахсларга, давлатга ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига васият қилиши мумкин.
◾️Меросдан маҳрум қилиш ҳуқуқи — васият қилувчи қонун бўйича меросхўрларни изоҳ бермасдан меросдан маҳрум қилишга ҳақли.
Бу қоидалар васият эркинлиги принципини мустаҳкамлайди. Бироқ мазкур эркинлик қонун доирасида амал қилади (масалан, мажбурий улуш тизими).
Шартли васиятнома: ҳуқуқий чекловлар
Васият қилувчи мерос олишни меросхўрнинг муайян қонуний хулқ-атворига боғлаши мумкин. Бироқ, ғайриқонуний шартлар ҳақиқий эмас, меросхўр объектив сабабларга кўра бажара олмайдиган шартлар суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Бу ерда қонун меросхўрнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади ва васият қилувчининг мутлақ иродасига чек қўяди.
Ворисдан кейинги ворис тизими
Ворисдан кейинги ворис (субститут) тайинлаш имконияти белгиланган. Агар асосий меросхўр, мерос очилгунга қадар вафот этса, меросни қабул қилмаса, ундан воз кечса, нолойиқ меросхўр деб топилса, васият қилувчи олдиндан бошқа шахсни тайинлаб қўйиши мумкин.
Бу норма мерос муносабатларида ҳуқуқий аниқлик ва барқарорликни таъминлайди.
Васият қилинмаган мол-мулк тақдири
Васият қилинмаган мол-мулк қонун бўйича меросхўрлар ўртасида тақсимланади. Шу билан бирга, мол-мулкнинг бир қисми васият бўйича олинган бўлса ҳам, ушбу шахслар қолган қисмга нисбатан қонун бўйича ворис сифатида иштирок этиши мумкин.
Бу қоида аралаш мерос (қисман васият, қисман қонун бўйича) ҳолатини тартибга солади.
Васиятноманинг шакли ва расмийлаштирилиши
Васиятноманинг шаклига қўйиладиган талаблар белгиланган:
◾️ ёзма шакл;
◾️ тузилган жой ва вақт кўрсатилиши;
◾️ шахсан имзоланиши;
◾️ нотариал тасдиқланиши ёки унга тенглаштирилган ҳолатларда расмийлаштирилиши.
Махфий васиятнома тизими (1125-модда) васият сирини таъминлашга хизмат қилади. Бу ҳолатда нотариус мазмун билан танишмайди.
Шаклга риоя этилмаслиги васиятноманинг ҳақиқий эмас деб топилишига олиб келади (1130-модда).
Васиятномани бекор қилиш ва ўзгартириш
Васият қилувчининг мутлақ эркиндир. Шунга мувофиқ у васиятномани исталган вақтда бекор қилиш, янги васиятнома тузиш, ўзгартириш ёки тўлдириш мумкин. Бунда муҳим жиҳат, кейинги васиятнома бекор қилинса ҳам, аввалгиси автоматик равишда қайта тикланмайди.
Васият мазмуни сирини сақланади
Нотариус ва бошқа мансабдор шахслар мерос очилгунга қадар васият мазмунини ошкор қилишга ҳақли эмас. Бу норма шахсий ҳаёт дахлсизлигини ҳимоя қилади.
Васиятноманинг ҳақиқий эмаслиги
Қуйидаги ҳолатларда васиятнома ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин:
◾️ шаклга риоя этилмаган бўлса;
◾️ имзолаш ёки тасдиқлаш тартиби бузилган бўлса;
◾️битимлар ҳақиқий эмаслигига оид умумий қоидаларга зид бўлса.
Бир қисми ҳақиқий эмас деб топилса ҳам, қолган қисми сақланиб қолиши мумкин.
Васиятномани ижро этиш ва ижрочи
Васиятномани ижро этувчи тизим мавжуд. У меросни муҳофаза қилиш, меросхўрларни хабардор қилиш, қарзларни ундириш ёки тўлашни таъминлайди ва васият мажбуриятларини назорат қилади.
Ижрочи бир йилдан ортиқ муддат фаолият юритмаслиги керак (умумий қоидага кўра).
Васият мажбурияти ва мажбурият юклаш
Васият мажбурияти (легат) тизимига мувофиқ васият қилувчи меросхўр зиммасига учинчи шахс фойдасига мажбурият юклаши, турар жойдан умрбод фойдаланиш ҳуқуқини белгилаши, муайян ҳаракатни амалга ошириш ёки тийилиш мажбуриятини юклаши мумкин.
Бу норма васиятни фақат мулк тақсимлаш воситаси эмас, балки ижтимоий ва ахлоқий вазифаларни амалга ошириш механизмига айлантиради.
Хулоса
Шу тариқа, васиятнома — бу фақат мулкий муносабат эмас, балки шахснинг охирги иродасини ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлаш воситаси ҳисобланади. Ушбу нормалар мерос муносабатларида барқарорлик, адолат ва ҳуқуқий аниқликни таъминлашга хизмат қилади.
Фазлиддин Насруллаев,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Букмекерлик фаолиятини реклама қилганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Ўзбекистон қонунчилигида букмекерлик ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни реклама қилиш учун жавобгарлик белгиланган.
Кредит тўлови муддатини кечиктириш ёки узайтириш имкониятлари
Кредит шартномаси амал қилиш даврида тўловлар биринчи маротаба кечиктирилган ёки узайтирилган тақдирда, муайян ҳолатлар мавжуд бўлса, кредит таснифи ўзгартирилмайди ва у шартлари қайта кўриб чиқилган актив сифатида баҳоланмайди.
«Рақамли прокуратура — 2030»: прокуратура фаолиятини рақамлаштириш орқали шаффофлик, тезкорлик ва қонунийликни таъминлаш
Прокуратура органларини 2030 йилга қадар рақамли трансформация қилишга қаратилган «Рақамли прокуратура — 2030» стратегияси ишлаб чиқилди.
Автомобилни йўлнинг қатнов қисмида қанча вақт қолдириш мумкин?
Бироқ амалиётда йўловчиларни чиқариш ёки тушириш, юкларни ортиш ёки тушириш билан боғлиқ ҳолатлар, шунингдек транспорт воситасининг техник носозлиги туфайли юзага келадиган мажбурий тўхташ ва тўхтаб туриш ҳолатлари ҳам кенг кўламда кузатилмоқда.