Ўзбекистон
31.08.2026
15

ВАТАН! Тириклигимизни, меҳримизни, ғуруримизни, ору номусимизни, қадру қимматимизни, диёнатимизни йўргаклаган, асраган, ардоқлаган муқаддас бешик! Ҳар тоғу тоши, ҳар гули гиёҳи кўзимизга ўчмас бўлиб муҳрланган ифтихоримиз – ВАТАН! Оёғимиз остидаги тупроқнинг зарраси-ю, майин саболарда ҳилпираётган майсаларнинг нафасигача Ватаннинг сурати кўриниб туради, Ватаннинг юраги уриб туради.
Шаҳару қишлоқларимиздаги осмонўпар бинолар салобати, юракларни ларзага солувчи кўприклар маҳобати, меҳрлар чорлаб турган йўллар фароғати – Ватан! Ватаннинг энг буюк тимсоли бунёдкор халқимиз, оддий одамларимиз, заҳматкаш элимиздир, олимми, муаллимми, боғбонми, косибми, шифокорми, фаррошми, деҳқонми, тадбиркорми, кимлигидан ыатъий назар меҳнаткаш инсонлар саодати – Ватан! Қуёшни уйғотган саҳролар таровати, инсон меҳридан гуллаётган тошлар тиловати – Ватан!
Ўзбекистон ҳақидаги ҳар битта сўз, ҳар битта сатр бизни Ватанни севишга ўргатди. Бутун умр юрту Ватан, элларини соғиниб ўтган Бобур Мирзонинг “Ватандин яхши ёр ўлмас” дегувчи ўлмас сатрлари неча асрлар ўтса-да, кўнглимиз кўзгусидан ўчмайди. Буюк адиб Ойбекнинг Ватанга берган таърифини ҳар гал такрорлаганда, қалбимизни муаззам ва муҳташам туйғулар чулғаб олади:
“Бир ўлкаки, тупроғида олтин гуллайди!
Бир ўлкаки, сал кўрмаса қуёш соғинар...”
Тинчлик юртимиз тумори! Тинчликнинг қадри, қиммати дунё қалқиб турган бугунги таҳликали дамларда минг карра ошди, десак баландпарвоз сўз деб ўйламанг.
Тинчликка шунчалик ўрганганмизки, ҳатто осмон қаттиқроқ гумбурласа ҳам сесканиб кетамиз, ҳушёр тортамиз. Ватанга шу қадар меҳр қўйганмизки, сал узоқроққа кетсак, юртга талпинамиз, саёҳатимиз тугамасданоқ қайтиш тадоригини кўра бошлаймиз.
Тинчлик-юраклар мадҳияси
Ҳа, Ўзбекистон – осойишталик салтанати, тинчлик Ватани! Тинчликнинг садолари–юрагимиз мадҳияси! Ўзбекистоннинг ҳар бир гўшасида бундай кунларнинг қадрига етиш шукронаси билан яшаётган турли миллат ва элат вакилларининг бир оиладек қадрдон бўлишининг сири ҳам аслида ана шунда. Айвонларимизнинг тўрида қалдирғочларнинг ҳар йили ин қуриши, оппоқ лайлакларнинг энг баланд жойга макон қуриб тинчликка таъзим қилиши, кабутарларнинг деразамиз токчасидан кетмай осуда чуғурлаши, ҳамма-ҳаммаси ана шу буюк неъмат – тинчлик туфайли.
Ҳатто миттигина чумолининг ўзидан ўн баробар катта юкни қилдек нозик елкасида кўтариб кетаётганида ҳам Ватанга садоқат туйғуси борлигини ҳис этамиз. Юртимиз озодлигини қадрлаш, ободлигига ободлик қўшиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз эканини англаймиз.
Ғурур туйғуси
Ватаннинг катта-кичиги бўлмаганидек, Ватанни севиш катта-кичикка қарамайди, ёш танламайди. Буни жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий жамоаси ўйинлари чоғида футболчиларимиз ютқазиб қўйган лаҳзаларда кичкина ўзбек боласининг кўзларидан тўкилган аламли ёшларга қараб бутун дунё кўрди ва тан берди. Ана шу миттигина болакайнинг кўз ёшларида ҳам Ватанга садоқат ва ғурур туйғуси мужассам эди.
Ватан юракларда туғилади. Бу ҳаёт, бу тақдир кимларнидир Ватандан узоқда яшашга мажбур қилиши табиий. Россияда ишлаётган ўзимизнинг қоракўзлар билан телефонда ҳар гал суҳбатлашганда, Ватан меҳри катталар қалбидагина эмас, митти болажонлар юрагида ҳам катта ҳарфлар билан ёзилганини кўргандек бўламан. Меҳнат муҳожири бўлган аёлнинг айтишича 4 ёшли фарзанди ҳар куни болалар боғчасига бораётганда, онасидан “Онажон, биз нима учун ўзбек бўла туриб, бошқа тилдаги боғчага борамиз, бошқаларнинг тилида гаплашамиз, нега ўзбек бўлсак ҳам Ўзбекистонда яшамаймиз, ахир биз ўзбекмиз, Ўзбекистонда яшашимиз керак-ку!”деб сўрагани-сўраган. “Мен эса унинг юрагида Ватанимиз улғаяётганини кўриб, оғир хўрсинаман”, дейди онаси. Ўзи Москвада туғилган бу митти болажондаги Ўзбекистон билан ғурурланиш туйғуси юракни тўлқинлантиради.
Ҳар қадамда Ватанга меҳрни кашф этаверамиз. Яқинда жамоамиз билан Самарқандга, нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами учун муҳим маънавий ва илмий мерос масканларидан бири ҳисобланган Имом ал - Бухорий мажмуасига зиёратга бордик.
Буюк муҳаддис Имом ал-Бухорийнинг қабри жойлашган муқаддас зиёратгоҳ ва меъморий мажмуа таркибига мақбара, масжид, кутубхона ва зиёратчилар учун яратилган қулай шароитлардан ғурурландик. Мажмуада жойлашган музейга кириб тарихнинг улуғворлигини ўзида акс эттирган мўъжизалар олдидаги ҳайратимиздан ҳам ўн чандон кучлироқ ҳайратга дуч келдик. Музейдаги экспонатларга беғубор нигоҳ билан термулиб турган етти ёшли қизалоқнинг ҳайрати бизни ҳайратга солди. Бу албатта, унинг Ватан ҳақидаги тасаввурини бойитиши, юртимиз даҳолари билан ғурурланиш туйғуларига қанот бўлиши аниқ!
Тилимиз бир, дилимиз бир
Ватанимизга, тилимизга, миллатимизга ҳурмат ва эътиборни яна бир мисол орқали кўз-кўз қилишимиз мумкин. Куни кеча Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Турсунзода шаҳрига ташрифи чоғида шаҳарда ўзбекзабон аҳоли борлигини ҳисобга олиб, ўзбек тилида таълим бериладиган мактаблар ҳам қуриш кераклиги ҳақида масъулларга топшириқ берганлиги тўғрисидаги маълумотларни ўқиб, қалбимизни ажиб туйғулар эгаллади. Ўзбек тилида таълим олиш имкониятини кенгайтириш, мактаблар қуриш ҳамда ўзбек тилида дарслик ва китоблар нашр этиш бизнинг яна бир ютуғимиз. Бу тилимиз бир, дилимиз бир қон-қардошларимиз билан дўстлик ришталарини мустаҳкамроқ боғлаши табиий.
Бир вақтлар тожикистонлик курсдош дугонамиз Ҳуснинисо Аҳмедова жойлари жаннатда бўлсин, Ўзбекистонга курсдошлар учрашувига келаётганда, “таъзияга бораяпман, яқин қариндошим оламдан ўтиб қолди, бормасам бўлмайди” деб минг машаққатлар билан чегарадан ўтганини, қайтишида ўзбек тилидаги китобларни яшириб, ёки чегара постидагиларга ялиниб-ёлвориб, йиғлаб-йиғлаб олиб ўтганларини ҳар эслаганда қалбимизни бир оғриқ эзади...
Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги бизга ёруғ умидлар бағишлайди. “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори бизни янада жипслаштиради, улуғ мақсадларга етаклайди. Ўзбекистонданман, деган ғурурнинг, ифтихорнинг қадрини янада оширади. Миллий истиқлол ғояларига садоқатли ёшлардан бири, умидли ёш шоир Ифтихорнинг қуйидаги тўрт сатрида Ватан ва халқ тимсолининг тенгсиз ифодаси бор:
“Тошлар бирлашганда тоққа айланар,
Дарахтлар жамланиб, боққа айланар.
Халқ тоғдек бирлашиб, боғлар яратса,
Бу юртда гадо ҳам шоҳга айланар!”
Маруса ҲОСИЛОВА,
журналист
Улашиш:
Бошқалар
Қайси ҳолларда ходимга ишланмаган вақт учун ҳақ тўланади?
Донор ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтиши, қон топшириши ва ундан кейинги дам олиш куни учун ҳақ тўланади.
Сохта тўловга қобилиятсизлик учун қандай жавобгарлик бор?
Агар етказилган моддий зарар тўлиқ қопланган бўлса, шахсга озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилмайди.
Мустақилликнинг 35 йили: бирлик, тараққиёт ва фаровонлик сари
Бу йил халқимиз Ўзбекистон ўз давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлайди.
Болаларга ҳимоя ордери бериш тартиби қандай?
Мазкур қонун болаларга нисбатан зўравонлик тушунчасини, унинг турларини, давлат органларининг ваколатларини ҳамда ҳимоя механизмларини комплекс тартибга солди.