Ҳуқуқ
01.04.2026
36

Бозор иқтисодиёти шароитиda иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги муносабатларни фақатгина давлат томонидан белгиланган мажбурий нормалар билан эмас, балки ижтимоий шериклик асосида тартибга солиш устувор аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида ижтимоий шериклик институтига алоҳида урғу берилган бўлиб, унинг марказий элементи — жамоавий музокаралар ҳисобланади.
Жамоавий музокаралар орқали ходимларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, иш ҳақи миқдорини ошириш ва ижтимоий имтиёзлар белгилаш масалалари ҳал этилади. Бироқ, жамоавий музокаралар жараёни ҳар доим ҳам томонларнинг тўлиқ келишуви билан якунланмайди.
Иш берувчининг иқтисодий имкониятлари ва ходимларнинг ижтимоий талаблари ўртасидаги тафовут натижасида юзага келадиган ихтилофлар музокараларнинг табиий, аммо мураккаб қисмидир. Ушбу ихтилофларни ўз вақтида ва қонуний ҳал этмаслик меҳнат жамоасидаги муҳитнинг ёмонлашишига, ишлаб чиқариш самарадорлигининг пасайишига ва ҳаттоки жамоавий меҳнат низоларига (иш ташлашларга) олиб келиши мумкин.
Замонавий меҳнат ҳуқуқида жамоавий музокаралар жараёнидаги ихтилофларни ҳал этишнинг ўзига хос тизими шаклланган. Бу тизим "келиштирувчи комиссия", "воситачи (медиатор) иштироки" каби босқичларни ўз ичига олиб, низони судгача бўлган босқичда, томонларнинг манфаатларини мувозанатлаштирган ҳолда ҳал этишга қаратилган. Халқаро Меҳнат Ташкилотининг (ХМТ) конвенцияларида ҳам жамоавий музокараларни қўллаб-қувватлаш ва ихтилофларни ихтиёрий равишда ҳал этиш механизмларини яратиш давлатнинг асосий мажбуриятларидан бири сифатида белгиланган.
Агар жамоавий музокаралар жараёнида жамоавий музокаралар тарафлари музокаралар предмети бўлган айрим масалалар юзасидан келишувга эриша олмаган бўлса, улар ихтилофларга сабаб бўлмаган масалаларга доир келишувни расмийлаштиради ва бир вақтнинг ўзида келишувга эришиб бўлмаган масалалар бўйича ихтилофлар баённомасини тузади.
Агар жамоавий музокаралар жараёнида музокаралар предмети бўлган барча масалалар юзасидан келишилган қарор қабул қилинмаган бўлса ҳам музокаралар тарафлари ихтилофлар баённомасини тузади.
Ихтилофлар баённомасида тарафларнинг ихтилофларни бартараф этиш учун зарур бўлган чоралар ва жамоавий музокараларни қайта тиклаш муддатлари тўғрисидаги келишиб олинган таклифлари кўрсатилади.
Тарафлар жамоавий музокараларни қайта тиклаш чоғида ҳал қила олмаган ихтилофларни ҳал этишга (тартибга солишга) доир низолар ушбу Кодексда жамоавий меҳнат низоларини ҳал этиш учун белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Бекжон Исмаилов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдисида янги босқич: электрон тўлов тизимига ўтиш
Тарафлар ўзаро келишувга эришгач, харидор ёки унинг вакили банкка мурожаат қилиб, тегишли маълумотлар акс эттирилган ариза тақдим этади.
Декретга чиқмасдан ишлаш мумкинми?
Йўриқномага эътибор қаратилса, аёлга ҳомиланинг 30 ҳафтасидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади
Масофадан ишлаш тартиби: ходимлар нимани билиши керак?
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 453-моддасида масофадан туриб ишлашнинг ҳуқуқий тартиби белгиланган.
Ходимларга қандай ҳолатларда “байрам пули” тўлаб берилади?
Иш берувчининг мукофот пули тўлаш мажбурияти Меҳнат кодексида бевосита келтирилмаган, бироқ...