currencies image

12 360,86 UZS

5,72

usd

currencies image

14 479,51 UZS

60,02

eur

currencies image

145,66 UZS

2,82

ru



АсосийЯнгиликларЖиноят қонунчилигида жазодан озод этишнинг айрим масалалари

Жиноят қонунчилигида жазодан озод этишнинг айрим масалалари

Суд очерклари

calendar

18.01.2024

eye

847

Жиноят қонунчилигида жазодан озод этишнинг айрим масалалари

Аннотация. Мақолада жазодан озод қилиш турлари сифатида жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ва жазо енгилроғи билан алмаштиришнинг айрим жиҳатлари, бу борада хорижий давлатларнинг қонунчилиги таҳлил этилган ҳолда муаммолар ва ушбу институтни янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар илгари сурилган. Шунингдек, шахсларнинг қайта жиноят содир этишининг олдини олиш, қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлигини таъминлашга қаратилган масалалар ёритилган.

Калит сўзлари: жиноят, жазо, жазодан озод қилиш, шартли равишда жазодан озод қилиш, жазо тайинлаш, суд, жазони енгилроғи билан алмаштириш.

Аннотация. В стате как виды освобождения от наказания, некоторые аспекты условно-досрочного освобождения до отбывания наказания и замены на более мягкое наказание, выдвигаются проблемы и предложения по далнейшему совершенствованию данного института, анализируется законодателство зарубежных стран в этом отношении. Также освещены вопросы, направленные на предотвращение повторных правонарушений граждан, обеспечение законности и неотвратимости наказания.

Ключевые слова: преступление, наказание, освобождение от наказания, условно-досрочное освобождение от наказания, приговор, суд, смягчение наказания.

Annotation. The article, such as types of release from punishment, some aspects of parole before serving a sentence and replacement with a more lenient punishment, puts forward problems and proposals for further improvement of this institution, analyzes the legislation of foreign countries in this regard. Issues aimed at preventing repeated offenses by citizens, ensuring the legality and inevitability of punishment are also covered.

Key words: crime, punishment, release from punishment, parole, sentence, trial, mitigation of punishment.

Бугунги кунда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижасида жиноят қонунчилиги нормалари янада либераллаштирилмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда жавобгарлик ва жазодан озод қилиш асослари соддалаштирилди, айрим турдаги жиноятлар бўйича санкциялар енгиллаштирилди ва жавобгарликдан озод этишга қаратилган рағбатлантирувчи нормалар жорий этилди.

Шунингдек, инсонпарварлик акти сифатида жиноят содир этган шахсларга нисбатан енгилроқ жазо тайинлаш, шу жумладан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш амалиёти янада кенгайтирилди. Бу эса, ўз навбатида, инсонпарварлик тамойилини амалда таъминлашга хизмат қилмоқда.

Олий суднинг статистик маълумотларига кўра, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод этилган шахслар 2021 йилда 21780 нафарни, 2022 йилда 26753 нафарни, 2023 йил 3 ойлигида 7685 нафарни, жазони енгилроғи билан алмаштирилган шахслар 2021 йилда 7480 нафарни, 2022 йилда 10202 нафарни, 2023 йил 3 ойлигида 2994 нафарни ташкил қилмоқда.

Юқорида келтирилган статистик маълумотлардан кўриш мумкинки, жазо қўллаш сиёсатининг анча енгиллаштирилган ва бу ҳолат инсон ҳуқуқларининг таъминланишига олиб келмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг афв этиш ҳақидаги фармонлари асосида жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган минглаб маҳкумлар жазодан озод этилди.

Хўш, жазонинг енгиллаштирилиши жазодан кўзланган мақсадга қай даражада эришилмоқда, деган ҳақли саволни юзага келтиради. Зеро, жиноят содир этган шахс қилмишидан хулоса чиқариб, унинг оқибатларини тушуниб, англаб етмоқдами?

Маълумотларга эътиборга қаратадиган бўлсак, муқаддам судланган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар сони 2021 йилда 9 минг 724 тани ташкил қилган бўлса, мазкур кўрсаткич 2022 йилда 11 минг 635 тага етган, яъни 19,6 фоизга ошган. Шу каби муқаддам жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар сони 2021 йилда 168 тани ташкил этган бўлса, 2022 йилда 9,5 фоизга ошиб, 184 тани ташкил этган[1].

Ушбу маълумотлардан кўриниб турибдики, судлар томонидан шахсларга қўлланилаётган жазолар шахсларнинг ахлоқан тузалиши учун етарли бўлмаяпти. Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган ва жазо енгилроғи билан алмаштирилган шахслар тузалиш йўлига ўтмасдан ва содир қилган жиноятидан тегишли хулоса чиқармасдан қайта жиноят содир этмоқда. Бунинг устига, шахсларнинг муддатидан илгари шартли озод қилиниши ҳолатлари янги жиноятларни содир этиш учун йўл очаяпти.

Бу эса, судлар томонидан тайинланган жазо тўлиқ ўталмасдан туриб шахслар озодликка чиқиши жамиятда шахслар онгида “жиноят содир қилгандан кейин бир неча йилда чиқиб келиш мумкин” деган тушунчани, яъни қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлигига нисбатан ишончсизликни келтириб чиқармоқда.

Шахсларнинг қайта тарбияланмасдан туриб, эрта озодликка чиқарилиб юборилиши бундай шахсларнинг қайта жиноят содир этиш ҳолатлари кўпайишига олиб келади. Бундай ҳолатда, албатта, адолатга эришиб бўлмайди. Чунки содир этилган жиноят учун адолатли жазо тайинлаш одил судловнинг муҳим кафолати ҳисобланади. Шуни қайд этиш керакки, жавобгарликнинг муқаррарлиги ва жазоларнинг етарли даражада таъсирчанлиги шахсни тарбиялашга хизмат қилади.

Маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганлиги авваламбор уларнинг қонунга итоаткорлик хулқ-атворидан, инсон, жамият, меҳнат, ижтимоий қоидалар ва анъаналарга нисбатан ҳурмат қилиш муносабатларнинг шакллантирилганлигидан дарак беради.

Ўз навбатида, жиноят содир этган шахсларнинг жазонинг маълум қисмини ўтаганидан кейин озодликка чиқарилиши ушбу жиноятдан жабрланган фуқаролар томонидан Давлатнинг жазо сиёсатига, шунингдек, мутасадди органлар ва судга нисбатан эътирозлар юзага келишига ҳамда қонунларга ва адолатга нисбатан одамларнинг ишончнинг йўқолишига олиб келиши мумкин.

Илгари енгиллик қўлланилган шахслар томонидан қасддан янги жиноят содир этиши шахс тузалиш йўлига ўтмаганлигидан дарак беради ва бу, ўз навбатида, жазодан кўзланган мақсадларга эришишга тўсқинлик қилади. Шунга кўра, “Ўзбекистон Республикасининг жиноят ҳамда жиноят-ижроия кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 23.03.2023 йилдаги ЎРҚ-825-сон Қонунига асосан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ҳамда жазони енгилроғи билан алмаштириш бўйича муддатлар узайтирилди.

Қонунчиликка киритилган мазкур ўзгартиришлар маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтишига, жиноятчиликнинг олдини олишга хизмат қилади.

Шунингдек, жиноят қонунчилигига кўра, жиноят содир этишда айбдор деб топилган шахсларни жазо қўлламасдан ҳам тузатиш мумкин деган хулосага келиш учун асослар етарли бўлса шахс жазодан озод қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 03.02.2006 йилдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сон қарорида ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятни очилишига фаол ёрдам ёрдам берган, етказилган зарарни қоплаган шахсларни жавобгарликдан ёки жазодан озод қилиш масаласи судлар томонидан муҳокама қилиниши лозим.

Жазодан озод қилиш бу инсонпарварлик принципи билан боғлиқ бўлиб, унга кўра жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахсга нисбатан у ахлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишини олдини олишга етарли бўлган жазо берилиши лозим. Жиноят ишини судда кўриш давомида суд судланувчининг шахсини ва бошқа ҳолатларни ҳисобга олиб, судланувчини жазодан тўла ёки қисман озод қилиши мумкин. Бундай ҳолатларда суд, судланувчининг ахлоқини тузатиш учун ҳамда унинг янги жиноят содир этишини олдини олиш учун жазо тайинлаш шарт эмас деб топади.

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, давлат мажбурлов чораларини қўллаш ҳуқуқига эга, жазодан озод қилишда эса мамлакатнинг қилмишни амалга оширганлиги учун судланиб чиққан инсонга жиноятда таъкидлаб ўтилган асослар ва ҳолатлар бор бўлганда жазони тайинлаш жараёнидан ва жазони ижро қилишдан воз кечишдир.

Жазодан озод қилиш фақат суд томонидан амалга оширилади, чунки жиноят қонунчилигига кўра шахсни жиноят содир этишда айбдор деб топиш ва унга жазо тайинлаш суднинг мутлоқ ваколатига киради.

Жазодан озод қилиш институтини янада тўлиқ ва тўғри шакллантириш учун унинг ўзига хос белгиларини аниқлаштиришимиз лозим. Унга кўра, айтиш керакки жазодан озод қилиш жиноят-ҳуқуқий нормалар йиғиндисидан иборат. Жазодан озод қилиш, жиноят содир этишда айбли деб топилган шахсга жазоланмаслик имкониятини бериш бўлиб, у давлатнинг жазони қўллашдан ёки унинг ижросини давом эттиришдан воз кечишида ифодаланади.

Жазодан озод қилиш амалга оширилиш шаклига кўра икки турга: шартли ёки шартсиз турларга ажратиш мумкин.

Шартли равишда жазодан озод қилишда суд жиноят содир этишда айбдор деб топилган ва жазо тайинланган шахсни тайинланган жазони ўтамасдан туриб ҳам унинг ҳулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин деган фикрга келса, маҳкумнинг зиммасига бир нечта мажбуриятларни юклаб, синов муддати берган ҳолда, жазодан озод қилади, агар синов муддати давомида маҳкум томонидан, жазони шартлилигини бекор қилувчи асослар содир этилмаса суд тайинланган жазони ижро этмаслик тўғрисида қарор чиқаради, ёки жазони ижро этиш вақтида маҳкумнинг ахлоқини тайинланган жазони қолган қисмини ўтаттирмасдан ҳам тузатиш мумкин деган фикрга келса, тайинланган жазони қолган қисмини ўташдан шартли равишда озод қилади.

Айтиш мумкинки, шартли равишда жазодан озод қилишда, суд шахсни жиноят содир этишда айбли деб топади ва унга нисбатан жазо тайинлайди лекин, уни ижросини шартли равишда маълум бир муддатга кечиктиради ва маҳкум ушбу муддат давомида ўзига нисбатан қўйилган мажбуриятларни тўлиқ бажарса суд жазони ижро этишдан озод этади ёки жазони қолган қисмини ўташдан озод этади.

Шартли равишда жазодан озод қилишни касаллик оқибатида жазодан ёки уни ўташдан озод қилишда ҳам кўришимиз мумкин. Ушбу ҳолатда маҳкумга нисбатан суд тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаши мумкин. Ушбу жазодан озод қилишнинг шартлилиги шундаки, маҳкум касалликдан тузалгандан сўнг ёки меҳнат қобилияти тўлиқ тиклангандан сўнг ЖКнинг 69-моддасида белгиланган муддатлар ўтмаган бўлса у жазони ижро этиши лозим бўлади.

Шартсиз равишда жазодан озод қилишга эса жазони ижро этиш муддати ўтиб кетганлиги билан жазодан озод қилиш, шахсни ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотиши муносабати билан уни жазодан озод қилиш, жазони енгилроғи билан алмаштириш, амнистия акти ёки афв этиш асосида жазодан озод қилишларни мисол қилишимиз мумкин. Ушбу санаб ўтилган тарзда жазодан озод қилиш турларида суд томонидан маҳкумга бирор бир шартли мажбурият ёки маълум бир муддатга бирор чеклов қўйилмайди.

Жазодан озод қилишни тайинланган жазо муддатига кўра тўлиқ, қисман ва аралаш турларга ҳам ажратсак бўлади.

Жазодан тўлиқ озод қилишда маҳкум суд томонидан тайинланган жазо муддатидан тўлиқ озод қилинади, яъни суд томонидан қанча миқдорда жазо қўлланилган бўлса барча тайинланган жазодан озод қилинади. Бу турдаги жазодан озод қилишга жазони ижро қилиш вақти тўлиқ ўтиб кетганлиги сабабли, жиноятни содир қилган шахснинг ижтимоий хавфли эканлиги ўтиб кетганлиги туфайли жазони ижро этмаслик, қилмишни содир қилган шахс ўзининг қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлганлиги билан, шартли ҳукм қилиш билан боғлиқ бўлган қилмишлардир.

Қисман жазодан озод қилиш уни ижро этиш даврида жазодан озод қилиш ёки жазони ўталмаган қисмини енгилроғи билан алмаштиришда ифодаланади. Яъни буни шундай тушунишимиз лозимки, жазо суд томонидан тайинлангандан сўнг, уни ижро этиш бошланади ва маълум бир муддат ўтгандан сўнг, маҳкум ахлоқан тузалиш йўлига ўтганлиги ва қонунда белгиланган талабларга жавоб берган вақтда уни ўталмай қолган жазо муддатидан шартли равишда озод қилиниши мумкин ёки жазони ўталмай қолган муддати енгилроқ жазога алмаштирилиши мумкин.

Aралаш турдаги жазодан озод қилишда, шахс касаллик ёки меҳнат қобилиятини йўқотиши муносабати билан, амнистия акти ёки афв этиш асосида жазодан тўлиқ ёки қисман озод этилади. Бундай турда тайинланган жазо умуман ижро этилмайди, жазони ўталмай қолган қисми шартли равишда озод қилинади, ёки жазони ўталмай қолган қисми енгилроқ жазо билан алмаштирилади.

Жиноят содир этишда айбли деб топилган шахсларни жазодан озод этишнинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, вояга етмаган шахсларни жазодан озод қилиш умумий тартибдаги жазодан озод қилишдан бирмунча фарқ қилади.

Aйрим хорижий мамлакатлар жиноят қонунчилигида жазодан озод этиш масаласи таҳлил қилинганда, жазодан озод қилиш тартиби бизнинг қонунчилигимиздаги жазодан озод қилиш тартибига ўхшаш ҳисобланади. Фақат айрим жойларида фарқларни кўриш мумкин. Масалан, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш фақат уларда муддатларда фарқ қилади.

Европа давлатларида жазодан шартли равишда озод қилишда маҳкум томонидан содир этилган жиноятларнинг оғирлик даражасидан қатъи назар, тайинланган жазо муддатининг маълум бир қисми ўталганидан сўнг шахс шартли озод қилинади.

1) Aнглия, Бельгия, Корея, Хорватия, Япония давлатларида суд томонидан тайинланган жазо муддатнинг 1/3 қисми;

2) Aвстрия, Aлбания, Болгария, Португалия, Франция, Чехия давлатларида жазо муддатининг 1/2 қисми;

3) Германия, Дания, Исландия давлатларида жазо муддатнинг 2/3 қисми (айрим ҳолатларда 1/2 қисми);

4) Испания давлатида эса ¾ қисмини ўтагандан сўнг шартли озод қилиниши мумкин.

Хорижий мамлакатларда ҳам жазони ўташни муддатидан олдин шартли равишда озод қилиш тарзидаги жазодан озод қилишини қўллаш мумкин бўлмаган маҳкумларнинг тоифалари мавжуд.

Хитой, Аргентина ва Венгрия давлатларида рецидивистларга, Хитойда ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган маҳкумларга, АҚШ ва Литвада эса умрбод қамоқ жазоси тайинланган шахсларга нисбатан шартли озод қилиш қўлланилмайди.

Кўришимиз мумкинки, бизнинг қонунчилигимиздан унчалик ҳам фарқ қилмайди.

Яна бир фарқли жиҳати хорижий давлатларнинг жиноят ҳуқуқида жазодан озод қилишнинг шартли ҳукм қилиш тури, жазодан озод қилиш тури эмас, балки жазо тайинлаш асосларидан ўрин олган.

Масалан МДҲнинг Намунавий жиноят кодексининг 73-моддаси шартли равишда жазони қўлламаслик деб номланади ва унинг мазмуни миллий жиноят қонунчилигимизнинг 72-моддаси мазмунига яқин ҳисобланади. Бунда шартли равишда жазо қўлламаслик жазодан озод қилиш тури эмас, жазо тайинлашнинг умумий асослари сифатида белгиланади.

Россия Федерациясининг ЖКнинг 73-моддаси шартли ҳукм қилиш, ЖКнинг 74-моддаси шартли ҳукмни бекор қилиш ёки синов муддатини узайтириш деб номланиб, ушбу моддалар жазо тайинлаш бобда жойлашган бўлиб, шартли ҳукм қилиш жазодан озод қилиш тури сифатида белгиланмаган.

Беларус Республикаси ЖКнинг Умумий қисми 11-боби жиноий жавобгарликнинг бошқа чоралари деб номланиб, унда жазо ижросини кечиктириб ижро қилиш (77-модда), жазони шартли қўлламаслик ҳақида ҳукм қилиш (78-модда), жазо тайинламасдан ҳукм қилиш (79-модда), Превентив Назорат (80-модда), маҳкумларни профилактик назорат қилиш (81-модда) ўз аксини топган бўлиб, бу ерда ҳам шартли ҳукм қилиш жазодан озод қилишнинг тури сифатида белгиланмаган.

Қозоғистон Республикаси ЖКда ҳам шартли ҳукм қилиш жазодан озод қилиш тури сифатида эмас, балки жазо тайинлашнинг умумий асослари сифатида назарда тутилганлигини ушбу давлат ЖКнинг 63 ва 64-моддаларидан аниқлаш мумкин.

Озарбайжон Республикасида ҳам жазони енгилроғи билан алмаштириш институти мавжуд бўлиб, ушбу институт бизнинг миллий Жиноят кодексининг 77-моддаси билан ўхшашлиги мавжуд. Бироқ, Озарбайжон давлати жиноят қонунчилигидаги ушбу норманинг биздаги мавжуд жазони енгилроғи билан алмаштиришдан битта фарқли томони ушбу давлатда жазони енгилроғи билан алмаштириш фақат озодликдан маҳрум қилиш жазосига нисбатан татбиқ этилади. Бизнинг қонунчиликда эса озодликдан маҳрум қилиш жазосидан ташқари бошқа турдаги жазоларга нисбатан ҳам қўлланилади.

Миллий ва хорижий тажрибаларни таҳлил қилган ҳолда, мамлакатимизда жазодан озод қилиш институтини ривожлантириш мақсадида бир қатор назарий таклифлар илгари сурилади.

Биринчидан, ЖКнинг 72-моддасида шартли ҳукм қилиш асосида жазодан озод қилиш тури ҳисобланмайди. Чунки, шартли ҳукм қилиш орқали маҳкум ҳеч қандай жазодан озод қилинмайди, яъни шартли ҳукм қилиш маҳкумни синов муддати давомида ахлоқан тузалишга ундовчи мажбурлов чораси ҳисобланади. Шу сабабли шартли ҳукм қилишни жазо тайинлаш асослари қаторига қўшиб, Жиноят кодексининг ўн учинчи бобида жойлашган жазодан озод қилишнинг шартли ҳукм қилиш турини жазодан озод қилиш турлари қаторидан чиқариб, Жиноят кодексининг ўн биринчи бобига 573-моддаси кўринишида қўшиш таклиф этилади.

Иккинчидан, ЖКнинг 72-моддасига шартли синов муддати давомида қасддан янги жиноят содир этган шахсга нисбатан янги ҳукм бўйича жазо тайинлашда шартли ҳукм қўлланилиши мумкин эмаслиги ҳақида норма билан тўлдириш таклиф этилади.

Чунки, ЖКнинг 72-моддаси тартибида шартли ҳукм қилинган шахс томонидан фақатгина қасддан янги жиноят содир этганида бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинланишда муаммолар мавжуд. Содир этган жинояти учун шартли ҳукм қилиниб, имкон берилган бўлишига қарамасдан қасддан янги жиноят содир этган шахсга нисбатан жазонинг муқаррарлигини таъминлаш ҳамда жиноий жазонинг мақсадига эришиш учун шартли ҳукм қўлламаслик мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Учинчидан, хизмат бўйича чеклаш ва ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жазолар ўз моҳиятига кўра енгил турдаги жазолар қаторига киришини инобатга олиб ҳамда жазодан кўзланган мақсадларга эришиш мақсадида ушбу жазоларга нисбатан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш институти қўлланилмаслиги таклиф этилади.

Тўртинчидан, ўзгалар мулкини фирибгарлик, ўғрилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш жиноятларни содир этган маҳкумлар томонидан етказилган зарарни қопланмасдан қолмоқда. ЖКнинг 167, 168-моддаларида етказилган зарарни қоплаган шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш ҳақидаги нормаси етарли даражада самара бермаяпти. Бошқача қилиб айтганда маҳкумлар жинояти учун тайинланиши мумкин бўлган жазоларни ижро этишдан қўрқмаяпти, бунга сабаб эса ЖКнинг 73, 74-моддаларида белгиланган муддатларнинг камлиги, ушбу турдаги жиноятларни содир этиш орқали кўп маблағ орттириши сабаб бўлмоқда, ваҳоланки жабрланувчига нисбатан етказилган зарар қопланмасдан қолиб кетмоқда.

Шу сабабли, ўзгалар мулкини талон-тарож қилиш билан боғлиқ жиноятларда маҳкумга нисбатан инсонпарварлик принципини қўллашда жабрланувчининг даъвоси мавжуд ёки мавжуд эмаслигини талаб қилиш қоидасини, яъни жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш, жазони енгилроғи билан алмаштириш тарзидаги жазодан озод қилиш жараёнида агар маҳкумнинг содир этган жинояти ЖК Махсус қисмининг ўнинчи бобида назарда тутилган жиноятлардан ҳисобланса унга нисбатан ЖК нинг 73, 74-моддаларини қўллашда жабрланувчининг ёзма розилиги мавжуд бўлсагина татбиқ этиш таклиф этилади. Шунга кўра, ЖКнинг 73-моддасининг 2-қисмини қуйидагича тўлдиришни таклиф қиламиз:

Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган жазо турлари учун ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, агар маҳкумнинг содир этган жинояти ушбу кодекснинг Махсус қисмининг ўнинчи бобида назарда тутилган жиноятлардан бири ҳисобланса, жабрланувчининг ёки унинг қонуний вакилининг ёзма розилиги мавжуд бўлган ҳолларда қўлланилиши мумкин.

Шунингдек, ЖКнинг 74-моддаси 2-қисмини қуйидагича тўлдириш таклиф қилинади:

Жазони енгилроғи билан алмаштириш ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган жазо турлари учун ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, агар маҳкумнинг содир этган жинояти ушбу кодекснинг Махсус қисмининг ўнинчи бобида назарда тутилган жиноятлардан бири ҳисобланса, жабрланувчининг ёки унинг қонуний вакилининг ёзма розилиги мавжуд бўлган ҳолларда қўлланилиши мумкин.

Бешинчидан, сўнгги йилларда давлат ташкилотларининг ёки давлат иштирок этган ташкилотларининг мансабдор шахслари томонидан давлат маблағларини ўзлаштириш орқали давлат бюджетига жуда кўп миқдорда зарар келтириш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. ЖКнинг 73 ва 74-моддаларида жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш қўлланилиши мумкин бўлмаган маҳкумлар қаторига давлат бюджети маблағларини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан ўзлаштириш жиноятини содир этиб етказилган зарарни қопламаган шахсларни ҳам киритиш таклиф қилинади.

Олтинчидан, жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида жазонинг ўталмаган қисми енгилроқ турдаги жазо билан алмаштирилган шахсга нисбатан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш қўлланилмаслиги таклиф этилади.

Шу сабабли ЖКнинг 74-моддасида “олдин жазони муддатидан илгари шартли озод қилиш ёхуд жазоси енгилроғи билан алмаштирилган бўлса” деган жумлалар билан тўлдиришни ва жазо муддатини ҳақиқатда ўтаб бўлган муддатини узайтиришни таклиф қилинади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, мазкур таклифларнинг амалиётга жорий этилиши натижасида жиноятчиликни олдини олишга, ахлоқан тузатиш йўлига ўтган шахсларни жазодан ёки жавобгарликдан озод қилишга хизмат қилади.

Отабек Тошев,

ТДЮУ Жиноят ҳуқуқи, криминология ва коррупцияга қарши курашиш кафедраси ўқитувчиси, ю.ф.ф.д (PhD)

OtabekToshev0610@gmail.com

Улашиш:

Бошқалар

20-август 2025, 06:43
1 301

Никоҳ тузишда қонун тақиқлайдиган ҳолатлар

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 16-моддасида никоҳ тузишга руҳсат берилмайдиган ҳолатлар аниқ кўрсатиб берилган.


16-август 2025, 07:35
610

Кафил бўлманг, кафансиз кетасиз

Фуқаролик кодексининг 292-моддаси мазмунига кўра, кафиллик – бошқа шахснинг мажбуриятини (тўлиқ ёки қисман) бажариш учун кредитор олдида жавобгарликни ўз зиммасига олишдир.


13-август 2025, 05:35
538

Иш ҳақингизни ундириб ололмаяпсизми?

Меҳнат кодексининг 244-моддасида, меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш соҳасидаги асосий кафолатлар назарда тутилган.


14-август 2025, 04:52
501

Чет элда амалга оширилган жиноят учун Ўзбекистонда жазога тортиладими?

Баъзи ҳолларда эса фуқароларимиз хориж мамлакатларида турли жиноий ҳаракатларга қўл уриб қўйиш ҳолатлари кузатилмоқда.