currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларЗўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш тартиби ва механизми қандай?

Зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш тартиби ва механизми қандай?

Life Style

calendar

27.02.2026

eye

48

Зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш тартиби ва механизми қандай?

Сўнгги йилларда хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Зўравонликнинг ҳар қандай кўриниши инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини бузади ҳамда унинг ҳаёти ва соғлиғига жиддий хавф туғдиради. Шу боис, зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни тезкор ва самарали ҳимоя қилиш механизмларини жорий этиш зарурати юзага келди.

Ҳимоя ордерини бериш асослари нималардан иборат?

Қуйидагилар ҳимоя ордерини бериш учун асос ҳисобланади:

◾️ тазйиқ ва зўравонлик жабрланувчиси (унинг қонуний вакили)нинг мурожаати;

◾️ жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ва (ёки) ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган хабарлар;

◾️ тазйиқ ёки зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш ҳолатларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши;

◾️ давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан олинган материаллар;

Жабрланувчига нисбатан бир календарь йил давомида икки ва ундан ортиқ марта тазйиқ ҳамда зўравонлик ҳолати аниқланганда, профилактика инспектори ва хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор ҳимоя ордерини ташаббус тартибида беради.

Профилактика инспектори, хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор ва инспектор-психологички ишлар органлари навбатчилик қисмлари томонидан тақдим этилган ёки ЯИДХП орқали келиб тушган мурожаатлар ва хабарларни 24 соат мобайнида ўрганиб чиқади ҳамда ўрганиш давомида:

◾️ жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахслар ҳамда бошқа шахслар билан ҳолат юзасидан суҳбат ўтказади;

◾️ жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахснинг турмуш тарзи, тазйиқ ва зўравонлик содир этилишининг келиб чиқиши сабаблари ва шарт-шароитларини, шунингдек, бир календарь йил давомида мавжуд бўлган тазйиқ ҳамда зўравонлик ҳолатларини ўрганади;

◾️ жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш чора-тадбирларини амалга оширади.

Ҳимоя ордерида қандай чекловлар назарда тутилиши мумкин?

◾️ Тазйиқ ўтказишни ва зўравонлик содир этишни тақиқлаш;

◾️тазйиқ ўтказган ёки зўравонлик содир этган ёхуд уни содир этишга мойил бўлган шахснинг жабрланувчилар билан алоқасини тақиқлаш;

◾️ тазйиқ ўтказилган ва зўравонлик содир этилган тақдирда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ҳамда тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахснинг бир хонада ёки транспорт воситасида бирга бўлишини тақиқлаш;

◾️ маънавий зиённи компенсация қилиш мажбуриятини юклаш;

◾️ зўравонлик содир этган шахснинг қуролни сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқини ҳимоя ордерининг амал қилиши ёки унда кўрсатилган муддат даврида чеклаш ёхуд тақиқлаш, шунингдек, қурол сотиб олиш учун рухсатнома олишга доир ҳуқуқини тақиқлаш.

Ҳимоя ордери ўттиз кун муддатгача берилади ва ушбу ордер расмийлаштирилган пайтдан эътиборан кучга киради.

Ҳимоя ордерининг амал қилиши қайси ҳолатларда тугатилади?

Ҳимоя ордерининг амал қилиши қуйидаги ҳолатларда тугатилади:

◾️жабрланувчи ҳимоя ордерини тугатишни сўраб мурожаат қилганда;

◾️ҳимоя ордерида белгиланган муддат (узайтирилган муддат) тугаганда;

◾️ жабрланувчи ёки зўравонлик содир этган шахсдан бири суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилганда;

◾️содир этган жинояти учун жабрланувчи ёки зўравонлик содир этган шахсларнинг бирига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланганда;

◾️жабрланувчилар ёки зўравонлик содир этган шахсларнинг бири содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этилганда;

◾️жабрланувчилар ёки зўравонлик содир этган шахсларнинг бири мажбурий даволанишга юборилганда;

◾️жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахсларнинг бири қонун ҳужжатларига мувофиқ доимий яшаш жойидан узоқ муддатга бошқа мамлакатга чиқиб кетганда;

◾️ жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахслардан бири вафот этганда.

 

Бу борада қандай жавобгарлик чоралари назарда тутилган?

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 206-1-моддасига кўра, тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаслик базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима сольишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Статистика нима дейди?

2025-йилнинг январ–июнь ойларида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган 41 051 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери расмийлаштирилди.

“Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан тазйиқ ва зўравонликка учраган 11 914 нафар аёлга кундузги ижтимоий хизматлар кўрсатилди.

Шунингдек, 4 006 нафар хотин-қизга бирламчи кўмак хоналарида ижтимоий ёрдам кўрсатилди.

Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларида эса 512 нафар аёл ҳамда 709 нафар уларнинг фарзанди жойлаштирилиб, уларга зарур ижтимоий хизматлар тақдим этилди.

Хорижий тажриба қандай?

ГерманиядаAct on the Protection against Violence” деб номланган қонун орқали жабрланган шахслар учун ҳимоя ордерларини судлар орқали олиши мумкин.

Францияда ҳам судлар жабрланган шахсни ҳимоя қилиш учун чекловчи ордер бериш имконини беради, масалан, тажовузкор шахсни уйидан четлаштириш ёки жабрланган билан алоқадан тўсиш.

Норвегияда жабрланган шахс полиция орқали вақтинча restraining (чекловчи) ордер сўраши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш тартиби уларнинг ҳаёти, соғлиғи ва қадр-қимматини таъминлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий механизмдир. Мазкур институт зўравонликнинг олдини олиш, такрорланиш хавфини камайтириш ҳамда жабрланувчининг хавфсизлигини тезкор таъминлашга хизмат қилади. Ҳимоя ордерининг самарадорлиги уни ўз вақтида қўллаш, ваколатли органларнинг масъулияти ва ижросини қатъий назорат қилиш билан чамбарчас боғлиқ саналади.

Нигора Юнусова,
Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ходими

Улашиш: