#NoComment
28.12.2023
1 199
© Фото: Hudud24.uz2023 йил бутун дунёда бир неча миллион турдаги китоблар ёзилиб, китобхонларга тақдим этилди. Турли жанр ва турли йўналишларда ёзилган китоблар ичида энг яхшиларини танлаб олиш қийинчилик туғдирган бўлса-да, Hudud24.uz китобхонларга 2023 йилнинг энг сара 10 та китобини тавсия этади.
Тавсиялар букблогер Маҳин Нурсаидова томонидан тақдим этилмоқда.
1. Уолтер Айзексон. Илон Маск

“Стив Джобс”, “Кодбузар”, “Инноваторлар” ва бошқа бестселлерлар муаллифидан замонамизнинг энг қизиқарли ва зиддиятли шахсининг ҳайратланарли даражадаги самимий таржимаи ҳоли 2023 йилда дунё юзини кўрди. Электромобиллар ишлаб чиқарувчи, шахсий космик тадқиқотлар муаллифи ва Twitter ни Х га айлантириб қўйган бу шахснинг ҳаёти кўпчилик учун қизиқ бўлиши аниқ.
Жанубий Африкада ўтган болалигида безорилар томонидан мунтазам равишда калтакланган, бир гуруҳ тарафидан бетон зинапояга итариб юборилган, юзи қизил гўштга айлангунгача тепилган Маск ҳақида ҳеч ким билмаган эксклюзив маълумотлар ўрин олган мазкур асар китобхонларга албатта манзур бўлади. Икки йил давомида асар муаллифи Айзексон Маск билан изма-из юрди, унинг йиғилишларида қатнашди, у билан фабрикаларида сайр қилди ва унинг оиласи, дўстлари, ҳамкасблари ҳамда душманларидан соатлаб интервью олди. Натижада ғалабалар ва ғалаён ҳақидаги ҳайратланарли эртакларга тўла асар дунё юзини кўрди.
2. Шаҳзода Гарри. Заҳира.

2023 йилнинг илк ойларида Британия шаҳзодаси Гарри ўз ҳаёт йўли тўғрисида ёзган мемуар китоби бир қанча жанжалларга сабаб бўлди. Хотираларини қизиқарли тилда баён қилган шаҳзода акаси Уилям билан бўлган муштлашуви қироллик оиласининг аҳиллигига путур етказганидан тортиб Афғонистонда хизмат қилаётганида 25 кишини ўлдиргани ҳақидаги гапи Толибон ҳаракатининг эътиборини тортганигача ёритган. Шу ва бошқа ўнлаб қизиқарли инсайдлар сўнгги ойларда Британия таблоидларининг сарлавҳасини безаб берди. Бундан ташқари асарда келтирилган маълумотлар шаҳзода Гарри ва Букингем саройига қарши кўплаб танқидлар ёғилишига сабаб бўлди. Китоб 2023 йилнинг январида нашр этилгандан сўнг, шаҳзода Гаррининг Буюк Британиядаги обрўси кескин пасайиб кетди. Бу бўйича ўтказилган махсус сўровда қатнашган британияликларнинг 2/3 қисми асарни ўқиб чиққандан сўнг Гаррини ёмон кўриб қолганини тан олган.
3. Ребекка Яррос. Тўртинчи қанот.

Тўртинчи қанот — америкалик ёзувчи Ребекка Ярроснинг 2023 йилда ёзилган катталар ҳақидаги янги фантастик романи. Бу Империя туркумидаги биринчи китоб ҳисобланиб, 2023 йил 2 майда нашр этилган. Tik Tokдаги Book Tok китобхонлар ҳамжамиятида вирусли тарзда муваффақиятга эришгани ортидан The New York Times бестселлерлари рўйхатида 1-ўринга чиқиб олган. Романнинг бош қаҳрамони Виолет Элерс-Данлос синдромининг кўплаб аломатлари, жумладан бўғимлардаги оғриқлар ва гипермобиллик, шунингдек, сочларининг оқариб кетишидан азият чекади. Асарнинг бошқа қисмлари ҳам 2024 йилда нашр этилиши кутилмоқда.
4. Том Роб Смит. Совуқ одамлар

“Совуқ одамлар” Том Роб Смитнинг бешинчи романи бўлса ҳам, айнан шу асари уни дунё бўйлаб машҳур қилди ҳамда кейинги йилларда сценарий муаллифи сифатида параллел равишда мукофотга сазовор бўлган каьрерасини ривожлантирди. Инсоният келажаги ҳақидаги бу асар ўзига хос қизиқарли воқеаларга бой: Бегона босқинчилар инсониятни ер юзидан йўқ қилишга интилишмоқда. Сайёра аҳолисига Антарктидага кўчиб ўтиш учун 30 кун берилади, бу одамлар ўртасида катта ваҳималарни келтириб чиқаради. Асарда инсон қаерда, қай ҳолатда бўлишидан қатъи назар инсон ҳамма нарсага йўл топиши, ҳар қандай шароитда ҳам ўзи учун қулай йўл топиб, яшаб кетиши мумкинлиги тараннум этилган. Ҳалича ўзбекчага ўгирилмаган мазкур асарни 2024 йилда ўзбек тилида кутиб қоламиз.
5. Скотт Шапиро. Бетакрор айиқ овга чиқди

Ахборот асрида яшаётган бўлсак-да, уни қандай ишлатишни билмаслигимиз фожиа. Маълумотларимиз қандай сақланиши, ишлатилиши ва ҳимоя қилинишини тушунмасдан, исталган жойда шахсий маълумотларимизни қолдираверишимиз эса икки ҳисса фалокатли бўлиши мумкин. “Бетакрор айиқ овга чиқди” асарида Скотт Шапиро ўзининг Ел университетидаги машҳур лекцияларидан фойдаланиб, рақамли аср сирларини фош қилади ҳамда хакерлик ҳақида ҳеч қаерда айтилмаган гапларни гапиради. Кибержиноятлар психикамиз ва жамиятимизнинг нотўғри қарашлари билан эмас, балки нотўғри дастурлаш билан боғлиқлиги айтилган мазкур асарда ўз ҳикояларини айтиб берган Шапиро хакерларнинг асбоблар тўпламини очиб беради ва қуйидаги муҳим саволларга янги жавоблар беради: Нима учун интернет бунчалик заиф? Бунга жавобан нима қилишимиз мумкин?
6. Майкл Финкел. Санъат ўғриси

Майкл Финкел ўзининг янги китобида “эҳтимол, ҳозиргача яшаган энг муваффақиятли ва сермаҳсул санъат ўғриси” Стефан Брейтвиесер ҳақида ҳикоя қилади. Аввалига, Майкл Финкелнинг “Санъат ўғриси” асари қаҳрамони бўлган Стефан Брейтвиесер ҳавас қиларли даражада завқланаётганга ўхшайди. Йигирма беш ёшида қиз дўсти Анн-Кетрин Клеинклаус билан Франциянинг шарқий қисмидаги ишлаб чиқариш шаҳарчасида онасининг уйидаги кичик бир қаватли хонада яшайдиган Брейтвиесер ишлаш, ижара, келажакни режалаштириш каби ҳаётий ташвишларга дучор бўлмайди. Ўзини гўзалликка шунчалик содиқ бўлган соф руҳ деб ҳисоблайдиган қаҳрамон санъат асарларини музейлардан, яъни “санъат асарлари қамоқхоналари”дан ўғирлайди ва “эҳтимол, энг муваффақиятли ва самарали санъат ўғрисига айланади”. Саккиз йил давомида тўплаган барча 2 миллиард долларлик артефактларни онаси Мирей Стенгелнинг уйидаги хонада тўплайди.
7. Стивен Кинг. Ҳолли

“Ҳолли” — америкалик ёзувчи Стивен Кингнинг 2023 йилда чоп этилган жиноят ҳақидаги романи. Асар 2023 йил 5 сентябрда Скрибнер томонидан нашр этилган. 2021 йил июл ойида COVID-19 пандемияси даврида хусусий терговчи Холли Гибни мураккаб ва кескин муносабатларга эга онасининг вафоти учун мотам тутади. Ишдан танаффус олганига қарамай, Холли ўша ой бошида қизи Бонни ғойиб бўлган Пенелопа Даҳл билан боғланади. Холли Пенелопанинг гапларига қизиқиб қолади ва у билан ишлашга рози бўлади. Бонни охирги марта Деерфилд боғи яқинидаги дўконда велосипедда кетаётганида кўриниш берганини билганидан сўнг уни қидиришга тушади. Суриштирув ва тергов давомида бир қанча чигал вазиятларга дуч келган Ҳолли маҳорат кўрсатиб, ўғирлаган одамларни топади, бироқ эҳтиётсизлик оқибатида ўзи ҳам асирга айланади. Дўстлари томонидан қутқарилганидан сўнг нафақага чиқиш ҳақида ўйлайди, лекин охир-оқибат бу қарорини унутади ҳамда бошқа ишни кўриш учун телефонни кўтаради.
8. Деннис Леҳан. Кичик раҳм-шавқат

New York Times газетасининг машҳур ёзувчиси 2023 йилда унча-мунча асарлар билан рақобатлашадиган дурдона асари билан қайтди - қасос, оилавий севги, йирингли нафрат ва маккор куч ҳақидаги ҳикоя китобхонлар қалбини забт этди. Бир куни кечаси Мери Патнинг ўспирин қизи Жюл кеч қолиб, уйга келмайди. Ўша куни кечқурун бир қора танли йигит сирли шароитда метро поезди уриб кетган ҳолда ўлик топилади. Икки воқеа сиртдан бир-бири билан боғланмаганга ўхшайди. Аммо Мери Пат ўз йўқолган қизини умидсиз излашга мажбур бўлади. Шаҳардаги давлат мактабларидаги зўравонлик, жиноятчилик ва кучнинг шафқатсиз тасвири ва Америка ирқчилигининг ёрқин портрети кўрсатилган мазкур асарни ноширларимиз ўзбекчалаштиришларини сўраб қоламиз.
9. Анн Наполитано. Салом, гўзал

Уилям Уотерс оиласидан норози, уйида ота-онаси билан яшашга зўрға тоқат қилмоқда, ўзини севилмаслигини ҳис этмоқда. Шунинг учун коллежнинг биринчи йилида жўшқин ва шуҳратпараст Жулиа Падавано билан учрашади. Жулиа билан бирга унинг оиласининг учрашувга келгани қаҳрамоннинг ғазабини қўзитади. Падавано билан Уилям ўзини бахтли ҳис эта бошлайди. Аммо кейин Уилямнинг ўтмишининг қоронғу томонлари опа-сингилларнинг бир-бирига бўлган меҳрини сусайтириб қўяди. Натижада авлодлар учун ҳаётларини ўзгартирадиган ҳалокатли оила низоси пайдо бўлади. Оилавий ва севги можаролари гўзал тарзда ёритилган мазкур асар китобхонларга ёрқин ҳиссиётларни тақдим этди. Шу боис бу асарни сизга ҳам илинишга қарор қилдик.
10. Скотт Шейн. Шимолдан қочиш

Пулицер мукофоти совриндори ёзувчи ва журналист Скотт Шейн ўз эркинлигини сотиб олган, юзлаб одамларни қулликдан олиб чиққан ва ер ости темир йўли номини олган фавқулодда аболисионист, озод қилувчи ва ёзувчи Томас Смолвуд ҳақидаги ҳайратланарли ҳикоя ёзишга қарор қилади ва бу ишни уддалайди. “Шимолдан қочиш” асари Америкада қулликнинг бекор қилиниши ҳақидаги энг яхши асарлардан бири. Америкаликлар фожиали ва шафқатсиз тарихни қайта кашф қилаётган ва оқ танлилар ҳукмронлиги мероси билан янгидан курашаётган бир пайтда, Смолвуднинг ғайриоддий ҳикоясини биринчи бўлиб сўзлаб берган “Шимолдан қочиш” асари мураккаб қаҳрамонлар, ҳақиқий ёвуз одамлар ва кучли ҳикоялар тўпламини тақдим этади.
Улашиш:
Бошқалар
Ижтимоий тармоқлардаги хатти-ҳаракатлар интизомий жавобгарликка сабаб бўладими?
Кодекснинг 301-моддасига кўра, ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилиши уни интизомий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
Қарз шартномасини тузишда нималарга эътибор қаратиш керак?
Баъзан қарз олиб, қайтариб бермаслик оқибатида яқин қариндошлар ва қадрдон дўстлар ўртасида низо келиб чиқади.
Ходим ишламаётган даврлар қачон дам олиш вақти ҳисобланмайди?
Ходимга дам олиш учун эмас, балки бошқа мақсадларда бериладиган, ходимни меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод этиш даврлари дам олиш вақтига кирмайди.
Сунъий интеллект ва юридик терминология
Ҳар қандай ҳуқуқий ҳужжат аниқ ва тушунарли тилда ёзилиши шарт.