currencies image

12 760,21 UZS

54,42

usd

currencies image

14 704,87 UZS

0,46

eur

currencies image

160,08 UZS

0,88

ru



АсосийЯнгиликларНикоҳ шартномаси ҳақида билиш зарур бўлган муҳим 5 та қоида

Никоҳ шартномаси ҳақида билиш зарур бўлган муҳим 5 та қоида

Ҳуқуқ

calendar

16.06.2025

eye

79

Никоҳ шартномаси ҳақида билиш зарур бўлган муҳим 5 та қоида

Турмуш қураётган жуфтликлар ўртасида нафақат ҳиссий, балки ҳуқуқий муносабатлар ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли, кўплаб давлатларда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам никоҳ шартномаси тузиш амалиёти аста-секин ривожланиб бормоқда. Бу ҳужжат орқали эр ва хотин ўзаро мулкий масалаларни келишиб олишлари мумкин. Ушбу мақолада никоҳ шартномасини тўғри тузиш учун билиш керак бўлган муҳим 5 та қоида билан танишамиз.

1. Никоҳ шартномаси нима ?

Никоҳ шартномаси бу – никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишувдир.

Никоҳ шартномаси – фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўлиб, тарафларнинг эрк-иродасига асосланадиган келишув ҳисобланади ва унга нисбатан ҳам шартнома тузиш эркинлиги тамойили қўлланилади. Бошқача айтганда, эр ва хотиндан бири бошқасини никоҳ шартномаси тузишга мажбурлашига йўл қўйилмайди. Шу сабабли никоҳ шартномасини тузиш ёки уни тузишни рад этиш масаласини эр ёки хотин ва никоҳланувчи шахслар ихтиёрий ва мустақил ҳал қиладилар, бинобарин бу уларнинг мажбурияти эмас, ҳуқуқидир. Айни пайтда, никоҳ шартномасини тузиш эркинлиги тамойили амал қилади, яъни никоҳ шартномасида эр-хотиннинг умумий хоҳиши, яъни уларнинг ягона эрки ифодаланиши лозим.

2. Никоҳ шартномасини тузиш

Никоҳ шартномаси нафақат никоҳ даврида, балки ҳали никоҳ давлат рўйхатига олингунига қадар ҳам тузилади. Бунда никоҳга киришаётган шахслар никоҳ шартномасини никоҳ билан бир вақтда расмийлаштиришлари мумкин. Агар никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатидан ўтказилганидан анча муддат аввал тузилган бўлса, ушбу шартнома никоҳ давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин кучга киради. Никоҳ шартномаси ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.

Никоҳ шартномасини нотариал тасдиқлаш унинг қонунийлигини кафолатлайди. Нотариал шакл шартноманинг ишончлилигини англатади, тарафларнинг ўзаро муносабатларига аниқ-равшанлик киритади, никоҳ шартномаси тузилганлиги факти ва унинг мазмуни бўйича низолар вужудга келишининг олдини олади. Никоҳ шартномасини тасдиқлашдан олдин нотариус юридик фактларнинг зарурий таркибини текширади. У томонларнинг шахси, ҳуқуқ лаёқати, муомала лаёқатини, уларнинг биридан иккинчисига ўтаётган субъектив ҳуқуқларга эгалигини аниқлаши лозим. Гувоҳлантирилган никоҳ шартномаси нотариал идоранинг иш ҳужжатларида сақланиши ҳам муҳим аҳамиятга эга ва агар тарафларга берилган нусхалар йўқотилса, улар ўзларининг ҳуқуқларини тасдиқлаш учун нотариал архивга мурожаат қилишлари ва никоҳ шартномасининг дубликатини олишлари мумкин.

3. Никоҳ шартномасининг мазмуни

Никоҳ шартномасининг мазмуни – томонлар эр ва хотиннинг мол-мулки ҳуқуқий тартибини белгилайдиган унинг шартларидир. Никоҳ шартномасининг шартларида томонларнинг никоҳ ва унинг бекор бўлишида эр ва хотиннинг мулкий муносабатларининг муҳим жиҳатлари бўйича қарори қайд этилади. Моҳиятига кўра, никоҳ шартномаси – бу мулкий муносабатлар соҳасида эр-хотиннинг шартномага киришганидан кейинги хулқ-атворининг иродали моделидир.

Никоҳ шартномасининг мазмунини қуйидаги ҳолатлар ташкил этиши мумкин:

– эр ва хотиннинг биргаликдаги умумий мулкининг қонунда белгиланган тартибини ўзгартириш;

– эр ва хотиннинг барча мол-мулкига нисбатан биргаликдаги, улушли ёки алоҳида эгалик қилиш тартибини ўрнатиш;

– эр ва хотин мол-мулкининг айрим турларига нисбатан биргаликдаги, улушли ёки алоҳида эгалик қилиш тартибини ўрнатиш;

– эр ва хотиндан ҳар бирининг мол-мулкига нисбатан биргаликдаги, улушли ёки алоҳида эгалик қилиш тартибини ўрнатиш.

4. Никоҳ шартномасини ўзгартириш ва бекор қилиш

Никоҳ шартномаси эр-хотиннинг келишуви билан исталган вақтда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Никоҳ шартномаси қандай шаклда тузилган бўлса, унинг ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши ҳам шундай шаклда амалга оширилади.

Никоҳ шартномасини бажаришдан бир томонлама бош тортишга йўл қўйилмайди. Никоҳ шартномаси эр-хотиндан бирининг талаби билан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида белгиланган асослар ва тартибда суднинг ҳал қилув қарори билан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.

5. Никоҳ шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш

Никоҳ шартномаси фуқаролик-ҳуқуқий битим бўлганлиги сабабли уни ҳақиқий эмас деб топиш Фуқаролик кодексида назарда тутилган асосларга кўра амалга оширилади. Оила кодексида никоҳ шартномаси фақат суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши назарда тутилади.

Хулоса

Никоҳ шартномаси — оиладаги молиявий ва мулкий муносабатларни тартибга солувчи муҳим ҳужжатдир. Уни тузиш тартиби оддий, лекин пухта ўйлаб ва ўзаро ишонч асосида бажарилиши керак. Бундай ҳужжат ажралиш, низолар, мулк талашуви каби салбий ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

 

Улашиш:

Бошқалар

22-май 2025, 11:01
1 036

Йўналишсиз такси фаолиятини тартибга солиш ва уларга қўйиладиган талаблар

Ҳайдовчи фаолиятини меҳнат ва дам олиш режимига риоя этган ҳолда амалга оширади.


24-май 2025, 04:11
1 020

Мактаб битирувчилари қандай ҳолатларда якуний аттестация топширишдан озод этилади?

Низомнинг иловасига мувофиқ тасдиқланган 59 турдаги якуний давлат аттестациясидан озод қилиш мумкин бўлган касалликларга асосан озод этилади.


19-май 2025, 12:43
929

Ҳайдовчи ва ЙПХ ходими: қонун доирасидаги ўзаро муносабатлар

Қоидабузарлик аниқланганда ЙПХ ходими ҳайдовчига аввал айнан содир этган қоидабузарликни тушунтириб, шундан сўнг ҳужжатларни текшириб, чора кўриши керак.


29-май 2025, 05:38
924

“Tashkent Law Spring” тўртинчи халқаро юридик форуми иштирокчиларига

Авваламбор, сизларни “Рақамли технологиялар даври: келажакка ҳуқуқий назар”мавзусидаги “Tashkent Law Spring” IV халқаро юридик форумининг очилиши билан самимий қутлайман.