currencies image

12 844,21 UZS

11,72

usd

currencies image

13 508,26 UZS

62,46

eur

currencies image

127,35 UZS

0,81

ru



АсосийЯнгиликларАдлия вазири: энг катта ёрдамимиз — тадбиркорни тинч қўйиш

Адлия вазири: энг катта ёрдамимиз — тадбиркорни тинч қўйиш

Ўзбекистон

calendar

16.06.2021

eye

340

Адлия вазири: энг катта ёрдамимиз — тадбиркорни тинч қўйиш

Жорий йилнинг 16 июнь куни Ўзбекистон симпозиумлар саройида Савдо-саноат палатасининг навбатдаги қурултойи бўлиб ўтди. Қурултойда адлия вазири Р.Давлетов иштирок этиб, Тадбиркорлик кодекси, тадбиркорликка оид қонунчиликдаги муаммолар таҳлили ва уларнинг ечимлари тўғрисида нутқ сўзлади. Вазир ўз ахборотида икки асосий масалага тўхталиб ўтди. Биринчиси, Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилаётган Тадбиркорлик кодексииккинчи масала эса умуман тадбиркорликка оид қонунчиликдаги муаммолар таҳлили ва уларнинг ечимлари. Президентимиз Шавкат Мирзиёев «Тадбиркорнинг дарди билан яшамаган раҳбар — сиёсатни тушунмаган раҳбар бўлади«, деб жуда тўғри таъкидлаганлар. “Ҳамма битта нарсани тушуниши керакки, тадбиркорликнинг асосий моҳияти — бу фойда олиш, самарадорлик ва олинган фойдани яна инвестиция қилишдан иборат. Яъни тадбиркор фойдани қанча кўп олса, шунча кўп инвестиция қилади ва бу мамлакатнинг ўсишига хизмат қилади. Демак, тадбиркорнинг ўсишидан давлат манфаатдор” дея таъкидлади адлия вазири Р.Давлетов. Адлия вазирлиги томонидан тадбиркорлар учун ягона ҳуқуқий манба ҳисобланмиш Тадбиркорлик кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳа ақилли тартибга солиш (smart regulation) концепциясига мувофиқ қонун ижодкорлигининг замонавий услубларидан ҳисобланган “One in two out”, BPR тамойиллари асосида ишлаб чиқилмоқда. Кодекс нима учун керак? Биринчидан, ҳозирда тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари тарқоқ ҳолда ва ниҳоятда кўп миқдорда қабул қилинган. Хусусан, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ 5000 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд. Ҳужжатларнинг ниҳоятда кўплиги улар ўртасида коллизияларни келтириб чиқариши мумкин, зарур бўлган қонунчилик ҳужжатини топиш ҳамда амалда қўллашда қийинчиликларни келтириб чиқариши табиий бу эса тадбиркорлик субъектларининг асосли эътирозларига сабаб бўлади. Вазир ўз ахборотида “тадбиркор ишлаши, ғояларини рўёбга чиқариши керак, у фақат ҳужжат, катта бюрократияни ичида кўмилиб кетса, ишини ким қилади? Шунинг учун унга қўлида битта компакт, тушунарли ҳуқуқий меъёрлар тўплами зарур. Масалан, Японияда тадбиркорнинг қўлида биттагина Савдо кодекси бўлади, у фақат шунга кўра ўз ишини олиб боради” деб айтиб айтиб ўтди. Иккинчидан, соҳани ҳуқуқий тартибга солишда замонавий тенденциялардан келиб чиқиб бўшлиқларни бартараф этиш зарурияти мавжуд, янги ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тўлиқ тартибга солиш масаласи турибди. Масалан, “ўрта бизнес” мезонлари, инновацион тадбиркорлик ва электрон тижоратнинг кириб келиши (стартап-корхоналар, инновацион кластерлар, технологик парклар ва б.). Тадбиркорлик кодексининг қабул қилиниши тарқоқ ҳолда ҳамда турли коллизиялар мавжуд бўлган қонунчилик ҳужжатларини ягона ҳужжатга бирлаштириш, тадбиркорлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини барқарорлаштириш, давлатнинг тадбиркорлик соҳасига аралашувини камайтириш, шунингдек, тадбиркорлик ҳуқуқи соҳасида ягона ёндашувни белгилашга хизмат қилади. Бу лойиҳа, албатта, жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилади (сентябрь-октябрь ойларида).

  1. Тадбиркорликка оид қонунчилик таҳлили ва олдинда турган масалалар:
Давлат ва тадбиркор муносабатлари ҳуқуқий жиҳатдан тўғри ва иқтисодий жиҳатдан самарали бўлиши учун қонунчиликда қуйидагилар масалалар тўлиқ ва узил-кесил ҳал этилиши лозим. Биринчидан, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш. Давлат тадбиркорга шароит яратиб, электр, гази, суви, йўли, кредитини таъминлашидан ташқари унга зарур ҳуқуқий кафолатларни бериши, мулк дахлсизлиги, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаб бериши лозим. Бу борада ҳозирги кунда асосий муаммолар аниқланиб, уларни бартараф этиш учун зарур чоралар кўрилмоқда. Биргина ер масаласини олайлик. Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун бўш турган ер участкаларини аукцион орқали беришнинг янги тартиби амалиётга тўлиқ татбиқ этилмагани ортидан бу соҳада турли коррупцион туйнуклар, ноқонуний ер сотиш ва ёки ерни тадбиркордан олиб қўйиш амалиёти авж олиб бормоқда. Ноқишлоқ ерларини ажратишда аукционни четлаб ўтишга йўл очиб берадиган қонунчиликда кўплаб мустаснолар мавжуд эди (Обод маҳалла, Ёшлар келажагимиз, махсус иқтисодий, кичик саноат зоналар, Ёшлар саноат зоналари, кинотеатрлар). Аукционга ишонч шаклланмасдан, аҳоли ер олиш масаласида ноқонуний йўллар қидириши ҳам бор гап. Бу эса, ўз навбатида, тадбиркорликда рақобат муҳитининг бузилишига олиб келади. Куни кеча қабул қилинган Президент фармони мана шу муаммоларга чек қўйиш орқали тадбиркорларга ишончли, барқарор бизнес муҳитини яратишга ва тенг имкониятларни таъминлашга хизмат қилади. Иккинчидан, тадбиркорлик фаолиятига давлат аралашувини минималлаштириш. Тадбиркорлик субъектлари ва давлат ўртасидаги муносабатларда давлат томонидан тартибга солиш ва назоратнинг аниқ чегараларини белгиланлиги муҳимдир. Яъни тадбиркорлик фаолиятига аралашувни чеклаб, уларни тинч қўйиш керак. Бунда давлатнинг айрим функцияларини хусусий секторга ўтказиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш назарда тутилади. Тадбиркорлик фаолиятини тартибга солиш деб: рухсат бериш, рухсатни бекор қилиш, лицензиялаш каби ричаглар билан бизнес муносабатларига ортиқча аралашиш бизнинг мақсадларимизга мос самарани бермайди. Бу, аксинча, яширин иқтисодиётни гуллаб-яшнатади, тадбиркорларни қонуний фаолият олиб боришдан бездиради. Сир эмаски, лицензия ва рухсатнома олиш кўплаб тадбиркорларимизни қийнаб келаётган эди. Чунки лицензия ва рухсатнома олишда тадбиркорлар кўплаб турли бюрократик тўсиқларга, ортиқча оворагарчилик, хаттоки корупция ҳолатларига дуч келар эди. Адлия вазирлигига ҳам бу масалада кўплаб ариза ва шикоятлар келиб тушар эди. Мазкур соҳадаги муаммоларни батамом бартараф этиш бўйича ўтган йили тадбиркорлар билан учрашувлар қилдик, сўровлар ўтказдик, лицензия ва рухсатнома берадиган ташкилотларда ўрганишлар ўтказилди ва халқаро тажриба ўрганилди. Тўпланган ҳужжатлар чуқур таҳлил қилинган ҳолда барча ушбу соҳадаги муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Таклифлар асосида ўтган йил август ойида Президентимизнинг “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Фармон билан 104 та лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди. Махсус “Лицензия” ахборот тизими ишга туширилди. Эндиликда, хабардор қилиш тизими орқали 15 кун ичида эмас 10 дақиқа ичида бемалол ишни бошлаш мумкин. Шунингдек, соҳани тартибга солувчи ягона “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонун Сенат томонидан қабул қилиниб, Президент томонидан имзоланиш жараёнида. Учинчидан, бюрократия ва оворагарчиликларга чек қўйиш. Тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан боғлиқ тартиб ва таомиллар содда, турли бюрократик тўсиқлардан холи бўлиши лозим. Қонун ҳужжатларининг тарқоқлиги амалда уларни идрок этишни мураккаблаштиради. Бундан ташқари, турли ҳуқуқий тафовутлар ва низоларни келтириб чиқаради. Тадбиркор учун ҳар бир низоли ҳолат — кутилмаган ва ортиқча ҳаражат деганидир. Ортиқча тартибга солиш ва бюрократияни камайтириш, хусусан, тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳуқуқни қўллашда номувофиқликлар вужудга келишининг олдини олиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан “тартибга солиш гильотинаси” усулини қўллаган ҳолда қонунчиликни тизимлаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, тегишли ҳужжатлар билан 2020 йил 500 га яқин, 2021 йил 400 га яқин Президент Фармон ва қарорлари бекор қилинди. Шунингдек, 2 000 га яқин ҳукумат қарорлари ўз кучини йўқотган деб топилди. Бу эса амалдаги қонунчилик базасини деярли 10 фоизга ихчамлаштиришга имкон берди. Тадбиркорларимиз фаолиятида, айниқса, кўп дуч келадиган техник жиҳатдан тартибга солувчи ҳужжатларининг тарқоқлиги (ШНК, САНПИН, стандарту бошқа техник талаблар) амалиётда уларни тушунишни қийинлаштиришга, ҳаддан ташқари бюрократияга олиб келмоқда. Бу, ўз навбатида, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни тизимлаштиришни ҳамда эски ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив ҳужжатларни бекор қилишни тақозо этади. Биз бу йўналишда ҳам ишлаяпмиз. Бугунги кунда мамлакатимизда бизнес юритишдаги тартиб-таомилларни соддалаштириш, тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш ҳамда фаол тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида амалдаги қонунчилик нормалари танқидий қайта кўриб чиқилиб, аниқланаётган бюрократик тўсиқлар бекор қилинмоқда. Тадбиркорликка доир қонунчиликдаги барқарорлик, ўйин қоидаларининг аниқ ва ўзгармаслиги тадбиркорга ўз рискларни прогнозлаштириш, бизнесни режалаштириш ва ривожланиш кафолатларини беради. Давлатга бўлган ишончни мустаҳкамлайди. Шунинг учун ҳеч бўлмаса, яқин 10 йилликда қонунчилигимизда барқарорлик ва тизимлиликни таъминлаш лозим. Тўртинчидан, ҳудудларда бизнес учун қулай муҳит яратиш. Тадбиркорларни қийнаётган яна битта масала бу бевосита ҳудудлардаги бизнес учун яратилган муҳит. Яъни, ҳудудларда, ҳар бир туман (шаҳар)да тадбиркорлик учун яратилган шарт-шароитнинг ҳолатини яхшилаш. Жойларда тадбиркорлар учун яратилган шароитлар бўйича муаммоларни аниқлашнинг янги усули ишлаб чиқилди. Хусусан, “BUSINESS INDICATOR” — ҳудудларнинг Бизнес рейтинги ишлаб чиқилди. Рейтинг жойларда тадбиркорлик учун яратилган шароитларни баҳолайди. Баҳолашда тадбиркорларни ўзи ҳам бевосита иштирок этишади. Яъни улар сўровларда қатнашади ва уларнинг берган жавобига қариб рейтингнинг айрим йўналишлари шакллантирилади. Масалан, ўтказилган сўровларда сурхондарёлик тадбиркорлар банк хизматларидан норози бўлишган. Ёки бўлмаса, кўплаб тадбиркорларнинг фикрига кўра туман (шаҳар) ҳокимликлари ва давлат солиқ инспекциясига ишонмасликларини билдирган. Ёки бўлмаса, сўровда иштирок этган тадбиркорларнинг 44%, яъни сал кам 2 тадан 1 таси мажбурий ҳомийликка жалб қилинишини айтишган. Хуллас, бу тизим, жойларда тадбиркорларни муаммоларини очиқ кўрсатиб берди. Бошқача қилиб айтганда, қозонда борини, чўмичга чиқарадиган тизим бўлди. 2020 йил якунларига кўра, Бизнес рейтингда биринчи учликда Тошкент шаҳри, Наманган ва Навоий вилоятлари бўлса, охирги ўринларда СамарқандҚашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари жой олди. Бу Рейтинг ҳар олти ойда қайта тузилади. Рейтингда паст ўринни эгаллаган ҳудудлар демак, бизнес муҳитини яхшилаш, тадбиркорлар учун шароитларни яхшилаш бўйича қатор манзилли ишлаши керак. Машҳур глобал иқтисодчи ДЕ СОТОнинг битта машҳур гапи бор: “Агар бирон соҳани ислоҳ қилмоқчи бўлсангиз, чет элдан жуда ақлли ва нуфузли экспертларни жалб қилмасдан, кутубхонада ўтириб назария ўқимасдан, ўрнингиздан туриб кўчага чиқишингиз ва шаҳар кўчалари ва қишлоқ йўлларидаги овозларга қулоқ тутишингиз зарур” деган. Шундай экан, янгилик яратмасдан, янги назария яратмасдан, мавжуд ва синовдан ўтган услублар асосида тадбиркорларга қулоқ тутса, ечими ўз ўзидан намоён бўлади. Хулоса ўрнида айтиш лозимки, тадбиркорга ҳалол бўл деб, унинг хатосини қидириб, тутиб, жазолаб тадбиркорликни ривожлантира олмаймиз. Тадбиркорга муносабатни ўзгартириш лозим: унга аввал бошдан потенциал қонун бузувчи эмас, моддий бойлик яратувчи ва иқтисодиётни ўстирувчи сифатида қараш керак. Биз тадбиркорга ёрдам берамиз деб турли ташкилотлар, институтлар тузиб, қонунлар қабул қилиб, унга ёрдам беришга уринмайлик, тан олиш керак, энг катта ёрдамимиз 2 нарсадан иборат: барчага тенг шароит яратиш ва тадбиркорни тинч қўйиш. Юқорида айтганимиздек, тадбиркорнинг фойдаси — бу давлатнинг фойдаси, демак, давлат ва тадбиркор бир мақсад йўлидаги ҳамкорлардир. Ҳамкорлар ўртасида ишонч бўлиши керак. Тадбиркорга ҳадеб нима қилишини ўргатиб, уни назорат қилиб, бюрократик тўсиқлар қўйилса, яъни давлат тадбиркорга ишонмаса, тадбиркор ҳам давлатга ишонмайди. Уни ҳамкор эмас, назоратчи, тепадан босим ўтказувчи, жазоловчи сифатида қабул қилади. Тартибларни айланиб ўтиб, давлатдан яширинишга ҳаракат қилади. Шундай экан, Адлия вазирлиги айнан шундай ёндашувни тарғиб қилади, уни қўллаб-қувватлайди ва бошқа мутасаддиларни ҳам шунга чақиради. Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими  

Улашиш:

Бошқалар

27-октябр 2024, 06:15
1 773

Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади

Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.


19-ноябр 2024, 12:35
1 719

Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб

Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.


13-ноябр 2024, 12:35
1 609

Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб

Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.


27-октябр 2024, 04:36
1 607

Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай

Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.

Мавзуга доир янгиликлар: