Life Style
02.12.2024
378
Гендер тенглиги нафақат аёллар ёки эркаклар учун, балки бутун жамият ривожи учун долзарб масала ҳисобланади. Бироқ, бугунги кунда жамиятимизда аёллар ва эркаклар учун қотиб қолган стереотиплар мавжуд. Бу стереотиплар жамиятнинг ҳар бир аъзоси, айниқса аёллар учун чекловларни кучайтириб, уларга ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришига халақит бермоқда. Шу сабабдан гендер тенгликни таъминлаш учун стереотипларни йўқ қилиш зарур. Стереотиплар жамиятнинг бот-бот такрорлаб келинган қоидаларидан бири ҳисобланади. Масалан, “Аёллар уйда ўтириши керак”, “Эркаклар оиланинг боқувчиси бўлиши шарт”, “Аёллар раҳбарликка ярамайди” ёки “Эркаклар уй ишларини қилмаслиги керак” каби қарашлар одатий ҳаётий ҳақиқат сифатида қабул қилинади. Бундай стереотиплар жамиятни нафақат чеклайди, балки ривожланишини секинлаштиради.
Статистик маълумотларга кўра, кўплаб аёллар “карьера” ёки юқори лавозимга кўтарилишни хоҳлаган тақдирда ҳам уларга эркаклар билан бир хил имкониятлар тақдим этилмайди. Аёлларга “юмшоқ” ёки “оилавий”, қўпол қилиб айтганда “аёл кишига ярашадиган” касблар танлаш тавсия қилинади, эркаклар эса “кучли лидер” ёки “раҳбарлик” касблари билан боғланади. Бу нафақат шахсий тараққиётга, балки иқтисодий ўсишга ҳам зарар етказади.
Ушбу стереотиплардан қутулиш учун таълим ва ахборотнинг роли муҳим. Оммавий ахборот воситаларида келажак авлодга ўрнак бўладиган, стереотипларга қарши курашадиган ижобий намуналар тақдим этилиши керак.
Гендер тенглиги оилалар даражасида ҳам муҳимдир. Оилавий бюджетни бошқаришда ҳам аёллар ва эркаклар ўртасида тенг ҳуқуқли қарорлар қабул қилиниши лозим. Бундай ёндашув жамиятда иқтисодий адолатни таъминлаб, ижтимоий мувозанатни мустаҳкамлайди.
Жамиятда аёлларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича кўплаб одатлар, “расм русумлар”, турли тавсия ва уқтиришлар мавжуд, лекин эркакларга нисбатан бундай ёндашув деярли учрамайди. Кўпинча, эркаклардан фақат моддий жавобгарликни ўз зиммасига олиш талаб қилинади, лекин улар оилавий аҳволни шакллантириш, фарзанд тарбияси ёки уй ишларида иштирок этиш бўйича етарли билим ва кўникмаларга эга эмас.
Фарзанд тарбиясида эркакларнинг фаол иштироки нафақат болаларнинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади, балки оилавий муҳитни ҳам мустаҳкамлайди. Эркакларни психологик жиҳатдан оила бошқариш, ҳис-туйғулар мувозанатини сақлаш ва фарзандлар тарбиясига жалб қилиш, келажакда кучли оилаларни шакллантиради.
Гендер тенглик - бу фақат аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш эмас, балки эркаклар учун ҳам имкониятларни кенгайтирувчи тамойил. Жамиятда қотиб қолган стереотиплар ҳамма учун зарарли ва фойдасиз. Уларни йўқ қилиш эса ҳар бир инсоннинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга имкон беради. Йигитларни ҳам оилавий ҳаётга тайёрлаш, уларга ҳам молиявий, ҳам тарбиявий масъулиятни топшириш жамиятда соғлом тинч оилалар кўпайишига сабаб бўлади. Зеро ҳақиқий тенглик фақат ҳамкорликда эришиладиган ютуқдир.
Маржона АБДУРАҲМАНОВА,
ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультети 4-босқич талабаси
Улашиш:
Бошқалар
Никоҳ тузишда қонун тақиқлайдиган ҳолатлар
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 16-моддасида никоҳ тузишга руҳсат берилмайдиган ҳолатлар аниқ кўрсатиб берилган.
«Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш қандай йўналишларни ўз ичига олади?
Қонунчиликка кўра, «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш орқали қўллаб-қувватланади.
Инвестиция киритмоқчимисиз? Ишни Yurxizmat.uz порталидан бошланг
Шартнома тузиш учун камида ҳуқуқий билим бўлиши ёки малакали юрист ёрдами керак бўлади.
Касбларга ўқитиш ва малака ошириш тизими такомиллаштирилади
2026 йил 1 мартгача Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан ташкил этиладиган касбларга ўқитиш босқичма-босқич уч босқичли тизимга (видеодарслар, касбларга ўқитиш ва малака ошириш) ўтказилади.