Ўзбекистон
08.10.2023
799
Абдуазиз Исақулов 1997 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат юридик университетида бакалавр босқичини тугатган. Сўнг Америка Қўшма Штатларида халқаро ҳуқуқ соҳасида таълим олган. Халқаро ҳуқуқ соҳасида ишлаган. У билан таълим, илмий иш ва бошқа мавзуларда суҳбатлашдик. – Тошкент давлат юридик университетининг бакалавр босқичини тугатиб, халқаро ҳуқуқий низоларни ҳал этиш йўналишида Американинг Нью-Йорк шаҳридаги Фордҳам университетининг магистратурасида ўқигансиз. У ерда қийналмадингизми? Ҳар ҳолда Америка ҳуқуқ соҳасида жуда илгарилаб кетган. – Албатта, АҚШ ва Ўзбекистон ҳуқуқий тизимлари бир-биридан тубдан фарқ қилади. Яъни АҚШ ҳуқуқ тизими умумий ҳуқуқ (commonlaw) бўлиб, у ерда қонун ва қоидалар нафақат қонун чиқарувчи ёки ижро этувчи ҳокимият, балки суд ҳокимияти томонидан ҳам чиқарилади. Суд қарорлари кейинги суд ишларини кўриб чиқишда прецедент бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистон ёшларининг роман-герман ҳуқуқ тизимида илк юридик таълимни олиб, АҚШда давом эттириши ва ҳуқуқ нормаларини, айниқса суд қарорларини ўқиб, уларнинг моҳиятини тушуниши қийин кечади. Мен Тошкент давлат юридик университетида халқаро ҳуқуқ йўналишида таълим олдим. АҚШда магистратура босқичида асосан халқаро ҳуқуқий низоларни ҳал этиш билан боғлиқ фанларни ўрганишни танладим. Мен учун уларни ўзлаштириш фақатгина АҚШ ҳуқуқига оид фанларни ўзлаштиришдан бироз осон кечган. –Магистратурани тугатиб, аввал Нью-Йорк шаҳрида юридик фирмада, кейин Германия, Швейцарияда ишлагансиз. Америка ёки Европада йирик фирмаларда ишлаётган ўзбекистонлик иқтисодчилар билан суҳбатлашганман. Лекин ҳуқуқий, демократик мамлакатларда юридик соҳада ишлаётган ўзбекистонликлар ҳақида маълумот кам. – Магистратурани битирганимдан сўнг “White & Case LLP” халқаро юридик фирмасининг Нью-Йоркдаги офисида халқаро арбитраж соҳасида иш бошладим. Ушбу фирма АҚШда 1901 йилда ташкил топган. Ҳозир қирқдан ортиқ давлатда офиси бор. Фирма халқаро ҳуқуқнинг деярли барча йўналишларида хорижий инвесторларга юридик хизмат кўрсатмоқда. Фирмада бир йил тажриба тўпладим. Сўнг фаолиятимни Германиядаги “Clifford & Chance LLP” халқаро юридик фирмасида давом эттирдим. Бу фирма 1987 йилда Буюк Британияда ташкил топган. Ҳозир 35 та давлатда офиси бор. Шу орада Женева шаҳрида жойлашган Жаҳон савдо ташкилотида ҳам малака ошириш имкониятига эга бўлдим. Ўзбекистонликлар ривожланган давлатларда халқаро ҳуқуқ соҳасида ишлашади. Уларнинг кўпчилиги бошланғич юридик таълимни Ўзбекистонда олган. Кейин ривожланган мамлакатларда магистратурани битирган. Энди халқаро юридик фирма ва халқаро ташкилотларда ишлашмоқда. Нью-Йоркда магистратура босқичида 2019–2020 йилларда ўқидим. Америка таълим тизимига мослашиш оғир кечди. Чет эллик талаба АҚШда юридик соҳада ишлашни ният қилган бўлса, ундан америкалик талабалар билан баравар рақобатлашиш талаб этилади. Яъни, агар бир курсда 100 нафар талаба таълим олаётган бўлса, университет томонидан фаннинг қийинлик даражасига қараб аъло ёки яхши баҳо олиши мумкин бўлган талабалар сонига чеклов ўрнатилади. Айтайлик, 10 ё 15 та. Бундай чеклов талабалар ўртасида ҳаддан ташқари кучли рақобат муҳитини яратади. Ҳар бир талаба айнан ўша кучли 10 талик ёки 15 таликка кириш учун имтиҳонларга жиддий тайёрланади. Чунки иш берувчи юридик компаниялар талабанинг баҳоларига жиддий эътибор беради. Чет элда яшашни ва ўқишни ният қилган талабалар вақтини тўғри тақсимлашга одатланиши керак. Чунки ривожланган давлатларда вақт жуда тез ўтади. Ўқишга асосий эътибор қаратилмаса, ҳавойи нарсаларга чалғиб қолиш ҳеч гап эмас. Мен билган чет элдаги ўзбекистонлик юристларнинг кўпчилиги халқаро арбитраж соҳасида фаолият кўрсатади. Лекин халқаро молия ҳуқуқи, халқаро бизнес шартномалари ҳуқуқи, халқаро спорт ҳуқуқи каби йўналишда ишлаётган юртдошларимиз борлигидан ҳам хабардорман. Осон ҳуқуқий соҳанинг ўзи йўқ. Бунинг устига бегона тильда иш олиб бориш соҳани мураккаблаштиради. Халқаро арбитраж соҳаси қолган ҳуқуқий соҳалардан фарқли равишда, бир қанча ҳуқуқий тизимлар, англосаксон, роман-герман ва шаръий ҳуқуқ нормалари ҳамда миллий ва халқаро ҳуқуқ нормалари ҳақида чуқур билимга эга бўлишни талаб этади. Уларни тўғри қўллай олиш ҳам муҳим. – Европада ишлаяпсиз. Ишингиз яхши. Молиявий аҳволингиз ҳам яхшидир. Нега бирдан кескин бурилиш қилдингиз? Икки ойдан бери Нью-Йорк шаҳрида юридик докторантурада ўқияпсиз? – Ҳозир глобал иқлим ўзгариши ва энергия ресурслари билан боғлиқ халқаро ҳуқуқий низоларни ҳал этиш масаласида илмий иш қиляпман. Марказий Осиё энергия ресурсларига бой минтақалардан бири. Ресурсларни тўғри ишлатиш билан боғлиқ низоларни ўрганяпман. Минтақадаги иқлим ўзгариши билан боғлиқ масалаларга халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан ечим бериш илмий изланишимнинг асосий мақсади. Халқаро юридик фирмалар ва халқаро ташкилотларда орттирилган тажрибам ушбу масалаларни чуқурроқ ўрганишимга туртки бўлди. 2015 йилда имзоланган Париж битими дунёдаги глобал иссиқликни камайтириш бўйича ушбу ҳужжатга қўшилган давлатларга ўзига яраша мажбурият юклаган. Бу каби мажбуриятлар кейинчалик давлатларнинг инвестиция шартномаларида ўз аксини топган. Ушбу шартномалар асосида хорижий инвесторлар дунёнинг деярли барча давлатларида фаолият кўрсатади. Лекин улар доим ҳам иқлим ўзгариши билан боғлиқ мажбуриятига риоя қилишмайди. Бу бундай можароли ҳолатларга самарали ҳуқуқий ечим топишни талаб қилади. Бу муаммоларни ҳуқуқий таҳлил қилиш бўйича Колумбия университети қошида иқлим ўзгариши билан боғлиқ халқаро низоларни ҳал этишни ўрганиш илмий маркази ва Париждаги Халқаро савдо палатаси қошида Халқаро тижорат арбитраж суди иш олиб бормоқда. –Ушбу илмий иш ўзбек юридик фани учун янгилик бўладими? – Ҳозирги кунга қадар ўзбек юридик фанида халқаро низоларни ҳал этиш соҳаси бир қанча ҳурматли устозлар томонидан таҳлил қилинган. Хусусан, халқаро инвестицион ва тижорат арбитражи каби масалалар жуда кенг ва чуқур ёритилган. Айнан иқлим ўзгариши ва халқаро энергетика соҳасидаги низоларни ҳал этиш йўналиши қайсидир маънода юқорида эслаб ўтилган соҳаларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. – Халқаро арбитраж соҳасидаги илмий ишингиз Ўзбекистон учун ҳам долзарб экан. Марказий Осиё давлатлари ҳозир сув танқислигига дуч келмоқда. Келажакда сув тақчиллиги яна кўп муаммоларни туғдириши мумкин. Бунинг ечими борми? – Биласизки, ҳозир Афғонистонда қурилиши бошланган Қўштепа канали Марказий Осиёдаги қишлоқ хўжалиги, шу жумладан иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларга катта таъсир кўрсатиши кутиляпти. Бу каби трансчегаравий сувлардан фойдаланиш муаммоси нафақат Афғонистон, балки Қирғизистон ва Тожикистонда ҳам мавжуд. Бу каби муаммоларни ҳал этишда дипломатия ва халқаро ҳуқуқнинг ўрни муҳим. Албатта, низоларни куч ишлатмасдан ҳал этиш учун халқаро арбитраж ёки медиация каби механизмлар бор. Қўштепа каналига келсак, Афғонистон минтақадаги трансчегаравий сувлардан фойдаланиш бўйича ҳеч қандай минтақавий ёки халқаро шартномани имзоламаган. Амударё сувини тақсимлаш бўйича илк шартнома СССР даврига тўғри келиб, унда дарё суви Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Қирғизистон ўртасида бўлинган эди. Бу республикалар мустақилликка эришганидан кейин 1992 йилда Олмаотада Амударё сувидан фойдаланиш бўйича минтақавий шартнома имзоланган. Унда ҳам Афғонистоннинг Амударё сувидан фойдаланиш ҳуқуқи назарда тутилмаган. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2023-йил 15 сентябрь куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳат учрашувида Қўштепа канали масаласига тўхталди. Минтақада сувдан фойдаланиш жараёнида Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳеч қандай мажбурият асосида боғланмаган янги иштирокчи пайдо бўлганини қайд этди. Каналнинг ишга туширилиши Марказий Осиёдаги сувдан фойдаланиш тартиби ва мувозанатини тубдан ўзгартириб юбориши мумкинлигини таъкидлади. Афғонистон вакилларини сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқотга жалб этишни таклиф қилди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, низоларни халқаро арбитраж ёрдамида ҳал этиш учун аввало бунга давлатларнинг розилиги керак. Одатда бу каби расмий розилик халқаро шартномаларда белгиланади. Афғонистон эса сув тақсимланиши юзасидан биронта ҳам халқаро шартномага қўшилмаган. – Ҳозир кўп ёшлар инглиз тилини ўрганяпти. Нияти халқаро ташкилот ё фирмаларда ишлаш. Ўзбекистонда юридик соҳада таҳсил олган мутахассис Европа ёки Америкада ишлаб кета оладими? – Албатта, талабанинг халқаро юридик фирмаларда ишлаш мақсади бўлса, Ўзбекистонда бакалавр дипломини олгандан сўнг, ривожланган мамлакатлардаги нуфузли университетларга магистратура даражаси учун ҳужжат топширишлари тавсия этилади. – Дунёда турли соҳаларда сунъий ақлдан фойдаланиш бошланмоқда. Ҳуқуқ соҳасида ҳам келажакда юристлар ва сунъий ақл ўртасида рақобат келиб чиқиши мумкинми, яъни юристлар ишсиз қолиши кутиладими? – Бу ҳозир кўп муҳокама қилинадиган мавзулардан бири. Менимча, сунъий интеллект ҳозирги кунда ҳуқуқшуносларнинг айрим вазифаларини енгиллаштириши мумкин. Шу билан бирга, сунъий интеллект ҳар доим ҳам тўғри маслаҳат беролмайди, инсон омилини ҳисобга олиб қарор қабул қилишда ҳали бир қанча камчиликларга эга. – Ўтган асрда ирқчилик, шовинизм, ксенофобия ҳуқуқ соҳасининг асосий муаммоси саналарди. Бу муаммолар юридик жиҳатдан ечилди: қонунлар қабул қилинган. Бу асрда ҳуқуқ соҳасида қандай муаммолар асосий ўринда турибди? – Ҳозир ҳуқуқшунослар учун қонун устуворлигини ва қонунларнинг адолатли қўлланишини таъминлаш асосий муаммо ҳисобланади. Шу билан бирга айрим давлатларнинг халқаро ҳуқуқ нормаларидан узоқлашаётгани ва низоларни куч билан ҳал этишга интилаётгани албатта ачинарли. – Яна бош мавзумизга қайтсак: Тошкент давлат юридик университетига кирган талаба ўқишини ривожланган давлатдаги университетга кўчирмоқчи бўлса, унга қандай йўл кўрсатардингиз? – Аввало ўқишни кўчиришга шошмасликни маслаҳат бераман. Чунки ривожланган мамлакатларда ҳуқуқшунослар асосан англосаксон ҳуқуқ тизимида фаолият юритгани учун талаба бу икки ҳуқуқий тизимдаги юридик адабиётларни ўрганиши қийин кечади. Бу вазиятда мақбул йўл – бакалавриатни тугатиш ва магистратурани чет элда давом эттириш. – Ҳозир дунёда ҳуқуқ соҳасида қайси ҳуқуқшуносларнинг китоблари кўп ўқиляпти? Энг яхши бештасини санаб берасизми? – Менимча, жаҳонда катта қизиқиш билан ўқилаётган ҳуқуқий адабиётлар 5 талиги қуйидагилардан иборат: “Natural Law and Natural Rights”. “A Theory of Justice”. “The Structure of Liberty: Justice and the Rule of Law”. “Legal Education and the Reproduction of Hierarchy: A Polemic Against the System”. “The Paper Chase”. –Тошкент давлат юридик университети талабаларига қайси юридик китобларни ўқишни маслаҳат берасиз? – Китобларнинг инглизча номини келтираман. Улар ҳали ўзбек тилига таржима қилинмаган. Бу китоблар юридик дунёқарашни кенгайтиради: 1. “About Law” – Tony Honoré. 2. “Letters to a Law Student” – Nicholas McBride. 3. “Choice of three”. Мурод Човуш суҳбатлашди.
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Ўзбекистон ҳуқуқ устуворлиги индексида 78-ўринни эгаллади
Индексни тузишда дунёнинг 140 та давлатидан 150 мингдан ортиқ уй хўжалиги ва 4 мингга яқин ҳуқуқшунослар ўртасида сўровлар ўтказилган.
Ўзбекистондаги тўқимачилик компаниялари томонидан АҚШ бозорига калит олинди
10 дан ортиқ тўқимачилик компанияси Марказий Осиёда биринчи бўлиб халқаро WRAP стандарти сертификатига эга бўлди.
Инглиз тили: 2 минг соат қоидаси
Нега ёш болага тил ўргатишда эҳтиёт бўлиш шарт? Ўзбекистонда элитар таълим қандай бўлиши керак, сифатли таълимни биз берсагу, ҳузурини чет давлатлар кўрса-чи? Бизда ишламасдан ҳам пул оладиган устозлар кўпми, хориждаги зиёли ватандошларнинг Ўзбекистонга қанчалик фойдаси тегяпти, IELTS ҳақидаги рекламалар сафсатами? Шу ва шу каби саволларга жавоблар Шаҳноза Соатованинг "Қачонгача" подкастида 7 та тилни билса-да, Андижонда ўқитувчилик қилаётган Искандар Саттибоев билан суҳбатда янграйди.
Самарқандда фуқаронинг “Америка орзуси” фирибгарлик туфайли “ушалмади”
$ 20 000 минг доллари эвазига АҚШга юборишни ваъда қилганлар ушланди.