currencies image

12 844,21 UZS

11,72

usd

currencies image

13 508,26 UZS

62,46

eur

currencies image

127,35 UZS

0,81

ru



АсосийЯнгиликларАлифбони такомиллаштириш, тил соҳасидаги ҳуқуқларни таъминлаш, Ўзбек тилининг халқаро нуфузини кўтариш – Президент байрам табригида қандай масалаларга эътибор қаратди?

Алифбони такомиллаштириш, тил соҳасидаги ҳуқуқларни таъминлаш, Ўзбек тилининг халқаро нуфузини кўтариш – Президент байрам табригида қандай масалаларга эътибор қаратди?

Ўзбекистон

calendar

21.10.2023

eye

590

Алифбони такомиллаштириш, тил соҳасидаги ҳуқуқларни таъминлаш, Ўзбек тилининг халқаро нуфузини кўтариш – Президент байрам табригида қандай масалаларга эътибор қаратди?

“Ўзбекистон халқига байрам табриги Муҳтарам ватандошлар! Сиз, азизларни жонажон юртимизда кенг нишонланаётган қутлуғ айём – Ўзбек тили байрами куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Ҳеч шубҳасиз, азалий қадриятларимиз гултожи бўлган она тилимиз асрлар синовидан безавол ўтиб келаётган буюк ва бебаҳо маънавий бойлигимиздир. Мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги ўрни ва аҳамиятини ошириш, уни замон талаблари асосида ривожлантириш масаласини биз миллий ўзлигимизни англаш, миллат руҳини сақлаб қолиш, ёруғ келажагимизни таъминлашнинг энг муҳим омили, деб биламиз. Шу эзгу мақсад йўлидаги амалий ҳаракатларимиз туфайли жамиятимиз ҳаётида давлат тилининг қўлланиш доираси тобора кенгайиб, у халқ дилининг чинакам кўзгусига айланмоқда. Айниқса, кейинги йилларда ўзбек тили нуфузли халқаро анжуманлар, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридан мунтазам янграб келаётгани барчамизга ғурур-ифтихор бағишлаш билан бирга, дунёда она тилимизни ўрганишга интилаётган инсонлар сафини ҳам тобора кенгайтирмоқда. Ҳурматли юртдошлар! Бугунги қувончли айёмда жаҳондаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тилининг обрў-эътибори ва нуфузини юксалтириш бўйича амалга ошираётган ишларимиз ҳақида сўз юритиб, келгусидаги муҳим вазифаларимизни белгилаб олишимиз табиийдир. Бу ҳақда гапирганда, аввало, Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти фаолияти замон талаблари асосида ташкил этилиб, барча соҳаларда давлат тилида иш юритиш сифатини яхшилаш, хусусан, ахборот-коммуникация йўналишида уни фаол қўллаш борасида ижобий натижаларга эришилаётганини таъкидлаш лозим. Маълумки, ҳар қандай тилни ўрганиш ва ривожлантиришда, биринчи навбатда, унинг назарий-методик асослари катта ўрин тутади. Шу нуқтаи назардан қараганда, кейинги йилларда “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, “Алишер Навоий қомуси”, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси”, “Фалсафа” қомусий луғати, “Ўзбекистон юридик энциклопедияси”, “Ислом энциклопедияси”, “Маънавият: асосий тушунчалар луғати”, “Педагогика: энциклопедия”, “Тарих атамалари луғати”, “Адабиётшунослик луғати”, “Юридик атамалар луғати” каби 40 дан зиёд фундаментал китоблар нашр этилгани бу йўлдаги муҳим қадам бўлди. Шулар қаторида ўзбек тилининг электрон миллий корпуси ва дастурий маҳсулотларнинг ўзбекча иловаларини яратиш, ўзбек тилини Интернет тармоғида оммалаштириш ва муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, давлат тилини ўргатишга ҳамда матн таҳририга мўлжалланган дастурларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ қилиш бўйича ҳам жиддий ишлар олиб борилаётганини қайд этиш зарур. Мамлакатимизда ўзбек тили ва адабиёти йўналишида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш ҳажми ҳамда илмий тадқиқотлар сони ортиб бормоқда. Ҳозирги кунда жами 33 та олийгоҳда ушбу мутахассислик бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Олий таълим муассасаларида 7 минг нафардан зиёд фан номзодлари ва докторлари, профессор-ўқитувчилар ўзбек тили ва адабиётидан дарс бермоқда. Агар 1992–2012 йилларда, яъни 20 йил мобайнида бу ихтисослик бўйича 730 та илмий иш ҳимоя қилинган бўлса, сўнгги 10 йилда бу рақам 792 тани ташкил этди. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қошидаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўргатиш ва малака ошириш марказида вазирлик, идора ва ташкилотлар ходимлари ўзбек адабий тили меъёрлари ва имло қоидалари бўйича мунтазам ўқитилмоқда. Университетда ташкил этилган “Ўзбек мактаби”да эса юзлаб хорижлик фуқаролар она тилимиз ва миллий маданиятимиз асосларини катта қизиқиш билан ўрганмоқда. Бу борада кейинги йилларда нашр этилган ўзбекча-хитойча, ўзбекча-инглизча, ўзбекча-французча, ўзбекча-немисча, ўзбекча-арабча, ўзбекча-форсча луғат ва сўзлашгичлар муҳим роль ўйнамоқда. Лотин графикаси асосидаги алифбомизни такомиллаштириш ишлари ҳам давом этмоқда. Ушбу масала юзасидан халқимиз, жамоатчилигимиз томонидан билдирилган барча таклиф ва тавсиялар жиддий ўрганилиб, муҳокамадан ўтганидан сўнг тегишли қонун лойиҳасини яна бир бор кўриб чиқиб, парламентга киритиш мақсадга мувофиқдир. Азиз дўстлар! Биз давлат тили тараққиётини жаҳондаги етакчи хорижий тиллар ва мамлакатимиздаги турли миллат вакилларининг тили ва маданиятини ривожлантириш билан боғлиқ ҳолда кўрамиз. Бугунги кунда юртимизда таълим 7 тилда олиб борилмоқда. Республикамиздаги мавжуд 1453 та оммавий ахборот воситаси ҳамда юзлаб веб-сайтлар орқали қорақалпоқ, рус, қозоқ, тожик, туркман, корейс, турк, араб, инглиз, немис ва бошқа тилларда ҳам материаллар эълон қилинмоқда. Биз Ўзбекистонни тенглик, дўстлик ва бағрикенглик диёрига айлантириш мақсадида турли миллатга мансуб фуқароларимизнинг тил соҳасидаги ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ишларимизни бундан буён ҳам изчил давом эттирамиз. Муҳтарам юртдошлар! Ўтган аср бошларида маърифатпарвар жадид боболаримиз “Тилда, фикрда, ишда бирлик” деган эзгу ғоя асосида майдонга чиқиб, халқимизни мустамлака зулмидан халос қилиш, уни замонавий илм-фан, касб-ҳунар ва маданиятга ошно этиш бўйича улкан ишларни амалга оширган эдилар. Ана шундай муштарак мақсадлар, умуммиллий бирлик ва аҳиллик бугун биз учун ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳозирги ўта кескин ва таҳликали замонда фақатгина шу асосда ўз миллий манфаатларимизни қатъий ҳимоя қилишга, жумладан, она тилимизни асраб-авайлаш ва бойитиш, уни илм-фан, иқтисодиёт, таълим, тиббиёт, ахборот-коммуникация, дипломатия ва бошқа муҳим йўналишларда таъсирчан мулоқот воситасига айлантириб, тараққиёт суръатларига уйғун ҳолда ривожлантиришга, халқаро нуфузини муносиб даражага кўтаришга эриша оламиз. Бинобарин, улуғ шоиримиз Эркин Воҳидов айтганидек, “Она тили – умуммиллат мулки. Демак, тил олдидаги масъулият ҳам умуммиллий бўлиб, бу ёлғиз тилшуносларнинг эмас, бутун миллатнинг иши” эканини доимо ёдда тутишимиз лозим. Фурсатдан фойдаланиб, ана шу ҳақиқатни чуқур англаб, бу йўлда сидқидилдан хизмат қилаётган, ўзбек тилининг ҳақиқий фидойиси ва дўсти бўлган барча заҳматкаш ва жонкуяр инсонларга чин қалбимдан миннатдорлик билдираман. Қадрли ватандошлар! Сиз, азизларни, бутун халқимизни 21 октябрь – Ўзбек тили байрами билан яна бир бор самимий қутлаб, барчангизга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт, хонадонларингизга тинчлик-омонлик тилайман. Мана шундай буюк маънавий бойликни яратган халқимиз доимо омон бўлсин! Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти”

Улашиш:

Бошқалар

27-октябр 2024, 06:15
1 714

Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади

Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.


19-ноябр 2024, 12:35
1 711

Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб

Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.


13-ноябр 2024, 12:35
1 602

Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб

Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.


27-октябр 2024, 04:36
1 561

Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай

Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.

Мавзуга доир янгиликлар: