currencies image

12 524,89 UZS

96,40

usd

currencies image

14 456,23 UZS

140,29

eur

currencies image

156,54 UZS

1,90

ru



АсосийЯнгиликларБир ойлик ҳарбий хизматни кечиктириш ёки бутунлай озод бўлиш имкони мавжудми?

Бир ойлик ҳарбий хизматни кечиктириш ёки бутунлай озод бўлиш имкони мавжудми?

Ўзбекистон

calendar

06.08.2025

eye

21

Бир ойлик ҳарбий хизматни кечиктириш ёки бутунлай озод бўлиш имкони мавжудми?

Конституциямизнинг 64-моддасига кўра Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар.

Бир ойлик хизмат муқобил хизмат ёки ҳарбий хизмат ҳисобланадими?

Таъкидлаш лозимки, “бир ойлик хизмат” деб юритиладиган хизмат тури амалдаги қонунчиликка асосан, сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат ҳисобланади.

“Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасига мувофиқ, ҳарбий хизматнинг қуйидаги турлари жорий этилади:

— муддатли ҳарбий хизмат;

— сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат;

— контракт бўйича ҳарбий хизмат;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида ҳарбий хизматни ўтаган резервчилар хизмати.

Мазкур Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ, ҳарбий хизматга яроқли, шу жумладан чекловлар билан яроқли бўлган ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ Қуролли Кучлар сафига навбатдаги муддатга чақирилмаган шахслар сафарбарлик чақируви резерви сафига олинадилар.

Сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат ҳудудий принцип асосида ойлик йиғинлар тарзида ташкил этилади ҳамда чақирилувчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг махсус ҳисобварағига пул бадаллари киритилишини назарда тутади.

Демак, бир ойлик хизмат яъни  сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат ҳисобланади

Бир ойлик ҳарбий хизматни кечиктириш мумкинми?

Ҳа, мумкин. “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги 21-моддасига кўра, чақирилувчиларнинг муддатли ҳарбий хизматга, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилиш муддатини кечиктириш ҳудудий комиссиянинг қарори асосида уларнинг оилавий шароитига кўра, саломатлигига кўра, ўқишни давом эттириши учун амалга оширилади.

Чақирилувчиларнинг муддатли ҳарбий хизматга ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилиш муддатини оилавий шароитга кўра кечиктириш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

1) чақирилувчининг ота-онаси меҳнатга қобилиятсиз бўлиб, уларни боқиши шарт бўлган меҳнатга қобилиятли вояга етган бошқа ўғли бўлмаса. Ота-онанинг меҳнатга қобилиятсизлиги қонунчиликка мувофиқ аниқланади;

2) чақирилувчининг меҳнатга қобилиятли ёлғиз онаси ёки отаси бўлиб, уларнинг қарамоғида ўн олти ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ фарзанди бўлгани ҳолда меҳнатга қобилиятли вояга етган бошқа ўғли бўлмаса;

3) чақирув кунида чақирилувчининг туғишган ака-укаларидан бири муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган бўлса;

4) чақирилувчининг онасиз тарбияланаётган вояга етмаган бир фарзанди бўлса;

5) чақирилувчининг биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган хотини ва вояга етмаган икки ва ундан ортиқ фарзанди бўлса.

Эътибор қилинг. Чақирилувчини унинг ота-онаси вафот этганлиги, улар узоқ муддат бетоблиги муносабати билан ёки бошқа узрли сабабларга кўра камида беш йилдан бери ўз қарамоғида сақлаётган шахслар унинг ота-онасига тенглаштирилади.

Бир ойлик ҳарбий хизматдан бутунлай озод бўлса бўладими?

Албатта мумкин, бунинг ҳам тартиби қонунчиликда белгиланган.  “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасига асосан тинчлик даврида муддатли ҳарбий хизматга ҳамда сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилишдан қуйидагилар озод этиладилар:

1) саломатлигига кўра ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилган чақирилувчилар;

2) яқин қариндошларидан бири (ака-укаси, опа-синглиси) ҳарбий хизматни ўташ вақтида ҳалок бўлган ёки вафот этган чақирилувчилар;

3) рўйхатдан ўтган диний ташкилотлардан бирида диний рутба эгаси бўлган чақирилувчилар.

Таъкидлаш лозимки, ушбу рўйхатдаги шахслар ўз розиликлари билан ҳарбий хизматга чақирилишлари мумкин.

 

Бу муҳим! Жиноий жавобгарликка тортилган, шунингдек судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар ҳарбий хизматга чақирилмайдилар.

Улашиш: