Ҳуқуқ
29.05.2024
764

Hudud24.uz новвойликни қандай бошлаш кераклигини ҳуқуқий маълумот ва тавсиялар асосида қадамма-қадам тушунтиради.
1. Бизнесни расмийлаштириш
Ҳар қандай фаолиятни бошлаш, авваламбор, уни расмийлаштиришдан бошланади. Қонунчиликда новвойлик фаолияти билан шуғулланиш учун тадбиркорлик субъектининг ташкилий-ҳуқуқий шаклига нисбатан қатъий талаблар қўйилмаган. Хусусан, нон тайёрлаш ва уни сотиш билан юридик шахс (масалан, масъулияти чекланган жамият, хусусий ёки оилавий корхона) ташкил этиб ҳам, юридик шахс ташкил этмасдан якка тартибдаги тадбиркор (ЯТТ) ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳам шуғулланиш ҳам мумкин.
Хўш, кичик сармоя билан новвойликни эндигина бошлаётган кишилар учун уларнинг қай бири қулай ва бизнесни қандай рўйхатдан ўтказиш мумкин?
Агарда новвойлик билан фақат ўзингиз шуғулланмоқчи бўлсангиз, ўзини ўзи банд қилган шахс сифатидан рўйхатдан ўтиш кифоя. Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида онлайн равишда давлат хизматлари портали, солиқ тўловчининг шахсий кабинети, ўзи борган ҳолатда эса давлат хизматлари марказлари ёки солиқ органлари орқали рўйхатдан ўтиш мумкин. Давлат хизматлари портали орқали рўйхатдан ўтиш тартиби бўйича видео қўлланма билан бу ерда танишинг. Хизмат автоматик кўрсатилиб, ҳеч қандай вақт ва харажат талаб этилмайди.
Давлат хизматлари портали
Таъкидлаш лозимки, ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиш меҳнат стажи ҳисобга олиниши ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини беради.
Агарда ходимлар ёлламоқчи бўлсангиз, фаолиятни якка тартибдаги тадбиркор сифатида бошлаш керак. Рўйхатдан Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш модули орқали онлайн ёки давлат хизматлари марказлари орқали ўтказиш мумкин. Онлайн рўйхатдан ўтиш бўйича видео қўлланма билан бу ерда танишинг.
Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш модули
Рўйхатдан ўтказиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 1 баравари, агар онлайн ўтказилса, 0,9 баравари миқдорида давлат божи тўланади ҳамда 30 дақиқа ичида рўйхатга олинади.
Юқорида келтирилган икки шакл, ўзини ўзи банд қилган шахс ёки ЯТТдан ташқари, бошқа шаклда ҳам новвойлик билан тўсиқсиз шуғулланиш мумкин. Аммо юқоридаги шаклларда қатор енгиллик ва имтиёзлар бор. Уларни қуйидаги ўринларда кўриб чиқамиз.
2. Ходимларни ёллаш
Ходимларни ёллаш тадбиркорлик шаклига қараб, бир-биридан фарқ қилади.
Хусусан, ўзини ўзи банд қилган шахслар одам ёллаши ҳам, ўзи ёлланиб ишлаши ҳам мумкин эмас. Аммо ташкилотлар томонидан ўзини ўзи банд қилган шахсларни шартнома асосида бир марталик хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажариш бўйича фаолиятга жалб қилишга йўл қўйилади.
ЯТТларга эса 5 нафаргача ходимларни ёллашга рухсат берилган. Ушбу ходимлар электрон тартибда шахсий кабинет ёки мобил илова орқали солиқ органларида рўйхатга қўйилади. ЯТТ томонидан меҳнат дафтарчаси юритилмайди.
Таъкидлаш лозимки, ходимларни ёллаб, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан фаолият фақат битта манзил бўйича шохобчада амалга оширилиши мумкин.
ЯТТ банк ҳисобварағи очгандан сўнггина ходимларни ёллай олади. Ходим билан меҳнат шартномаси тузилиб, 3 иш кунидан кечиктирмай ходимларни солиқ органларига ҳисобга қўйиши шарт.
3. Фаолият билан шуғулланиш учун талаб ва шартлар
Новвойлик лицензияланадиган, рухсат бериладиган ёки хабардор қилинадиган фаолият турларига кирмаганлиги сабабли махсус талаб ва шартлар йўқ. Шунга қарамай, санитария-гигиена ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиниши лозим.
Масалан, Нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, ташиш, сотиш ва уларни сақлашда санитария-гигиена талаблари (0050-23-сон СанҚваН)га асосан новвойхоналар турар жойлардан камида 50 метр оралиқ масофада жойлаштирилиши керак.
Хамир аралаштиргичлар, қолиплар, вакуум машиналари, қайнатиш қозонлари, конфетлар, ширинликлар ва пастилаларни кесиш ва шакар-қиём билан қоплаш машиналари, майдалаш ва карамел машиналари ва бошқаларнинг ички ва ташқи юзалари иш тугагандан сўнг яхшилаб тозаланиши ва иссиқ сув билан ювилиши керак.
Унни элакдан ўтказиш тизими герметик бўлиши, қувурлар, қутилар, силосларда тешиклар бўлмаслиги керак. Унни элакдан ўтказиш тизими 10 кунда камида бир марта ечилиши, тозаланиши, ишга яроқлилиги текширилиши ва зараркунандаларга қарши ишлов берилиши керак. Ун барча хом ашёлардан алоҳида сақланиши керак. Тарадаги ун пол сатҳидан 15 см ва деворлардан 50 см масофада пештахталарда сақланади. Пештахталар орасидаги масофа камида 75 см бўлиши керак.
Нон ва қандолат маҳсулотлари печдан чиққандан кейин қуйидаги муддатгача савдо корхоналарига етказилиши керак:
36 соатгача — жавдар, жавдар-буғдой ва кепакли ундан тайёрланган нон, шунингдек буғдой ва жавдар унининг аралашмаси;
24 соатгача — буғдой-жавдар ва буғдой кепакли ундан нон, навли буғдойдан 200 г дан ортиқ оғирликдаги нон ва қандолат маҳсулотлари;
16 соатгача — оғирлиги 200 г ва ундан кам бўлган донали маҳсулотлар (шу жумладан булочкалар).
Санитария-гигиена талабларининг тўлиқ рўйхати билан бу ерда танишинг.
4. Тўланадиган солиқлар
Солиқ кодексига кўра, агар ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг даромади бир йилда 100 млн сўмдан ошмаса, ундан даромад солиғи олинмайди. Агар ошадиган бўлса ЯТТ билан бир хилда солиқ тўлайди (қуйида таҳлил қилинади).
Шунингдек, ихтиёрий равишда ҳар йилда бир маротаба БМҲнинг 1 баравари миқдорида ижтимоий солиқ тўлаши мумкин. Хўш, нега бу солиқни тўлаш керак ва у тадбиркорга нима беради? Ижтимоий солиқ ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат стажини ҳисоблаш ва уни пенсияга чиқаришда инобатга олинади.
ЯТТ давлат рўйхатидан ўтаётганда қатъий белгиланган миқдорда ёки декларация бўйича солиқ тўлашни танлаши мумкин. Декларацияни танласа, рўйхатдан ўтган ойнинг охирига қадар дастлабки декларация тақдим этади ва ҳар ойнинг биринчи ярмига қадар даромадидан 12 фоиз миқдорида солиқларни тўлайди.
Агар қатъий белгиланган миқдорда (озиқ-овқат товарларининг чакана савдоси учун ҳудудга қараб 242 мингдан 907 минггача) даромад солиғини танласа, кейинги ойдан бошлаб, ҳар ойнинг биринчи ярмига қадар тўлаб боради.
Бу солиқлар новвой даромади 100 млн сўмгача бўлган давр учун бўлиб, ундан кейин айланмадан, яъни нон сотишдан келиб тушган пулдан 4 фоиз солиқ тўлайди. Товар айланмаси 1 млрд сўмдан ошса, қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғини тўлашга ўтади.
Шунингдек, ЯТТга ишчиларнинг даромад солиғини ҳисоблаб чиқариш, ушлаб қолиш ва давлат бюджетига ўтказиш мажбурияти ҳам юклатилган. Бундан ташқари, ходимлари учун ижтимоий солиқ ҳам тўлайди. Бозор ва савдо расталаридаги тадбиркорлар ҳар бир ходими учун ҳар ойда БМҲнинг тенг ярмини, бошқа тадбиркорлар эса ҳар бир ходими учун йилига БМҲнинг 1 баравари миқдорида солиқ тўлайди.
Муроджон Нажмиддинов,
Hudud24.uz колумнисти
Улашиш:
Бошқалар
Транспорт воситалари қандай ҳолларда жарима майдончасига олиб кирилади?
Жарима майдончаси — ҳайдовчиларни жазолаш эмас, балки йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора ҳисобланади.
Иш вақтини ҳисобга олиш нима ва унинг қандай турлари мавжуд?
Меҳнат муносабатларида иш вақтини тўғри ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга.
Ойлик иш ҳақи нима учун икки қисмга бўлинади?
Агар иш берувчи иш ҳақини ўз вақтида тўламаса, у ҳолда у ходим олдида моддий жавобгарликка тортилади.
Халқаро оила куни
1994 йилдан бошлаб 15 май кунини - Халқаро оила куни деб белгиланган.