Ҳуқуқ
13.11.2025
41

Барчамиз болаларнинг меҳнатга жалб қилинаётгани ҳақида ёки турли хил ишларда мактабга бормасдан ишлаётгани тўғрисидаги хабарларни телевидениедан, ижтимоий тармоқлардан тез-тез эшитиб турамиз. Шу ўринда бир савол туғилади. Аслида, болаларнинг қонунчилигимизда меҳнат қилиш ҳуқуқи мавжудми?
Болаларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқи
“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 20-моддасида ҳар бир бола ўзининг ёши, соғлиғининг ҳолати ва касбий тайёргарлигига мувофиқ қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат қилиш, фаолият турини ва касбни эркин танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ҳуқуқига эга эканлиги ва ишга қабул қилишга 16 ёшдан йўл қўйилиши белгиланган.
Шунингдек, мазкур Қонунда болаларни меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун — улар 15 ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилиши кўрсатиб ўтилган.
Болалар меҳнати тақиқланадиган ишлар
Меҳнат кодексининг 412-моддасига мувофиқ, ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларнинг меҳнатини меҳнат шароити зарарли ва (ёки) хавфли бўлган ишларда, ер ости ишларида, шунингдек бажарилиши уларнинг ҳаётига ва соғлиғига, хавфсизлигига ва маънавий жиҳатдан камол топишига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда (тунги кафе ва клубларда, спиртли ичимликларни, тамаки маҳсулотларини, гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни, токсик препаратларни ишлаб чиқариш, ташиш ҳамда сотиш ва бошқалар) қўллаш тақиқланади.
Болалар меҳнатини ҳимоя қилишга доир кафолатлар.
Меҳнат кодексининг 415-моддасида иш вақтининг давомийлиги 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган ходимлар учун ҳафтасига 36 соатдан ошмайдиган, 15 ёшдан 16 ёшгача бўлган шахслар учун эса ҳафтасига 24 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланиши кўрсатилган.
Аммо мазкур модданинг 2-қисмига кўра, ўқув йили давомида ўқишдан бўш вақтида ишлаётган ўқувчиларнинг иш вақти давомийлиги юқорида кўрсатилган тегишли ёшдаги шахслар учун назарда тутилган иш вақти энг кўп давомийлигининг ярмидан ошиши мумкин эмас.
Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 414-моддасида 18 ёшгача бўлган шахслар фақат дастлабки мажбурий тиббий кўрикдан ўтганидан кейин ишга қабул қилиниши ва кейинчалик улар 18 ёшга тўлгунига қадар ҳар йили мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши лозимлиги белгилаб қўйилган.
Оғабек Жўраев,
“Адолат” миллий ҳуқуқий
ахборот маркази ходими
Улашиш:
Бошқалар
Шахс ўзининг хабарисиз номига кредит тузилишининг олдини олиши мумкин
Қонунчиликка кўра, жисмоний шахс ўзининг иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битими тузилишининг олдини олиш учун ўзи билан кредит битими тузишни кредит бюросига ариза киритиш орқали тақиқлаши мумкин.
Никоҳ шартномаси — ҳуқуқий кафолатми ёки эҳтиёт чораси?
Никоҳ шартномаси икки ҳолатда — никоҳдан олдин ёки никоҳ даврида тузилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасида жиноят ҳуқуқи: асосий тушунчалар ва принциплар
Жиноят ҳуқуқи — бу фуқаролар, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятларни аниқлаш, уларни содир этган шахсларга жазо тайинлаш орқали жамиятда тартиб ва хавфсизликни таъминлашга хизмат қиладиган ҳуқуқий соҳадир.
Никоҳ шартномаси — оиладаги ишончнинг кафолати
Никоҳ шартномаси — бу оддий қоғоз эмас.