Ҳуқуқ
21.10.2025
1 040

Оила — жамиятнинг энг муҳим таянчи саналади. Ўзаро ишонч, ҳурмат ва садоқат устига қурилган никоҳ — соғлом жамият кафолатидир. Аммо ҳаётда молиявий масалалар кўплаб муаммоларнинг илдизи бўлиши мумкин. Шу боис, турмуш қураётган жуфтликлар ўртасида мулкий масалаларнинг аниқ тартибга сольиниши, айниқса, келажакдаги низоларни олдини олиш нуқтаи назаридан муҳим ҳисобланади. Бу эса, никоҳ шартномаси институтининг ўрни ва аҳамиятини оширади.
Никоҳ шартномаси нима?
Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига кўра, никоҳ шартномаси — бу никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр-хотиннинг никоҳ даврида ва (ёки) никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятларини тартибга солувчи ёзма келишувдир.
Бу ҳужжат эр-хотин ўртасидаги мулкий муносабатларга аниқлик киритиш, уларни қонуний асосда мустаҳкамлаш ва келгусида юзага келиши мумкин бўлган низоларнинг олдини олиш воситаси сифатида хизмат қилади.
Шартнома тузиш тартиби ва вақти
Никоҳ шартномаси икки ҳолатда — никоҳдан олдин ёки никоҳ даврида тузилиши мумкин. Агар никоҳдан олдин тузилган бўлса, у никоҳ давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб кучга киради. Ҳар қандай ҳолатда бу ҳужжат ёзма шаклда тузилиши ва нотариал тасдиқланиши шарт.
Шартноманинг мазмуни
Никоҳ шартномаси орқали эр ва хотин қуйидаги масалаларни белгилаб олишга ҳақлидир:
— биргаликдаги мулкнинг эгалик шакли (умумий, улушли ёки алоҳида);
—келгусидаги мулк тақсимоти;
— ўзаро моддий таъминот ва оила харажатларининг тақсимоти;
—даромадлар устидан ҳамкорлик;
— никоҳдан ажралганда мулкнинг қандай тақсимланиши;
— биргаликдаги тадбиркорлик фаолияти қоидалари.
Бироқ шартномада шахсий номулкий муносабатлар, болаларга оид ҳуқуқ ва мажбуриятлар, судга мурожаат қилиш ҳуқуқи, ёки эр-хотиндан бирининг манфаатларига зид келувчи қоидалар белгиланиши мумкин эмас. Бу — фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги асосий кафолатдир.
Шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш
Эр ва хотин ўзаро келишув асосида никоҳ шартномасини исталган вақтда ўзгартириши ёки бекор қилиши мумкин. Бироқ бу ҳам шартномадаги шаклга мувофиқ, ёзма ва нотариал тартибда амалга оширилади. Шунингдек, агар тарафлар келиша олмаса, суд орқали шартнома ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.
Никоҳ шартномаси ва кредиторлар ҳуқуқлари
Эр-хотин шартнома тузаётганда, уни ўзгартираётган ёки бекор қилаётган бўлса, ўз кредиторларини бу ҳақда хабардор қилиши шарт. Акс ҳолда, улар ўз мажбуриятлари учун жавобгарликни тўлиқ ўз зиммасига оладилар.
Хулоса
Никоҳ шартномаси — бу ишончсизлик белгиси эмас, балки онгли ва масъулиятли қарор. У фақат мулкий муносабатларни ҳуқуқий асосда тартибга солади. Шартнома нафақат ажрашиш ҳолатида, балки оилавий ҳаёт давомида юзага келадиган молиявий қарорлар ва масъулиятни аниқ белгилаш орқали оилавий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Улашиш:
Бошқалар
Имтиёз олган беморларга давлат бюджети ҳисобдан тиббий хизмат қандай тартибда кўрсатилади?
Ҳужжатга кўра, Низом беморларни тиббиёт ташкилотларига қабул қилиш тартибини белгилайди.
Банк сирига нималар киради ва қачон ошкор қилиниши мумкин? Муҳим 5 саволга жавоб
Банк, унинг мижози (вакили) ва Марказий банкидан ташқари бошқа барча шахслар учинчи шахслар ҳисобланади.
Наркожиноятлар учун жиноий жавобгарлик кескин оғирлаштирилади
Миллий дастурга кўра, Интернетдаги наркожиноятларга қарши курашишга ёшлар кенг жалб қилинади.
Вояга етмаган ва муомала лаёқати чекланган шахслар иштирокида битимларни тасдиқлашнинг ҳуқуқий асослари
Фуқаролик ҳуқуқининг муҳим институтларидан бири бу — муомала лаёқати тушунчасидир.