Ҳуқуқ
03.11.2026
32

Мактаб таътиллари бошланиши билан ота-оналар фарзандлари билан кўпроқ вақт ўтказиш, уларнинг дам олишини мазмунли ташкил этишга ҳаракат қилади. Бироқ иш билан банд бўлган ота-оналар учун бу ҳар доим ҳам осон эмас. Шу боис меҳнат қонунчилигида муайян тоифадаги фарзандлари бор ходимларга қўшимча таътил олиш ҳуқуқи белгиланган.
Хўш, кимлар ушбу имтиёздан фойдаланиши мумкин? Қўшимча таътилни йиллик меҳнат таътилига қўшмасдан, алоҳида олишга ҳам рухсат бериладими?
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 401-моддасига мувофиқ, ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боланинг ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг ота-онасидан бирига (ота-она ўрнини босувчи шахсга) ҳар йили камида тўрт календарь кун давомийликда ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади.
Демак, ушбу имтиёздан фойдаланиш учун ходимнинг 12 ёшга тўлмаган камида икки нафар фарзанди бўлиши ёки 16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган фарзандини тарбиялаётган бўлиши лозим.
Муҳим жиҳати шундаки, қўшимча таътил олиш ҳуқуқи ота-онадан фақат бирига берилади. Яъни ота ва она бир вақтнинг ўзида ушбу имтиёздан фойдалана олмайди.
Кўпчиликни қизиқтирадиган саволлардан бири — Меҳнат кодексининг 401-моддасида назарда тутилган тўрт кунлик қўшимча таътилдан фақат йиллик меҳнат таътили билан бирга фойдаланиш мумкинми?
Қонунчиликка кўра, бундай чеклов мавжуд эмас. Ходим ушбу таътилни йиллик меҳнат таътилига қўшиб олиши ёки иш берувчи билан келишган ҳолда алоҳида фойдаланиши мумкин.
Бунда қўшимча таътилни тўлиқ тўрт кун ёки қисмларга бўлиб олишга ҳам рухсат этилади. Масалан, ходим унинг икки кунидан кузги таътил даврида, қолган икки кунидан эса бошқа вақтда фойдаланиши мумкин.
Бироқ таътилдан фақат тегишли иш йили давомида фойдаланиш лозим. Уни кейинги иш йилига кўчириш ёки пулли компенсация билан алмаштиришга йўл қўйилмайди.
Меҳнат кодексининг 402-моддасида ҳам муайян тоифадаги болали ходимлар учун қўшимча кафолат назарда тутилган.
Унга кўра, 12 ёшга тўлмаган икки нафар ва ундан ортиқ боланинг ёки 16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг ота-онасидан бирига (ота-она ўрнини босувчи шахсга) уларнинг хоҳишига кўра, ҳар йили 14 календарь кунгача иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилади.
Ушбу таътил ҳам йиллик меҳнат таътилига қўшиб берилиши ёки иш берувчи билан келишилган ҳолда алоҳида олиниши мумкин. Шунингдек, уни тўлиқ ёки қисмларга бўлиб олиш мумкин.
Бироқ мазкур таътилдан ҳам фақат жорий иш йили давомида фойдаланиш талаб этилади. Уни кейинги иш йилига кўчиришга йўл қўйилмайди.
Меҳнат кодексининг 410-моддаси оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларга бериладиган қўшимча кафолатлардан фойдаланиш тартибини белгилайди.
Унга мувофиқ, боланинг отаси ёки оилавий вазифаларни бажариш билан машғул бошқа шахс қўшимча кафолатлардан фойдаланиши учун боланинг онаси ушбу кафолатлардан фойдаланмаётганлигини тасдиқловчи ҳужжатни иш берувчига тақдим этиши керак.
Бундай ҳужжат сифатида она ишлайдиган ташкилотдан олинган маълумотнома ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳужжатлар тақдим этилиши мумкин.
Агар боланинг онаси ишламаса ва боланинг парвариши ҳамда тарбияси билан машғул бўлса ёки ишласа-да, ушбу кафолатлардан фойдаланаётган бўлса, отага ёхуд оилавий вазифаларни бажариш билан машғул бошқа шахсларга айнан шу кафолатлар берилмайди.
Ушбу ҳуқуқдан фойдаланмоқчи бўлган ходим иш берувчига мурожаат қилиши ва таътил олиш истагини билдириши лозим. Қўшимча таътилни йиллик меҳнат таътилига қўшиб олиш ёки алоҳида муддатда фойдаланиш мумкин.
Алоҳида олинганда, таътилнинг аниқ муддати иш берувчи билан келишилади. Шу сабабли ходим аризасида таътилдан фойдаланишни режалаштирган саналарни кўрсатиши мақсадга мувофиқ.
Меҳнат кодексининг 401 ва 402-моддаларида белгиланган имтиёзлар болали ходимларнинг оилавий вазифаларини бажариши учун қўшимча имконият яратади. Айниқса, мактаб таътиллари даврида фарзандлари билан вақт ўтказишни истаган ота-оналар ушбу ҳуқуқлардан фойдаланишлари мумкин.
Энг муҳими, қўшимча таътилни олиш учун уни албатта йиллик меҳнат таътилига қўшиш шарт эмас. Қонунчиликда белгиланган талабларга риоя қилган ҳолда, уни иш йили давомида алоҳида ҳам олиш мумкин.
Феруз Жўраев
Улашиш:
Бошқалар
Такси нархлари ошгани юзасидан ўрганишлар бошланди
Рақобат қўмитаси такси агрегаторларининг истеъмолчилар ва ҳайдовчиларга кўрсатаётган хизматлари юзасидан ўрганиш бошлади.
Маълумотларни ошкор қилиш учун қандай жарима бор?
Қонунга кўра, фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган айрим маълумотлар сир сақланиши лозим.
Муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотларини сотганлик учун жарималар оширилади
Янги қоидаларнинг асосий мақсади — инсон саломатлиги ва ҳаёти учун хавф туғдириши мумкин бўлган маҳсулотларни ўз вақтида аниқлаш ва муомаладан чиқариш.
Йўл керакми, уй керакми?!
Сингапурда тирбандликни камайтириш учун автомобилдан фойдаланишнинг ўзи чекланган.