Ўзбекистон
04.11.2026
32

Президент Шавкат Мирзиёев 4 ноябрь куни Бухоро вилоятига ташрифи доирасида ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказмоқда.
Давлат раҳбари Бухоро иқтисодиёти ва аҳоли ҳаётида ижобий ўзгаришларга хизмат қиладиган 30 млрд долларлик янги ташаббуслар билан келинганини таъкидлади.
Йиғилишда, аввало, ичимлик суви ва оқова сув тизимларини яхшилаш масаласига тўхталинди. Бу борада Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан 385 млн долларлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Унинг иккинчи босқичига яна 248 млн доллар жалб этилади.
Натижада вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида 1,7 млн аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланади, 775 минг киши канализация тармоғига уланади. Марказлашган ичимлик суви билан қамров ҳозирги 80 фоиздан 95 фоизга етказилади.
Транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ҳам йирик лойиҳалар белгиланган. Жорий йилда Бухоро орқали ўтувчи А-380 автомобиль йўлини реконструкция қилиш якунланади. Келаси йили эса М-37 йўлининг вилоят ҳудудидан ўтувчи 69 километрини янгилаш ишлари бошланади. Қиймати 200 млн долларлик ушбу лойиҳа доирасида Бухоро шаҳри атрофида 4,5 километрлик айланма йўл ҳам қурилади.
Шунингдек, Самарқанд — Бухоро йўналишида цемент-бетон қопламали замонавий пулли автомобиль йўли қурилиши режалаштирилган. Бу икки шаҳар ўртасидаги сафар вақтини ҳозирги беш соатдан бир ярим соатгача қисқартириш имконини беради. Мазкур йўналишда тезюрар поезд учун янги темир йўл линияси қуриш ҳам кўзда тутилган.
Бухорода 300 млн долларлик янги халқаро аэропорт қурилмоқда. У бир вақтнинг ўзида 20 та самолёт ва 1,2 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади.
Аэропортни шаҳар маркази билан боғлаш учун 24 километрлик автомобиль йўли барпо этилади. Шунингдек, автобуслар ҳаракати учун 5,5 километрлик BRT йўлаги ташкил этилади. Президент аэропорт ва унга олиб борувчи йўлни Мустақиллик байрамига қадар фойдаланишга топшириш вазифасини қўйди.
Халқаро авиақатновлар ҳам кенгайтирилмоқда. Туркиянинг «Pegasus» авиакомпанияси Бухорога тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўймоқда. Келгуси йилда Малайзия, Индонезия, Қувайт, Миср ва Баҳрайн билан ҳам авиақатновларни бошлаш режалаштирилган.
Йиғилишда туризм салоҳиятини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда вилоятга 3,5 млн нафар хорижий сайёҳ келиши кутилмоқда. Келгусида уларнинг сонини икки баробарга ошириш мақсад қилинган.
Бунинг учун Эски шаҳар, Етти пир, Чор Бакр, Пойкент, Варахша ва Вардонзе каби тарихий мажмуаларни ягона туризм концепцияси асосида боғлаш кўзда тутилган.
Бухоро шаҳридаги Гулчорбоғ маҳалласида 50 гектар майдонда 80 млн долларлик туризм маркази ташкил этилади. Унда кўргазмалар зали, амфитеатр ва меҳмонхоналар жойлашади.
Жалол Икромий маҳалласида эса халқаро тадбирларга мўлжалланган 60 млн долларлик конгресс-холл қурилмоқда. Унинг ёнида «Hilton» ва «Holiday Inn» брендлари остида иккита етти қаватли меҳмонхона барпо этилмоқда.
Бундан ташқари, саккизта марказий кўча миллий ва замонавий меъморий ечимлар асосида янгиланади, олтита хиёбон ташкил этилади.
Вилоят марказини кенгайтириш доирасида Бухоро туманидаги 1 минг гектар майдонда 500 млн долларлик туризм кластери барпо этиш режалаштирилган.
Улашиш:
Бошқалар
Такси нархлари ошгани юзасидан ўрганишлар бошланди
Рақобат қўмитаси такси агрегаторларининг истеъмолчилар ва ҳайдовчиларга кўрсатаётган хизматлари юзасидан ўрганиш бошлади.
Маълумотларни ошкор қилиш учун қандай жарима бор?
Қонунга кўра, фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган айрим маълумотлар сир сақланиши лозим.
Йўл керакми, уй керакми?!
Сингапурда тирбандликни камайтириш учун автомобилдан фойдаланишнинг ўзи чекланган.
Коммунал хизматлар учун аҳолидан асоссиз тўловлар олингани аниқланди
Асоссиз ҳисобланган маблағлар қайта ҳисоб-китоб қилинди.