Ҳуқуқ
02.02.2024
3 483
© Фото: Hudud24.uzОТМ, техникумларга кириш имтиҳонларидан максимал балл, 50 фоизлик қўшимча устама, курс ва тест харажатлари учун компенсация: хорижий тилларни ўрганганларга яна қандай имтиёзлар бор? Hudud24.uz чет тилини билишнинг афзаллиги, хорижий тил сертификати бор ўқитувчилар, журналистлар, давлат хизматчиларига берилган имкониятлар ва бошқалар ҳақида сўз юритади.
International Education First Center томонидан тузилган инглиз тилини билиш даражаси рейтингида Ўзбекистон 113 давлат орасида 93-ўринни эгаллаган.
Бугунги кунда Ўзбекистонда нафақат инглиз тили, балки бошқа хорижий тилларни ўрганиш кенг қўллаб-қувватланмоқда. Қуйида хорижий тилни ўрганиш учун берилган имтиёзларнинг айримларига тўхталиб ўтамиз.
1. Хорижий тил сертификатига эга ўқувчилар техникумга киришда тестдан озод қилинади
Хорижий тил бўйича А2 ва ундан юқори сертификати бўлган мактаб битирувчилари техникум, коллеж ва лицейларга ўқишга киришда чет тили (инглиз, немис, француз тили) фани бўйича тестдан озод қилинади ва максимал балл берилади.
2. Сертификатга эга ўқитувчиларга қўшимча устама берилади
Таълим муассасаларининг камида С1 даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга хорижий тиллар (инглиз, француз, немис, испан, итальян, араб, хитой, япон, корейс, турк, форс, пушту, дари, урду, ҳинд) ўқитувчиларига ҳар ойлик 50 фоиз қўшимча устама тўланади.
3. Ўқитувчиларга сертификат олиш харажатлари қоплаб берилади
Хорижий тиллар бўйича камида С1 сертификатини олган ўқитувчиларнинг тестга кириш учун тўлаган пуллари давлат ҳисобидан қайтариб берилади. Масалан, IELTS топшириш учун бугунги кунда 2 млн 200 минг атрофида тўлов қилиш лозим, ўқитувчилар IELTS топшириб 7 ёки ундан юқори балл олса 2 млн 200 минг тўлаган пулини давлат қоплаб беради.
4. Сертификати бор давлат хизматчиларига устама тўланади
Хорижий тиллардан миллий ва халқаро сертификатга эга давлат хизматчилари лавозим маошига 20 фоизгача қўшимча устама тўланади.
5. Ўқитувчилар аттестациядан озод қилинади
Мактаб, техникум, коллеж ва академик лицейларнинг камида С1 даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга хорижий тиллар (инглиз, француз, немис, испан, итальян, араб, хитой, япон, корейс, турк, форс, пушту, дари, урду, ҳинд) ўқитувчиларига аттестацияда максимал балл берилади.
6. Ёшларга тил ўрганиш курси учун пул берилади
“Ёшлар дафтари”га киритилган хорижий тил ўрганмоқчи бўлган ёшларга 6 ойгача курсга қатнаши ҳар ойда БҲМнинг 4 бараваригача пул берилади. Мазкур маблағни олиш учун туман (шаҳар) ёшлар ишлари бўлимига ариза билан мурожаат қилиш керак.
7. Ёшларга тест харажатлари қоплаб берилади
Хорижий тиллар бўйича камида С1 сертификатини олган 30 ёшгача бўлган ёшларнинг тестга кириш учун тўлаган пуллари давлат ҳисобидан қайтариб берилади. Масалан, IELTS топшириш учун бугунги кунда 2 млн 200 минг атрофида тўлов қилиш лозим, ёшлар IELTS топшириб 7 ёки ундан юқори балл олса 2 млн 200 минг тўлаган пулини давлат қоплаб беради. Бунинг учун аризани my.gov.uz орқали юбориш мумкин.
8. Журналистларга тил ўрганиш ва тест топшириш харажатлари тўлаб берилади
Оммавий ахборот воситаларида камида 1 йил асосий иши сифатида ишлаб келаётган журналистлар ва таҳририят ходимлари хорижий тиллар бўйича В2 ва ундан юқори натижани олса уларга икки турдаги имтиёз берилади:
– хорижий тилни ўрганиш харажатлари учун БҲМнинг 15 бараваригача пул берилади (бунда курсга борганда тўлов қилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар сўралади);
– имтиҳон топшириш учун тўланган пуллар тўлиқ қоплаб берилади.
9. Абитуриентлар тестдан озод қилинади
Хорижий тиллар бўйича B2 ёки ундан юқори даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган абитуриентлар тестдан озод қилинади ва уларга максимал балл берилади.
10. Қишлоқ жойларда тил курси ташкил қилганларга субсидия берилади
Қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитишни ташкил этиш учун тадбиркорларга 50 млн сўмгача маҳаллий бюджетдан бир марталик субсидия берилади.
Дилмурод Ражабоев,
Hudud24.uz колумнисти
Улашиш:
Бошқалар
Халқаро оила куни
1994 йилдан бошлаб 15 май кунини - Халқаро оила куни деб белгиланган.
Ижтимоий тармоқлардаги хатти-ҳаракатлар интизомий жавобгарликка сабаб бўладими?
Кодекснинг 301-моддасига кўра, ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилиши уни интизомий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
Қарз шартномасини тузишда нималарга эътибор қаратиш керак?
Баъзан қарз олиб, қайтариб бермаслик оқибатида яқин қариндошлар ва қадрдон дўстлар ўртасида низо келиб чиқади.
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилиши
Давлат рўйхатидан ўтказиш — мулк ҳуқуқининг вужудга келиши учун мажбурий юридик босқич ҳисобланади.