Ҳуқуқ
28.11.2023
520
Чиқиндиларнинг дуч келган жойга ташланиши, уларнинг атроф-муҳитга зарари доимий муаммоимиз. Қандай қилиб уларни табиатга зарар етказмай қайта ишлаш мумкин? Ривожланган давлатларда эса одамлар пластик идишларни белгиланган жойга топшириб, бунинг учун пул олишади. Бизда аҳолининг экологик маданиятини шакллантириш учун нима қилиш керак? Хорижда чиқиндиларни нима қилишади?
Hudud24.uz қуйида чиқиндилардан қандай фойдаланиш кераклиги, уларни зарарсизлантириш ва қайта ишлаш, белгиланмаган жойга чиқинди ташлаш учун жавобгарлик масалаларига батафсил тўхталади.
1. Чиқиндиларни сақлаш, ташиш ва зарарсизлантиришда қандай талаблар бор?
Қонунчиликка кўра, чиқиндиларни сақлаш санитария нормалари ва қоидаларига, экологик хавфсизлик талабларига мувофиқ бўлиши керак.
Саноат чиқиндиларини ва маиший чиқиндиларни махсус техник мосламаларсиз зарарсизлантириш тақиқланади.
Хавфли чиқиндилар чиқиндиларнинг экологик сертификати ҳамда уларни ташиш учун берилган рухсатнома мавжуд бўлган тақдирда махсус жиҳозланган транспорт воситаларида ташилади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига чиқиндиларни, шу жумладан чет элга мансуб радиоактив чиқиндиларнинг ҳар қандай турларини сақлаш ва кўмиб ташлаш мақсадида олиб кириш мумкин эмас.
Чиқиндилар кўмиб ташланадиган жой ҳокимият томонидан белгиланади.
Ўзбекистон Республикасида утилизация қилиш учун тегишли технологиялар мавжуд бўлган чиқиндиларнинг кўмиб ташланишига йўл қўйилмайди.
Чиқиндиларни аҳоли пунктлари ерларида, табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадларига мўлжалланган ерларда ва моддий маданий мерос объектлари жойлашган ерларда, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, шунингдек табиатни муҳофаза қилиш объектларига ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга зарар етказиш таҳдиди келиб чиқиши мумкин бўлган бошқа жойларда сақлаш ва зарарсизлантириш тақиқланади.
2. Утилизация йиғими нима?
Чиқиндилар таркибидан қимматли моддаларни ажратиб олиш ёки чиқиндиларни иккиламчи хом ашё, ёқилғи, ўғит сифатида ва бошқа мақсадларда утилизация қилинади.
Утилизация йиғими – экологик хавфсизликни таъминлаш, фуқаролар соғлиғини ва атроф-муҳитни ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари ўз истеъмол хусусиятларини йўқотганидан кейин ҳосил бўладиган чиқиндиларнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида тўланади.
Утилизация йиғими:
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан — ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимига жойлаштирилганда;
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилинадиган ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари ишлаб чиқарилганда (йиғилганда, тайёрланганда) ундирилади.
2020 йил 1 августдан бошлаб Ўзбекистонга импорт қилинадиган ҳамда республика ҳудудида сотиладиган ғилдиракли транспорт воситалари учун утилизация йиғими ундирилиши жорий қилинди. Мазкур йиғим ставкалари базавий ҳисоблаш миқдорида ҳисобланиб, транспорт воситасининг тури, тоифаси ва техник тавсифларига қараб 90 БҲМдан 1500 БҲМгача миқдорда белгиланди.
3. Чиқиндиларни олиб чиқиб кетишга ким масъул?
Бунга маҳаллий ҳокимият томонидан маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини кўрсатиш учун бириктирилган хизмат кўрсатувчи ташкилотлар масъул.
Бундай хизматлар оммавий шартнома асосида амалга оширилади.
Қуйидаги чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан келишилган нархларда алоҳида тўлов эвазига амалга оширилади:
· суюқ маиший чиқиндилар;
· йирик габаритли маиший чиқиндилар;
· чорвачилик чиқиндилари;
· қурилиш чиқиндилари ва тупроқ;
· дарахт ва буталарни кесиш ҳамда агротехник ишлов беришдан ҳосил бўладиган чиқиндилар ва смёт.
Қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишнинг минимал даврийлиги чиқинди тўплаш шохобчаларидан — бир кунда бир маротаба ва якка тартибдаги турар жой секторидан «сигнал» усулида — уч кунда бир маротабани ташкил қилади.
Қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жадвали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан келишилган ҳолда белгиланади.
4. Қандай чиқиндиларни қайта ишлаш мумкин?
Чиқиндиларни қайта ишлашга юбориш орқали Сиз атроф-муҳитга ғамхўрлик қилишингиз мумкин.
Бунинг учун аввал қандай чиқиндилар қайта ишлашга қабул қилинишини билиб олинг.
Қайта ишлаш учун тўртта асосий турдаги чиқиндилар мос келади: пластмасса, шиша, металл, қоғоз.
Кундалик ҳаёт учун ўзингизга мос иккита чиқинди контейнерини тайёрлаб қўйиш етарли бўлади. Бири қайта ишланадиган чиқиндилар учун (пластик ва металл), иккинчиси бошқа турдаги чиқиндилар учун.
Шиша, қоғоз ва картон учун, масалан, балконда махсус жой ажратиш яхшироқ. Чунки бу материаллар тез йиғилмайди.
Термометрлар, муддати ўтган дори-дармонлар ва уй кимёвий моддаларида хавфли ёки ифлослантирувчи моддалар мавжуд, шунинг учун уларни махсус йиғиш пунктларига олиб бориш керак.
5. Чиқинди ташлаш ёки хазонларни ёқиш жавобгарликка сабаб бўлади!
Маълумотларга кўра, ҳозиргача республика бўйича ҳудудлар жами 461,2 минг тонна чиқиндидан тозаланди. Шу билан билан бирга, “Ободонлаштириш ойлиги” давомида жами 4 039 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, 3 миллиард сўмдан ортиқ маъмурий жарималар қўлланилди.
Чиқинди ташлаш ёки хазонларни ёқиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91-моддасига асосан, саноат чиқиндиларини, маиший чиқиндиларни ва бошқа чиқиндиларни тўплаш, ташиш, жойлаштириш, зарарсизлантириш, сақлаш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, реализация қилиш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузиш — фуқароларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 5 бараваридан 7 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91-1-моддасига кўра, белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш — фуқароларга БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Маиший ва қурилиш чиқиндилари полигонларига жойлаштирилиши керак бўлган чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш, — фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 20 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Бунда ушбу ҳуқуқбузарлик 1 йил ичида такроран содир этилса, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли бўлган ашёни мусодара қилинади.
Фуқаролар юқоридаги каби чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш ёки хазонларни ёқиш ҳолатларига дуч келган тақдирда 11-57 ишонч рақамига қўнғироқ қилиб хабар беришлари ёки @ecogovuz_bot телеграм ботига мурожаат қилишлари мумкин.
6. Ривожланган давлатлар чиқиндиларни нима қилади?
Ривожланган давлатлар чиқиндиларни бошқаришда асосан 3 та ёндашувдан фойдаланади.
Улардан биринчиси чиқиндилар учун мукофот тўлаш ҳисобланади. Масалан, Норвегияда аҳолининг чиқиндига бўлган тўғри муносабатини шакллантириш учун мамлакат ҳукумати пластик идишлар учун қўшимча пул тўлаш тизимини жорий этган. Пластик идишдаги маҳсулот харид қилинганда унинг нархига 13 центдан 30 центгача қўшимча устама қўйилган бўлади. Харидор пластик идишни мамлакат бўйлаб жойлаштирилган махсус машиналарга ташлаб, бу пулни қайтариб олиши мумкин. Ушбу схема Норвегияда барча пластик идиш (бутилка)ларнинг 97 фоизини қайта ишлашга имкон берди. Идишларнинг атиги бир фоиздан камроғи эса атроф-муҳитни ифлослантиради.
Иккинчи усули – бу экологик солиқ имтиёзи ҳисобланади. Масалан, ишлаб чиқарувчиларга ҳам атроф-муҳитни камроқ ифлослантиргани учун солиқ имтиёзи бериш мумкин. Уларнинг маҳсулотини қайта ишлаш имконияти мамлакат бўйлаб 95 фоиздан юқори бўлса, унда бу корхона солиқдан озод қилинади. Финляндияда эса ҳар йили 60 минг тоннадан ортиқ шиша чиқиндилари йиғилади. Шиша (бутилкалар)нинг деярли 100 фоизи дўконлардаги автоматик қабул қилиш пунктлари орқали йиғилади. Бунда ишчи кучи деярли талаб этилмайди. Аҳоли бу орқали ҳам пул ишлайди, ҳам кўчалар озодалигини сақлайди.
Учинчи усули – пластик идишлардан энергия олиш ҳисобланади. пластик идишларни қайта ишлаб, яна фойдаланишдан ташқари, улардан электр энергияси олиш мумкин. Бунда хўжаликларнинг чиқиндиларидан электр энергиясини генерация қилишда ёнилғи сифатида фойдаланиш мумкин. Масалан, Швецияда 34 та «чиқиндидан энергияга айлантирувчи» электр станцияси мавжуд. Бу электр станцияларида кўмир ёки газ ёқиш ўрнига ахлат ёқиб юборилади. Швецияда маиший чиқиндиларнинг қарийб 49 фоизи қайта ишланади ва 50 фоизга яқини шу каби электр станцияларида ёқилади. Мамлакатдаги 10 миллионга яқин аҳолининг уйлари совуқ ойларда ахлат ҳисобига иситилади. Ахлатдан олинган энергия 1,25 миллион хонадонни иситиш ва 680 минг уйнинг электр энергиясига бўлган талабини қондиришга етади.
Ўзбекистонда чиқиндилар муаммосини ҳал қилиш, нафақат атроф-муҳит ва фуқароларнинг соғлигини сақлашга хизмат қилади, балки ундан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали иқтисодиётни ривожлантириш мумкин.
Мақсуд Мустафоев,
“Hudud24.uz” сайти колумнисти
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Жинсига қараб хизмат кўрсатиш, фейс-контроль ва дресс-код. Бу қай даражада қонуний?
Ижтимоий тармоқларда оммавий овқатланиш муассасаси соат 22:30 дан сўнг аёлларга хизмат кўрсатишни рад этганлиги тўғрисида хабар тарқалди. Ушбу ҳолат кескин муҳокамаларга сабаб бўлди. Хўш, вазият ҳуқуқий томондан аслида қандай? Тадбиркор кимга хизмат кўрсатишни мустақил танлай оладими? Жинсига қараб хизмат кўрсатса, қонунни бузган ҳисобланадими? Агар ҳаммом, бассейн ёки сауна бўлса-чи? Фейс-контроль ва дресс-код қанчалик қонуний? Hudud24.uz қуйида шу каби саволларга жавоб беради.
Электр таъминотида нималарга эътибор бериш керак? 6 саволга жавоб
Кўпчилик электр энергиясига қонуний уланиш талабларини билмайди. Шунингдек, ҳисоблагич, уйдаги маиший техникалар электр энергиясининг кучланиши оқибатида носоз ҳолга келса, қандай ҳаракат қилиш ҳақида умумий тушунчалар йўқ. Масалан, электр энергиясига ўзбошимчалик билан уланиш жаримага сабаб бўлади. Hudud24.uz қуйида электр энергияси таъминоти юзасидан бир нечта саволларга батафсил жавоб беради.
Ўзбек тилидаги адабиётлар жамланадиган мобил илова яратилади
Аҳоли махсус мобил иловадан бепул фойдаланади.
Ташкилот ва идоралар “Ишонч телефонлари” фаолияти “Сирли мижоз” тадбири асосида ўрганилади
Бу орқали давлат органларидаги ишонч телефонларининг доимий равишда ишлаб туриши текширилади.