currencies image

12 844,21 UZS

11,72

usd

currencies image

13 508,26 UZS

62,46

eur

currencies image

127,35 UZS

0,81

ru



АсосийЯнгиликларЖинсига қараб хизмат кўрсатиш, фейс-контроль ва дресс-код. Бу қай даражада қонуний?

Жинсига қараб хизмат кўрсатиш, фейс-контроль ва дресс-код. Бу қай даражада қонуний?

Ҳуқуқ

calendar

30.11.2023

eye

302

Жинсига қараб хизмат кўрсатиш, фейс-контроль ва дресс-код. Бу қай даражада қонуний?© Фото: hudud24.uz

Ижтимоий тармоқларда оммавий овқатланиш муассасаси соат 22:30 дан сўнг аёлларга хизмат кўрсатишни рад этганлиги тўғрисида хабар тарқалди. Ушбу ҳолат кескин муҳокамаларга сабаб бўлди. Кўпчилик буни аёлларга нисбатан камситиш деб баҳолаган бўлса, айримлар бунда аёлларнинг ўзини айблади.

Хўш, вазият ҳуқуқий томондан аслида қандай? Тадбиркор кимга хизмат кўрсатишни мустақил танлай оладими? Жинсига қараб хизмат кўрсатса, қонунни бузган ҳисобланадими? Агар ҳаммом, бассейн ёки сауна бўлса-чи? Фейс-контроль ва дресс-код қанчалик қонуний? Hudud24.uz қуйида шу каби саволларга жавоб беради.

Ресторан кимнидир ичкарига киритмаслик ҳуқуқига эгами?

Кафе, ресторан, тунги клуб, кинотеатр, барлар ва шу каби оммавий маданий хордиқ чиқариш муассасалари Фуқаролик кодекси ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилик нормаларига риоя этиши шарт, шу жумладан, оммавий шартнома тўғрисидаги қоидаларга.

Оммавий шартнома – бу ташкилот ва истеъмолчи ўртасидаги келишув. Шартнома ташкилотга ўзига мурожаат қиладиган ҳар қандай шахсга товар сотиш, хизмат кўрсатиш ёки ишни бажариш мажбуриятини юклайди. Масалан, сартарош ҳар қандай мижознинг сочини турмаклаши шарт, дўконда исталган одамга нон сотилиши керак ёки чойхонада у ерга келган ҳар кимдан буюртма олиниши лозим.

Ташкилотлар, масалан, маданий-ҳордиқ чиқариш, умумий овқатланиш муассасалари хизмат кўрсатиш учун маълум шартларни белгилаши мумкин: иш вақти, хизмат кўрсатиш тартиби, хизматдан олдиндан ёзилиш (брон) орқали фойдаланиш. Аммо бу шартлар барча истеъмолчилар учун бир хил бўлиши керак. Бировга устунлик бериш ёки хизматдан фойдаланишини чеклаш ноқонуний (айрим истиснолар билан).

Ташкилот имкони бўла туриб, истеъмолчига товар сотишдан ёки хизмат кўрсатишдан бош тортиши мумкин эмас. Шундай экан ташкилот остонасидаги “Ресторан хусусий муассасадир ва унга киришни (ёки хизмат кўрсатиш) ҳеч қандай тушунтиришсиз рад этишга ҳақли” мазмунидаги эълонлар қонунга зид.

Шундан келиб чиқадики, масалан, ресторан очиқ бўлса ва фақат таклифнома асосида тадбир ўтказилмаса, бу оммавий шартнома ҳисобланади ва ҳар қандай мижозга хизмат кўрсатишга мажбур.

“Фақат аёллар/эркаклар учун” – бу қонунийми?

Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонунга кўра, тадбиркорлар ўз хизматларининг истеъмолчиларини мустақил танлаш ҳуқуқига эга.

Бир қарашда шу моддага асосан тадбиркор мен фақат эркаклар учун кафе очишим мумкин ва унга аёллар киришини буткул тақиқлаб қўя оламан, деб ўйлаши мумкин. Аммо истеъмолчини танлаш ҳуқуқи кенгайтириб талқин қилинса-чи? Масалан, фақат ўзбеклар кириши мумкин бўлган ресторан очса ёки маълум бир вилоятликларнинг киришини тақиқлаб қўйса-чи? Фақат маълум дин вакиллари (масалан, насронийлар) учун кафетерий очилса, бу мумкинми?

Истеъмолчини танлаш ҳуқуқининг чегараси қаерда ўзи? Қонун тадбиркорга ҳуқуқ бериш билан бирга унга муайян мажбуриятларни ҳам юклайди. Масалан, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақидаги қонунчилик талабларига риоя этиш.

Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунга кўра, шартномадаги истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган ва қонунчиликка зид талаблар ҳақиқий эмас. Шунингдек, шартномага уларни камситадиган шартларни киритиш тақиқланади.

Шартнома деганда фақат ёзма ҳужжатни тушунмаслик керак, оммавий шартнома аксарият ҳолатда оғзаки шаклда тузилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Конституцияга асосан барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши ва мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг.

Шундай қилиб, тадбиркорнинг истеъмолчиларни мустақил танлаш ҳуқуқининг чегараси бошқа шахсларнинг, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бошланган нуқтада тугайди. Бунда истеъмолчиларга чеклов қўйиш учун мотивлар, масалан, диний догмалар, феминистик қарашлар (мисол учун, Россиядаги “Симона” фем-кафеси) ёки бошқа сабаблар – аҳамиятсиз. Қонун одамларни жинси бўйича камситишни тақиқлайди.

Шу ўринда, савол туғилиши мумкин: кафе, ресторан ёки чойхона билан ҳаммаси тушунарли, аммо...

Ҳаммом ёки душхоналар-чи?

Қонунчиликда хизмат кўрсатиш соҳасида камситишнинг олдини олишга қаратилган қоидалардан ташқари бу борада ҳам махсус қоидалар ўрнатилган.

Шу жумладан, Жамоат бинолари ва иншоотлари бўйича шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига кўра, ўз ичига соғломлантириш душларини, ванналарни, массажхоналарни, сауналарни, бассейнларни оладиган соғломлантириш бўлимларининг хоналари технологик талаблар бўйича лойиҳаланади.

Масалан, сиғдира олиш миқдори 20 ва ундан ортиқ жой бўлган ҳаммомлар икки бўлимли бўлиши керак – эркак ва аёллар учун алоҳида. 20 тагача жойли ҳаммомлар эса бир бўлимли, аёллар ва эркаклар навбат билан фойдаланиладиган бўлиши мумкин.

Шунингдек, очиқ ва ёпиқ спорт иншоотларида аёллар ва эркаклар учун алоҳида душхоналар бўлиши керак.

Шуни айтиш керакки, бу қоидалар қурилиш нормалари ҳисобланади, яъни ҳаммомлар қурганда аёллар учун алоҳида хоналар қуриш шартлигини белгилайди.

Фейс-контроль

Бутун дунё бўйлаб миллионлаб бар, клуб, паб ва ресторанлар бир қатор ёзилмаган қонунларга амал қилади: махсус одамлар киришда мижозларни “саралайди”, ундан ўтолмаганларни эса киритмайди.

Фейс-контроль – сизнинг кафе-ресторан талабларига қай даражада жавоб беришингизни аниқлашга қаратилган бир неча сониялик жараён. Бунда истеъмолчи нафақат ёмон, балки шунчаки ғалати туюлса ҳам рад этилиши мумкин. Фейс-контроль мезонлари кафе, ресторанга қараб фарқ қилиши мумкин. Масалан, қуйидагилар:

·       спорт кийимлари, тўрли футболка ёки шиппакда келиш;

·       ғалати соч турмаги ёки макияж;

·       21 ёшга кирмаган мижозлар;

·       ўзи билан егулик ёки ичимлик олиб келиш;

·       катта сумка ёки рюкзакда келиш;

·       фақат эркаклардан иборат компания;

·       алкоголь ёки бошқа моддалар таъсирида маст ҳолатда бўлиш.

Одатда мижозга текшириш натижаси бўйича изоҳ берилади. Аммо “қаттиқ” фейс-контролда рад этиш учун ҳеч қандай асос кўрсатилмайди, тушунтириш берилмайди. Шунчаки интуиция ва шахсий тажрибадан келиб чиқиб, мижоз рад этилади.

Фейс-контролдан асосий мақсад – мижозлар хавфсизлигини таъминлаш. Шунга қарамай, ушбу тартиб тўлиғича қонунга зид.

Юқорида айтилганидек, ташкилот имкони бўла туриб, истеъмолчига товар сотишдан ёки хизмат кўрсатишдан бош тортиши мумкин эмас. Барга кириш учун маълум шартлар қўйилиши мумкин, аммо бу барча учун бир хил бўлиши керак. Фейс-контролда ҳар бир мижоз алоҳида текширилади.

Масалан, фейс-контролни амалга оширувчи ходим мижознинг соч турмаги унга ёқмаганлиги, мижознинг рюкзаги унинг кўзига катта кўринганлиги ёки шунчаки юз типажи маъқул келмаганлиги учун киритмаслиги мумкин. Хуллас, мижоз фейс-контролдан ўта олиши ёки ўтолмаслигини олдиндан билолмайди. Ўзини тутиши (масалан, ҳадикланса) ходимга ғалати ёки шубҳали туюлса ҳам унга хизмат кўрсатилмайди. Бу эса истеъмолчи ҳуқуқларини бузади.

Айтиш керакки, айрим давлатлар фейс-контролга қонуний тус берган. Масалан, Россияда клубларга маст ҳолатда кириш, ходимларга ва бошқа мижозларга қўполлик қилиш, низо қўзғаш ушбу мижозга хизмат кўрсатмаслик учун асос бўлади.

Дресс-код

Қонунчиликда дресс-кодга нисбатан ҳеч қандай тақиқ белгиланмаган. Фақатгина битта шарт билан: дресс-код оммавий офертада олдиндан эълон қилинган бўлиши ва барча мижоз учун тегишли бўлиши керак.

Масалан, айрим ресторонларда спорт-кийими ёки шиппакда кириш тақиқланган бўлиши мумкин, айрим барларда эса классик услубдаги кийимларда келишга нисбатан тақиқ бўлиши мумкин.

Бунда ташкилотлар мижозларнинг кийим-кечаги нархи, безаги, модаси ёки ҳолатига қараб баҳолай олмайди (шундай бўлган тақдирда оммавий оферта шартларини бузаётган ҳисобланади). Масалан, клубга кираверишда кимгадир кроссовка кийиш тақиқланганлиги айтилса-ю, лекин бошқа мижозга янги “Air Max”да киришига рухсат берилса, бу ноқонуний ҳисобланади.

“Бизда қоида шундай”

Одатда мижознинг хизматдан фойдаланишига чеклов ёки тақиқ қўйишаётганлигини шундай изоҳлашади. Аммо ташкилотлар бундай чекловларни мустақил ўрната оладими?

Ташкилотларда, масалан, умумий овқатланиш корхоналари иш режими, мулкчилик шаклларидан қатъи назар мустақил равишда шу ташкилотларнинг ўзи томонидан; саноат корхоналари, муассасалар, ўқув юртларидаги умумий овқатланиш корхоналарининг иш режими эса – маъмурият ва касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда белгиланади.

Аммо шуни назарда тутиш керакки, муассасалар мижозларнинг қонунчиликда белгиланган ҳуқуқларини чеклаш, қисқартиришни назарда тутувчи қоидаларни ўрнатишга ҳақли эмас. Масалан, кафе эгаси унинг кафеси “вилоятлилар”га хизмат кўрсатмаслигини ички қоидаларига киритиб қўя олмайди, киритган тақдирда ҳам бу қоида ҳеч қандай кучга эга бўлмайди.

Хизмат кўрсатишдан бош тортса нима бўлади?

Ташкилот мижозга товар сотиш, хизмат кўрсатиш учун имконияти бўла туриб оммавий шартнома тузишдан бош тортиши мумкин эмас. Лекин бош тортса-чи? Бундай ҳолларда мижоз ўзига хизмат кўрсатилишини талаб қилиб, судга мурожаат қилишга, ўзига етказилган зарарни тўлашни талаб қилишга ҳақли.

Масалан, ходим мижознинг ресторанга киришига тўсқинлик қилди. Шундай ҳолатда ходим ресторанни судга бериши, бунинг учун қилган харажатлари (масалан, адвокат ёрдамидан фойланса), шунингдек, ўзига етказилган маънавий зарарни қоплашни талаб қилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларни) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларига кўра, умумий овқатланиш корхоналарида (ресторан, вагон-ресторан, бар, кафе, мавсумий кафе, кафетерий, ошхона, чойхона, буфет ва кичик ошхона) мижозларга хизмат кўрсатмаслик савдо қоидаларини бузиш ҳисобланади ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан жавобгарликка сабаб бўлади.

Шунингдек, қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга кўра, эндиликда, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор этиш ҳам маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Хусусан, мақола бошида келтирилган ҳолатда ҳам айнан шу модда қўлланилиб, соат 22:30 дан сўнг аёлларга хизмат кўрсатишни рад этганлиги хотин-қизлар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор этиш деб топилиб, маъмурий жарима қўлланилди ҳамда прецедентга айланди.

Хулоса қилиб айтганда, ташкилот имкони бўла туриб, истеъмолчига товар сотишдан ёки хизмат кўрсатишдан бош тортиши мумкин эмас.

Муроджон Нажмиддинов,

Hudud24.uz колумнисти

Улашиш:

Бошқалар

27-октябр 2024, 06:15
1 868

Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади

Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.


19-ноябр 2024, 12:35
1 739

Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб

Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.


27-октябр 2024, 04:36
1 678

Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай

Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.


13-ноябр 2024, 12:35
1 638

Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб

Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.

Мавзуга доир янгиликлар:


cover image
29-ноябр 2023, 14:11
318

Электр таъминотида нималарга эътибор бериш керак? 6 саволга жавоб

Кўпчилик электр энергиясига қонуний уланиш талабларини билмайди. Шунингдек, ҳисоблагич, уйдаги маиший техникалар электр энергиясининг кучланиши оқибатида носоз ҳолга келса, қандай ҳаракат қилиш ҳақида умумий тушунчалар йўқ. Масалан, электр энергиясига ўзбошимчалик билан уланиш жаримага сабаб бўлади. Hudud24.uz қуйида электр энергияси таъминоти юзасидан бир нечта саволларга батафсил жавоб беради.

cover image
29-ноябр 2023, 06:37
371

Ўзбек тилидаги адабиётлар жамланадиган мобил илова яратилади

Аҳоли махсус мобил иловадан бепул фойдаланади.

cover image
28-ноябр 2023, 14:00
520

Чиқиндиларни нима қилиш керак? 6 та муҳим маълумот

Чиқиндиларнинг дуч келган жойга ташланиши, уларнинг атроф-муҳитга зарари доимий муаммоимиз. Қандай қилиб уларни табиатга зарар етказмай қайта ишлаш мумкин? Ривожланган давлатларда эса одамлар пластик идишларни белгиланган жойга топшириб, бунинг учун пул олишади. Бизда аҳолининг экологик маданиятини шакллантириш учун нима қилиш керак? Хорижда чиқиндиларни нима қилишади? Hudud24.uz қуйида чиқиндилардан қандай фойдаланиш кераклиги, уларни зарарсизлантириш ва қайта ишлаш, белгиланмаган жойга чиқинди ташлаш учун жавобгарлик масалаларига батафсил тўхталади.

cover image
28-ноябр 2023, 09:38
257

Ташкилот ва идоралар “Ишонч телефонлари” фаолияти “Сирли мижоз” тадбири асосида ўрганилади

Бу орқали давлат органларидаги ишонч телефонларининг доимий равишда ишлаб туриши текширилади.