Ҳуқуқ
29.11.2023
1 425
© Фото: hudud24.uzКўпчилик электр энергиясига қонуний уланиш талабларини билмайди. Шунингдек, ҳисоблагич, уйдаги маиший техникалар электр энергиясининг кучланиши оқибатида носоз ҳолга келса, қандай ҳаракат қилиш ҳақида умумий тушунчалар йўқ. Масалан, электр энергиясига ўзбошимчалик билан уланиш жаримага сабаб бўлади. Hudud24.uz қуйида электр энергияси таъминоти юзасидан бир нечта саволларга батафсил жавоб беради.
1. Электр энергияга қандай уланилади?
Электр энергияси ҳам товар ҳисобланади ва уни қонуний етказилиши таъминланиши учун албатта етказиб берувчи ва истеъмолчи ўртасида шартнома тузилиши шарт.
Шартнома икки нусхада намунавий шартномага мувофиқ тайёрланган шаклда тузилади. Бир нусхаси истеъмолчига тақдим этилади, иккинчиси ҳудудий электр тармоқлари корхонасида қолади.
2. Техник шартлар нима учун керак?
Техник шартлар хавфсизлик нуқтаи назаридан ва қолаверса барча истеъмолчиларга электр энергиясининг сифатли етказилишини таъминлаш мақсадида амалга оширилади. Ҳар қандай электр энергиясига янги ва қўшимча уланилаётганда ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг электр тармоқларига улаш учун техник шартларни олишга мажбурдир. Ушбу техник шартларсиз электр таъминотини лойиҳалаштириш ёки қурилиш-монтаж ишларини олиб бориш тақиқланади.
3. “Ҳисоблагич” нима учун керак?
Электр энергияси учун ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан ҳисоб-китоб қилиш учун истеъмолчилар мажбурий тартибда электрон ҳисобга олиш асбоблари билан таъминланган бўлишлари керак. Ҳисоблагич учун ҳам алоҳида талаблар мавжуд бўлиб, ҳар битта истеъмолчида ушбу талабларга мос бўлган ҳисоблагичлар ўрнатилган бўлиши керак.
4. “Ҳисоблагич”га зарар етказилса нима бўлади?
Истеъмолчининг (маиший истеъмолчидан ташқари) айби билан электр энергиясини ҳисобга олиш приборига зарар етказилган (пломбаси бузилса, ойнаси синса ва бошқалар), электр энергиясини ҳисобга олиш приборини улаш схемаси ўзгартирилган, ҳисобга олиш асбобининг хотира блоки ва уни дастурлашдан фойдаланиш тугмасига (бўлмасига) ташқаридан таъсир кўрсатилган, электр энергиясини ҳисобга олиш приборидан ташқари электр қабул қилгичларни улаш ёки энергия бошқа усулда ўғирланган ҳолларда, қоида бузилганлиги ҳақида далолатнома тузилади ва истеъмолчи тармоқдан узиб қўйилади.
5. Электр таъминотчисининг айби билан электр ўчиши оқибатида етказилган зарарни ким тўлайди?
Электр энергияси тўлиқ ҳажмда етказиб берилмаслиги ёки сифат кўрсаткичлари давлат стандартларига мувофиқ бўлмаган электр энергияси етказиб берилиши оқибатида ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ёки электр таъминоти корхонаси томонидан етказилган зарарларни белгиланган тартибда қоплатиш мумкин ҳисобланади. Яъни, электр сифатли етказилмаганлиги оқибатида сизнинг маиший техникаларингизга ёки бошқа мулкларингизга зарар етса, сиз ушбу зарарни тўлиғи билан электр таъминотчисидан ундиришингиз мумкин.
Шунингдек, сизни огоҳлантирмасдан ёки қонунга ҳилоф равишда сизга электр энергияси етказилмаса ва шунинг оқибатида сизга ҳар қандай шаклда зарар етказилса, унда сиз ушбу зарарни ҳам ундириб олишга ҳақлисиз.
Албатта, ушбу ҳолатларда сиз айнан электр энергиясининг етказилмаганлиги ёки сифатли етказилмаганлиги оқибатида сизга ёки мулкингизга зарар етказилганлигини исботлашингиз зарур бўлади.
6. Электр таъминотчиси электр энергиясининг узилиши тўғрисида истеъмолчига маълумот беришга мажбурми?
Биринчи навбатда, электр таъминотчиси режали таъмирлашлар туфайли электр энергияси билан таъминлашдаги мумкин бўлган узилишлар тўғрисида камида 3 кун олдин огоҳлантиришга мажбурдирлар.
Шунингдек, истеъмолчиларга электр энергияси етказиб беришнинг тўхтатиб турилиши ва бунинг сабаблари тўғрисида маълумот бериши ҳамда жорий этиладиган чеклашлар ҳақида, чеклашнинг ҳажми ва вақтини кўрсатган ҳолда, ўз вақтида хабар қилишга мажбур.
Саламат Туремуратов,
Hudud24.uz колумнисти
Улашиш:
Бошқалар
Чуқурга тушган машина учун ким жавобгар: ҳайдовчими ёки йўл эгасими?
Демак, «йўл учун давлат жавоб беради» деган умумий хулоса ҳар доим ҳам тўғри эмас.
Хусусий клиникада ҳам бепул тиббий хизмат олиш мумкинми?
Низомга асосан, хусусий тиббиёт муассасалари томонидан аҳолининг қуйидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатилади.
Бегона юкни олиб ўтиш — «оддий илтимос» эмас: гиёҳвандлик воситалари айланмасига тасодифан аралашиб қолманг
Ҳушёрлик — қўрқув эмас, балки ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини англашдир.
Уй ҳайвонларини идентификация қилиш: муҳим 10 маълумот
Ҳайвонларни идентификация қилиш тизими — шунчаки бирка тақиш ёки рақам бериш эмас.