Ҳуқуқ
21.06.2024
582
Сув ҳавзаларида чўмилиш мавсуми 15 майдан 15 сентябргача деб белгиланган. Чўмилиш мавсуми бошланиши билан турли бахтсиз ҳодиса ва ҳалокатлар тўғрисида хабарлар ҳам тарқалмоқда. Hudud24.uz қонунчиликка мувофиқ, бу давр мобайнида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун давлат органлари томонидан кўрилиши шарт бўлган хавфсизлик чораларини эслатади.
Чўмилиш мавсумида сув ҳавзаларида (кўллар, дарёлар, денгизлар, сув омборлари, каналлар ва сув жамланадиган табиий шаклланган ёки сунъий барпо этилган жойлар) аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳар йили алоҳида чора-тадбирлар кўрилиши керак. Хусусан:
1. Бахтсиз ҳодисалар юз берадиган жойларда чўмилиш тақиқланишига оид белги ўрнатилиши лозим.
Сувда бахтсиз ҳодисалар (одамлар ўлими) тез-тез рўй бериб турадиган жойлар аниқланиб ва маҳаллий аҳоли ва дам олувчилар ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориш шарти билан қирғоқ бўйлаб чўмилишни тақиқловчи белгилар ўрнатилади.
Масъуллар: ҳокимликлар, маҳалла ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги
2. Ташкил қилинган пляжлар хавфсизлик талаблари бўйича ўрганилади.
Дам олиш ҳудудлари, санаторийлар ва болалар соғломлаштириш оромгоҳлари, пляжлар ва ҳовузларда пляжларни ташкил этиш, жиҳозлаш ва улардан фойдаланишнинг белгиланган талабларига мувофиқлиги юзасидан ўрганиш ўтказилади.
Ички ишлар органлари, ҳокимликлар, маҳалла, бошқа манфаатдор ташкилотлар вакилларидан иборат бўлган ишчи гуруҳлар томонидан чўмилишга мўлжалланмаган ва чўмилиш ҳамда кичик ўлчамли кемалар ҳаракати тақиқланган жойларнинг мониторинги олиб борилади.
Масъуллар: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ҳокимликлар, маҳаллалар, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги
3. Хавфсизлик бўйича штаблар ташкил қилинади.
Ички ишлар органлари, ҳокимликлар, маҳаллалар, соғлиқни сақлаш туман бўлимлари ходимларидан иборат таркибда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш бўйича сувда оммавий дам олинадиган жойларда штаблар ташкил этилади.
Аҳоли томонидан кичик ўлчамли кемалардан фойдаланишда хавфсизлик қоидалари ва чораларига риоя этилиши юзасидан қатъий назорат ўрнатилади.
Масъуллар: ҳокимликлар, Экология вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги
4. Хавфсизликка риоя қилиш бўйича тарғибот ишлари олиб борилади.
Маҳаллий оммавий ахборот воситаларида фуқароларнинг сувда хавфсиз хулқ-атвори қоидалари тўғрисидаги видеосюжетлар, мақолалар, телекўрсатувлар ва радио эшиттиришлар тайёрлаб тарқатилади.
Кема эгалари ва кема ҳайдаш бўйича йўриқчилар ўртасида кичик ўлчамли кемалардан хавфсиз фойдаланиш қоидалари бўйича эслатмалар тарқатилади.
Пляжларда ва сувда оммавий дам олишнинг бошқа жойларида дам олувчилар томонидан хавфсизлик чораларига риоя этиш қоидалари бўйича эслатмалар ўрнатилади.
Масъуллар: МТРК, ҳокимликлар, Экология вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги.
5. Тиббий ва қутқарув постлари ташкил қилинади.
Сувда оммавий дам олиш жойларида қутқарув постлари ва тиббий ёрдам постлари ташкил этилади.
Пляж зоналаридаги тиббий ёрдам постлари малакали ходимлар ва дастлабки тиббий ёрдамнинг зарур воситалари билан таъминланади.
Сувда касаллик келтириб чиқарувчи микроблар мавжудлиги юзасидан даврий назорат текширишлари ўтказилади.
Пляжларда ва сувда оммавий дам олинадиган жойларда хавфсизлик чоралари бўйича маълумотлар берувчи плакатлар ўрнатилади.
Масъуллар: сувда оммавий дам олиш жойларидан фойдаланувчи ташкилотлар, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ҳокимликлар.
Дилмурод Ражабоев,
ҳуқуқшунос, Hudud24.uz колумнисти
Улашиш:
Бошқалар
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш
Ҳимоя ордери ички ишлар органларининг таянч пункти профилактика (катта) инспектори томонидан белгиланган схемага мувофиқ берилади.
Кўп қаватли уйларда иситиш мавсуми қачондан бошланади?
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сонли қарори билан тасдиқланган “Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари”га кўра, иситиш даври ташқи ҳавонинг ўртача суткалик ҳарорати 8°Сдан паст бўлган 5 кунлик давр тамом бўлган кундан кейинги кундан бошланиши, 8°Сдан юқори бўлганда эса тамомланиши керак.
Нуқсонли товар алмаштириб бериладими?
Истеъмолчи товарнинг ишлаб чиқарилишига доир камчиликларни аниқлаган тақдирда сотувчи (ишлаб чиқарувчи) уни айни шундай маркали товарга етти кунлик муддатда, товар сифатини сотувчи томонидан қўшимча равишда текшириш зарур бўлганида эса, истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида алмаштириб бериши шарт.
Йўл харакати қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди
Йўналишли транспорт воситалари учун алоҳида ажратилган, тасмаси бор йўлда ҳаракатланиши тақиқланган транспорт воситалари ушбу йўлдан фақат ёндош ҳудудга кириш ёки чиқиш мақсадида ёндош худуднинг кириш ёки чиқиш жойидан 50 метр масофада узуқ-узуқ чизиқли жойгача ёхуд яқин масофадаги узуқ-узуқ чизиқли жойгача ҳаракатланиши мумкин.