Ҳуқуқ
10.12.2025
47

1992 йил 10 декабрдаги 768-XII сон Қонун Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг матни ва мусиқавий таҳрири тасдиқланган. Давлат мадҳияси Давлат суверенитетининг рамзидир.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг матни ва мусиқаси Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 10 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги Қонуни билан тасдиқланган.
Ушбу Қонуннинг 2-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясига зўр эҳтиром билан қараш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг ватанпарварлик бурчидир”, деб белгилаб қўйилган.
1. Давлат мадҳиясига эҳтиром кўрсатиш фуқароларнинг ватанпарварлик бурчидир.
Ўзбекистон Республикаси ўз давлат рамзлари – байроғи, герби ва мадҳиясига эга.
Давлат рамзлари давлат ҳимоясидадир.
Давлат мадҳиясига зўр эҳтиром билан қараш ҳар бир фуқаронинг ватанпарварлик бурчидир.
2. Давлат мадҳияси бир қатор муҳим тадбирларда ижро қилинади
Давлат мадҳияси қуйидаги ҳолларда ижро этилади:
— Президент лавозимига киришиш чоғида – у қасамёд қабул қилганидан сўнг;
— Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сессияларининг ва Сенат ялпи мажлисларининг очилиши ҳамда ёпилишида;
— умуммиллий байрамларга бағишланган тантанали йиғилишлар ва мажлисларнинг очилишида;
— давлат телевидение ва радиоэшиттириш компаниялари томонидан ҳар куни – кўрсатув ва эшиттиришлар бошланишидан аввал ва тугаганидан сўнг, кўрсатув ва эшиттиришлар кечаю кундуз олиб борилганида эса соат 6 да ва соат 24 да, янги йил кечасида – соат 24 да;
— республика ҳаётидаги муҳим тарихий воқеаларни нишонлаш юзасидан, атоқли сиёсий, давлат, ҳарбий арбоблар, халқ қаҳрамонлари, фан, адабиёт ва санъат арбоблари шарафига ўрнатилган ҳайкаллар, шунингдек монументлар, ёдгорликлар ва бошқа иншоотларнинг очилишида;
— давлат органлари, бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган маросимлар ва бошқа тантанали тадбирлар вақтида Давлат байроғини кўтаришда;
— расмий сафар билан Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижий давлатлар давлат ва ҳукумат бошлиқларини кутиб олиш ва кузатишда – тегишли хорижий давлатнинг давлат мадҳияси ижро қилиб бўлинганидан кейин;
— ҳарбий маросимларни ўтказиш вақтида;
— таълим ташкилотларида – янги ўқув йили бошланиши ва ўқув йили тугаши маросимларида;
— спорт майдонларида – Ўзбекистон чемпионатларини, миллий терма командалар иштирокида халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида ҳамда халқаро спорт мусобақаларининг Ўзбекистон спорт терма командаларининг вакиллари бўлган ғолибларини мукофотлаш маросимларини ўтказишда;
— Президент, Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари сайловлари ёки референдум кунлари – овоз бериш ўтказиладиган биноларда соат 8.00 да ижро этилади.
3. Давлат мадҳиясини ижро этишда фонорграммадан фойдаланиш мумкин
Давлат мадҳияси оркестр, хор, ҳам оркестр ҳам хор томонидан ёки ўзга вокал ва чолғу асбоблари билан ижро этилиши мумкин. Бунда овоз ёзиб олиш воситаларидан фойдаланилиши мумкин.
Давлат мадҳияси вокал ҳамда вокал-чолғу асбоблари билан ижро этилганда тўлиқ ижро этилади, чолғу асбобларининг ўзида ижро этилганда эса мадҳия қисман ижро этилишига йўл қўйилади – ашуланинг бошланиши ва нақорат бир мартадан айтилади.
4. Давлат мадҳияси тик туриб тингланади
Давлат мадҳияси кўпчилик ҳузурида ижро этилганда ҳозир бўлганлар мадҳияни тик туриб ва ўнг қўл кафтини кўкракнинг чап томонига қўйиб, ҳарбий ёки давлатнинг бошқа хизматидаги махсус кийимдаги шахслар эса қўлини бош кийимига қўйиб тинглайди.
Давлат мадҳиясининг ижро этилиши Давлат байроғининг кўтарилиши билан биргаликда амалга оширилса, ҳозир бўлган кишилар унга юзи билан бурилади.
5. Давлат мадҳиясига ҳурматсизлик жиноий жавобгарликка сабаб бўлади
Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек Ўзбекистонда турган бошқа шахслар Давлат мадҳиясини ҳурмат қилиши шарт.
Давлат мадҳияси тўғрисидаги қонунчиликни бузиш фуқароларга БҲМнинг уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса – уч бараваридан етти бараваригача маъмурий жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса фуқароларга БҲМнинг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдорларга эса етти бараваридан ўн бараваригача маъмурий жарима солишга сабаб бўлади.
Давлат мадҳиясига ҳурматсизлик қилиш БҲМнинг 25 бараваригача жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Дилмурод Ражабоев,
ҳуқуқшунос
Улашиш:
Бошқалар
Имтиёз олган беморларга давлат бюджети ҳисобдан тиббий хизмат қандай тартибда кўрсатилади?
Ҳужжатга кўра, Низом беморларни тиббиёт ташкилотларига қабул қилиш тартибини белгилайди.
Банк сирига нималар киради ва қачон ошкор қилиниши мумкин? Муҳим 5 саволга жавоб
Банк, унинг мижози (вакили) ва Марказий банкидан ташқари бошқа барча шахслар учинчи шахслар ҳисобланади.
Наркожиноятлар учун жиноий жавобгарлик кескин оғирлаштирилади
Миллий дастурга кўра, Интернетдаги наркожиноятларга қарши курашишга ёшлар кенг жалб қилинади.
Давлат фуқаролик хизматчиси билиши лозим бўлган муҳим қоидалар
Давлат фуқаролик хизматчиси – бу қонунчиликка асосан давлат органларида доимий, профессионал асосда ишловчи, давлат вазифаларини амалга оширувчи шахсдир.