Ҳуқуқ
03.12.2025
368

Ўзбекистон Республикаси табиий ресурсларга бой мамлакатлардан бири бўлиб, ер қаъри унинг иқтисодий салоҳиятини белгиловчи энг муҳим омиллардан ҳисобланади. Сўнгги йилларда ер қаъри ресурсларини бошқаришда шаффофликни таъминлаш, инвестицияларни жалб этиш ва ресурслардан оқилона фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида янги механизмлар жорий этилмоқда. Шулардан бири — ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини савдо платформалари орқали сотиш тизимидир. Ушбу механизм рақобат асосида конлардан фойдаланиш ҳуқуқини олиш имконини яратади ва соҳада коррупцион ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
«E-auksion» электрон савдо платформасида онлайн-аукцион орқали сотиладиган стратегик турдаги фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкалари рўйхати ҳар йили, лекин бир йилда камида бир марта Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги «Ер қаъридан фойдаланиш маркази» давлат муассасаси томонидан аниқланган ҳолда шакллантирилади.
Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги «Ер қаъридан фойдаланиш маркази» давлат муассасаси ер қаъри участкалари рўйхатини шакллантиргандан кейин ҳар бир ер қаъри участкаси бўйича тегишли маълумотларни тайёрлайди ва ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини аукционга қўйиш бўйича қарор қабул қилади.
Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини аукционга қўйиш тўғрисидаги қарорда қуйидагилар кўрсатилади:
ер қаъри участкасининг номи (ёки рақами) ва жойлашган ери (географик координатали нуқталари, WГС-84 халқаро географик тизимдаги геолокацияси);
ер қаъри участкасидан фойдаланиш мақсади;
ер қаъри участкаси жойлашган ернинг фотосурати (15х20 см);
ер участкасининг майдони (гектарда);
ер қаъри участкаси тўғрисида умумий геологик ва бошқа маълумотлар;
савдога қўйилаётган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқининг бошланғич нархи;
ер қаъри участкасидан фойдаланиш, шу жумладан, ушбу ер участкасидан ижара ҳуқуқи асосида фойдаланиш шартлари лойиҳаси;
ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганиш бўйича ишларни молиялаштирган юридик шахсларнинг ўзлари разведка қилган конда кавлаш ишларига мутлақ ҳуқуқи мавжудлиги тўғрисида маълумот;
қонунчиликда белгиланган тартибда оператор томонидан сўралган бошқа ҳужжатлар ҳам тақдим этилади.
Аукцион нархларни ошириб бориш тамойили бўйича ўтказилади.
Ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи бўйича аукционда иштирок этиш учун закалат пули қуйидагича белгиланади:
геологик жиҳатдан ўрганиш учун — аукцион объекти бошланғич нархининг 100 фоизи миқдорида;
фойдали қазилмаларни кавлаб олиш учун — аукцион объекти бошланғич нархи БҲМнинг 4 минг бараваригача бўлганда, ушбу нархнинг 50 фоизи, БҲМнинг 4 минг бараварига тенг ва БҲМнинг 20 минг бараваригача — 20 фоиз ҳамда БҲМнинг 20 минг бараварига тенг ва ундан юқори қийматда — 10 фоиз миқдорида;
қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолияти учун — аукцион объекти бошланғич нархининг 100 фоизи миқдорида.
Оператор аукцион ғолиби томонидан сотиб олиш (ижарага олиш) тўловлари тўлиқ тўлангандан сўнг кейинги иш кунидан кечиктирмай аукцион ғолибига баённома расмийлаштиради ҳамда мазкур баённомани ва ғолиб томонидан имзоланган ер қаъридан фойдаланиш шартларини аукцион ғолибининг ва буюртмачи (Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги «Ер қаъридан фойдаланиш маркази» давлат муассасаси)нинг шахсий кабинетига электрон шаклда юборади, шунингдек, тегишли ахборотни ўз веб-порталида жойлаштиради. Оператор баённома ва ер қаъридан фойдаланиш шартларини ҚР-код (матрик штрихли код) билан расмийлаштиради.
Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги «Ер қаъридан фойдаланиш маркази» давлат муассасаси бир иш куни мобайнида баённома асосида ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун тегишли рухсатномани ЭРИ билан имзоланган ва ҚР-код (матрик штрихли код) билан расмийлаштирилган ҳолда, савдо платформаси орқали операторга юборади.
Оператор расмийлаштирилган рухсатномани аукцион ғолибининг шахсий кабинетига юборади ва аукцион ғолиби томонидан объект қабул қилиб олинганлиги тасдиқлангандан сўнг бир иш куни мобайнида Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги «Ер қаъридан фойдаланиш маркази» давлат муассасасига пул маблағларининг унга тегишли бўлган улушини (оператор хизмат ҳақи чегирилган ҳолда) ўтказиб беради.
Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини савдо платформасида сотиш — Ўзбекистонда ресурслар бошқарувида янги босқични бошлаб берди. Ушбу тизим давлат мулкини бошқаришда шаффофликни таъминлайди, сармоядорлар учун тенг имкониятлар яратади ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга хизмат қилади. Шу боисдан, мазкур тизимни ҳуқуқий, технологик ва экологик жиҳатдан янада такомиллаштириш мамлакатнинг барқарор ривожланиш стратегиясида муҳим ўрин тутади.
Худойберди Раҳимов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Телефон сўзлашувларини қандай тартибда эшитиш мумкин?
Сўзлашувларни эшитиб туриш ва ахборот олиш бўйича тергов ҳаракатини ўтказиш учун суриштирувчи ёки терговчи тегишли илтимоснома киритади.
Миси чиққан уста
Ишонч – инсонлар ўртасидаги энг қимматли нарса.
Айрим тиббиёт ходимлари фарзандларининг контракт суммаси бир қисми қоплаб берилади
Давлат томонидан тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор имтиёз ва кафолатлар белгиланган. Шулардан бири айрим тиббиёт ходимлари фарзандларининг олий таълим муассасасида ўқиш учун тўланадиган контракт маблағининг бир қисмини қоплаб бериш тартибидир
Қандай ҳаракатлар суд ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ҳисобланади? 5 муҳим факт
Айрим тоифадаги ижро ҳужжатларини Мажбурий ижро бюросига тақдим этилгунига қадар уларнинг ижросини таъминламаслик маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.