Ҳуқуқ
12.02.2024
3 146
Қонунчиликда боланинг таълим олиш ҳуқуқи ва бу ҳуқуқни амалда рўёбга чиқариш борасида давлатнинг, шу жумладан ота-оналарнинг мажбуриятлари белгиланган. Фарзандини мактабга юбормаганларга қандай жавобгарлик бор? Дарс қолдирган болаларнинг муаммосини ўрганишга ким масъул? Hudud24.uz қуйида таълим олиш ҳуқуқи ва унга тўсқинлик қилишнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида маълумот беради.
1. Ҳар бир бола билим олиш ҳуқуқига эга
Конституциянинг 50-моддасига кўра, ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга.
77-моддада эса ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар, деб белгиланган.
“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга кўра давлат боланинг бепул мажбурий умумий ўрта таълим ва ўрта махсус таълим олишини кафолатлайди.
Демак, боланинг бепул таълим олишини давлат кафолатлаб, таъминлаб бермоқда. Ота-оналар эса боланинг ўз вақтида таълим олиши учун шароит яратиб бериши лозим.
2. Боланинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай меҳнат – мажбурий меҳнат деб баҳоланади
Конституциянинг 44-моддасига кўра, болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланган.
Демак, ҳеч бир шахс боланинг мактабга боришига тўсқинлик қилиб, уни ишлатиши мумкин эмас. Яъни болани ўқиш вақтида турли ҳашарларга ёки бошқа ишларга жалб қилиш Конституция билан тақиқланган.
3. Дарс қолдирган болаларнинг муаммосини ўрганишга ким масъул?
Дарс қолдирган болаларнинг муаммосини ўрганиш ва уни бартараф қилиш учун – мактаб, ҳокимлик, мактабгача ва мактаб таълими органлари ҳамда Миллий гвардия масъул.
Юқоридаги органлар болаларни дарсларга қатнашиш ҳолати юзасидан мониторинг олиб бориши ва унинг натижасида аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўриши керак.
Бу қандай бўлади?
Дарсга келмаётган бола билан индивидуал иш олиб борилади, ота-онаси мактабга чақиртирилади, зарурат бўлганида боланинг уйига борилади, хуллас, боланинг дарс қанташишини таъминлаш чораси кўрилади.
Бола дарсга ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс сабабли келмаётган бўлса, уларга нисбатан маъмурий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилади.
4. Боланинг мактабга боришига тўсқинлик қилиш учун – ЖАВОБГАРЛИК бор
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасида болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик учун жавобгарлик белгиланган.
Унга кўра қуйидагилар жавобгарликка сабаб бўлади:
ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши – БҲМнинг 1 бараваридан 5 бараваригача жарима;
юқоридаги ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса – БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима;
болаларнинг мажбурий умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилиш — БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача жарима;
таълим олишга тўсқинлик қилиш маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йилда такрор содир этилса – БҲМнинг 15 бараваридан 25 бараваригача жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Дилмурод Ражабоев,
Hudud24.uz колумнисти
Улашиш:
Бошқалар
1-синфга қабул бошланди: ота-оналар учун муҳим 10 савол ва жавоб
Болаларни 1-синфга қабул қилиш фақат онлайн амалга ошириладими?
Тиббиётда дунёвийлик – инсон саломатлиги учун муҳим
Тиббиёт одамларнинг умрини узайтириш, оғриқларини тўхтатиш учун ҳаракат қилади.
Уй-жой қурилиши соҳасини янада ривожлантириш, турар ва нотурар жой объектларини улуш киритиш асосида қуриш жараёнини тартибга солиш учун муҳим қоидалар
Улушдорнинг объектга бўлган мулк ҳуқуқи кадастр органлари томонидан давлат рўйхатидан ўтказилади.
Тарафлардан бири судда иштирок этмаганда никоҳни бекор қилиш тартиби
Эр-хотин ўртасида меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш тўғрисида ёки уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо бўлган тақдирда эр-хотин ёки улардан бири никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли.