currencies image

12 875,06 UZS

13,23

usd

currencies image

13 406,80 UZS

90,40

eur

currencies image

124,75 UZS

0,72

ru



АсосийЯнгиликлар“Германияда деҳқону фермер ҳадеб мажлис, йиғилишга чақирилмайди, ишини қилади” — агроном Шаҳзодбек Юсупов

“Германияда деҳқону фермер ҳадеб мажлис, йиғилишга чақирилмайди, ишини қилади” — агроном Шаҳзодбек Юсупов

Ўзбекистон

calendar

31.10.2023

eye

1 539

“Германияда деҳқону фермер ҳадеб мажлис, йиғилишга чақирилмайди, ишини қилади” — агроном Шаҳзодбек Юсупов

Илм-фан билан ҳамкорлик қилинса, боғдорчиликдан юқори даромад олиш мумкин. Бунга Хитой ва Мексика давлатлари мисол: 2022 йили Хитой 240 млн тоннадан ортиқ мева етиштириб, дунёда биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Мексика экспортда етакчилик қилган. Ўзбекистон эса рўйхатда 32-ўринни қайд этган.

Тўғри, экспортбоп маҳсулот етиштириш, соҳада илғор бўлиш қийин. Аммо қаловини топаётганлар бор: улар илмий ютуқ ва тажрибани бирлаштирмоқда, дейди мутахассислар. Юртимизда ҳам бунга имкон, шароит етади, аммо ҳамма боғбон ҳам салоҳиятли, тажрибалими? Hudud24.uz соҳадаги ютуқ ва муаммолар хусусида Германиянинг Obsthof Walser боғдорчилик хўжалигида фаолият олиб бораётган агроном Шаҳзодбек Юсупов билан суҳбатлашди.

[caption id="attachment_23801" align="alignnone" width="807"] Германиянинг Kressbronn шаҳарчасидаги Obsthof Walser боғдорчилик хўжалигида фаолият олиб бораётган агроном Шаҳзодбек Юсупов.
Фото: Шаҳзодбек Юсуповнинг шахсий архивидан[/caption]

— 2023 йилнинг январь-август ойларида Ўзбекистонда мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти 2022 йилдагидан 16,7 фоизга кўплиги маълум қилинди. Албатта, рақамларнинг ўсгани яхши. Лекин экспорт бобидаги потенциалимиз тўла очиляптими? Яъни мева-сабзавотни бундан-да кўп ва қийматини баланд сақлаб четга чиқариш мумкинми?

— Экспорт бозори талаб этадиган маҳсулотларни етиштиришда камчилигимиз кўп. Биздаги мева навлари хилма-хиллиги кам. Охирги йиллари четдан янги нав кириб келиши анча кўпайди. Лекин бу етарли дегани эмас. Экспорт бозори доим бир хил мевани хоҳлайвермайди.

Ўзбекистонда классик боғдорчиликдан интенсив боғдорчиликка ўтиш жараёни секин кечяпти. Юртимизда ҳар бир ҳудудга мос навлар ва пайвандтаглар бор. Биз шу навларни тўғри танлай олишимиз керак. Бундан ташқари, касаллик ва зараркунандалар биологиясини билишимиз, улар ҳали дарахт ва мевага зарар етказмасдан туриб муаммонинг олдини олишимиз керак.

Мева миқдори ва сифатини белгилаб берувчи муҳим омиллардан бири — шакл бериш. Ҳар йили бир хил шакл бермасдан керакли вақтда тўғри шакл беришни ўрганиш муҳим.

Жуда танқид ҳам қилмайман, сезиларли ўзгаришлар бор. Боғбонлар янги навлар билан интенсив боғ яратишга уриняпти. Масалан, Тошкент вилоятида “Норчонтол” кўчатчилик хўжалиги Франциянинг “Escande Plants, “Dalival” каби йирик кўчат етиштирувчи компаниялари билан ҳамкорликда шафтоли ва ўрикнинг 50 га яқин навини синовдан ўтказишяпти. Гилоснинг 10 хилдан ортиғи амалда синаб кўриляпти. Узумнинг 7 хил уруғсиз навини АҚШдан келтириб кўпайтиришяпти.

Ўзбекистондаги кузатишларимдан хулоса қилсам, янги навлар экиб боғдорчилик соҳасини тўғри йўлга қўя билган боғбонларимиз яхши даромад олишган ва ҳозирам шундай.

— Боғдорчилик ҳам лотереяга ўхшайди: аномал иссиқ-совуқ таъсир қилмаса, боғбоннинг ҳосилдан ташвиши бўлмайди. Бироқ охирги йиллари об-ҳаводаги ўзгариш, табиат инжиқликлари боғдорчиликка ҳам жиддий таъсир қиляпти. Бунга шу йилги узум нархининг ошгани бир мисол. Вазият шу зайл давом этаверса, бизни яна қандай жиддий хавфлар кутяпти?

— Об-ҳавонинг ноқулайлиги ортидан келадиган яна битта хавф бор – бу боғдорчиликка бўлган эътибор, рағбатнинг сусайиши. Агар иқлим ўзгаришлари ортидан ҳосил нобуд бўлаверса, совуқ ёки иссиқ таъсири сезилса, соҳага пул тикадиганлар четга чиқади. Таваккал қиладиган топилмайди. Маблағ қўйилмаса, табиийки, соҳа орқага кетади.

[caption id="attachment_23799" align="alignnone" width="1280"] Obsthof Walser боғдорчилик хўжалигида етиштирлаётган олманинг natyra нави.
Фото: Шаҳзодбек Юсуповнинг шахсий архивидан[/caption]

Муаммони янги пайвандтаглар ва навлар орқали қисман ҳал этиш мумкин. Яъни совуққа чидамли навларни келтириб, кўпайтириш керак. Бундан ташқари, анор, анжир ва узумларни кўмиш орқали вазиятни юмшатса бўлади.

Биз агрономлар ҳудудларни эрта пишадиган, ўрта ва кеч пишадиган ҳудудларга бўламиз. Навларни эса ҳудуд шароити, иқлимидан келиб чиқиб тавсия этамиз. Кимдир боғ яратмоқчими, танлаган ҳудудининг муҳитини яхшилаб ўрганиши шарт. Шунда хавф даражаси пасаяди.

— Боғбон аҳли ҳар доим ҳам муаммосини достон қилиб, жар солавермайдиган тоифа. Чорасини кўпинча ўзи қидиради. Замонавий илм-фандан аввал ота-боболар тажрибасига суянади. Бу қанчалик тўғри? Ўзбекистондаги боғдорчилик илм-фан билан нечоғлик ҳамкор?

— Дунё аҳолиси кўпайгани сари қишлоқ хўжалигидаги ўзгаришлар тезлашган ва бу яна давом этаверади. Ота-боболар тажрибаси керак, лекин унга замонавий илм пайванд қилинса-чи, натижани кўраверасиз.

Таассуфки, ҳалиям “мен боғ ичида туғилганман, менга ўргатиш шарт эмас, ўзим биламан” дейдиган боғбонлар бор. Биз “биламан” деган позицияни “ўрганаман” позициясига ўзгартирсак, ана шунда ўзгариш бўлади. Унгача бир жойда депсиниб тураверамиз.

— Иқтисодчи Андрей Ярмак “дронлар боғдорчиликдаги кўплаб муаммоларга ечим бўла олади” деганди. Дрон қўллашга тўсиқ бўладиган воситалар ўрнига бошқа техник ечимларни ҳам берганди. Нима дейсиз, боғбонларимиз амалиётда бундай қурилмалардан самарали фойдалана оладими?

— Албатта, фойдалана олади. Ўзбекистонда дрон қўллашга қонуний рухсат олинса бўлди. Олма дарахтидан ташқари қолган мева дарахтларини кузатиш, касаллик бўлса, аниқлашда дрон катта ёрдам беради.

Андрей Ярмак таклиф қилган усулларни тракторларда қўллаш ҳам мумкин. Уларга кузатув камералари қўйилса, яхши самара беради. Ҳозирда касалликларни олдиндан башорат қилиш мумкин. Яъни қайси вақтда дарахтларга касал тушишини аниқлаб хабар берадиган лабораториялар бор. Ўзбекистондаги “Боғ устаси” компанияси шу усулдан фойдаланади.

— Умуман, боғдорчиликдаги энг катта хатоимиз нима? Ечимини ҳам келтира оласизми?

— Боғдорчиликда энг катта хато – боғга бизнес сифатида қарамаймиз. Ўзбекистондаги жуда кўп боғ эгаларининг асосий иши бошқа, лекин қўшимчасига боғ яратиб қўйган бўлади. Боғида дов-дарахтдан ташқари турли экин-текин (тарвуз, ловия, маккажўхори, картошка ва ҳоказо) ва чорва моллари бор. Бу эса боғдан олиш мумкин бўлган катта даромадни қисқартиради.

Боғга алоҳида парвариш ва эътибор зарур. Инвестиция ва илмни бирлаштиришни сўрайди. Ҳар бир мева навининг ўзига хос инжиқлиги бўлади. Шундоқ экиб, дори сепган билан иш битмайди.

Аввало боғга муносабатни ўзгартиришимиз керак.

[caption id="attachment_23800" align="alignnone" width="1280"] Obsthof Walser боғдорчилик хўжалигидаги нокзор.
Фото: Шаҳзодбек Юсуповнинг шахсий архивидан[/caption]

— Бир танишим “биз мева-чеванинг тенг ярмини чиқитга чиқарамиз, етиштириш ва теришда ҳам нўноқмиз” деганди. Бу фикрга нима дейсиз?

— Шундай, бизда етиштириш, териш ва сақлашда хатолар кўп. Асосий эътиборни мева миқдорига қаратамиз.

Мевачиликда кўп тонна ҳосил — бу кўп даромад дегани эмас. Миқдор билан сифат ўртасидаги балансни ушлашимиз шарт. Сиз ҳам биларсиз, айримлар “30 тонна олма олдим бу йил” деб мақтанади. Лекин бошқа фермер 10 тонна сифатли мева олиб, яхшигина даромад қилган бўлади. Сон билан эмас сифат билан мақтанган фойдалироқ.

Чунки сифатли мева узоқ сақланади ва қимматга сотилади. Шундан кейин миқдор ҳам аста-секин яхшиланади. Фақат тонна ортидан қуваверсак, йўқотишлар ортиб, даромад камаяди.

— Тошкент шаҳри аҳолиси 3 млн.га етди. Аҳоли кўпайиб боргани сари озиқ-овқат ва унинг хавфсизлигига талаб ортади. Талаб нархгаям таъсир қилади. Шаҳарларда аҳоли сони ошаверса, кейинчалик шаҳарни “боқиш” қишлоқларга қимматга тушмайдими?

— Йўқ, қимматга тушмайди. Аксинча, қишлоқлардаги маҳсулотлар шаҳарга аввалгидан кўпроқ етказилса, аҳоли турмуш даражасига сезиларли таъсир қилади.

Инсон ресурси кўпайишини иқтисодчилар фойдали омил дейди. Озиқ-овқат масаласига келсак, талаб ортгани сари маҳсулот етиштиришнинг янги усуллари пайдо бўлаверади.

Масалан, илгари оддий усулда етиштирилган мева миқдори ҳозир интенсив усулда етиштирилгандан анча кам бўлган. Одам сони ортиши деҳқонга фойда. Чунки маҳсулотига талаб йўқолмайди. Лекин истеъмолчи учун зарур маҳсулот камайса, талаб қондирилмаса, нарх қимматлашади.

Шунинг учун озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришда янги усулларни қўллаш керак.

— Германияда боғбон билан деҳқонга қандай имтиёз, енгилликлар берилган? Уларда ҳам маълум “план”и борми?

— Германиядаги энг катта имтиёз — ернинг деҳқон мулки экани. Давлат фермернинг қандай маҳсулот етиштираётганига аралашмайди. Қишлоқ хўжалигини бозор тўла-тўкис тартибга солади. План йўқ, имтиёзлар йўқ. Қандайдир ярмаркалар ташкил этилмайди. Энг муҳими, деҳқон ҳадеб мажлисга, йиғилишга чақирилмайди.

Ер эгаси солиқларини вақтида тўласа, бўлди, бошқа муаммо йўқ. Нархларни эса бозор белгилайди. Давлат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун фақат кимёвий препаратларни назорат қилади. Мана шундай муҳит ва шароитда ўсиш юқори, рақобат кучли бўлади.

Боғдорчиликда Германияда техник воситалардан самарали, ўрнида фойдаланамиз. Олмаларга техника билан шакл берилади. Айрим олма навлари тўлалигича шарбат қилинади. Ишчи кучи қимматлиги сабаб технологияга кўпроқ суянади боғбон.

— Боғдорчиликни ривожлантиришда қайси давлатлар тажрибасини ўрганишимиз керак ва нима учун?

— Бу соҳада Европа давлатларидан ўрганадиганимиз кўп. Масалан, дарахтга шакл бериш усулини олайлик. Европада ишчи кучи қимматлиги сабаб баланд-баланд дарахт ўрнига одам бўйи етадиган паст ва кўп ҳосил берадиган дарахт ўстириш танланган.

Туркиядан суғориш тизимлари тажрибаларини ўрганиб, ўзимизнинг тупроқ иқлим шароитларига мослаб жорий этилса, яхши эди. Боғдорчилик техникалари ривожланган АҚШдан техникалар бўйича тажриба алмашиш мумкин.

Биласизми, бизнинг иқлим, тупроқ шароитимиз боғдорчилик соҳаси ривожланган давлатлардан кескин фарқ қилади. Шу сабаб чет давлатнинг ютуғини ўрганаётганда тўла-тўкис ўзлаштирмай, ўзимизга мослаб, об-ҳавоимизга тўғрилаб жорий қилишимиз мақсадли.

Чарос Низомиддинова суҳбатлашди.

Улашиш:

Бошқалар

26-ноябр 2024, 12:47
2 463

Пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатлари кенгайтирилади

Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-999-сон, 15.11.2024 й.) билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг  айрим моддаларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.


14-декабр 2024, 07:32
2 346

Судланганлик ҳолати қачон тугалланган ҳисобланади?

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида шахснинг судланганлик ҳолатини тугалланиши шартлари белгиланган.


4-декабр 2024, 10:53
2 076

Ер участкаларидан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш механизмлари такомиллаштирилади

Шунингдек, Фуқаролик процессуал кодекси ва Иқтисодий процессуал кодекси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, давлат мулкида бўлган ер участкасини қайтариш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисидаги ишлар бўйича алоҳида иш юритилишини назарда тутувчи қоидалар билан тўлдирилди.


23-ноябр 2024, 13:15
1 163

Радарлар ҳақида ҳаммаси: муҳим 10 саволга жавоб

Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситаси – асосан чорраҳаларда, йўл бўйида металл устунларга ўрнатилиб, автомобилларнинг давлат рақами белгиларини аниқлайди.

Мавзуга доир янгиликлар: