currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларЯнги Ўзбекистон Конституцияси ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун кафолатлар

Янги Ўзбекистон Конституцияси ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун кафолатлар

Ўзбекистон

calendar

04.12.2025

eye

30

Янги Ўзбекистон Конституцияси ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун кафолатлар

Мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва демократик институтларни мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларнинг муҳим ҳуқуқий пойдевори сифатида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси янги таҳрирда қабул қилинди. Шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда унда аҳолини ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашга оид нормалар сифат жиҳатдан янгича ёндашув билан мустаҳкамланди. Мазкур мақолада Конституцияда белгиланган ушбу нормаларининг мазмун-моҳиятини таҳлил қиламиз.

Конституциянинг тузилиши ва ижтимоий йўналишнинг мустаҳкамланиши

Даставвал янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси муқаддима, 6 та бўлим, 27 та боб ва 155 та моддадан иборат бўлиб, унда ижтимоий давлат барпо этиш масаласи бош тамойиллардан бирига айлантирилди. “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойилининг белгиланиши билан ижтимоий сиёсатнинг устуворлиги конституциявий даражада эътироф этилди. Бу шуни англатадики, мамлакат аҳолисининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари қўллаб-қувватланади, аҳоли учун ижтимоий кафолатлар белгиланади, ҳамма фуқаролар учун тенг имкониятлар таъминланади, халққа хизмат қилиш доирасида сифатли давлат хизматлари кўрсатиш амалга оширилади. Бундан ташқари давлат ўз фаолиятини амалга оширишда ижтимоий адолат принципларига таянади. Бу борада ижтимоий тенглик, аҳолига ёрдам кўрсатиш, барча фуқаролар тенг имкониятли эканлиги, меҳнатга мос тарзда рағбатлантириш ижтимоий адолат тамойилининг мазмунини ташкил қилади.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари кимлардан иборат?

Ўзбекистон қонунчилигида ижтимоий эҳтиёжманд шахслар аниқ белгиланган бўлиб, улар бир нечта гуруҳлардан иборат. “Кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига кўра, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ўз ичига қуйидагиларни қамраб олади: ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшовчи кексалар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болалар, муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган фуқаролар, ижтимоий жиҳатдан аҳамиятли ҳисобланган касалликларга чалинган шахслар, етим болалар ва ота-оналар қарамоғидан маҳрум бўлган болалар.

“Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонунинг 38-моддасига асосан эса ўн тўрт ёшга тўлмаган болалари, ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз ота ёки она, шунингдек кўп болали оилалардаги ота-оналар, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларини, касб-ҳунар мактабларини, коллежларни ҳамда техникумларни тамомлаб, касбга эга бўлган ёшлар, “Меҳрибонлик” уйларининг битирувчилари, шунингдек олий таълим муассасаларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилари, муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар, пенсияолди ёшидаги шахслар,жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суд қарорига кўра ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахслар, одам савдосидан жабрланганлар,оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ташкил этади. Бундан хулоса қилиш мумкинки, бу йўналишда қамров жуда кенг ва давлат сиёсати турли эҳтиёжларга эга тоифаларни бирдек қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун қандай кафолатлар белгиланган?

Биринчидан, ижтимоий таъминот олиш кафолати. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасига асосан ҳар бир шахс қариганда, ишсизликдан қийналаётганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда кўзда тутилган вазиятларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга ҳисобланади. Ижтимоий таъминот бериш пул кўринишидаги пенсия ва нафақалар ажратиш, ижтимоий кузатув ва маслаҳатлар бериш, уйда парваришга муҳтож шахсларга ўз уйларида парваришлаш хизматларини кўрсатиш, реабилитация хизматлари, тиббий хизматлар кўрсатиш, ишга жойлаштириш бўйича амалий ёрдамлар шаклида бўлиши мумкин. Қонунчилигимизга мувофиқ пенсия ва нафақаларнинг миқдори расман белгилаб қўйилган энг кам истеъмол харажатларидан кам бўлиши мумкин эмас.

Иккинчидан, меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва бошқа тоифаларнинг турмуш даражасини ошириш, давлат ва жамият ҳаётининг муҳим соҳаларида штирок этиши учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш мақсадида уларни ижтимоий, иқтисодий  ва маданий соҳалардаги хизматлардан тўлиқ ва тенг асосларда фойдаанишлари учун имкониятларни кенгайтириш, ишга жойлаштиришда, таълим олишида кўмаклашиш, ўзлари учун зарур ахборотлардан ҳеч қандай тўсқинликларсиз фойдаланиш кафолатланади.

Учинчидан, ижтимоий ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган ҳар бир болага ижтимоий ёрдам тайинлаш кафолатланади. Шу ўринда давлат томонидан болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурлар рағбатлантирилади.

Тўртинчидан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун уй-жой ва коммунал хизматлар кўрсатиш соҳасида имтиёзлар ва кафолатлар белгиланган. Фавқулодда ҳолатларда ва улар оқибатида жабрланган шахсларга зарур ижтимоий ёрдам кўрсатилади.

Янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Конституциясида ҳар бир норма “инсон қадри учун” тамойили асосида ифода этилган бўлиб, бу тамойил ижтимоий ҳимоя тизимининг янада адолатли, самарали ва барқарор бўлиши учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратишга хизмат қилмоқда. Бу эса Янги Ўзбекистоннинг бош мақсади — инсон манфаатларини энг юқори даражага кўтарган ижтимоий давлат қуриш йўлида муҳим қадамдир.

Зулайхо Носирова,

“Адолат” МҲАМ масъул ходими

Улашиш: