currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларИчимликларда шакар миқдори юқори бўлса истеъмолчи огоҳлантирилади

Ичимликларда шакар миқдори юқори бўлса истеъмолчи огоҳлантирилади

Ҳуқуқ

calendar

01.10.2026

eye

50

Ичимликларда шакар миқдори юқори бўлса истеъмолчи огоҳлантирилади

Ўзбекистонда таркибида шакар миқдори юқори бўлган алкоголсиз ичимликларни белгилаш, ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимини такомиллаштириш таклиф этилмоқда. Бу тегишли қарор лойиҳасида назарда тутилган.

Лойиҳага кўра, 2027 йил 1 январдан мамлакатда ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган алкоголсиз ичимликлар қадоғига таркибидаги шакар миқдорига қараб мажбурий огоҳлантирувчи ёзувлар қўйилиши мумкин.

Хусусан, ҳар 100 мл маҳсулотда 5–8 грамм шакар бўлса, сариқ фонда «ЎРТАЧА ШАКАР МИҚДОРИ», 8–11 грамм бўлса, тўқ сариқ фонда «ШАКАР МИҚДОРИ ЮҚОРИ» деган ёзув жойлаштирилади.

Шакар миқдори 11 грамм ва ундан юқори бўлган ичимликлар учун эса қизил фонда «ЖУДА ЮҚОРИ ШАКАР МИҚДОРИ — ТЕЗ-ТЕЗ ИСТЕЪМОЛ ҚИЛИШ САЛОМАТЛИККА ЗАРАР» деган огоҳлантирувчи ёзув қўлланиши таклиф этилмоқда.

Огоҳлантирувчи ёзувлар маҳсулот қадоғининг олд қисмида жойлаштирилиб, унинг умумий юзасининг камида 15 фоизини эгаллаши керак. Улар контрастли рангларда ва истеъмолчи биринчи қарашда кўра оладиган тарзда жойлаштирилади. Қадоқда маҳсулот таркиби, калорияси ва кунлик истеъмол меъёри ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган QR-код ҳам бўлиши белгиланмоқда.

Лойиҳада шакар миқдорини назорат қилиш бўйича ягона тизим яратиш ҳам назарда тутилган. Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси 2027 йил 1 мартга қадар алкоголсиз ичимликларни лаборатория таҳлилидан ўтказишнинг ягона методикасини тасдиқлаши, 1 сентябрга қадар эса аккредитациядан ўтган лабораторияларда шакар миқдорини аниқлаш амалиётини йўлга қўйиши белгиланган.

Шунингдек, ҳар чорак якунида таркибидаги шакар миқдори белгиланган меъёрдан юқори бўлган алкоголсиз ичимликлар реестрини шакллантириш ва уни расмий веб-сайтларда эълон қилиб бориш таклиф этилмоқда.

2027 йил 1 декабрга қадар шакари юқори алкоголсиз ичимликларни мониторинг қилишнинг ягона рақамли платформасини ишлаб чиқиш ва босқичма-босқич ишга тушириш режалаштирилган. Платформа «АслБелгиси» миллий рақамли маркировка тизими билан интеграция қилинади.

2028 йил 1 январга қадар импорт қилинадиган алкоголсиз ичимликлар таркибидаги шакар миқдорини электрон декларациялаш тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Белгиланган талабларга жавоб бермайдиган тарзда тамғаланган маҳсулотларни мамлакатга киритишга йўл қўйилмаслиги керак.

Бундан ташқари, 2027 йил 1 январдан таълим муассасалари ҳудудида белгиланган талабларга жавоб бермайдиган алкоголсиз ичимликлар савдосини босқичма-босқич чеклаш таклиф этилмоқда.

 

Қарор лойиҳасида шакари юқори алкоголсиз ичимликлар бўйича назорат харидларини ўтказиш, аниқланган қонунбузарликлар ҳақида маълумотларни ОАВда эълон қилиш ҳамда аҳоли ўртасида ортиқча шакар истеъмолининг зарари ва унинг болалар саломатлигига таъсири бўйича тарғибот ишларини олиб бориш ҳам назарда тутилган.

Улашиш: