currencies image

12 557,56 UZS

34,15

usd

currencies image

14 809,13 UZS

12,57

eur

currencies image

159,44 UZS

0,74

ru



АсосийЯнгиликларИнсон ҳуқуқлари орқали келажакни яратамиз!

Инсон ҳуқуқлари орқали келажакни яратамиз!

Ўзбекистон

calendar

01.03.2025

eye

300

Инсон ҳуқуқлари орқали келажакни яратамиз!

Тошкент шаҳрида “Давлат органлари ва фуқаролик жамияти ҳамкорлиги: инсон ҳуқуқлари орқали келажакни яратамиз” лойиҳасининг очилиш маросими доирасида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Ушбу ташаббус давлат органлари ва фуқаролик жамияти ташкилотлари (ФЖТ) ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ёшларни демократиявий тараққиёт жараёнларига фаол жалб қилиш ҳамда ёрдамга муҳтож аҳоли қатламлари, жумладан, ёш собиқ маҳкумларнинг шарт-шароитларини яхшилашга қаратилган.

Лойиҳа қиймати 421 минг еврога тенг бўлиб, “Барқарор ҳаёт” халқаро ижтимоий-маърифат маркази томонидан немис халқ университетлари ассоциацияси–DVV International Халқаро ҳамкорлик институти ҳамкорлигида, Европа Иттифоқи ва Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги (BMZ), Германия Федерал Ташқи ишлар вазирлиги ва Европа иттифоқининг молиявий кўмагида амалга ошириладиган лойиҳанинг асосий мақсади – Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий стратегиясини ҳаётга татбиқ этиш ва мамлакатнинг халқаро мажбуриятларини бажаришга кўмаклашишдан иборат.

Дастур ёшларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш, жазони ижро этиш тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, медиасаводхонликни ошириш ҳамда гендер тенглигини таъминлашга йўналтирилган.

Шу ўринда “Барқарор ҳаёт” халқаро ижтимоий-маърифат маркази ҳақида қисқача эътироф: Ташкилот 2003-йил 3 –майда ташкил этилган бўлиб, 2020-йил 21-мада ташкилот мақоми Халқаро тоифага ўзгартирилди ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилди.  “Барқарор ҳаёт” ННТда аҳолининг турли ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари (маҳкумлар, муқаддам судланганлар, ёшлар ва бошқалар) билан ишлайдиган малакали жамоа ( тренерлар, ҳуқуқшунослар, психологлар, ижтимоий ходимлар) мавжуд бўлиб зўравонлик, экстремизмни, одам савдосининг олдини олиш бўйича халқаро тармоқларнинг аъзоси  ҳисобланади.

Тадбирда DVV Internationalнинг Ўзбекистондаги филиали раҳбари Татьяна Зайченко ташкилотнинг асосий фаолият йўналишлари билан таништирди. Унда “Ёш етакчилар мактаби”нинг очилиши ва “Ҳуқуқлар навигатори” модулли дастури ишлаб чиқилиши каби лойиҳанинг муҳим ташаббуслари ҳақида сўз борди.

Лойиҳа доирасида бир қатор тадбирлар режалаштирилган: семинарлар, тренинглар, жазони ижро этиш муассасаларида мониторинг ташрифлари ҳамда давлат органлари, фуқаролик жамияти ва ёшлар ўртасида мулоқот платформаларини яратиш. Айниқса, ёш собиқ маҳкумларни қўллаб-қувватлашга, уларнинг билим ва касбий кўникмаларини ошириш орқали жамиятга мослашишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.  

 Бу лойиҳа нимасини билан қадрли ва фойдали эканлигини бир сўз билан тушунтириш қийин. Аммо тадбир давомида шу нарса аён бўлдики,  хато қилган инсонни тўғри йўлга солиш, тарбиялаш учун жуда катта меҳнат ва маънавий ва маърифий қурол керак! Жазони  ижро этиш муассасасидан озодликка чиққан шахсни жамият, оиласи, яқинлари  аввалгидек қучоқ очиб кутиб олиши қийинлиги ҳеч кимга сир эмас. Тўғри, уларга давлат томонидан бир марталик ёрдам берилади. Лекин бу билан уларнинг ҳаётида ҳеч нарса ўзгармайди. Ишга қабул қилиш масаласидаги муаммолар унинг ҳаётини баттар мураккаблаштиради. Шу боисдан ҳам   файласуфларнинг таълимотига амал қилган ҳолда иш кўриш, яъни уларга балиқ эмас, қармоқ бериб, балиқ овлашни ўргатишга эътибор қаратилаётгани бу муаммоларнинг ечимига  йўл топиши табиий.

Жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларни касб–ҳунарга ўргатиш борасидаги аввалги тренинглар ўз самарасини бераётганлиги тадбирда иштирок этган Ички ишлар вазирлиги тизими, ЖИЭМ масъуллари томонидан эътироф этилди. ЖИЭМда ташкил этилган сартарошхона, тикувхона ва иссиқхоналарда меҳнат қилаётган маҳкумларнинг жазо муддатини ўтаб чиққач, ўз-ўзини банд қилиш орқали ижтимоий  мослашиши, жамиятга сингиши осон кечиши табиий.

Лойиҳа икки йилга мўлжалланган.

Маруса ҲОСИЛОВА,
“Инсон ва қонун” мухбири

Улашиш: