Ҳуқуқ
04.08.2025
873

Юртимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси орқали ёшларнинг ишбилармонлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларга имтиёзли молиявий ёрдам кўрсатиш мақсадида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Жамғарма орқали ёшларга тадбиркорлик лойиҳалари учун бўлиб-бўлиб тўланадиган 2 турдаги қарз ажратилади.
Биринчи, тадбиркорлик учун бино ва иншоотларни қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш учун 6 минг БҲМ миқдорида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан
3 йилгача муддатга ажратиладиган қарз.
Мазкур қарздан бир нечта бизнес лойиҳалари учун фойдаланиш ҳам мумкин. Қарз 2025-2026 йилларда тажриба тариқасида ажратилади ва бунинг учун 30 млрд сўм йўналтирилган.
Қарз қуйидагиларга берилади:
устав фондидаги улушининг камида 50 фоизи ёшларга тегишли тадбиркорларга;
яратиладиган иш ўринларининг камида 50 фоизига ёшларни ишга оладиган тадбиркорларга.
Мазкур тадбиркорлар яна қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги шкаласи бўйича сўнгги 6 ой давомида узлуксиз камида “BBB” (76 – 85 балл) кўрсаткичга эга бўлиши;
қарзнинг 125 фоизидан кам бўлмаган мол-мулк гаровини тақдим этилиши;
24 ойдан ортиқ фаолият кўрсатаётган бўлиши.
Иккинчи, олис ва чекка маҳаллаларда хорижий тилларни ўргатиш бўйича ўқув марказларини ташкил қиладиган тадбиркорларга 320 БҲМ миқдорида фоизсиз қарз қуйидагиларга берилади:
ЯТТ очиб ишлаётган ёшларга;
устав фондидаги улушининг камида 50 фоизи ёшларга тегишли тадбиркорларга.
Шунингдек, ёш тадбиркор хорижий тиллар бўйича камида
С1 даражадаги сертификатни олганига икки йилдан ошмаган бўлиши керак.
Ташкил қилинадиган курсларда ўқувчиларнинг камида 20 фоизи “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар бўлиши керак.
Қарз Жамғарма ва қарз олувчи ўртасида тузиладиган қарз шартномасига асосан 6 ойлик имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан берилади.
Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш жамғармаси орқали тақдим этилаётган имтиёзли қарзлар ёшларга ўз бизнесини бошлаш ва ривожлантиришда амалий ёрдам беради. Белгиланган талаблар эса маблағлар самарали ва мақсадли ишлатилишини таъминлайди.
Нуриддин Ғайратхўжаев,
Тошкент Халқаро Вестминстер университети талабаси
Улашиш:
Бошқалар
Телефон сўзлашувларини қандай тартибда эшитиш мумкин?
Сўзлашувларни эшитиб туриш ва ахборот олиш бўйича тергов ҳаракатини ўтказиш учун суриштирувчи ёки терговчи тегишли илтимоснома киритади.
Миси чиққан уста
Ишонч – инсонлар ўртасидаги энг қимматли нарса.
Айрим тиббиёт ходимлари фарзандларининг контракт суммаси бир қисми қоплаб берилади
Давлат томонидан тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор имтиёз ва кафолатлар белгиланган. Шулардан бири айрим тиббиёт ходимлари фарзандларининг олий таълим муассасасида ўқиш учун тўланадиган контракт маблағининг бир қисмини қоплаб бериш тартибидир
Қандай ҳаракатлар суд ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ҳисобланади? 5 муҳим факт
Айрим тоифадаги ижро ҳужжатларини Мажбурий ижро бюросига тақдим этилгунига қадар уларнинг ижросини таъминламаслик маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.