Ҳуқуқ
23.09.2026
411

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, транспорт воситалари ва йўл ҳаракати иштирокчилари устидан назоратни амалга оширишда йўл-патруль хизмати (ЙПХ) ходимларининг ваколатлари муҳим аҳамиятга эга.
Тасаввур қилинг, автомобиль бошқариб йўлда кетяпсиз. Машинани ЙПХ ходими тўхтатди. Бирдан хаёлингизга қоидани буздиммикан, нима учун тўхтатди ёки тўхтамасам нима бўлади, деган хаёллар келиши мумкин. Хотиржам бўлинг. Йўл-патруль хизмати ходими транспорт воситасини фақат қонунчиликда белгиланган асослар мавжуд бўлгандагина тўхтатиши мумкин.
Бундай асосларга нималар киради?
Бундай асосларга, жумладан:
— ҳайдовчининг Йўл ҳаракати қоидаларини бузгани визуал кузатувда аниқланганда ёки махсус мослама орқали қайд этилганда;
— транспорт воситаси, ҳайдовчи ёки йўловчи қидирувда экани ёки ЙТҲ ёхуд бошқа ҳуқуқбузарликка алоқадорлиги ҳақида маълумот мавжуд бўлганда;
— ЙТҲ ёки ҳуқуқбузарликни кўрган ҳайдовчи ёки йўловчидан ҳолатга ойдинлик киритиш зарур бўлганда;
— ваколатли орган ёки мансабдор шахснинг ҳаракатни чеклаш ёки тақиқлаш ҳақидаги кўрсатмаси бажарилаётганда;
— қонунчиликда белгиланган ҳолларда транспорт воситасидан фойдаланиш зарурати туғилганда;
— махсус тадбир ўтказилаётганда;
— транспорт воситасини бошқариш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар, транспорт воситаси ёки ташилаётган юкка оид ҳужжатлар мавжудлигини текшириш зарур бўлганда киради.
ЙПХ ходими ҳайдовчини тўхтатгандан кейин нима қилиши керак?
Транспорт воситаси тўхтатилгандан кейин ЙПХ ходими ҳайдовчининг олдига бориб:
ўзини таништириши;
лавозими, унвони ва фамилиясини айтиши;
талаб қилинса, кўкрак нишон белгисини маълум қилиши;
хизмат гувоҳномасини очиқ ҳолда кўрсатиши;
транспорт воситаси нима сабабдан тўхтатилганини аниқ ва тушунарли баён қилиши керак. Хизмат гувоҳномаси кўрсатилади, лекин ҳайдовчининг қўлига берилиши шарт эмас.
ЙПХ ходими хизмат вазифаларини мобиль видеокамерадан фойдаланган ҳолда ошкора олиб бориши ҳамда йўл ҳаракати қатнашчисига видеокамерадан фойдаланаётганини маълум қилиши шарт.
Шуни ёдда тутингки, бошқа асосларга кўра транспорт воситасини тўхтатиш тақиқланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 01.12.2018 йилдаги 975-сонли қарорида батафсил маълумотлар тақдим этилган.
Севинч Хушназарова
тайёрлади
Улашиш:
Бошқалар
Қуёш панеллари ўрнатган фуқаролар август ойи учун қанча субсидия олади?
Ўтган ойда субсидиянинг энг катта қисми Бухоро вилояти ҳиссасига тўғри келган.
Шахсий расмларни интернетда тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор?
Оддий расм ҳам шахсга доир маълумот бўлиши мумкин
Тошкентда автобус ва метрода йўл ҳақини 2,5 минг сўмгача ошириш таклиф қилинмоқда
Узоқ муддатли тарифларда чегирмалар ҳам назарда тутилган.
Солиқ мажбуриятини қандай тартибда ва қайси муддатларда бажариш керак?
Солиқ кодексининг 86-моддаси солиқ мажбуриятини бажариш тартиби ва муддатларини белгилайди.