Ҳуқуқ
07.04.2025
83
Юридик шахсларга тегишли йўналишсиз таксилар ва ягона таниш белгилари билан жиҳозланган автотранспортларга “Тўхташ тақиқланган” йўл белгиси ҳудудида, аэропорт ва вокзалларга туташ ҳудудларда тўхташ ҳуқуқи берилди.
1. Йўналишсиз таксилар ягона таниш белгилари мажбурий ҳисобланади
Йўналишсиз таксилар учун ягона таниш белгилари ташқи ва ички маълумотлар билан жиҳозлаш белгилари ҳисобланади.
Ягона таниш белгилари автотранспортнинг ажралиб туришини ва танилишини таъминлаш учун мўлжалланган ҳамда улар йўналишсиз таксиларда йўловчиларни ташийдиган барча ташувчилар учун мажбурий ҳисобланади.
|
|
2. “Дамас”да йўналишсиз такси сифатида йўловчи ташиш тақиқланади
Йўналишсиз такси техник жиҳатдан соз ҳолатда бўлиши ва қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
— ягона таниш белгиларининг мавжуд бўлиши;
— тўловларни агрегатор ёки бошқа электрон тизим орқали қабул қилиш имконияти бўлиши;
— техник ҳолати ва жиҳозлар қонунчилик талабларига мувофиқ бўлиши;
— шаҳарда автотранспортнинг эксплуатацияси 15 йилдан ортиқ бўлмаслиги;
— ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғуртаси бўлиши;
— таксометр учун махсус илова бўлиши.
Вагон типидаги (“Дамас” ва шу типдаги) автотранспортда йўналишсиз такси сифатида йўловчи ташиш тақиқланади.
3. Йўналишсиз таксилар “Тўхташ тақиқланган” жойда тўхташи мумкин
Жисмоний ва юридик шахсларга тегишли йўналишсиз таксилар “Тўхташ тақиқланган” йўл белгиси ҳудудида йўловчиларни тушириш-чиқаришига (юкларни ортиш-туширишга) рухсат этилади.
Юридик шахсларга тегишли йўналишсиз таксилар ва ягона таниш белгилари билан жиҳозланган автотранспортларга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
— “Тўхташ тақиқланган” йўл белгиси ҳудудида, аэропорт ва вокзалларга туташ ҳудудларда тўхташ;
— аэропортлар, вокзаллар, автовокзаллар, давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган қурилиш моллари, деҳқон ва буюм бозорлари ҳамда савдо мажмуаларининг пулли тўхташ жойларига йўловчиларни олиш ва тушириш учун бепул кириш;
— йўналишли транспорт учун ажратилган махсус ҳаракатланиш йўлаги бўйлаб ҳаракатланиш.
4. Йўналишсиз таксист сифатида фақат Ўзбекистон фуқароси шуғулланиши мумкин
Йўловчилар ташиш учун мўлжалланган йўналишсиз таксиларни бошқаришга ҳайдовчилик гувоҳномасида “В” тоифаси бўлган, 21 ёшга тўлган, тиббий кўрикдан ўтган ва камида уч йиллик ҳайдовчилик стажига эга ҳамда Ўзбекистон фуқароси бўлган шахслар қўйилади.
Ҳайдовчи фаолиятини меҳнат ва дам олиш режимига риоя этган ҳолда амалга оширади.
Ўзини ўзи банд қилган шахслар:
— ўз автотранспорт воситасини бир йилда бир маротаба техник кўрикдан ўтказиши;
— бир йилда бир маротаба тиббий кўрикдан ўтиши ва тиббий кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотномага эга бўлиши шарт.
Ҳайдовчи фаолиятини лицензия варақасида кўрсатилган ҳудудда ва унга туташ ҳудудда амалга ошириши мумкин.
5. Йўл ҳақи сафар тугаганидан кейин берилади
Йўл ҳақи йўловчи томонидан сафар тугагандан кейин ва багаж туширилгандан кейин нақд пул, ҳисоб-китоб терминалидан фойдаланган ҳолда банк пластик карталари ёхуд электрон тўлов воситаси ёрдамида амалга оширилади.
Йўналишсиз таксига йўловчиларни чиқаришда ҳайдовчи уларнинг буюмлари ва багажини жойлаштиришга ҳамда сафар тугаганда уларни туширишга ёрдамлашиши лозим.
6. Йўналишсиз таксиларда багаж ташиганлик учун ҳақ олинмайди
Йўналишсиз таксиларнинг салонида эшик орқали бемалол сиғадиган, салон қопламасини ҳамда унинг ускуналарини бузмайдиган ва ифлос қилмайдиган, ҳайдовчининг автомобилни бошқаришига ҳамда орқани кўриш кўзгусидан фойдаланишига халақит бермайдиган буюмлар ва ашёларни ташишига рухсат берилади.
Мушуклар, итларни тизгин ва тўшаги мавжуд бўлганда тумшуқбоғларда, кичик жониворларни саватларда, сумкаларда ҳамда қушларни қафасларда ташишга рухсат берилади.
Улашиш:
Бошқалар
Мурожаатчи билиши лозим бўлган 5 та муҳим факт
Қонунчилигимизда мурожаатчининг мурожаати юзасидан хавфсизлигининг кафолатлари белгиланган бўлиб, мурожаатчини таъқиб этиш ман этилади.
Ҳомиладор ва уч ёшга тўлмаган фарзанди бор аёллар меҳнат ҳуқуқларини таъминлашинг ўзига хос жиҳатлари
БМТ маълумотларига кўра, ўртача меҳнат бозорида аёллар ҳали ҳам глобал миқёсда эркакларникига қараганда 23 фоизга кам даромад олишади. Бунда, хотин-қизларнинг таълим олишга бўлган ҳуқуқининг таъминланмаганлиги асосий сабаб сифатида кўрсатилади.
Давлат хизматчилари байрамларда совға олиши мумкинми? Муҳим 5 саволга жавоб
Аксарият учун байрам ва бошқа тадбирларнинг завқли жиҳатларидан бири совға бериш ва олиш бўлса керак.
Хотин қизларга таълим олишда яратилган имтиёзлар
Ўзбекистон 2024 йилда гендер тенглик ва бошқарув индекси бўйича 72,8 балл тўплаган ҳолда, 2022 йил қайд этилган 103-ўриндан 52-ўринга кўтарилганини кўрсатиш мумкин.