Ҳуқуқ
17.03.2025
1 097
Сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада кучайтириш, уларнинг таълим-тарбия олиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, иқтидорли ва билимли қизларни тарбиялаш ҳамда уларнинг илмий салоҳиятини юксалтириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини ошириш, жамиятда, хусусан, давлат бошқарувида уларнинг рольини мустаҳкамлаш борасида муайян ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Албатта, бу ислоҳотларнинг ижобий натижаси ўлароқ, ўтган йиллар мобайнида давлат бошқарувидаги хотин-қизларнинг улуши 35 фоизга, тадбиркорлик соҳасида 37 фоизга, сиёсий партиялар таркибида эса 49 фоизга етди. Шунингдек, аёлларнинг улуши тиббиёт тизимида 77 фоиздан кўпроқни, таълим соҳасида салкам 74 фоиз, савдода 49 фоиз, иқтисодиёт тармоқлари, саноат ва ишлаб чиқаришда қарийб 46 фоиз, маданият ва спортда 45 фоиз, қишлоқ хўжалигида 42 фоиздан зиёдни, молия ва суғурта фаолиятида 37 фоиздан ортиқни, ахборот ва алоқа хизматида 35 фоиз, профессионал, илмий ва техник фаолиятда қарийб 34 фоизни ташкил этмоқда.
Дарҳақиқат, давлатимизда хотин-қизларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ижтимоий ҳаётнинг ҳар жабҳасида тўсиқларсиз таъминланишига эришиш мақсадида берилаётган имтиёз ва имкониятлар етарлича. Хусусан, меҳнат, оила, таълим, ижтимоий ҳимоя, тадбиркорликни ривожлантириш ва бошқа кўплаб соҳалардаги хотин-қизлар учун тақдим этилаётган имтиёз ва преференциялар нафақат хотин-қизларнинг, балки, давлатимизнинг ҳам халқаро рейтингларда юқори кўрсаткичларга эришишига замин яратмоқда.
Бунга мисол сифатида, Ўзбекистон 2024 йилда гендер тенглик ва бошқарув индекси бўйича 72,8 балл тўплаган ҳолда, 2022 йил қайд этилган 103-ўриндан 52-ўринга кўтарилганини кўрсатиш мумкин.
Маълумки, ҳар қандай соҳа бўлмасин, унинг ривожланиши учун хотин-қизларнинг потенциал шижоати, оптимал таклифлари, замонавий дунёқарашига эҳтиёж мавжуд. Шундай экан, уларнинг муайян соҳада малакали кадр сифатида етишиб чиқиши учун таълим олиш жараёни муҳим ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 50-моддасида ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳамда давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлаши белгилаб қўйилган.
Бу ўз навбатида, давлат томонидан хотин-қизларнинг бир хилда умумий ўрта ёки ўрта махсус-маълумотга эга бўлишга доир ҳуқуқи таъминланишини кафолатлайди. Бироқ, ҳозирги кунда меҳнат бозорининг талаблари камчилик ҳолатларда бундай маълумотни қабул қилиши назарда тутилади.
Мисол учун, ҳунармандчилик, касаначилик, хусусий тадбиркорлик, ташкилотларда техник ходим сифатида меҳнат фаолиятини олиб боришда юқоридаги маълумотларга эга бўлиш ва олий маълумот талаб қилинмаслиги мумкин.
Бироқ, кун сайин ривожланиб, сунъий интеллектлар табиий инсон интеллектининг ўрнини босаётган меҳнат бозорида бошқа кадрлар билан рақобатлаша олиш учун ҳар бир кадр камида олий маълумотли бўлиши тақозо этилади.
Олий таълим ташкилотининг бакалавриат ҳамда магистратура босқичларига қабул қилишда давлат томонидан хотин-қизлар учун бир қатор имтиёзлар берилган.
Хусусан, хотин-қизларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 июндаги 402-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом асосида тавсифномага эга бўлган, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 468-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзга эга бўлган абитуриентлар тоифаларидан Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатлари бўлган хотин-қизларолий таълим бакалавриат босқичида грант асосида ўқиш имкониятига эга бўлади.
Мисол учун, 2024 йилда беш йил меҳнат стажига эга, олий маълумотга эга бўлмаган 4 587 нафархотин-қизларга тавсияномалар берилиб, улардан 398 нафари давлат олий таълим муассасаларига тўлов коньтракт асосида ўқишга қабул қилинди.
Албатта, олий маълумотга эга бўлиш хотин-қизлар учун нафақат касбий ривожланиш, балки, оилавий фаровонликка ҳам сезиларли таъсир ўтказади.
Зеро, Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек,“Қизларнинг ўқиб, олий маълумотли бўлиши бутун жамият равнақи учун хизмат қилади”.
Бугунги кунда, Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида хотин-қизларнинг таълим олишлари учун кенг шарт-шароитларни яратиш ҳамда уларни илм-фанга фаол жалб этиш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Олий маълумотга эга бўлган хотин-қизларнинг илм-фан ва инновациялар соҳасида ҳам кўплаб ютуқларга эриша олиш потенсиалци юқорилиги ҳеч кимга сир эмас. Оилада, жамиятда, ижтимоий ҳаётда хотин-қизларнинг қизиқишларини ва истеъдодларини тўғри йўналтириш орқали илм-фан билан машғул қилиш учун давлатимиз томонидан ажойиб имкониятлар ҳам яратилган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги ПФ–87-сон “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг коньтракт тўловларини қайтариш шартисиз қоплаш тартиби жорий қилинган.
Ушбу имтиёздан фойдаланиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 15 августдаги 447-сон қарори билан тасдиқланган Давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичига тўлов-коньтракт асосида қабул қилинган ва таълим олаётган хотин-қизларнинг тўлов-коньтракт суммасини Ўзбекистон Республикаси Давлат буджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом асосида тартибга солинади.
Бу имтиёздан фойдаланиш истагида бўлган талабгорлар ўқув йилининг 15 сентябрига қадар ўқув йили учун тўлов-контрактнинг тўлиқ суммасини Ўзбекистон Республикаси Давлат буджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан қоплаб бериш юзасидан ўзлари таълим оладиган олий таълим муассасасининг ректори (филиал директори) номига ариза билан мурожаат этишлари кифоя.
Юқорида келтирилган имтиёзларнинг натижаси ўлароқ, 2024/2025 ўқув йилида республика олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар орасида хотин-қизлар улуши 52,2 фоизни ташкил этган.
Маълумот учун, Хоразм вилояти 62,2%, Навоий вилояти 58,6%, Сирдарё вилояти 57,8% каби улушлар билан юқори кўрсаткичларни қайд этган.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги ПФ-158-сонли Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида ҳам хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Мазкур стратегиянинг 25-мақсадида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий фаоллигини ошириш ҳамда гендер тенгликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу стратегия Янги Ўзбекистонни барпо этиш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун шароит яратиш, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, шунингдек, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган бўлиб, унда аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш муҳим вазифа сифатида илгари сурилган.
Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, хотин-қизларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш бўйича мамлакатимизда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Олий таълим ва илмий фаолиятда яратилаётган имкониятлар натижасида хотин-қизларнинг жамиятдаги ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий фаоллиги сезиларли даражада ошиб бормоқда. Хотин-қизларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш ва уларнинг фаоллигини ошириш бугунги куннинг долзарб вазифаси бўлиб, бу жараён мамлакат тараққиётининг муҳим омилидир. Шу боис, ҳар бир хотин-қиз таълим ва касбий ўсиш имкониятларидан самарали фойдаланиши, ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда фаол бўлиши лозим. Зеро, аёлларнинг билимли ва малакали бўлиши — жамият тараққиёти ва келажаги учун мустаҳкам пойдевордир.
Улашиш:
Бошқалар
Субсидияга ариза бериш бошланди: муҳим 7 саволга жавоб
Субсидия олиш учун давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали ариза берилади.
Мурожаатчи билиши лозим бўлган 5 та муҳим факт
Қонунчилигимизда мурожаатчининг мурожаати юзасидан хавфсизлигининг кафолатлари белгиланган бўлиб, мурожаатчини таъқиб этиш ман этилади.
Ходимнинг қандай маблағларини ундирувга қаратиб бўлмайди?
Бола туғилганлиги муносабати билан тўланадиган суммаларга ундирувни қаратиб бўлмайди.
Хотин қизларга таълим олишда яратилган имтиёзлар
Ўзбекистон 2024 йилда гендер тенглик ва бошқарув индекси бўйича 72,8 балл тўплаган ҳолда, 2022 йил қайд этилган 103-ўриндан 52-ўринга кўтарилганини кўрсатиш мумкин.