Ҳуқуқ
14.03.2025
1 189
1. Мурожаат қилиш конституцион ҳуқуқингиз ҳисобланади
Конституциямизнинг 40-моддасига асосан, ҳар ким бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда давлат органларига ҳамда ташкилотларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, мансабдор шахсларга ёки халқ вакилларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Бундан англашиладики, ҳеч қайси тузилма Сизнинг мурожаатингизни қабул қилишни рад қила олмайди. Агарда Сизнинг ушбу конституцион ҳуқуқингиз бузилса, ташкилотнинг ишонч рақамига ёки Адлия вазирлигининг 1008 қисқа рақамига мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ.
2. Нафақат ёзма, шунингдек, оғзаки ва электрон мурожаат қилишингиз мумкин
Қонунчиликка кўра, оғзаки, ёзма ва электрон мурожат қилишингиз мумкин. Шунингдек, баъзи ҳолатларда мурожаат қилишнинг муайян шакли белгиланган бўлади. Масалан, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг 43-моддасига кўра, фуқаро ёки унинг қонуний вакили пенсия тайинлашни сўраб ўз танловига кўра доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги буджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига ариза билан мурожаат қилиши керак. Шу сабабли, ўз ҳуқуқларимиздан қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланишни билиш ҳам, ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг дастлабки чораси ҳисобланади.
3. Аноним мурожаатлар қабул қилинмайди
Туман адлия бўлимида ишлаган вақтимда, бир фуқаро оғзаки мурожаат қилиб, унинг бузилган ҳуқуқларини тиклашимни сўраган ва мурожаатчининг шахшига доир саволлар берганимда, фақат, “мен “Яхшибоевнинг қўшнисиман”, мурожаат манзилига шундай ёзасан” деб, талаб қилган. Мен эса мурожаатни қабул қилишни рад қилганман ва мурожаатчи ҳаракатларимни ноқонуний деб ҳисоблаган.
Хусусан, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунинмизнинг 29-моддасига кўра, аноним мурожаатлар кўрмасдан қолдирилади.
Демак, мурожаатда жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги тўғри маълумотлар тақдим қилиниши лозим.
4. Ваколатларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади
Амалиётда фуқаролар ўзларининг яқин қариндошлари ёки оммавий мурожаат қилиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Албатта, қонунчиликда бунинг тартиблари ҳам батафсил белгиланган.
Жумладан, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунинмизнинг 6-моддасида агарда мурожаат вакиллар орқали берилса, мурожаатга вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши лозим.
5. Мурожаатчини таъқиб қилиш таъқиқланади
Қонунчилигимизда мурожаатчининг мурожаати юзасидан хавфсизлигининг кафолатлари белгиланган бўлиб, мурожаатчини таъқиб этиш ман этилади.
Хусусан, Жиноят кодексининг 144-моддаси 2-қисмига биноан, Жисмоний шахсни, унинг вакилини, уларнинг оила аъзоларини, юридик шахсни, унинг вакилини ва юридик шахс вакилининг оила аъзоларини улар давлат органига, давлат муассасасига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мурожаат қилганлиги муносабати билан ёхуд билдирилган фикри ва мурожаатидаги танқид учун, худди шунингдек бошқача шаклда танқид қилганлиги учун мансабдор шахс томонидан таъқиб этиш базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шоҳруҳ Жўраев,
Жиззах вилояти адлия бошқармаси
Президент ҳужжатлари ижросини назорат қилиш шўбаси
бош маслаҳатчиси
Улашиш:
Бошқалар
Субсидияга ариза бериш бошланди: муҳим 7 саволга жавоб
Субсидия олиш учун давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали ариза берилади.
Мурожаатчи билиши лозим бўлган 5 та муҳим факт
Қонунчилигимизда мурожаатчининг мурожаати юзасидан хавфсизлигининг кафолатлари белгиланган бўлиб, мурожаатчини таъқиб этиш ман этилади.
Ходимнинг қандай маблағларини ундирувга қаратиб бўлмайди?
Бола туғилганлиги муносабати билан тўланадиган суммаларга ундирувни қаратиб бўлмайди.
Хотин қизларга таълим олишда яратилган имтиёзлар
Ўзбекистон 2024 йилда гендер тенглик ва бошқарув индекси бўйича 72,8 балл тўплаган ҳолда, 2022 йил қайд этилган 103-ўриндан 52-ўринга кўтарилганини кўрсатиш мумкин.