Ҳуқуқ
19.12.2025
50

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш, суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг муҳим таркибий қисми сифатида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашнинг самарали институтларидан бири бўлган юридик маслаҳатчи ташкилотларнинг аҳамиятини ошириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.
Тижорат ташкилотларига юридик маслаҳат хизматларини лицензия олмасдан Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга ошириш имконияти берилди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юридик маслаҳат хизматларини кўрсатувчи тижорат ташкилотларининг реестри (кейинги ўринларда – Реестр)ни юритиш тартиби бўйича амалдаги қонунчиликда қандай чоралар белгиланганлиги юзасидан саволлар ва жавобларни ҳукмингизга ҳавола қилсак.
1. Юридик маслаҳат хизмати деганда ўзи қандай хизмат тушунилади?
Тижорат ташкилотлари томонидан юридик маслаҳат хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги низомга мувофиқ юридик маслаҳат хизмати деганда тижорат ташкилотларининг юридик ва жисмоний шахсларга шартнома асосида юридик маслаҳат хизматлари кўрсатиш борасидаги фаолияти тушунилади.
2. Юридик маслаҳатчилар ташкилоти қандай ташкилот бўлиб ҳисобланади?
Юридик маслаҳатчилар ташкилоти юридик маслаҳат хизматларини кўрсатувчи ва юридик маслаҳат хизматларини кўрсатувчи тижорат ташкилотлари реестрига киритилган юридик маслаҳат хизматларини кўрсатувчи тижорат ташкилоти бўлиб ҳисобланади.
3. Юридик маслаҳат хизматларини кўрсатувчи тижорат ташкилотларини Реестрга киритиш қандай амалга оширилади?
Юридик маслаҳат хизматларини кўрсатувчи тижорат ташкилотларини Реестрга киритиш уларнинг мақомини ва ваколатларининг расмий тасдиғи ҳисобланади ва ушбу ташкилотлар тўғрисидаги маълумотларни Реестрга киритиш ва бу ҳақда тегишли ёзма билдиришнома бериш орқали амалга оширилади.
Реестрга киритишда юридик маслаҳатчилар ташкилотини ташкил этишнинг мақсадга мувофиқлиги кўриб чиқилмайди ҳамда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.
4. Реестрини юритиш қайси давлат органи томонидан амалга оширилади?
Реестр тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан юритилади.
5. Реестрга киритиш учун тўланадиган ҳақ миқдори қанчани ташкил қилади?
Юридик маслаҳатчилар ташкилотини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юридик маслаҳат хизматларини кўрсатувчи тижорат ташкилотлари реестрига киритиш учун тўлов ундирилмайди.
6. Юридик маслаҳатчилар ташкилоти Реестрда ҳисобга олишни амалга ошириш учун қайси адлия органига қандай ҳужжатлар билан мурожаат қилади?
Юридик маслаҳатчилар ташкилоти Реестрда ҳисобга олишни амалга ошириш учун ташкилот жойлашган жойдаги адлия органига қонунчиликка мувофиқ шаклда ариза юборади. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
юридик маслаҳатчилар ташкилоти давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;
юридик маслаҳатчиларнинг рўйхати, шу жумладан юридик маслаҳатчи маслаҳат берадиган мамлакат ҳуқуқи тўғрисидаги маълумот;
юридик маслаҳатчилар паспортларининг нусхалари;
юридик маслаҳатчиларнинг олий юридик маълумот тўғрисидаги диплом нусхаси (агар юридик маслаҳатчи Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқи бўйича маслаҳат берадиган бўлса, Ўзбекистон Республикаси олий юридик таълим муассасаси томонидан берилган олий маълумот тўғрисидаги дипломи нусхаси, ёки хорижий олий ўқув юртида олинган олий юридик маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг эквивалентлигини эътироф этиш бўйича ваколатли давлат органининг гувоҳномаси);
меҳнат дафтарчалари нусхалари ёки юридик маслаҳатчиларнинг иш стажини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар.
7. Юридик маслаҳатчилар ташкилоти Реестрда ҳисобга олишни амалга ошириш учун ҳужжатларни ҳудудий адлия органига қандай усулда юбора олади?
Ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар юридик маслаҳатчилар ташкилоти томонидан адлия органига бевосита, почта алоқа бўлими орқали ёки электрон шаклда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда улар олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома олинган ҳолда тақдим этилади.
8. Ҳудудий адлия органи Реестрда ҳисобга олишни амалга ошириш учун тақдим этилган ҳужжатларни қанча муддатда кўриб чиқади?
Ҳудудий адлия органи бир кун муддатда Реестрда ҳисобга олишни амалга ошириш учун тақдим этилган ҳужжатларга асосан юридик маслаҳатчилар рўйхатига киритиладиган номзодларни Тижорат ташкилотлари томонидан юридик маслаҳат хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги низом талабларига мувофиқлигини ўрганиб чиқади.
9. Ҳудудий адлия органи Реестрда ҳисобга олишни амалга ошириш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш натижаси бўйича қандай ҳужжатларни қабул қилади?
Юридик маслаҳатчилар ташкилотини Реестрга киритиш ҳудудий адлия органи раҳбарининг буйруғи билан расмийлаштирилади.
Адлия органи юридик маслаҳатчилар ташкилоти тўғрисидаги маълумотлар Реестрга киритилган кундан эътиборан уч иш куни мобайнида ариза берувчига тегишли билдиришнома юборади.
10. Юридик маслаҳатчилар ташкилоти мазкур ташкилотни Реестрга киритиш билан боғлиқ маъмурий ҳужжати бўйича ҳудудий адлия органининг қарори устидан қайси идорага шикоят қилиши мумкинми?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 майдаги ПҚ-188-сон қарори билан тасдиқланган Давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий ҳужжатларнинг қонунчиликка мувофиқлигини судгача кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомнинг 30-бандига мувофиқ юридик маслаҳатчилар ташкилоти ушбу ташкилотни Реестрга киритиш билан боғлиқ масала бўйича шикоят билан давлат хизматлари марказига келиб мурожаат этганда, унинг шикояти давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, манфаатдор шахс ёки унинг вакили томонидан тасдиқланганидан сўнг реал вақт режимида апелляция кенгашларига электрон шаклда юборилади.
Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилинганда шикоят тегишли давлат хизмати туридан келиб чиқиб, автоматик тарзда апелляция кенгашларига электрон шаклда юборилади.
Турғун Азимов,
ТДЮУ профессор-ўқитувчиси
Улашиш:
Бошқалар
Давлат фуқаролик хизматчиси билиши лозим бўлган муҳим қоидалар
Давлат фуқаролик хизматчиси – бу қонунчиликка асосан давлат органларида доимий, профессионал асосда ишловчи, давлат вазифаларини амалга оширувчи шахсдир.
Ер солиғи ставкаси қандай аниқланади?
Туманлар ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашлари томонидан жорий солиқ даври учун солиқ ставкалари қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари жойлашган жойдаги солиқ органларига ҳар йили 10 январга қадар тақдим этилади.
Жисмоний шахсларнинг қайси даромадларига солиқ солинмайди?
Солиқ кодексининг 378-моддасига кўра, жисмоний шахсларнинг айрим даромад турларига солиқ солинмайди.
Никоҳдан ажратиш тартибини биласизми?
Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар суд томонидан Фуқаролик процессуал кодексида даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда кўриб чиқилади.