currencies image

12 741,76 UZS

26,69

usd

currencies image

14 035,05 UZS

6,20

eur

currencies image

139,85 UZS

0,14

ru



АсосийЯнгиликларҚалбаки тил сертификати сотган нафсига қул кимсалар

Қалбаки тил сертификати сотган нафсига қул кимсалар

Ҳуқуқ

calendar

07.08.2024

eye

2 328

Қалбаки тил сертификати сотган нафсига қул кимсалар

Нафс балоси инсонни ҳар кўйга солади, бор-будидан айиради, эл ичида обрўсини тўкиб, шарманда-ю шармисор қилади. Ҳаммасидан ҳам ўқиган-тушунган, яхши касби, тайинли иш жойига эга бўлган ношукурларнинг нафс домига илинишини асло оқлаб бўлмайди. “Қаҳрамон”ларимиз олий маълумотли, умумий ўрта таълим мактабларида инглиз тили фанидан ёшларга сабоқ бераётган устоз-муаллималар эканини эшитганлар таажжубланиши аниқ. Аммо, минг афсуски, судда бир эмас, 4 нафар ўқитувчининг қалбаки сертификат билан устама олиб юргани етмаганидек, бошқаларга ҳам сохта сертификат сотгани тўғрисидаги жиноят иши кўриб чиқилиб, далиллар билан ўз тасдиғини топди.

Зумрад Алиева – (исм-шарифлар ўзгартирилган) Навоий шаҳридаги 7-умумий таълим мактабида инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишлаган. Айни пайтда бола парвариши таътилида. Марзия Собирова – Навоий шаҳридаги 7-умумтаълим мактабининг инглиз тили ўқитувчиси. Айни пайтда туғуруқ таътилида. Насиба Ботирова – Навоий шаҳридаги 7-умумтаълим мактабининг инглиз тили ўқитувчиси. Ноила Нурматова – Навоий шаҳридаги 16-умумтаълим мактабининг инглиз тили ўқитувчиси. Барчасининг “дарди” бир хил – қалбаки сертификат бу устозларнинг бошига бало бўлди.

Бу жиноят тафсилотлари билан танишган одам болаларнинг келажаги бундай ўқитувчилар қўлига топшириб қўйилганига ачинади. Зумрад Алиева Карманадаги 8-умумтаълим мактабининг инглиз тили ўқитувчиси Лола Ортиқова билан танишиб қолади. У ҳамкасб аёлнинг С1 даражадаги “Aptis for teachers” халқаро сертификатини олиш истагида эканини билиб, қинғир ишга қўл уради. Президентимизнинг 2021-йил 19-майдаги “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 5-бандига кўра, 2021-2022-ўқув йилидан бошлаб, таълим муассасаларининг камида С1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга хорижий тил ўқитувчиларига уларнинг базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик 50 фоиз миқдорида қўшимча устама тўланади. З. Алиева С1 даражадаги халқаро сертификатини олиб бериш ўзининг хизмат вазифасига кирмаслигини била туриб, уни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида қонунга хилоф равишда Л. Ортиқовага 800 АҚШ доллари эвазига тизимда мавжуд бўлмаган қалбаки сертификатни “сотгани”ни, гарчи тан олмаган бўлса-да, гувоҳларнинг ва жабрланувчиларнинг кўрсатмалари билан унинг айби ўз исботини топди.

Иши юришиб кетган муаллиманинг иштаҳаси очилиб, яна янги “ўлжа”сини излаганига нима дейсиз? Бу гал у таниши С. Мўминова ёрдамида Навбаҳор туманидаги 15-умумий таълим мактабининг инглиз тили ўқитувчиси Маъмура Баротовани тузоққа илинтиради. Унга ҳам 1000 АҚШ доллар эвазига худди шундай сохта сертификат тайёрлаб беради.

Ўзгаларга қалбаки сертификат олиб бергани камлик қилганидек, фирибгар ўқитувчи З. Алиеванинг ўз номига олинган ва мактабга топширилган С1 сертификат ҳам сохта эканига нима дейсиз? Президент қарори чиққанидан сўнг кўпчилик ўқитувчилар сертификат олиш учун ўзларини турли ноқонуний йўлларга ургани жуда ачинарли, албатта. Аммо З. Алиевани телеграм ижтимоий тармоғидаги гуруҳлар орқали сертификат олиб, алданган замондошларимиздан бири десак, хато қиламиз, чунки унинг катта пул эвазига бошқаларни ҳам алдаб, шу йўлга бошлаганини оқлай олмаймиз.

Марзия Собирова эса ёш бўлса-да, устаси фаранг устозлардан экан. У 2022-йилда 7-умумтаълим мактабига инглиз тили ўқитувчиси сифатида ишга кирган бўлишига қарамасдан, мўмай даромад олишнинг “кўзини” биладиган ёшлардан чиқди. У халқаро сертификатга эга бўлган ўқитувчиларга устама пули тўлаб берилишини билгани учун шахси номаълум шахслар билан жиноий тил бириктириб, тизимда мавжуд бўлмаган ҳужжатни тайёрлаб, ўзи ишлаётган мактаб маъмуриятига тақдим қилади. Ёш муаллима қалбаки сертификат билан 1 миллион 251 минг 982 сўм миқдорида устама тўловларини олиб келгани судда ўз исботини топди.

Ўн олти йилдан буён мактабда ёшларга таълим бериб келаётган Насиба Ботировани нима жин урди дерсиз! У ҳалигача ўзи ҳаётдан етарли сабоқ олмагани учун суднинг қора курсисига ўтиришга мажбур бўлди. Насиба ўз фойдасини кўзлаб, ишлаётган мактабига қалбаки сертификат тақдим қилгани учун 2 миллион 691 минг 752 сўм миқдорида устама олган бўлса, энди суднинг ҳукми билан жарима тўлашга мажбур бўлди.

17 йилдан буён ўқитувчилик қилиб келаётган Ноила Нурматова ҳам ўзи била туриб қалбаки сертификатни ишлаётган мактабига тақдим қилади. У ҳам ноқонуний устама тўловларини олишдан виждони қийналмаганлардан.

Навоий вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тасарруфидаги умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган чет тилларини билиш даражаси бўйича халқаро тан олинган ҳамда умумтаълим фанларини билиш тўғрисидаги сертификатлар бўйича текшириш ўтказилди. Мавжуд 2 минг 679 та сертификатнинг ҳаққонийлиги текширилганда, 221 та сертификат маълумотлар киритишда хатоликка йўл қўйилгани ва таҳрирлаш учун қайтарилгани, 2 минг 377 та сертификатнинг ҳаққонийлигини текшириш бўйича веруфикациядан ўтказиш жараёнида З. Алиева, М. Собирова, Н. Ботирова, Н. Нурматова, Л. Ортиқова ҳамда М. Баротоваларга тегишли “Aptis for teachers” халқаро сертификати тўғрисидаги маълумот тизимда мавжуд эмаслиги аниқланди.

“Бошингга не бало келса, бировданмас, ўзингдан кўр...” деб бекорга айтилмаган. Дарҳақиқат шундай. Ўз нафсига қул бўлган, эгри йўл билан бойлик орттиришдан қайтмайдиган, бировнинг ҳаққига, қолаверса, давлатнинг мулкига кўз олайтирган кимсаларнинг қонун олдида жавоб бериши муқаррар.

Суд судланувчиларнинг ва гувоҳларнинг кўрсатмаларини муҳокама қилиб, тегишли хулосага келди. Судланувчи З. Алиевага Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан бир йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни давлат таълим муассасаларида ўқитувчилик вазифасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 8 миллион 250 минг сўм жарима жазоси тайинланди.

Ўзлари учун моддий манфаат ва муайян ҳуқуқ берадиган, аммо “Билим ва кўникмаларни баҳолаш маркази” МЧЖнинг хатига кўра, тизимда мавжуд бўлмаган С1 даражадаги халқаро сертификатини сохталаштириб, устама пулларини олиб юргани учун М. Собирова, Н. Ботирова ва Н. Нурматоваларга эса Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан 3 миллион 630 минг сўм жарима жазоси тайинланди. Тарбиячининг ўзи тарбияланган бўлиши керак, деганлари шу бўлса керак-да!

Дилобар ПАРДАЕВА,

жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди судьяси,

Маруса ҲОСИЛОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири

Улашиш:

Бошқалар

21-август 2024, 12:46
1 367

Ўзбекистонда ресторан ва кафеларга ўзларига туташ майдонларда ёзги террасага рухсат берилади

ҚҚС тўлашга ўтган ресторан ва кафеларга фойда солиғи 2 карра камаяди. 1 декабрдан бу корхоналар нақд пулга сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кирим қилишда ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди.


24-август 2024, 11:07
1 324

Президент Мустақиллик байрами муносабати билан қатор соҳа вакилларини мукофотлади

"Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат соҳалари ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Президент фармони эълон қилинди.


23-август 2024, 06:10
1 308

Ўзини ўзи банд қилган шахслар қандай солиқ тўлайди?

Солиқ кодексининг 461-моддасининг биринчи қисми 2-бандига асосан солиқ даврида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромади юз миллион сўмдан ошган, лекин бир миллиард сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар ҳисобланиши белгиланган.


24-август 2024, 04:13
1 259

Янги ўқув йилининг бошланиш саналари маълум бўлди

ОТМларда янги 2024/2025 ўқув йили 9 сентябрь, душанба куни бошланади.