Ҳуқуқ
01.11.2024
1 723
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сонли қарори билан тасдиқланган “Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари”га кўра, иситиш даври ташқи ҳавонинг ўртача суткалик ҳарорати 8°Сдан паст бўлган 5 кунлик давр тамом бўлган кундан кейинги кундан бошланиши, 8°Сдан юқори бўлганда эса тамомланиши керак. Аммо мутахассислар Вазирлар Маҳкамасининг бундан ўн йил олдинги қарори билан белгиланган мазкур қоида бугунги кун стандартларига жавоб бермаслигини ва уни қайта кўриб чиқиш зарурлиги ҳақида фикрларни билдиришмоқда. Бугун биз куннинг энг долзарб мавзуси бўйича истеъмолчилар ҳуқуқига доир бир неча саволларга жавоб қидирамиз.
1. Иссиқлик таъминоти соҳасида кимлар истеъмолчи ҳисобланади?
– Истеъмолчининг ким бўлиши, яъни фуқаро ёки юридик шахс ёхуд шартнома тарафи бўлиши коммунал хизмат турларидан келиб чиқиб фарқланади. Масалан, иссиқлик таъминоти соҳасида истеъмолчи – кўп квартирали уйда иссиқлик таъминоти шартномаси бўйича ёки бошқа қонуний асосда хонадонга мулк эгаси ҳуқуқидан фойдаланувчи, иссиқлик таъминоти шартномаси бўйича иссиқлик таъминоти хизматларидан фойдаланувчи юридик ёки жисмоний шахс ҳисобланади.
2. Иссиқлик таъминоти хизмати учун тўланадиган ҳақ қандай тартибда аниқланади?
– Жисмоний шахсларга кўрсатиладиган иссиқлик таъминоти хизматларига тарифлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, яъни иситиладиган майдоннинг бир квадрат метрига (сўм/кв.м/ой) ҳисоблаш тартибида аниқланади.
3. Кўп хонадонли уйларда иссиқлик таъминотидан фойдаланувчи истеъмолчининг мажбуриятлар нималардан иборат?
– Иссиқлик таъминотидан фойдаланувчи истеъмолчининг ҳуқуқлари билан бир вақтда мажбуриятлари ҳам бор. Жумладан, истеъмолчи:
квартира ичидаги асбоб-ускуналарнинг носозликлари (авариялар) аниқланганда уларни бартараф этиш юзасидан мумкин бўлган барча чораларни кўриш;
иситиш ва иссиқ сув таъминотининг уй ичидаги тизимларидаги авариялар, шунингдек иссиқлик энергиясидан фойдаланишда юзага келадиган бошқа бузилишлар тўғрисида тегишли равишда Ижро этувчига ёки Етказиб берувчига дарҳол хабар бериш;
тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда тўлаш;
иссиқлик энергиясидан фойдаланишда техника хавфсизлиги чораларига риоя этиш;
юз берган ўзгаришлар (эгаси, одамлар сони, майдон ўзгариши, турар жой фондидан нотурар жой фондига ва нотурар жой фондидан турар жой фондига айлантириш) пайтидан (кунидан) бошлаб 10 иш кунидан кечикмай иссиқлик таъминоти хизматларидан фойдаланиш шартномаси шартлари ўзгарганлиги тўғрисида Етказиб берувчини ўз вақтида хабардор қилиш кабиларга мажбур.
4. Истеъмолчи иссиқлик таъминоти бўйича нималарни қилиши мумкин эмас?
– Иссиқлик таъминоти хизматларини қабул қилаётган Истеъмолчи учун қуйидагилар тақиқланади:
иситиш тизимидан иссиқлик манбаини чиқариб ташлаш;
уй ичидаги иссиқлик тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиб олиш ёки ҳисобга олишнинг умумий ёки индивидуал ҳисобга олиш асбобларини четлаб ўтиб уларга уланиш, тегишли ўзгаришларни белгиланган тартибда киритмасдан иссиқлик таъминотининг уй ичидаги тизимларига ўзгартиришлар киритиш;
турар жой хонасида ўрнатилган иситиш асбобларининг иситиш юзасини хонанинг техник паспортида кўрсатилган параметрлардан ортиқ ўзбошимчалик билан кўпайтириш, шунингдек қўшимча тартибга солувчи ва тик қувур арматурасига ўрнатиш;
кўп қаватли уйнинг иситиш ва иссиқ сув таъминоти тизимидан алоҳида турар ва нотурар жойларнинг иситиш асбобларини демонтаж қилиш орқали иситиш тизимидан узиб қўйиш;
иссиқлик энергиясидан унинг бевосита вазифасидан бошқа мақсадда фойдаланиш;
иссиқлик таъминоти шартномасида белгиланган иссиқлик энергиясидан фойдаланиш тартибини бузувчи хатти-ҳаракатларни содир этиш.
5. Иссиқлик таъминотини тўхтатиб қўйиш мумкинми? Бу қандай тартибда амалга оширилади?
– Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибга мувофиқ Етказиб берувчи:
истеъмолчи тўловни иссиқлик таъминоти шартномасида назарда тутилган муддатларда иссиқлик энергияси учун тўлов ҳужжати бўйича амалга оширмаган ҳолатларда;
истеъмолчиларнинг иссиқлик таъминоти тизимларига ўзбошимчалик билан уланиб олган ҳолатларда иссиқлик энергияси беришни тўлиқ ёки қисман тўхтатиш чора-тадбирларини кўриш ҳуқуқига эга.
Бунда камида 2 сутка олдин истеъмолчи ёзма равишда огоҳлантирилиши керак. Шунингдек, аварияларнинг олдини олиш ёки уларни бартараф этиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўриш учун Етказиб берувчи истеъмолчиларга иссиқлик энергияси етказиб беришни тўхтатиш ҳуқуқига эга, бироқ узиб қўйиш сабаблари тўғрисида дарҳол билдиришнома юборади.
6. Қандай ҳолатларда Етказиб берувчи иссиқлик энергияси таъминотидаги узилишлар ва сифат бўйича жавобгарликдан озод ҳисобланади?
– Етказиб берувчи истеъмолчилар олдида иссиқлик энергиясини етказиб беришдаги танаффуслар, иссиқлик бериш параметрларининг пасайиши ва иссиқлик энергиясини етказиб бермасликка сабаб бўлувчи қуйидаги ҳолатларда:
Етказиб берувчининг асбоб-ускунаси ишдан чиқишига сабаб бўлган табиий офатлар, шунингдек ёнғин ва ташқи ҳавонинг ҳарорати 30С дан паст ва ушбу жойда иситишни лойиҳалаштириш учун қабул қилинган ҳисоб-китобдаги ҳарорат 48 соатдан кўп давом этадиган узоқ муддатли совуқ тушиши, бирламчи сув сифатининг ёмонлашиши;
хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг ходимлари ва истеъмолчилар томонидан иссиқлик таъминоти режими ўзгаришига сабаб бўлган бузилишлар;
бир неча сутка мобайнида Ижро этувчи ёки истеъмолчилар томонидан шартномавий иссиқлик юкламалари оширилишига ёки иссиқлик манбаи параметрларининг пасайишига олиб келган унинг учун белгиланган иссиқлик истеъмоли режимларига риоя қилмасликка йўл қўйилиши туфайли иссиқлик энергияси тўлиқ берилмаслиги учун Истеъмолчилар олдида моддий жавоб бермайди.
7. Хонадонга иссиқлик энергияси етказиб берилмаган ёки зарур сифатда етказиб берилмаган ҳолатлар қандай тартибда расмийлаштирилади?
– Агар иссиқлик энергияси етказиб берилмагани ёки зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилганлигининг сабаблари маълум бўлса, Етказиб берувчи (Ижро этувчи) бу ҳақда дарҳол (истеъмолчига) хабар бериши ва буюртмаларни рўйхатдан ўтказиш дафтарида тегишли ёзувни қайд этиши шарт. Ушбу белги иссиқлик энергияси етказиб берилмагани ёки зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилганлиги ҳолати Етказиб берувчи (Ижро этувчи) томонидан эътироф этилиши учун асос ҳисобланади.
Агар иссиқлик энергияси етказиб берилмагани ёки зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилгани сабаблари Етказиб берувчига (Ижро этувчига) маълум бўлмаса, Етказиб берувчи (Ижро этувчи) кўрсатиб ўтилган ҳолатларни аниқлашнинг ва иссиқлик энергияси сифатини текширишнинг аниқ вақти ва санасини истеъмолчи билан келишиши шарт. Текшириш натижалари бўйича далолатнома тузилади. Далолатнома истеъмолчи (ёки унинг вакили), Етказиб берувчи (ёки унинг вакили), Ижро этувчи (ёки унинг вакили) томонидан имзоланади. Агар улар иссиқлик энергияси сифатига ёки иссиқлик таъминоти кўрсатилишига нисбатан ягона қарорга келмасалар, у ҳолда улар томонидан иссиқлик энергияси сифатини баҳолашнинг янги вақти ва санаси белгиланади, унга маҳаллий давлат ҳокимияти органи, стандартлаштириш органлари, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоат ташкилотлари, ваколатли давлат органлари вакиллари ҳамда Етказиб берувчи ва Ижро этувчининг вакиллари таклиф этилади.
Иссиқлик энергиясининг сифатини такроран баҳолаш натижалари бўйича иссиқлик энергияси етказиб берилмагани ёки зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилганлиги тўғрисида далолатнома тузилади. Далолатнома Истеъмолчи (ёки унинг вакили), Етказиб берувчи (ёки унинг вакили), Ижро этувчи (ёки унинг вакили) томонидан имзоланади. Кўрсатиб ўтилган шахслар билан биргаликда далолатномани маҳаллий давлат ҳокимияти органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари имзолаши мумкин.
Иссиқлик энергияси етказиб берилмаганги ёки зарур сифатда етказиб берилмагани тўғрисидаги далолатномада сифат параметрлари бузилиши, иссиқлик энергиясини етказиб бериш тўхтатилиши бошланишининг ёки зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилганлигининг вақти ва санаси кўрсатилади.
Улашиш:
Бошқалар
Пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатлари кенгайтирилади
Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-999-сон, 15.11.2024 й.) билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг айрим моддаларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.
Юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари рағбатлантирилади
Қонунга кўра, юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига нисбатан солиқлар бўйича (бундан ҚҚС мустасно) ортиқча тўланган суммани қайтариш 3 кунлик муддатда амалга оширилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.