currencies image

12 692,42 UZS

100,85

usd

currencies image

14 511,24 UZS

34,54

eur

currencies image

158,44 UZS

4,62

ru



АсосийЯнгиликларҲаётнинг кўз илғамас зарралари

Ҳаётнинг кўз илғамас зарралари

Ҳуқуқ

calendar

02.08.2025

eye

48

Ҳаётнинг кўз илғамас зарралари

 Барчамиз  бу ҳаётда йўловчимиз. Манзилимиз ҳар хил– олис ва яқин, ниятлар ҳам турлича– яхши – ёмон.  Кундалик ҳаётда  ҳаммамиз турфа феълли одамларга, турли воқеа ва ҳодисаларга дуч келамиз. Ҳаётдан олинган бу кичик воқеаларда   айрим инсонларнинг  асл қиёфаси яширинган.

                   Ҳайдовчининг ҳикояси

Ҳар куни одамлар хизматидаман. Турли қиёфалар, турли характерлар билан тўқнашаман. Бир кунлик таассуротларимни айтсам худди кинолентасига ўхшайди. Таксига пулсиз чиққан йўловчи манзилига етганда буни эслаши ва узр ҳам сўрамай машинадан тушиб кетиши,  ёки машина чақириб қўйиб, режаси ўзгаргач, телефонини ўчириб қўйиб  сизни  калака қилиши,  буюртмани бошқа манзилга бериб, сизни бошқа манзилга  буриши, хуллас, бундай ҳангомалар жуда кўп.  Яқинда бўлган мана бу ҳангома эса, мени анча  ҳушёр торттирди.  “Яндекс”орқали буюртма берган навбатдаги мижозни  кутиб тургандим. Машинага   вақт алламаҳал бўлишига қарамасдан бир  ёшгина аёл чиқди. Биринчи ҳайратим– ўранган бегона аёлнинг машина орқа ўриндиғига эмас, олдинги ўриндиққа ўтирганидан бошланди. Унинг   тап тортмай “Чексам майлими?” деган саволини эшитиб, ундан баттар  таажжубландим.

Мен  машина салонида  тамаки ҳидини мижозлар ёқтирмаслигини, “Яндекс” идорасига шикоят қилишларини айтиб эътироз билдиришга оғиз жуфтлашим билан у яна  ҳеч  истиҳола қилмай,  хижолат ҳам бўлмай “ электрон сигарет  чекаман, хавотирланманг” деб қолди. Эътирозга сўз топа олмадим,   товба... дедим холос.”

 “Ишимдан  воз кечганман”

Бу йигит  эса адолатсизликка чидай олмасдан ўз ишидан воз кечишга мажбур бўлганини   айтиб берди:

"Олий маълумотлиман. Мажбурий ижро бюросида  анча йилдан буён ишлардим. Ойлик маошим ва хизмат лавозимим ёмон эмасди. Ишимизни биласиз. Хоҳлаймизми, йўқми, суд қарорларининг ижросини таъминлаш учун  ҳар хил одам билан тўқнашамиз,   кўпчилик гоҳида биздан норози бўлиши табиий. Кимларнингдир  қарздорликларни тўлашга имкони бору аммо тўламайди, кимлардир эса  ночор, имконсизлигидан тўлай олмайди.

Одатдаги иш кунларимиздан бирида  давлат ресурсларидан хуфиёна фойдаланаётган  “ишбилармоннинг, аниқроғи, “лицензияланган ўғри”нинг   сири очилди. Аммо  “юқори”дан кўриб-кўрмасликка олишимиз кераклигини айтишди. Ёпиғлиқ қозон ёпиқлигича  қолсин деди  раҳбарим.  Давлатга миллионлаб зарар етказган “ишбилармон”  сувдан қуруқ чиқди. Хиёнатига яраша чора кўриш ўрнига ўз қинғир ишини давом эттирди.  Менинг норозилигим ҳеч нарсани ҳал қилмаслигини тушундим.

Яна бир гал ижро учун ҳеч кими йўқ,  ёлғиз кекса онахоннинг уйига бордик. Онахон тўловлардан қарздорлиги борлигини билади, аммо тўлашга имкони йўқ. Тўловлар устига “қўндирилган” пеня эса  “отнинг калласи”дек.   Ночор аҳволда  яшаётган муштипар аёлнинг уйидаги мол-мулкини қарздорликка қаратишга ҳужжат қилишни талаб қилган  раҳбаримга қарши чиқдим: “Бечора  ночор экан,  ёлғиз кекса аёлга жабр қилмайлик” дедим.  Бошлиғим менга давлатга қарши  чиқаяпсанми, деб акт тузишга мажбурлашига, акс ҳолда ўзимга қарши  чора кўриши мумкинлигини айтиб  пўписа қилишига чидай олмадим. Хуфиёна ўғрилик қилаётган, давлатга катта зарар етказаётган   ўша “бизнесмен”нинг қилмишини шартта  юзига солдим. Бошлиғим баттар ғазабланди, ўзини оқлашга сўз топа олмади, аммо мен бундай одамлар билан ишлай олмаслигимни англаб, ишдан бўшаб кетдим. Ҳозиргача ишсизман, аммо виждоним  тинч".

Қуриган дарахт учун жарима тўлашга тайёрман

Яна бир суҳбатдошимиз ёши улуғ, ҳаётнинг пасту баландини кўрган инсон.  Пойтахт ҳавосининг ифлосланишидан азият чекаётганини,  оиласидагилар турли аллергик хасталикларга чалинаётганини айтиб куйинди. Қурилишларни деб катта бойлигимизни–жонли дарахтларни йўқотаётганимизни афсус билан таъкидлади.   Янги турар жой биноларини қураётганлар юзлаб  дарахтларни кесиб ташлаётганига барчамиз гувоҳмиз, аммо  уларни тўхтатишга кучимиз етмайди. Уларга жарима солиш ўрнига, уларни кўриб –кўрмасликка олаётган  табиатни муҳофаза қилишга масъуллардан фойда йўқ. Аслида уларнинг айримларини табиатга зиён етказаётганларнинг шериклари десак, тўғри бўлади.  Уч тўрт йилдан буён  ҳовлимиз дарвозаси ёнидаги қуриб битган  дарахтни кесиб, ўрнига  бошқа мевали дарахт экишга рухсат  ололмай овораю сарсонман.  Маҳалладан   рухсат олиб беришини сўраб бир неча бор мурожаат қилдим,  экологиядагиларга  тушунтирдим,  келиб кўринглар дедим, афсуски, фойдаси йўқ. Отам раҳматли бир вақтлар экиб кетган, бугун фақат қуриган шохлари қолган шу  дарахт учун ҳатто  жарима тўлашга ҳам тайёрман. Аммо  шунда ҳам рухсат  беришмаётганига нима дейсиз?!

Журналист шарҳи:

 Ҳа замондошларимизнинг куйинганича бор.

Одамларнинг қиёфаси ўзгараётгани, айниқса аёллар, ёшларнинг юзидан  ҳаё, ибо пардаси кўтарилиб кетаётгани, шарқона одобимиз, ахлоқимиздан айрилаётганимиз ачинарли албатта. Аёлнинг зиммасида миллат тарбиячиси  деган масъулиятни  назарда тутадиган бўлсак,  аёли тамаки чекадиган оилада қандай авлод вояга етишини ўйлашнинг ўзиёқ хавотирга солади кишини.

Инсонийликдан, меҳр-оқибатдан  узоқлашиш ҳам миллатимиз шаънига ярашмайдиган иллат. Кексаларни қадрлаш, уларга мурувватли бўлиш қонунларимизда акс этган бўлишига қарамасдан, уларнинг дилига озор  бераётганлар ҳам афсуски, оз эмас. Коммунал тўловларни  вақтида тўлашга маблағи етмаётган кекса муштипар онахонга  уйдаги  мулкини олиб қўйиш билан дағдаға қилган  мажбурий ижро бюросидаги амалдорнинг қилмишини гарчи  хизматчилик бўлса ҳам оқлаш қийин.

   Табиат эса бизни қуршаб турган, бизни суяб турган умумий қўрғонимиз. Табиатнинг ўз қонуни ва  оддий ҳақиқати борлигини,  унга озор берсак, ортиғи билан ўзимизга қайтишини, тажовуз қилсак, топтасак у биздан  аёвсиз ўч олишини  кўп ҳолларда унутиб қўямиз.  

Тошкент шаҳри кўчаларида “Дарахт арралаймиз!” деган ёзувли  дарахт кесаётган арра сурати туширилган машиналар  пайдо бўлганига анча бўлди. Демак бу хизмат оммалашгани аниқ. Ҳаддимиздан ошиб кетмаяпмизми?

Инглиз рассоми Фрэнсис  Бэкон таъбири билан айтганда: “Табиат устидан ҳукмронликни мўъжиза деб атаймиз. Аммо бу “мўъжиза” одатда бошимизга фақат кулфат ёғдиради.”

Ҳар бир  кичик воқеада ҳаётннг  кўз илғамас зарралари, таъбир жоиз бўлса зарбалари, келажакка  оғир асоратлари борлигини сезгандирсиз?!

Маруса ҲОСИЛОВА,
журналист

Улашиш: