currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларҲақорат фақат жазо билан тугамайди: маънавий зарар учун товон ҳам ундирилиши мумкин

Ҳақорат фақат жазо билан тугамайди: маънавий зарар учун товон ҳам ундирилиши мумкин

Ҳуқуқ

calendar

02.11.2026

eye

74

Ҳақорат фақат жазо билан тугамайди: маънавий зарар учун товон ҳам ундирилиши мумкин

Кўпчилик ҳақорат учун жазо жарима билан тугайди, деб ўйлайди. Аслида қонун жабрланувчига яна бир ҳуқуқни яъни ҳақорат туфайли кўрган маънавий азоби учун зарарни қоплаш имкониятини ҳам беради.

Ҳақорат учун қандай жавобгарлик бор?

Ҳақорат биринчи марта қилинса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасига кўра жарима солинади. Жарима миқдори 8 миллион 800 минг сўмдан 17 миллион 600 минг сўмгача етади (2026 йил 1 сентябрдан БҲМ 440 000 сўм).

Агар ҳақорат маъмурий жазодан кейин такроран ёки ижтимоий тармоқлар, Интернет орқали содир этилса, Жиноят кодексининг 140-моддасига кўра жиноий жавобгарлик юзага келади. Жазо оғирлаштирувчи ҳолатларда базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваридан 600 бараваригача (176–264 млн сўм) жарима, 2–3 йил ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилгача озодликни чеклашгача етади. Бироқ бу жазолар давлат олдидаги жавобгарликдир. Жарима давлат бюджетига тушади, жабрланувчининг ўзига эса ҳеч нарса тегмайди.

Маънавий зарарни ундириш ҳуқуқи?

Маънавий зарар деганда жабрланувчига қарши содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳаракати (ҳаракатсизлик) оқибатида у бошидан кечирган (ўтказган) маънавий ва жисмоний (камситиш, жисмоний оғриқ, зарар кўриш, ноқулайлик ва бошқа) азоблар тушунилади.

Фуқаролик кодексининг 100-моддасига кўра ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатилган фуқаро бундай маълумотлар рад этилиши (раддия, ижтимоий тармоқлардан ўчириш ва бошқа) билан бир қаторда уларни тарқатиш оқибатида етказилган зарарлар ва маънавий зиённинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳақли.

Фуқаролик кодекснинг 1021-моддасига мувофиқ маънавий зарар уни етказувчининг айби бўлган тақдирда, зарар етказувчи томонидан қопланади. Бироқ, зарар ор-номус, қадр-қиммат ва ишчанлик обрў-эътиборини ҳақоратловчи маълумотларни тарқатиш туфайли етказилган бўлса маънавий зарар уни етказувчининг айбидан қатъи назар қопланади.

Хўш бу нима дегани?

Масалан, А. ижтимоий тармоқда Б.нинг шаъни ва обрўсини камситувчи маълумот жойлаштирди. В. эса ушбу маълумотни ўз саҳифасида қайта тарқатди. Бундай ҳолатда маънавий зарарни қоплаш талаби нафақат маълумот муаллифига, балки уни тарқатишда иштирок этган шахсга нисбатан ҳам қўйилиши мумкин.

Маънавий зарарнинг миқдори

Фуқаролик кодексининг 1022-моддасига кўра, маънавий зарар пул билан қопланади. Унинг миқдорини суд белгилайди. Бунда суд жабрланувчи чеккан азобларнинг хусусиятини, унинг шахсий хусусиятларини, зарар етказувчининг айби даражасини, шунингдек оқилоналик ва адолат талабларини ҳисобга олади. Маънавий зарар мулкий зарардан алоҳида ундирилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб билиб қўйишингиз керак бўлган 4 та муҳим жиҳат:

Маънавий зарар жазодан алоҳида ундирилади. Ҳақоратчи жарима тўлаган ёки судланган бўлса ҳам, сиз маънавий зарарни талаб қилишга ҳақлисиз.

Маънавий зарар миқдорини суд белгилайди. Суд азобларнинг хусусияти, айбдорнинг айби даражаси, оқилоналик ва адолат талабларини ҳисобга олади.

Даъво муддати йўқ. Маънавий зарарни ундириш талабларига даъво муддати қўлланилмайди.

Бошқа талаб ҳам қўйилиши мумкин. Жабрланувчи маънавий зарар билан бирга раддия бериш, ҳақоратли постларни ўчириш ва оммавий кечирим сўрашни ҳам талаб қилиши мумкин.

Нима қилиш керак?

Ҳақорат қилиш ҳолатига дуч келсангиз, имкон қадар далилларни сақлаб қўйинг скриншот, ҳавола, аудио-видео ёзув, гувоҳлар.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинг.

Маънавий зарарни ундириш учун фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризаси беринг. Агар жиноят иши қўзғатилган бўлса, шу иш доирасида фуқаровий даъво билдиришингиз мумкин.

Эсда тутинг: сўз ҳам инсон қалбига жисмоний жароҳатдан оғирроқ зарар етказиши мумкин. Қонун эса ҳар бир фуқарога ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳуқуқини кафолатлайди.

 

 

Шуҳрат Сулаймонов,
Адлия вазирлиги
Ҳуқуқий ахборот бошқармаси
бош масалаҳатчиси

Улашиш: