currencies image

12 844,21 UZS

11,72

usd

currencies image

13 508,26 UZS

62,46

eur

currencies image

127,35 UZS

0,81

ru



АсосийЯнгиликлар“Ҳамза Ўзбекистоннинг охирги драматурги”: Қамариддин Ортиқов билан суҳбат (2-қисм)

“Ҳамза Ўзбекистоннинг охирги драматурги”: Қамариддин Ортиқов билан суҳбат (2-қисм)

Ўзбекистон

calendar

09.09.2023

eye

1 196

“Ҳамза Ўзбекистоннинг охирги драматурги”: Қамариддин Ортиқов билан суҳбат (2-қисм)

— Ҳомий топиш шунчалик қийинми? Тарихимизга назар солсак ҳам, интеллектуал соҳа одамларига ҳомийлик қилиш урф бўлмаганини кўрамиз. Бу қандайдир касалликка ўхшайди. — Адабиётчиларга осон-да ёзиб қўяверишади. Балки шундан ўзбек жамиятининг кейинги, масалан, 300 йиллигини кузатсак, фақат шеърият ривожланган. На музейлар ташкил қилинган, на физиклар пайдо бўлган, на театр ривожланган. Интеллектуал ва ижод соҳалари жиддий қаралмаган бўлса керак. Фикрлашда хурофот устунлигидан бўлса керак. Ҳозир театримизнинг актёри, бухоролик, юртига кетиши керак. Шахсий масалаларини ҳал этиши керак. Моддий қўллови бўлмаса, ҳал этолмайди. Театр эса моддий ёрдам беролмайди. Бошқа соҳаларда ҳам шу аҳвол. Шунинг учун ҳам жамиятимиздан на дунё миқёсидаги физик чиқади, на файласуф, на психолог чиқади ёки кино ишланади. Ёки театр ривожланади. Маиший муаммолар истеъдодни еб битиради. — Ҳомий қидирмайсизми? — Йўқ, қидирмаймиз. — Қидиришни хоҳламайсиз ҳам шекилли? — Ҳа. Унчалик ҳаракат ҳам қилмадик-да,умуман ҳаракат қилмадим. — Ҳомийлик учун таклифлар тушса қабул қиласизми? — Қаранг-да, ўшандаям, театр талабни қўйиши керак. Ҳомий эмас. Яъни, театрнинг ишига аралашмаслиги керак. Театр ғоясини бошқа йўналишга буриб юбормаслиги керак. Балки шундан бизнинг жамиятда ижод аҳлига ҳомийлик қилишдан қўрқишади. Бу нимани билдиради, демак, боя айтганим, охирги 300 йилликда, демак, эркинлик бўлмаган. Ҳомийлар таъқибга учраб қолишдан қўрқишади. Ҳомий , масалан, театрнинг ижодий ишига аралашмаслиги керак. Бунга тайёр одамлар жудаям кам. Ҳомий қандайдир талаблар ёки буйруқ оҳангини ишлатса, у ҳомий эмас, сенсор холос. Маданият вазирлигида, театр жамиятида ишлаганман. Улардаги консерватизмни ва кирдикорларини яхши биламан. Замонавий санъатни тушунмасликларини биламан. Менга ундай босимлар керак эмас-да. Бизда иқтисодий эркинлик ҳам йўқ-да. Тирик одамлар бор, улар иқтисод жиҳатдан театрга ёрдам бермоқчи бўлишади. Лекин бюрократия тўсиқлари бор, шундан улар қочишади. Уларга бош оғриқ керак эмас-да. Бу айтганим, ҳамма соҳаларда шундай. Кино соҳасида ҳам. — Санъаткорнинг олий миссияси нима? Китобий савол, лекин… — Мана, қаранг-да, кўнглимни очиш даражасига олиб келса: ўқиган китобим, кўрган киноим, ўзим ҳақимда бирор нарса кашф этсам, мана ўша – энг олий мақсад. Мен қўяётган спектакль сизга ўзингизни кашф қилишга ёрдам бериши керак. Қай даражада ҳеч ким жавоб бера олмайди, айта олмайди, лекин, санъаткор мухлисга ҳам ижодий зарар етказиши керак. Унга ҳам юқтириши керак. Томошабин жуда бўлмаса ўзида бирор янгиликни кашф қилса, менимча, бу кам эмас. Энди ким билади. Мен ҳеч кимга ақл ўргатишни ёқтирмайман. Шогирдларимга ҳам ақл ўргатмайман, мендан яхши билишади ҳамма нарсани, лекин, мана бу қилаётган нарсамиз ўзимиз учун янгилик очса, ўзимиз мазза қилсак, ўзимиз янги нарса топсак, бу энди бошқа масала. Умр бўйи театрда спектакллар кўрганман, шунинг учун биламан, янгилик нима, нима янгилик бўлиши керак? Қайси тил билан гапириш керак? Театрнинг муаммолари кўп-да, мен ҳам мана шу учта боламни ( театр ходимлари назарда тутилмоқда) боқишим керак, ойлик тўлашим керак. Спектакль қўйиш учун шуларни шу ерда ушлаб туришим керак. Эртага Мухтор (театр актёри) Бухорога уйига кетса, тағин бошқатдан бошлашимиз керак. Бу фақат иқтисодий масала эмас, буларни ишонтириш ҳам керак бирор нарсага, бирга ишлашга, бир-бировини яхши кўришга, бир-бирини қабул қилишга ва шу ерда тирик нарса туғилишига имконият қилиб беришим керак. Шоир шеърини ёзаверади, унга ҳам осон тутмайман, лекин барибир бир ўзи ишлайди. Рассом ҳам шу. Театрда эса уч-тўрт тирик одам билан мулоқотда бўлишинг керак. Ва ҳар бирининг ҳаёти ҳақида ўйлашинг керак, эртага нима қилади у? Кейин эса ўзимни маломат қиламан-да, балки у менга учрамаганда яхши яшаб кетарди, менга учради-да… йўлдан урдим-да, ҳаммасини йўлдан урганман. Йўлдан ургандан кейин жавоб беришим керак, эртага у қандай қилиб яшайди? Мана, масалан, театримиз режиссёри Жамшид Валиев. 32 ёшигача уйланмади. Ота-онаси норози бўляпти. Улар мени қандай одам деб ўйлайди? Уйланмади, кеч уйланди, лекин атайлаб эмас, мана шу ижод орқали, суҳбатларимиз орқали шу аҳволга келтирдим. Уйланмайдиган даражага. Охири ўзим айта қолдим “кел, уйлана қол, сен уйлансанг ҳамма тинчийди” деб. Рози бўлишим керак эди, мен бунинг додасиман. Ота-онасидан яқин одамман-да энди, улар ҳам соғ-саломат бўлишсин. Руҳий маънода улардан кўра яқинмиз. Улар мени тушуниши қийин. Умуман, бу яккамохов, шортик кийган қари чол. Йўлидан оғган…десалар керак атрофдагилар. Ўзбек шеъриятини унчалик ҳам билмайман. Лекин ёшлар адабиётини ўқиб маза қиламан. Уларнинг борлиги шу ботқоқда яшашимга ёрдам беради. Ёшлар шеърияти мен учун тоғ ҳавосидай.  Театр-чи.. — Бошқача театр қилиш керак. Ўзбекистонда театр студиялар 50-60 та бўлиши керак. Улардан энг кучли ва энг қизиқарли, ўзини томошабинлари бор театрларга жой ажратиш керак. Маблағ бериш керак. Актёрларига тўлаш имконияти бўлиши керак, бир сўз билан айтганда, давлат ёрдам бериши керак. Бу мамлакатда бунақа тизим йўқ. Мен Ўзбекистонда деярли ҳамма театр студияларнинг очилишига ҳисса қўшганман.  “Эски масжид”, “Мулоқот” театр студиялари бор эди. Узоқ яшамади ҳаммаси, умри қисқа бўлди. Лекин “Эски масжид” театри Европага чиққан биттаю-битта театр бўлган. Демак, қанақадир ғоялар бўлган. Тириклик бўлган. — ­Бу нечанчи йиллар эди? — Аниқ билмайман, анча бўлди-да. “Мулоқот” театрини тузиб, Франциядаги  театр фестивалига қатнашгандик. Бу фестивал олимпия ўйинларига ўхшайди. Ҳеч қайси ўзбек театри бу фестивалда қатнашмаган. Кейин “Мулоқот” бўлиниб кетди. Бўлинганлари тағин келиб “Бизлар театр тузмоқчимиз!” дейишяпти. Гаплашиш ниятим йўқ, кўришиш ниятим йўқ. Улар билан уришиб келганман Италияда, Францияда. Улар-чи, яхши спектакль билан чет элга чиқишган, яхши фестивалда қатнашишяпти, Парижга бориб эрталаб биринчи қилган иши бозорга боришган. Ва ҳалиги латта-путталарни олиб, кечқурун йиғилиб олиб, олган нарсаларини муҳокама қилишади. Спектаклни ўйламай қўйишган. Шу аҳвол. Кейин бизга "суточный" берган, бир кунга 30$. Деярли кунлигини ишлатмасдан қайтиб олиб келишганда Ўзбекистонга. Бизлар бир ярим ой бўлганмиз. Бир ярим мингга етиб қолган пуллари, улар бу ердан қаттиқ нон билан тушёнка олиб кетган. Ўша бир ярим ой қаттиқ нон ва тушёнка ейишган. Спектаклни ўйнашга очлигидан кучлари ҳам йўқ. Лекин уйга қайтиб тўй қилишган, квартира олишган. Мана, мен жинни уларга китоб ўқиларинг, деган гапни қилардим. Ҳеч ҳам ишонмас экан мени гапларимга. Бу тентак чол билан чет элга чиқиб келдик деб ҳайрон қарашган. Мен шунақа одамларга фикрларимни, ғояларимни айтганман. Маиший ҳаётга ўралашиб ёки маиший гаплар билан театрни йўқ қилишади. Мана, “Шамс-Қамар” театри чидаб берди, 14 йилдан буён яшаб келди. Театр қанақа қилиб яшаб келяпти, пулсиз, ойлик бермадим. Лекин спектаклларимиз қўйиляпти. Мен ҳар доим айтаман “Пул бўлмагани яхши”. Лекин оилани боқиш керак. Актёримиз Худоёр кетиш нияти йўқ эди театрдан. Кетди, уйланди, ўғилли бўлди. Энди қайтиб келиш имконияти йўқ. Театр дегани ана шундай бўлади. — Сизнинг ҳаракатларингиз жадидларни ёдга солади. Жадидлар театрга муҳим эътибор беришади, нега? — Ҳозир зиёли ёшлар чиқишмоқда, неожадидлармиз деб. Яқинда неожадид ёшлар театримиз спектаклини кўргани келишди. Улар назариячилар. Назария билан ишлашади. Амалиётда ҳали ўзларини синаб кўришмаган. Спектаклни кўриб, аслида сиз неожадид экан дейишади. Уларнинг назариясини биз амалга оширяпмиз. Назариянинг таъсири сезилмайди. У қандайдир орзулар, иллюзиялар тақдим қилиши мумкин. Театрнинг эса таъсири бошқача. Жамшид Муслимов, жуда илғор йигит, зиёли. Англашга ҳаракат қилади. Лекин театр билан қизиқмайдиган одам экан. Спектакл томошасидан кейин “жадидлар жуда ҳам тўғри йўл тутишган экан”, деб ўзига хулоса қилди. Дунёда азалдан санъат хурофотга қарши курашган. Театр саҳнаси ғоя улашадиган жой бўлган-да. Шунинг учун ҳам қотиб қолганлар театрни ёмон кўришади. Театр саҳнасини тарғибот ёки мафкура тарқатадиган жойга айлантириб туришади. Дунё тарихига разм солинса, пайғамбарларнинг ишини санъат доим давом эттиради. Улар хурофотга қарши курашади-да. Театр саҳнаси ҳам томошабинга одамдаги кўринмас марказни кўрсатмоқчи бўлади. Шу маънода театр саҳнаси — микроскоп. Одам ўзидаги эътибор бермайдиган, назари илмайдиган, аммо жуда муҳим элементларни каттайтириб кўрсатади. Санъат шунинг учун ҳам ўзини диний қатлам санаганлар учун гўё рақобатчидай туюлади. Драматург Ҳамзани бекорга ўлдиришмаган-да. У хурофотни фош қилган, бошқаларга ёқмаган. Ҳамза ҳам жадид бўлган. Мен ҳар доим Ҳамза ҳақида ёзаман, айтаман. Унинг номини тиклаш керак. Ҳамза халқни санъат орқали тирилтиришга ҳаракат қилган. Йўлини биларди ва жуда ҳам кучли драматург бўлган. Ўзбекистоннинг охирги драматурги у. Ундан кейин битта Мақсуд Шайхзода бўлган, бошқа йўқ. У ҳам битта пьеса ёзган. Мирзо Улуғбек деган пьеса ёзган. Ҳозирги театрлар-чи ёмон пьеса излаш билан овора. Қилаётган ишлари шу. Расво пьесаларни олиб чиқади. Жавлон Жовлиев ҳақида айтиб бўлдим, уни ҳам драматургияси йўқ-да, мактаби йўқ. Усмон Носир деган пьесасини назарда тутяпман.

Мурод Човуш суҳбатлашди.

Улашиш:

Бошқалар

27-октябр 2024, 06:15
1 774

Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади

Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.


19-ноябр 2024, 12:35
1 719

Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб

Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.


13-ноябр 2024, 12:35
1 609

Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб

Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.


27-октябр 2024, 04:36
1 608

Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай

Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.

Мавзуга доир янгиликлар: