Ўзбекистон
01.09.2023
1 018
(1 –қисм)
“Ҳаётий театр – бизнинг ҳозиримиз.”
Қамариддин Ортиқов. Театршунос. Театр танқидчиси. Кейинги ўн беш йилда “Шамси-Қамар” театр студиясининг бадиий раҳбари мақомида ишлаб келмоқда. Қамариддин Ортиқов бадиий раҳбарлигида “Шамси-Қамар” театри кейинги йилларда “Бизнинг кичкина шаҳзода”, “Жайдари Мартин”, “Бизнинг Кафка” спектаклларини саҳнага қўйди. Реалистик услубдаги бу намойишлар санъат аҳли ичида эътибор қозонди. Қуйида Қамариддин Ортиқов билан санъат, театр, ҳаёт ҳақида суҳбатлашдик. — Матбуот учун интервъю бермасам-чи, келинг, шунчаки суҳбатлашамиз. Жамиятга тикиламан ва ҳеч қандай умид кўрмайман. Умидни кўриш учун ғоя бўлиши керак-да. Ғоя ташийдиган механизмлар бўлиши керак. Шу жумладан театр ҳам ғоя ташийди. — Ёшлар-чи. Ёшлардан ҳам умид йўқми? — Интернетда ёшларни кузатаман. Шоир ва шоираларнинг ёзганларини ўқийман. Келажакдан кредит олиб ёзишади. Улар ҳали жамиятнинг “гўшт қиймалатгичи”га тушиб улгурмаган. Ҳозирга қараб баҳо бераман-да мен. Ёшларга раҳмим келади, 90 фоизининг сиёсий саводи йўқ. Балки 80 фоиз чиқар. Бу ёмон. Истеъдодли ёшларга моддий ҳам ёрдам бериш керак. Б. Пастернакнинг бир гапи бор: истеъдод эгасига ёрдам бериш керак, моҳирлар эса ёриб чиқишади. Мана, масалан, шоир Жонтемир Жондор. Шеърияти баланд. Ҳамма уни яхши кўриб ўқийди. У ҳозир моддий жиҳатдан бой бўлиши керак. Қадрланиши керак. Уйи бўлиши керак. Майли, шоирлик индивидуал иш. Ижодини рўёбга чиқариш учун қоғоз ва қалам бўлса бас. Қорнини тўйғизар амаллаб. Театр-чи бу — бошқа масала. 15 йил бўлди. Театримизга ҳали бирорта давлат ташкилоти ёрдам бермади. Сўрамайди ҳам. Иши ҳам йўқ. Театрнинг ижтимоий фойдаси бор. Лекин ҳеч кимга унинг кераги йўқ. Шу кичкина детал ҳам умид йўқлигини кўрсатади. Боя ғоя деяпмиз, ғояни чиқариш учун моддий ёрдам керак. 15 йил меҳнат қилдик. Сўнгги 6-7 йилда оёққа турдик. Ёшларга фикрни сингдирдик. Ўрганишди бир нималарни. Уларни моддий таъминлаш ҳам керакку. Худоёр Султонов, актёримиз, бакалавриятни битирди. Юртига кетди. Уйланди. Ўғилли бўлди. Уни театрга қайтиб келиши энди қийин масала. Оиласини боқиши керак. Театр студиямиз эса маош беролмайди. Худоёр Султонов яна бир актёримиз Мухтор Асроров билан театр репертуарларини ўзлаштирганди. Узоқ йиллик меҳнат куйиб кетди. Яна қайтадан бошлаш, бу азоб, мен чарчадим. Жамиятимизда ҳам шу аҳвол. Кўп нарсалар ҳавога учиб кетади. Ғоялар ҳавога сингиб кетади. Бу ҳам умид йўқлигининг бир кўриниши. Ўзбекистонда ҳеч кимга керак эмас бунақа реалистик театр. — Ўзбекистонда бунақа театр нега керак эмас экан? “Шамс-Қамар” театри Жек Лондон асари асосида “Жайдари Мартин” ва Экзюпери асари асосида “Бизнинг кичкина шаҳзода” ва Франц Кафка асари билан боғлиқ “Отамга хат” спектакллари шов-шув бўлди. Интернет тармоқларида кўп тақризлар ёзилди. Реалистик театр нима дегани? Метафизиками? — Сизни тушундим. У ўзидан-ўзи пайдо бўлиши керак. Унақа режа қилинмайди-да саҳнага метафизика қўямиз деган. Мақсад бу эмас. Тирик асар мақсад, масалан, тирик асар бўлса метафизикаси ҳам бор, реализми ҳам бор, ҳаммаси борда унда. Лекин театрларимизда метафизика йўқ дегани, бу тўғри. Чунки ўзбек театрлари реалистик театр ҳақида тушунчалари йўқ. Улар реализмни натурализм билан адаштиришади. Бу очиқдан-очиқ натурализм театри. Бу актёрларимизни сериалда кўрасизми, спектаклда кўрасизми, чиқиб нима дейишини билмай ўтиради. Ва "уфф, уфф, уфф" деб бирон нарса айтади. Ўзидан бир нарса ясайди. Реалистик образ эса — бу бадиийлик билан йўғрилган. Бадиий образ доим метафизикага уланган. Уланмагани эса боя айтдим натурал образ чиқиб қолади. Худди хонтахта фильмлар каби. Қаранг, бизнинг театрлар натурализм ботғоғига ботган. Шунинг учун, мен “ўлик театр” дейман. Тирик одамлар ишлайди, лекин ғоялари йўқ. Ўзимизнинг ижтимоий ҳаётда иштирок этмоқчи эмас. Ўзининг соясидан қўрқади. Бир ғояни амалга ошириш келганда рухсат йўқ деб тепани кўрсатишади. Рухсат йўғамас, олдин бирон нарсани яхшилаб, жиддий, ижодий ёндашиб қўй. Ўшандан кейин кўрасан, ёпиб қўйса, мана, бизга ўхшаб юрмаяпти дейсан. Ҳали у воқеа бўлмади. Фақат Тожикистонлик режиссёр Барзу Абдураззоқовнинг Муқимий театрида охирги қўйган спектаклини ёпиб қўйишди. Оҳ... билмадим. Ўзгача ижодий ёндашувни қабул қилишолмайди. Ўзгача ёндашув саҳнада образ яралишига олиб келади. Шунда саҳнада санъат асари яратилиши мумкин. Санъат асари деган нарса йўқ бизда. Ҳаваскор ҳунармандлар театри бор. Саҳнага ҳунармандлар чиқади-да, институтда ўқиган, билган нарсаларини амалга оширишга ҳаракат қилади. Ҳеч ким, ҳеч қайси режиссёр ижодий бир янгиликни кашф этишни хаёлига келтирмайди. Янгилик яратмаса санъат бўладими? Фақат қайнона- келин воқеаларини саҳнага олиб чиқишади, яхшими-ёмонми, шу. Гамлетни қўйса ҳам, бошқасини қўйса ҳам пьесани тўғридан-тўғри саҳнага кўчиришади. Натурализм. Бундай ёндашилмайди. Ўзбекларга қайсидир асарда яшаган Гамлетнинг муаммосининг нима қизиғи бор. Ҳозирги ўзбек Гамлетини саҳнага олиб чиқиш керак. Биз ҳақимизда қўй. Биз ота- онамизни, ўзимизни танийлик. Театрларимиз ҳозиргача абстрактлашган кимдир ҳақида саҳна қўяди. Энди қаранг-да, сал бошқачароқ ўйласа, оддий, ўртача ҳисобдаги одам сал бошқачароқ ўйласа, йўқ бизнинг жамиятимизга тўғри келмайди деган фикри борда. Масалан, сочини ўстирибди, қулоғига зирак тақибди, жамият уни қабул қилмайди. Нимага, ўша стандартларни ким ўйлаб топган? Ҳамма бир хил бўлганда бу қулай бўлса керак-да. Ғоя йўқ, фикрлар йўқ. Бу мамлакат янгиланиши учун янгича фикрлаш керакку ахир. Ёшларга имкон бериш керак. Энди шоирларни иши енгилроқ, шоир ёзиб қўяверади-да шеърни, ҳеч ким ҳалақит бермайди. Оч бўлсаям, яланғоч бўлсаям барибир ёзиб қўяверади. Ишқилиб имконияти борда ҳозир. Фаcебоокда чиқарадими, интернет бор. Театрда бунақа имконият деярли йўқда. Биз театрни қанақа қилиб 15 йилдан бери тебратиб келяпмиз? Ўзим ҳайронман. — Жамият йўлини йўқотиб қўйган. Санъат ҳам шу ҳолга тушдими? — Биз Советни давридан, жудаям тобеликка ўрганиб қолганмиз биринчидан. Иккинчидан иерархия бор. Масалан, халқ артисти бўлса, халқ артисти. Умуман унвонларни йўқотиш керак. Чунки, қаранг унвон бўлса — бу зиёли дегани. Халқ артисти унвонини олган зўр спектакл саҳналаштиради дегани эмас. Унвон санъат асари яратиш гарантини бермайди. Бюрократия бу ҳаммаси. Мен театр соҳасида ҳар қандай унвон билан боғлиқ иерархияга қаршиман. Умуман театрларда ижодий муҳит йўқ-да. Ҳасад ёки бошқа нималар бор. Ёки ўрнини бермоқчи эмасми, ўзини ўша режиссёрлик креслосини... Сабаблари кўп. Умуман театрда-чи ижодий ҳасадам бор-да. Ижодий ҳасад ижодкорларда жудаям ривожланган. Театрда шунақа воқеа бўлса спектакль қўйиш қийинда жудаям. Ҳаммаси бир бировини кўролмайди. “Бу хизмат кўрсатган, нимага бунга хизмат кўрсатган берди, нимага манга хизмат кўрсатган бермади? Нимага? Манам 10 йил ишлаяпман, уям 10 йил ишлаяптику.” Истеъдодни ўлчаб бўлмайди-да ахир. Бизда-чи доим истеъдодни ўлчамоқчи бўлишади. -Истеъдодни сотиб олишми бу? Мафкурага ишлатиш... -Умуман театрлардан унвон деган тушунчаларни олиб ташлаш керак. Халқ шоириям керак эмас, ҳеч қанақа унвон-пунвон керак эмас. Ижодга яхши қалам ҳақи тўлаш керак холос. Худди соғлом жамиятлардаги каби. Мана, масалан, Жонтемир Жондор истеъдодли шоир. Унинг ижодини кузатаман. Иккита китоби нашр этилди. Уни халқ севиб ўқийди. Лекин моддий қийналган. Бу ёшларни кўрсам кўнглим оғрийди. Қийналаман. Бизнинг тизим ижодга қарши. Бу тизим ҳақиқий бюрократик тизимнинг энг ёмон муқобили. Ҳамма ишлар ижодга қарши. Ички уйғунликка қарши. Тизим ижодга қарши. Умуман эркинликка қарши. Эркинлик бўлмаса ижод йўқ. Тобе бўлиб ижод қилиш мумкин эмас. Ўзбекистонда театрларга ҳеч нарса мумкин эмасда. Мумкин бўлсаямчи, театр кўниккан, ўрганган, эллик йил, олтмиш йил тазйиқ остида яшашга, мумкин бўлсаям тузук пьеса қўймайди. Нимага Чингиз Айтматовнинг асарларини қўймайди, нимага илғор ёзувчиларнинг пьесаларини қўйишмайди. Ёмон пьесани қидириб юришади-да. " Ёмон қайнона", " Яхши келин" каби пьесалар ёзишади. Ёки бангиларга қарши саҳна қўйинглар деган тепадан буйруқ тушади. Бунақада театр тирилмайди. Инглиз режиссёри Петр Брукни яхши гапи бор, "Тирик театр, ўлик театр ".Бизда театрларнинг ҳаммаси ўлик. Исботлаб беришим мумкин. Масалан, Жавлон Жовлиев зўр ёзувчи. " Қўрқма" романини ёзган. Тирик, зўр роман дейман. Муқимий театрида унинг асари бўйича спектакл қўйилди. Шу ишни қилиш керак эмасди. Чунки Жавлонда пъеса ёзиш тажрибаси йўқда. Буюртмага ёзилди у пьеса. Бунда ҳаётий воқеалар йўқ, тириклик йўқ. Жавлон драматург эмас, у романнавис. Драматургияни ўрганиш учун Москвага бориш керак, Петербургга бориш керак. Ўқиб келиш керак у ерда. Бизда драматургия мактаби йўқда. Бизда Мақсуд Шайхзода тимсолида ўлган охирги драматург. Ундан олдин Ҳамзани ўлдиришганди. Биттаю битта драматург бўлган бизда, у ҳам Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий. Унинг пьесаларини қўйиш керак. Ўшанда театримиз балки тирилиб қолар. Образли айтганда, ўзини дадасини кўмиб қўйишди улар, театр ташкил қилган одамни кўмиб қўйишди. - Яқинда ёзувчи Набижон Боқийнинг Ҳамза ҳаёти ҳақида " Қизил тошбўрон" деган романи чиқди. -Ўқимадим. Бу китобни ўқийман деб ўйлаб қўйгандим. Жоним билан ўқиб чиқаман. Ҳамза Ҳакимзода Ўзбекистон тарихида буюк драматург сифатида қолади. Ҳамза Ҳакимзодани йўқ қилишга ҳаракат қилишади. Бу мумкин эмас. Умуман, ҳақиқий ижод мактабини ўлдириб бўлмайди. -Демак Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий билан драматургия мактаби кўмилган? -Ҳамза Ҳакимзода нимага зўр драматург бўлган? Театр ташкил қилиб пьеса ёзганда у. Тажрибаси бор, назариётчи ҳам у. Зўр ижодкор ҳам у. Ҳаммасини ўзида жамлаган. Истеъдодларни кашф этган. Театри учун ўзи пьеса ёзган, шунинг учун спектакл ҳаётий чиқади. Усмон Носир ҳақида ўзидан билиб ёзса ҳаётий чиқмайди. Аксинча китобий чиқади. Жавлон Жовлиевни театрга алоқаси йўқда. Тажрибаси йўқ. У спектакль саҳналаштирмаган. Аксинча бўлсайди, у зўр пьесалар ёзиши мумкин эди. Жавлон Жовлиевнинг "Қўрқма" романида амакилари ҳақдаги боблар зўр чиққан. Чунки ҳаётдан олинганда. Жавлон романидаги воқеаларни ҳаётида кузатган. Шу томонлари кучли ёзилган. Мен адабиётшунос эмасман, бу энди менинг шахсий баҳойим. -Сизнинг фикрларингизни эшитиб, совет даврида яшаган мутафаккир Мераб Мамардашвилининг фикрлари эсга тушди. У совет давридаги ижоддаги увофиқсизлик ҳақида кўп ёзган. Ва “совет одами” пайдо бўлганини айтади. Совет одами ғоясиз бир мавжудот эканини таъкидлайди. Ўша даврларда бу мутафаккир билан йўлингиз туташмаганми? -Йўқ. Мен хоҳлардим таниш бўлишни. 80 йилларда Эстониянинг Тарту шаҳрида ишлаганман. Бу шаҳарда худди шу вақтлари Лотман деган файласуф адабиётчи яшаган. Лотман Мамардашвилига фикр эстафетасини топширган. Тартуда яшаганимда ҳам Лотман ҳақида билмасдим. Кейин билдим. Менда махсус фалсафий билим йўқ. Лекин нима қўлимга тушса, албатта, ўқийман.Ижодкорлар ақлли одам бўлмайди. Мен ўзимни ижодкор ҳисобламасам-да, унга озгина алоқам бор деб ўйлайман. Ижодкорлар ақлли бўлишмайди. Улар тирик бўлишади. Улар доим тирик қолишни мўлжал қилишади. Буни қандай тушунтириш мумкин, билмайман. Улар ҳис-ҳаяжон, савқи табиий билан қуролланган. Яна уларда тасаввур кенглиги, чегара билмаслиги бор гап. Рационал, мантиқий фикрловчи эмасмиз. Мен ўзимни ёмонламоқчи ҳам эмасман, пастга ҳам урмайман , тепага ҳам кўтармайман, лекин тушунганимни гапираманда, билганимни гапираман. "Қўрқма " ниям-чи, қизиқиб ўқидим-да. Номи ёқди менга. Кейин кичкинагина тақриз ҳам ёздим. Жавлон Жовлиев “Энг зўр тақризни сиз ёздингиз” дейди. Мен рус тилида ёздим. Тасвирий санъат ҳақида ёзаман. Санъат ҳақида нима ёзсам, у санъатшуносларникига ўхшамайди. Санъатшуносликка ўқиганлар санъат ҳақида яхши ёзишмайди. Санъатшунослардан кўра мен ижодкорни жуда яхши тушунаман ва ҳис қиламан. Ижодкорларнинг эстетик тилини тушунганим учундир бу балки. Мен ҳеч қайси мактабга алоқадор эмасман. Расмий санъатдан, расмиятчиликдан узоқроқ юраман. Бизни театр атрофида ёш шоир, рассом, танқидчи, адабиётшунослар йиғилиб қолишди. Бу ўз-ўзидан содир бўляпти. Бўшлиқда фақат бир нарсанинг баёни, сояси бор-да. Адабиётимиз ҳам шундай бўлса керак. Адабиётимиз ҳали совет реализми услубидан воз кечолгани йўқ. Экзистенциал танлов йўқ, хурофот бор. Ҳозирги одам ўзига ишонмайди, боя айтганим, танловни қилмайди. Кимгадир ишонади, кимдир унинг эътиқодини белгилаб бериши керак. Бу одам яшашдан қўрқади, тирикликдан қўрқади. У эркин эмас. Эркин одамгина танлов қила олади. Танлов- тириклик кўпригидан юриш дегани албатта. Шундай аҳвол экан. Театр ҳақида нима ва қандай ёзишни билмайман, ёзиш учун қандайдир тирик манба бўлиши керак-ку. Биз оғриғимиз театр. Ҳаётий театр – бизнинг ҳозиримиз.Мурод Човуш суҳбатлашди.
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
“Севара Назархоннинг ижроси эстетик қонунга бўйсунади” — Қамариддин Ортиқов. Суҳбат (3-қисм)
Юлдуз Усмонова эса ҳеч қачон бадиий жиҳатдан ишламаган. Тошни устида ишлаб уни ёқутга айлантириш мумкин. Доим меҳнат қилиш керак. Бу ашулачи эса доим бир хил. Булар билан бадиий раҳбар ишламаган-да. Ўзи билганча чиқаверади.
“Ҳамза Ўзбекистоннинг охирги драматурги”: Қамариддин Ортиқов билан суҳбат (2-қисм)
Ўзбек жамиятининг кейинги, масалан, 300 йиллигини кузатсак, фақат шеърият ривожланган. На музейлар ташкил қилинган, на физиклар пайдо бўлган, на театр ривожланган. Интеллектуал ва ижод соҳаларига жиддий қаралмайди.
Дам олиш кунлари қаерга бориш мумкин?
Дам олиш кунларини қандай ўтказган, қаерларга борган маъқул? Театрлар, спектакллар рўйхати, чипта нархлари, кўргазмалар, концерт ва очиқ ҳавода намойиш этиладиган фильмлар ҳақида маълумотлар.
Кино ва театрга оилавий борганда нимани билиш керак? Актриса Лола Элтоевадан якшанба тавсияси
Лола Элтоева эл севган актриса бўлиши билан бирга уч фарзанднинг онаси, севимли рафиқа. У якшанбани маданий масканларда ҳордиқ чиқариш билан ўтказишни тавсия қилади.