currencies image

12 724,84 UZS

15,11

usd

currencies image

14 223,83 UZS

32,80

eur

currencies image

137,11 UZS

2,03

ru



АсосийЯнгиликлар“Севара Назархоннинг ижроси эстетик қонунга бўйсунади” — Қамариддин Ортиқов. Суҳбат (3-қисм)

“Севара Назархоннинг ижроси эстетик қонунга бўйсунади” — Қамариддин Ортиқов. Суҳбат (3-қисм)

Ўзбекистон

calendar

10.09.2023

eye

1 173

“Севара Назархоннинг ижроси эстетик қонунга бўйсунади” — Қамариддин Ортиқов. Суҳбат (3-қисм)

Қаранг, мана неожадидлар, назариячилар, деяпсиз. Хўш, улар нима иш қилиши керак? — Неожадидлар биринчи навбатда маърифат билан шуғулланади барибир. Жадид бу маърифатшунос. Масалан, театр тузиш керак. Маърифатини ошириб, саводини чиқариши керак-да халқни, бўлди. Неожадидлар ижтимоий тармоқ орқали савод  билан ишлашяпти. Ёзишади, тушунтиришади сиёсатни, сиёсатшуносликни, умуман, жумҳурият нималигини. Бизнинг халқимиз саводсиз. Буни тан олиш керак. Тирик театр орқали саводни чиқариш мумкин. Кино орқали. Лекин саводли одамлар ҳеч кимга керак эмас. Давлатга керак эмас. Қизиқ. Худди саводсиз халқ керакдай. — Лекин мана давлат ҳеч қанақа қаршилик қилмаяптику. Неожадидлар фикрлаяпти. Ижтимоий тармоқларда демократия, ҳуқуқ ҳақида ёзишади. Мунозаралар қилишади. — Йўқ, қаршилик кўрсатмаяпти деганингиз нотўғри. Қаршиликни-чи, мана бу тепада, бошда қилади улар. Бу ёқда ҳаммаси қуруқ гап, популизм. Реал ҳаётда эса вазият бошқача. Блогерлар қамаляпти. Секин-секин тазйиқ, таъқиқ бўлаверади. Ўзлари ҳам сезмай қолишади. Қарабсизки, ёруғлик йўқ. Ҳамма ишлар яхшилик учун қилиняпти дейилади, аслида бошларидаги хурофот ҳурриятни бўғиб қўйган бўлади. — Буни онгсиз равишда қилади, шундай қилаётганини ўзи билмайди?! Шундаймасми… — Жуда ҳам онгли равишда қилади. Улар ақлли, популистлар ҳамма вақт тўғри гапларни гапиришади: унга ёрдам берамиз, буни қиламиз. Автобусларга чиқади, халқ орасида юради. Оддий халқ, саводсиз халқ ишонади шунга. Шунинг учун булар саводсизларни чиқариш билан овора. Мана, Татаристондаги театрда жадидлар пьесаси асосида спектакль кўрдим. Зўр спектакль қилишган. Уларнинг Гали Аскар Камал деган театри бор, бизнинг театрлар шу ишни қилиши керак аслида. Ҳамза Ҳакимзоданинг пъесаларини санҳада қўйиш керак. Ҳамза номини ҳам қайтариб бериш керак театрга. Мана, Ҳамза метроси номини тиклаш керак, умуман, Ҳамзани қайтариш керак, ана ўшанда сал бўлса ҳам, озгина бўлса-да умид уйғонади. Қилмаяпти-да шу ишни, қилмайди ҳам. Йўл беришмайди ўзлари бўғиб ўлдиришди-ку. Мен деярли интерьвю бермайман. Фикримни нотўғри баён қилиб чиқаришади. Нотўғри тушунишади. — Боя театр тарбиялайди деб айтдингиз. Тарбия қилиш бу одамни хилқатини бузмайдими? Ундан узоқлаштирмайдими? — “Тарбиялайди”. Шу сўзни ёмон кўраман. Аслида тарбияламайди, таъсири кучли-да театрнинг. Таъсири орқали эркинлик беради. Театр онгларда зўриқишни келтириб чиқаради. Зўриқиш ҳосил қилган одам эркинликка бир қадамча яқин келади. Катарсис  — зўриқиш деган нарса эркинлик беради одамга. Катарсис аслида ҳақиқий “Оталар сўзи, ақлнинг кўзи.”  Биз тарбия деган нарсага ёпишиб олганмиз. Тарбия – бу ўзбек телевидениеси. Ҳар доим тарбия ҳақида гапиради. 30 йилдан бери. Ҳали ҳам ҳеч кимни тарбия қилиб бўлмади. Менга тарбия қилган битта одамни кўрсат. Йўқ, кўрсатишолмайди. Бўлиши мумкин эмас. Фалон кинонинг, спектаклнинг тарбиявий аҳамияти ҳақида гапиришади. Қанчалик абсурд. Ёшлар тарбия ҳақида гапиришади. Ҳой, сен тарбия нималигини қандай биласан деб сўрайдиган одам йўқ. Тарбиявий кучи зўр экан, демак, ёмон кино экан, дейман. Кўрмасдан. Тарбиявий бўлиши керак эмас, таъсирли бўлиши керак. Ва таъсири жуда ҳам кучли бўлиши керак. Бадиий бўлиши керак. Бадиийликни эсимиздан чиқариб қўйдик. Саҳнада бадиийлик йўқ. Натуралистик кўриниш ҳаммаси. Саҳнада сассиқ қайнона ва ундан безор келини жилпиллайди. Бир-бировининг гўштини ейиш билан овора. Нимага шунақа қайноналар, фақат шунақа аёлларми бизларда? Шунақа деб тушуниш керакми? Эрталабдан кечгача келинини ёмонлаб телевидениеда айтади. Нимага у ерга борди? Нимага бундай дейди? Нимага кам мебель олиб келди? Нимага? Нимага? Наҳотки аёлларимиз фақат шундай бўлса? Шаллақи қайноналар. Келинлар шаллақи, наҳотки. Мен бунақаларни кўрмаганман ҳаётда. Нимага шунақа кўрсатади? Чалғитиш учун, одамларни сиёсатдан, фикрлашдан чалғитиш учун. Нимага мен битта ўзим гапиряпман? — Соҳадагиларнинг ҳам савияси тушиб кетган бўлиши мумкинку… — Савиясини кўтариш керак-да. — Йўқ, сериаллар, кинолар олаётган ижодий жамоаларни савиясини кўтариш керак бир томонлама… —    Бу табиий. Лекин  савияси паст бўлса, телевидениега чиқариш керак эмас-да, редакторлар бор. Редакторларнинг савияси паст. Ўзбек телевидиниесини  кўриб бўлмайди. Энди деярли ҳеч ким ҳам кўрмаяпти. Имконияти бор одамлар интернетга киради. Халқ дейлик. Халқнинг имконияти йўқ, интернет йўқ. 80 фоиз саводсиз. Энди қаранг-да, Ўзбекистонда қанча мен билмайман, Тошкентда 8 тами ёки 9 та мардикор бозори бор. Шаҳарнинг Феруза мавзесига бораман опамни кўргани. Мардикор бозор бор. Уларни кузатаман, ранги-рўйи сарғайган. Бир мошина келиб тўхтаса-югуришади. Югурмаса, ишни бошқаси юлиб кетади. Раҳмим келади, югурмаса-да дейман. Мана аҳволимиз. Ёруғ келажагимизми шу. Ёлғон билан қурилган жойнинг келажаги йўқ. Ҳамма ёқ ёлғон. Таълимни чиндан ислоҳ қилиш керак. Ёлғондан эмас. Менинг ҳам талабаларим мардикорга чиқишган. Чиқмаса бўлмайди. Ана шунақа, ёлғонлар ичида яшаймиз. Ҳаётимиз ёлғондан иборат. Эрталабдан кечгача ёлғон гапирамиз. Эътиқодим бор, нимагадир ишонаман. Шу ишонч кўзи билан қарайман: ҳамма ёқ ёлғондан иборат. Чин гапириб алдашади. Уларга қандай ишониш мумкин. Бундай қилсанг, ичингдаги ишонч кўзи сўқир бўлади. Сўқирлик ана шундай бошланади. — Пародия сифатида кўрмайсизми? Шунда яшаш енгилроқ бўлади… — Пародия сифатида кўраман, гротеск сифатида кўраман, сарказм сифатида кўраман, ирония сифатида кўраман, ҳеч қайсисини жиддий қабул қила олмайман. Мен зиёли, ижтимоий тармоқда фикрлари билан фаол йигит Жамшид Муслимовдан “Бизда теологлар борми?” деб сўрадим. У “йўқ” дейди. Жиддий теологлар йўқ, файласуфлар йўқ. Шундай экан, мен эртага қандай ишонаман? Менинг ҳам ёшим анчага етиб қолган, озгина бўлса ҳам тажрибам бордир... Бундай инсонлар бўлиши керак-да барибир ва таққослаш имконияти бўлиши керак. Мана бу яхши, мана бу билимли, мана бу билимсиз. Билимлилиги, билимсизлиги аниқланади-да ўшанда. Таққосламаса ҳеч нимани тушуниш қийин. Атрофдан теолог қидираман. Кучли теологлар керак, билимли, хурофотга аралашмайдиган. Доимий ўзгариб туришдан қўрқмаслик керак. Ўзгартир. Бир тўда бўлиб ўзгартирайлик!  Биз ҳам хато қилайлик. Фақат хатомиз тўғриликка хизмат қилсин. Мана Италияда 70 йил давомида 75 та ҳукумат ўзгарибди. Ҳаа, ўлмади, Италия ҳалиям бой. Яхши яшаяпти. Ҳар 6 ойда ҳукумати ўзгариб туради. Биз эса неччи асрдан бери чордона қуриб чой ичиш билан бандмиз. Қаёққа боришимизни билмаймиз, нима қилишимизни билмаймиз, қаёққа қочишимизни билмаймиз. Шу ўзбекистонда яшайман, болаларга ёрдам бераман, ва ҳоказо, ва ҳоказо... Яхши ғоялар билан яшашим мумкин. Лекин чарчайди-да одам. Ҳар 2 ойда, 3 ойда депрессияга тушаман. Ва чиққимам келмайди шу депрессиядан. Шунчалик аҳволимиз чатоқ. Мен ёлғон мамлакатда яшаётганимни билиб яшашим керак-да. Бошидан охиригача ёлғон... Мана, мана бу кўриб турган неча асрлик сериални ҳаммаси натурализм-да. Бадиийлик йўқ. Улар ҳаёт шу дейишади. Тарбиявий ҳаёт. Бу ҳаммаси сароб. Бу жуда ёмон асар. Санъат эмас. — Бадиийлик ҳақида гапиряпсиз. Шу ибора ҳақда кенг тушунча берсангиз. — Қаранг-да, бадиий асарнинг эстетикаси бўлади-да. Бадиий асар, масалан, ҳаётий нарсани қўйсаям, бир қонун бўйича қўйилади. Эстетика, эстетик қонун бўйича қўйилади. Эстетик қонуни бўлмаса бадиий асар бўлмайди. Бу натуралистик асар бўлади. Мана, масалан, “Бизнинг Кафка” спектаклидаги воқеалар. Кичкина хонада, бир меъёрда монолог айтади. Отасини эслайди, бошқа қанақадир воқеалар бўлади. Ҳаммаси эстетик қонун бўйича қилинган-да. Ўтирволиб, сизга йиғлаб-йиғлаб шу воқеани айтмайди. Қаҳрамон воқеани спектакл бошидан охиригача кечиради. Бу вақт мобайнида эстетик қонунлар ишлайди. Шунда бадиийлик юзага чиқади. Яъни актёр асарга нисбатан муносабатини билдиради. Янги шакл юзага чиқади. Асар тўғридан-тўғри саҳнага кўчирилмайди. Телевизорга чиқиб, шеърни йиғлаб айтиб берса, таъсир қиляпман деб, бу энди натурализм бўлади. “Бизнинг Кафка” да актёр “азиз отажон!” деса шунақаям зирқирайди. Ҳақиқий зирқирайди, чунки ҳурмат билан, ҳалиги эстетик қонун бўйича қилинган нарсада бу. Овозиям, кўзлариям, ҳаракатлариям таъсир қилади. Ҳамма нарса жонимга тегиб бўлган бўлса-да, маза қиламан-да. Юришигаям, кийинишигаям, мусиқа чалинаётганигаям... Бу эстетик қонун бўйича қилинган асар. Бадиийлиги бор. Оддий монолог эмас. Монологаммас-да - бадиий асар. Монологда саҳнага чиқиб йиғлаб,  ҳўнграб, умуман сизни йиғлатишга ҳаракат қиладию, унда одам йиғламайди-да. Билмадим энди, ўзимча бадиийликка қандайдир меъзонлар белгилайман-да. Шахсан билмайман, ана шу билмаслигим бўйича мен ўзим қонун яратаман. Мен - қонунман, эстетик қонун! Мана, мана шу хонаям оддий хона, кичкинагина хона, жудаям хокисор, лекин эстетик қонунга қурилган хона бу. Чунки бу ерда асосан пул ҳақида, мошина ҳақида, уйланиш ҳақида, бошқа ва ҳоказо ва ҳоказо муаммолар ҳақида эмас, гўзаллик ҳақида, бадиийлик ҳақида, ўзидан-ўзи, шу ерда ўзидан-ўзи шунақа суҳбатлар қурилади-да. Қандайдир бир нима бор, мен балки ўша хамиртуруш. Қонунга бўйсунган тизим бўлиши керак-да, концепция. "Эски мачит" театрининг актёрларичи, концепция, концепция, концепция деяверганимдан кейин 3-4 кундан кейин "Қоч, ҳозир концепция ҳақида гапиради" деб қочишарди. Консепция деган матоҳни асаблари кўтармади шекилли. Масалан, мана ўзимизнинг эстрадани миллий дейишади. Миллий эмас-да. Дунё билан қоришиб кетган у. Бу юриш-туришиям, саҳнада бўлаётган воқеалар ҳам ҳечам миллий эмас. Бемазалик. Чунки эстетик қонунлар йўқ. Бадиийлик йўқ. Битта бадиий эстрада қўшиқчимиз бор: Севара Назархон ёки Насиба Абдуллаева, ёки Кумуш Раззоқова. Лекин уларда ҳам саҳнада режиссура йўқ. Бу эстрада деганнинг режиссураси бўлиши керак эмасми? Эстрада ёки хоҳлаган саҳна асарининг режиссураси бўлиши керак-да. Севара Назархоннинг диди бошқа-да. Айтадиган ашуласи, ижроси ўша эстетик қонунга бўйсунади. Бизда бадиий раҳбар деган тушунчани умуман ҳеч ким билмайди-да, қабул қилмайди, ёки тан олмайди. Бу одам ҳеч нима қилмаса нимаси керак дейишса керак. "Мен бадиий раҳбарман!" Бошқа ҳеч нарса йўқ! Бадиийлик ҳақида ҳам тасаввурим бор, кўраётган нарсамда ортиқча нарсаларни кўра биламан-да. Шу ўзи танлаган қонун бўйича кетмаса, ортиқчасини кўраман-да. Ёки ҳалақит бераётган нарсасини кўраман, уни олиб ташласам шундоқ зўр нарса чиқади. Бадиий раҳбар керак ва уни тан олиш керак. Бу ҳам бир алоҳида-алоҳида воқеа. Бизда ҳаммаси ўзига ўзи режиссёр. Бу эса ёмон.  Ўзини четдан кўролмайди. Ўзбек эстрадасини деярли билмайман, лекин Юлдуз Усмонова саҳнада пайдо бўлганда кўрганман. Шу қўшиқчи ҳеч қачон бадиий жиҳатдан ишламаган. Мана бу тош бор-ку, тошни устида ишлаб уни ёқутга айлантириш мумкин. Доим меҳнат қилиш керак. Бу ашулачи эса доим бир хил. Булар билан бадиий раҳбар ишламаган-да. Ўзи билганча чиқаверади ва жуда ҳам паст ҳам баланд. Ҳам уёққа, ҳам буёққа. Бунда ҳеч қачон эстетик воқеа содир бўлмайди. Қаранг, масалан, театр ҳақида, кино ҳақида журналлар бўлиши керак. Танқидчилик корпуси бўлиши керак. Битта одам эмас, 10 та одам бўлиши керак. Масалан, Жавлон Жовлиевнинг спектакли қўйилдими, "Усмон Носир"? Эртаси куни эрталаб бир-бирини инкор қиладиган 10 та рейтингги чиқиши керак-да .Ва бу табиий. Ҳозир санъатшунослар ҳам йўқ, танқидчилар ҳам йўқ-да. Санъатда доим янги ғоялар бўлиши керак. Сал танқид бўлиши керак. Қарама-қарши фикрлар бўлиши керак. Ана ўшанда бир муҳит пайдо бўлади. Бизда муҳит йўқ. Шоирлар ўзини ёлғиз ҳис қилади. Ҳаммаси ёлғиз. Муҳит бўлса-чи, танқид бўлса-чи, барибир бир-бировингдан хабар олиб турасан, биласан ва ким қайси даражадалигини эшитгансан, рақобат ҳам бўлади. Санъат муҳити йўқ. Менинг ҳаётим эса хатолардан иборат. Бошидан охиригача. Чунки санъат ҳеч қачон осон йўлни кўрсатмайди. Санъат бу ташқаридан қараганда ҳаётда ғофил юришдек гўё. Жуда ҳам аччиқ юриш. "Жайдари Мартин" да шунга ўхшаш фикр кетади. Бизнинг ҳаётимиз хато ва камчиликлардан иборат. Йўқ, унақа эмас. Хато ва шармандаликлардан иборат.

Мурод Човуш суҳбатлашди.

Улашиш:

Бошқалар

19-сентябр 2024, 14:21
4 955

Уй-жой учун субсидия олиш тартиби: муҳим 7 саволга жавоб

23 сентябрдан субсидия учун аризалар қабул қилиш бошланади. Ариза берувчи ўзининг даромади етмаса, унинг хоҳишига кўра, даромадлари ҳисоб-китобига яқин қариндошларининг ҳам даромадларини киритиши мумкин.


11-сентябр 2024, 11:32
3 003

“Xotin-qizlar.uz” платформаси доирасида хотин-қизлар муаммоларни ҳал этиш тизими йўлга қўйилади

2024 йил октябрь ойидан бошлаб “Xotin-qizlar.uz” платформаси доирасида Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва тизимли ҳал этиш модули ишга туширилиб, муаммоларни ўрганиш модули орқали аниқланган муаммолар тегишлилиги бўйича “маҳалла - туман - вилоят - республика” даражасида ҳал этилиши тизими йўлга қўйилади.


21-август 2024, 12:46
1 475

Ўзбекистонда ресторан ва кафеларга ўзларига туташ майдонларда ёзги террасага рухсат берилади

ҚҚС тўлашга ўтган ресторан ва кафеларга фойда солиғи 2 карра камаяди. 1 декабрдан бу корхоналар нақд пулга сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кирим қилишда ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди.


24-август 2024, 11:07
1 456

Президент Мустақиллик байрами муносабати билан қатор соҳа вакилларини мукофотлади

"Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат соҳалари ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Президент фармони эълон қилинди.

Мавзуга доир янгиликлар: