currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларХодим асосий ишдан ташқари қўшимча ишлаши мумкинми?

Ходим асосий ишдан ташқари қўшимча ишлаши мумкинми?

Life Style

calendar

01.12.2025

eye

29

Ходим асосий ишдан ташқари қўшимча ишлаши мумкинми?

Меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка кўра ходимнинг розилиги билан унга иш кунининг (сменанинг) белгиланган давомийлиги мобайнида худди ўша иш берувчида қўшимча ҳақ эвазига меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган асосий иш билан бир қаторда, асосий ишидаги каби айнан ўша касб (лавозим) бўйича ёки бошқа касб (лавозим) бўйича ҳам қўшимча ишни бажариш топширилиши мумкин.

Ходимга топширилаётган қўшимча ишларнинг бажарилиши мумкин бўлган ҳолатларнинг уч хил воситада амалга оширилиши назарда тутилган, хусусан:

— ходим меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган асосий ишга нисбатан бошқа касб (лавозим) бўйича қўшимча ишни бажараётган ҳолларда бир неча касбда (лавозимда) ишлаш;

— ходим асосий ишидаги айни ўша касб (лавозим) бўйича қўшимча ишни бажараётган ҳолларда хизмат кўрсатиш доираларини кенгайтириш ёки ишлар ҳажмини кўпайтириш;

— вақтинча йўқ бўлган ходимнинг мажбуриятларини меҳнат шартномасида белгиланган, асосий ишидаги айни ўша касб (лавозим) ёки бошқа касб (лавозим) бўйича ишдан озод этилмаган ҳолда бажариш (Меҳнат кодекси 116-моддаси).

Ушбу ҳолатлар моҳиятан бир-биридан фарқ қилади. Биринчи ҳолатда ходимга асосий иши билан бир қаторда бошқа лавозим бўйича ҳам ишлаш топширилса, иккинчи ҳолатда ходимга қўшимча иш юклатилмасдан, ўзи эгаллаб турган лавозим бўйича хизмат кўрсатиш доираси кенгайганлиги ёки ишлар ҳажми ошганлиги учун қўшимча тўлов белгиланади. Учинчи ҳолатда эса ходим ўзининг меҳнат функсияцларини бажариши баробарида, вақтинча йўқ бўлган ходимнинг  ҳам меҳнат вазифаларини бажаради.

Бунда бюджетдан молиялаштирилмайдиган ташкилот ходимлари учун — бир неча касбда (лавозимда) ҳақиқатда бажарилган ишга доир иш ҳақи миқдорида;

— бюджет ташкилотлари ходимлари учун — бир неча лавозимда ишлаганлик учун тариф ставкасининг (маошининг) эллик фоизидан кўп бўлмаган миқдорда қўшимча тўлов амалга оширилади.

Вақтинча йўқ бўлган ходимнинг мажбуриятларини бажариш вазифаси штатдаги унинг ўрнини босадиган шахс зиммасига асосий ишдан озод этилмаган ҳолда юклатилганда қўшимча тўлов амалга оширилмайди (Меҳнат кодекси 259-моддаси).

Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сонли қарори ва ушбу қарор билан  тасдиқланган Низом доирасида ҳам юқорида кўрсатилган масалалар бўйича меҳнат муносабатларини тартибга сольиш қоидалари белгиланган. Мазкур ҳужжатянги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конститутсиясида мустаҳкамлаб қўйилган ҳар бир шахснинг асосий меҳнат ҳуқуқларини кафолатлаш орқали уларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи нормаларга ва янги Меҳнат кодексига мувофиқлаштирилиши зарур эди.

Хусусан, Низомнинг 26-бандида  давлат бошқаруви органлари ходимлари (техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари); давлат бошқаруви органлари ҳисобланмайдиган бюджет ташкилотларининг раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари, шунингдек ушбу ташкилотлар таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари касблар ва лавозимларда бир неча касб ва лавозим асосида ишлашга, хизмат кўрсатиш зонасини кенгайтиришга, ишлар ҳажмини кўпайтиришга йўл қўйилмайди, деган чеклов ўрнатилганди. Аслида, аҳоли даромадларини кўпайтириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинган ҳужжатда шу тарздаги асослантирилмаган таъқиқнинг мавжудлигига таажжубли ҳолат сифатида қараб келинарди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 709-сон қарори билан қайд этилган  чекловни белгиловчи қоидаларўз кучини йўқотганлиги сабабли, ушбу тоифа ходимларга ҳам қонуний меҳнат қилиб, қўшимча даромад олиш имконияти яратилди.

Шунинг билан бирга, “Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорда белгиланган рўйхатни келишишга оид қоида ва Низомни амалдаги Меҳнат кодекси талабларидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш зарурати сақланиб қолмоқда.

 

Хайриддин Файзиев,
Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва
малакасини ошириш институти доценти, ю.ф.ф.д (PhD)

Улашиш: