currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларХодимнинг ижтимоий тармоқлардаги хатти-ҳаракатлари интизомий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинми?

Ходимнинг ижтимоий тармоқлардаги хатти-ҳаракатлари интизомий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинми?

Ҳуқуқ

calendar

10.12.2025

eye

61

Ходимнинг ижтимоий тармоқлардаги хатти-ҳаракатлари интизомий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинми?

Ходимларнинг ижтимоий тармоқлардаги ножўя хатти-ҳаракатлари одатда иш берувчилар томонидан бир нечта мезонлар асосида баҳоланади.

Бинобарин, кўпгина ташкилотларда бу масалани иш берувчиларнинг ташаббуси билан ахлоқий меъёрлар, корпоратив маданият ва ички интизом қоидаларидан келиб чиқиб тартибга солинади. Қонунчилик нуқтаи назаридан қараганда ходимнинг ижтимоий тармоқлардаги хатти-ҳаракатлари, агар улар меҳнат мажбуриятларини бузишга олиб келса, интизомий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.

Бунда, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси муҳим тартибга солиш механизми ҳисобланади. Ушбу кодекснинг 300-моддасига кўра интизомий жавобгарликнинг турлари умумий ва махсус интизомий жавобгарликдан иборат бўлиб, ходимларнинг умумий ёки алоҳида тартибда меҳнат фаолиятини олиб боришига қараб белгиланади. Умумий интизомий жавобгарлик ушбу Кодекс ва ички меҳнат тартиби қоидалари билан тартибга сольинадиган жавобгарлик бўлиб, у ходимга нисбатан ушбу Кодекснинг 312-моддасида назарда тутилган интизомий жазо чоралариданбирини қўллашдан иборат ва барча ходимларга нисбатан татбиқ этилади, бундан ўзи учун махсус интизомий жавобгарлик белгиланган шахслар мустасно.

Махсус интизомий жавобгарлик ходимларнинг фақат алоҳида тоифалари учун қонунда, шунингдек интизом тўғрисидаги уставлар ва низомларда назарда тутилган ҳамда ходимга нисбатан тегишли қонунда, интизом ҳақидаги уставда ва низомда назарда тутилган интизомий чораларни қўллашдан иборат жавобгарликдир. Ушбу кодекснинг 301-моддасига кўра, ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилиши уни интизомий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.

Интизомий қилмиш деганда ходим томонидан ўз меҳнат мажбуриятларини айбли тарзда, ғайриқонуний равишда бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги тушунилади. Ушбу моддадаги ходимнинг ўз меҳнат мажбуриятларини бажариш вақти муҳим ҳисобланади ва иш вақти тушунчасига алоқадор ҳисобланади. Мазкур кодекснинг 181-моддасига кўра ходим ички меҳнат тартиб қоидаларига, сменаларга бўлиниб ишлаш (иш) жадвалларига, бошқа ички ҳужжатларга ёки меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ меҳнат мажбуриятларини қайси вақт мобайнида бажариши керак бўлса, ўша вақт иш вақти ҳисобланади. Бундан келиб чиқадики, ходим меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ меҳнат мажбуриятларини иш вақтидалозим даражада бажарган тақдирда интизомий жавобгарликка тортилмайди.

Бироқ, агар ходимнинг ижтимоий тармоқлардаги хатти-ҳаракатлари унинг меҳнат (лавозим) мажбуриятларини бузишга олиб келса, масалан, иш берувчининг обрўйига путур етказса, тижорат сирини ошкор қилса ёки бошқа ходимларга нисбатан ноўрин хатти-ҳаракатлар қилса, бу интизомий қилмиш деб баҳоланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 20-январдаги ПҚ-10-сон қарори билан тасдиқланган Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодексига кўра, Ходимлар касбий маданият қоидаларининг талабларидан бири ижтимоий тармоқларда давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятини муҳокама қилмаслик, ахлоққа зид ибораларни ишлатмаслик, мамлакатда, шу жумладан, ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан одамларда ишончсизлик кайфиятини юзага келтириши мумкин бўлган нохолис, субъектив материалларни жойлаштирмасликка амал қилишга мажбур. Касбий маданият қоидаларини қўпол равишда бузиш ички ишлар органи ходими шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракат ҳисобланади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 22 апрелдаги ПҚ-5089-сон қарорига асосан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимларининг хизматни ўташ тартиби тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимларининг Интизом уставида ҳам одоб-ахлоқ қоидаларини қўпол равишда бузиш Миллий гвардия ходими шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракат деб ҳисобланади. Агар ходимнинг ижтимоий тармоқлардаги хатти-ҳаракатлари ушбу қоидаларни бузса, у интизомий жавобгарликка тортилиши мумкин. Бироқ, агар ходимнинг ўз меҳнат (лавозим) мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги ходимга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра юз берган бўлса, уни интизомий жавобгарликка тортишга йўл қўйилмайди.

Ахрор Казаков,
"Адолат" МҲАМ бўлим бошлиғи

 

Улашиш:

Бошқалар