Ҳуқуқ
26.02.2025
2 263

1. Хотин-қизларга контракт пули тўлаб берилади
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 585-сон қарорига мувофиқ, ҳар йили базавий тўлов-контракт асосида давлат олий таълим муассасасининг бакалавриат таълим йўналишларига қабул қилинган, ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари бўлган талаба хотин-қизларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳисобидан ўқитиш тартиби жорий этилган.
Улар ҳар йили ўзларининг ҳудудларидан ўқишга кирган 40 нафардан, иккинчи ва ундан юқори босқичларда таҳсил олаётган 110 нафар, жами 150 нафар хотин-қиз учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан базавий тўлов-коньтракт суммасини тўрт ўқув йили якунига қадар тўлаб беради.
2. Қизлар таълими молиявий қўллаб-қувватланади
Президентнинг “Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг таълим олишларини қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, олий ҳамда ўрта махсус ва профессионал таълимда таҳсил олувчи хотин-қизларга 7 йилга 14 фоизлик таълим кредитлари ажратилади. Бунда фоиз ставкаларини Молия вазирлигининг жамғармаси қоплаб беради. Хотин-қизлар эса асосий қарзни ўқишни тамомлагач, 7 йил давомида тўлайди.
Шунингдек, давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловларини қайтариш шартисиз қоплаш мақсадида, давлат бюджетидан ҳар йили камида 200 миллиард сўм молиялаштирилади. Магистратурада таҳсил олаётган талабгор хотин-қизлар контракт тўловини қоплаш мақсадида ўз университетининг ректори номига йилнинг 15-сентябргача ариза билан мурожаат этишлари керак.
3. 5 йиллик стаж орқали талаба бўлиш имконияти
Мутахассислиги бўйича 5 йиллик стажига эга, аммо олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизлар давлат томонидан ажратилган 500 та квота орқали тўлов-контракт асосида талаба бўлишлари мумкин. Талабгорлар Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг тавсияномаси асосида ўқишга қабул қилинади.
Ушбу тавсиянома талабгорлар ўрта-махсус ёки профессионал таълим бўйича мутахассисликка эга бўлиши; таълим олгунга қадар олий таълим олмаганлиги ёки олмаётганлиги; ўрта махсус ёки профессионал таълим бўйича 5 йиллик меҳнат стажига эга бўлиши лозим.
4. ОТМга киришда имтиёз
Эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этиш учун тавсиянома берилади. Тавсиёнама қуйидаги мезонларнинг бирига мос тушьадиган номзодларга берилади:
кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар;
тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни отаси ёки онаси ёхуд уларнинг иккаласи ҳам вафот этган ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар;
турмуш ўртоғи вафот этган, вояга етмаган фарзандини ёлғиз тарбиялаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар;
ногиронлиги бўлган фарзанди бор эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар;
икки ва ундан ортиқ фарзандларини тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида (ижарада) яшаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг қиз фарзандлари;
ота-оналаридан бири ёки ҳар иккиси ҳам биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногирони бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар.
5. Касб ўрганиш харажатларини давлат тўлайди
Хотин-қизлар нодавлат таълим ташкилотларида касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқиганда қилган харажатларнинг 70 фоизи, бироқ ҳар бир битирувчига 1 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган харажатлар давлат томонидан қоплаб берилади.
6. Ҳомиладор аёлни ишга қабул қилиш
Аёл ҳомиладорлиги ёки ёш бола парвариш қилаётганини била туриб, уни ишга олишдан ғайриқонуний равишда бош тортиш ёки ишдан бўшатиш:
— БҲМнинг 25 бараваригача (6 миллион 750 минг сўмгача) жарима;
— ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш;
— ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
7. ДМТТларга имтиёзли қабул
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 майдаги 319-сон қарорига кўра, “Аёллар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг болалари давлат мактабгача таълим ташкилотларига устунлик билан қабул қилиниш ҳуқуқига эга.
8. 2 ёшга тўлмаган фарзанди бор оналарга қўшимча танаффус
2 ёшга тўлмаган болали аёлларга болани овқатлантириш учун (ўзига берилган дам олиш ва овқатланиш учун бериладиган танаффусдан ташқари) камида ҳар 3 соатда бир марта ҳар бири 30 минутдан кам бўлмаган танаффус берилади.
2 ёшга тўлмаган икки ва ундан кўп болали аёлларга танаффуснинг муддати камида 1 соат қилиб белгиланади. Мазкур танаффуслар учун иш ҳақи камайтирилмайди.
Болали аёлнинг хоҳишига кўра танаффуслар дам олиш ва овқатланиш учун белгиланган танаффусга қўшиб берилиши ёки умумлаштирилиб, иш кунининг бошига ёки охирига кўчирилиб, иш куни шунга яраша қисқартирилиши мумкин.
9. 3 ёшга тўлмаган фарзанди бор аёлларга қисқартирилган иш соати
Уч ёшга тўлмаган боланинг онасига ҳафтасига ўттиз беш соатдан ошмайдиган иш вақти давомийлиги белгиланади. Иш вақтининг қисқартирилган давомийлигида ишлаётган аёлларга ҳақ тўлаш ҳар кунги тўлиқ иш давомийлигида ишлайдиган ходимлар учун белгиланган миқдорда амалга оширилади.
3 иш кунидан кам бўлмаган қўшимча таътил 12 ёшга тўлмаган икки ва ундан кўп боласи ёки 16 ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларга ҳар йили 3 иш кунидан кам бўлмаган ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади. Шунингдек, уларнинг хоҳишига кўра ҳар йили 14 календарь кундан кам бўлмаган иш ҳақи сақланмаган таътил берилади.
Бундай таътил йиллик таътилга қўшиб берилиши ёки алоҳида фойдаланилиши мумкин.
10. Даволаниш учун бепул ордер
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги 250-сон қарорига кўра, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг соғлиғи ҳолати оғир бўлганда вилоят ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларига ёки республика ихтисослаштирилган марказларига даволаниш учун бепул ордер ажратилади.
11. 33 миллион сўмгача кредит
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 5-мартдаги ПҚ-5020-сон қарори билан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан 3 йилгача ва 6 ойгача имтиёзли давр билан йиллик 14 фоиз ставкада 33 миллион сўмгача кредитлар берилади. Бунинг учун улар қуйидаги дастурлардан бирини муваффақиятли тугатган бўлиши керак:
Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби маъқуллаган дастурлар асосидаги ўқув курслари;
“Ишга марҳамат” мономарказлари, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, маҳаллалардаги касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ва Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ёки нодавлат таълим муассасаларининг касбга ўргатиш ўқув курсларининг махсус ўқитиш дастурлари.
12. Оғир ижтимоий аҳволдаги хотин-қизларга имтиёзли уй-жойлар берилади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018-йил 12-апрельдаги 285-сон қарорига мувофиқ, уй-жойга муҳтож хотин-қизларга бериладиган арзон уй-жойлар тўловининг:
10 фоизи Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси, талабгор ишлаётган ташкилот ва бошқа манбалар ҳисобига (бошланғич бадал сифатида);
90 фоизи банкларнинг имтиёзли кредитлари ҳисобига қопланади.
13. Айрим аёллар 53 ёшда пенсияга чиқиши мумкин
Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 3 сентябрдаги 938-ХII-сон қонунига мувофиқ, технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқаргани ёхуд корхонанинг тугатилгани муносабати билан ишдан озод этилган ва ишсиз деб эътироф этилган аёллар 53 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлганда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Х.Абдукадиров,
Узун туман адлия бўлими
Давлат хизматлари маркази директори
Улашиш:
Бошқалар
Транспорт воситалари қандай ҳолларда жарима майдончасига олиб кирилади?
Жарима майдончаси — ҳайдовчиларни жазолаш эмас, балки йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора ҳисобланади.
Иш вақтини ҳисобга олиш нима ва унинг қандай турлари мавжуд?
Меҳнат муносабатларида иш вақтини тўғри ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга.
Ойлик иш ҳақи нима учун икки қисмга бўлинади?
Агар иш берувчи иш ҳақини ўз вақтида тўламаса, у ҳолда у ходим олдида моддий жавобгарликка тортилади.
Халқаро оила куни
1994 йилдан бошлаб 15 май кунини - Халқаро оила куни деб белгиланган.