currencies image

12 913,19 UZS

4,00

usd

currencies image

13 908,80 UZS

26,67

eur

currencies image

154,17 UZS

0,87

ru



АсосийЯнгиликларХотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари: имтиёзлар ва кафолатлар. Муҳим 11 қоида

Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари: имтиёзлар ва кафолатлар. Муҳим 11 қоида

Ҳуқуқ

calendar

19.03.2025

eye

670

Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари: имтиёзлар ва кафолатлар. Муҳим 11 қоида

Меҳнат қонунчилигида хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида бир қатор имтиёзлар ва кафолатлар бегиланган. Хусусан, ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтиришга йўл қўйилмайди.

1. Аёлларга имтиёзлар бериш камситиш ҳисобланмайди

Меҳнат қилишда юқорироқ ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахслар, хусусан оилавий вазифаларни бажариш билан банд бўлганлар, ҳомиладор аёлларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатиш, истисно этиш, уларга афзаллик бериш камситиш деб ҳисобланмайди.

2. Ҳомиладор аёллар зарурат бўлганида енгилроқ ишга ўтказилади

Тиббий хулосага мувофиқ ҳомиладор аёлларнинг ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш нормалари аввалги ишларидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда камайтирилади ёки улар енгилроқ ишга ёхуд ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказилади.

Икки ёшга тўлмаган болани парвариш қилаётган ота-онадан бири (васий) аввалги ишини бажариши мумкин бўлмаганда бола икки ёшга тўлгунигача бошқа ишга ўтказилади, бошқа иш бўлмаганда эса, бола парвариши бўйича нафақа тўланади.

3. Ҳомиладор аёллар фақат ўз розилиги билан хизмат сафарига юборилиши мумкин.

Ҳомиладор аёллар, 14 ёшга тўлмаган боланинг (16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг) ота-онасидан бири фақат ўз ёзма розилиги билан тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишларга жалб қилиниши, шунингдек хизмат сафарига юборилиши мумкин.

Ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга бундай иш ҳомиладор аёлнинг ҳамда боланинг ҳаётига ва соғлиғига хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса мавжуд бўлган тақдирдагина йўл қўйилади.

4. Уч ёшгача болани тарбиялаётган ходимга қисқартирилган иш вақти қўлланилади

Уч ёшга тўлмаган боланинг бюджет ташкилотларда ишлайдиган ота-онасидан бирига (васийсига) ҳафтасига ўттиз беш соатдан ошмайдиган иш вақти белгиланади ва бунда иш ҳақи камайтирилмайди.

Иш берувчи ҳомиладор аёлнинг, 14 ёшга тўлмаган боланинг (16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг) ота-онасидан бирининг илтимосига кўра тиббий хулоса асосида тўлиқсиз иш вақтини белгилаши шарт.

16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани тарбиялаётган ота-онадан бирига ойига қўшимча бир дам олиш куни берилиб, давлат ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан шу вақт учун бир кунлик иш ҳақи миқдорида нафақа тўланади.

5. Ҳомиладор аёллар таътилни ўзлари истаган вақтда олиши мумкин

Ҳомиладор аёлларга ва бола туққан аёлларга йиллик меҳнат таътили, уларнинг хоҳишига кўра, ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин берилади.

Ҳомиладор аёлларни йиллик меҳнат таътилидан чақириб олишга йўл қўйилмайди.

6. Ҳомиладор аёлларга тиббий кўрикдан ўтиш учун қўшимча кун берилади

Ҳомиладор аёлларга бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида антенатал (туғруққача) парваришлаш (перинатал скрининг ва ташхис, мажбурий тиббий кўриклар ва бошқа мажбурий тиббий муолажалар) учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча бўш кунлар берилиши шарт.

7. Аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилади

Аёлга туғруққача 70 календарь кун ҳамда туғруқдан кейин 56 календарь кун (туғиш қийин кечган ёхуд икки ёки ундан ортиқ бола туғилган тақдирда етмиш календарь кун) ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилиб, қонунчиликда белгиланган, лекин ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизидан кам бўлмаган миқдорда нафақа тўланади.

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин, аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунигача болани парваришлаш таътили ҳамда бола уч ёшга тўлгунигача уни парваришлаш учун иш ҳақи сақланмаган ҳолда қўшимча таътил ҳам берилади.

8. Ҳомиладор аёлларни иш берувчи ишдан бўшатиб юбориши мумкин эмас

Ҳомиладор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга йўл қўйилмайди.

Ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) тугатилган ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг иш фаолияти тугатилган ҳолларда бундай кафолатлар қўлланилмайди.

9. Ҳомиладор аёлларнинг меҳнат шартномаси муддати узайтирилиши мумкин

Муддатли меҳнат шартномасининг муддати ҳомиладорлик даврида тугаганда, иш берувчи аёлнинг ёзма аризасига ҳамда тиббий маълумотнома асосида шартноманинг муддатини ҳомиладорлик тугагунигача узайтириши шарт.

Аёлга ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилса, шартнома муддати таътилнинг охирига қадар узайтирилади.

10. Уч ёшгача болали аёлларни ишдан бўшатиш асослари чегараланган

3 ёшгача боласи бор аёл билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга фақат 3 та асос билан йўл қўйилади:

– ташкилот тугатилганида;

– ходим ўз меҳнат мажбуриятларини мунтазам бузганида;

– ходим ўз меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол бузганида. Бир марта қўпол равишда бузилишлар рўйхати ички тартибда белгиланган бўлади.

11. Ҳомиладорлиги сабабли ишга қабул қилмаслик жавобгарликка сабаб бўлади

Ҳомиладорлиги ёки фарзанди борлиги билан боғлиқ сабабларга кўра ишга қабул қилишни рад этиш ёки меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорини камайтириш тақиқланади.

Аёлни ҳомиладорлиги ёки шахсни ёш болани парвариш қилаётганлигини била туриб, уни ишга олишдан ғайриқонуний равишда бош тортиш ёки ишдан бўшатиш, БҲМнинг 25 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

hudud24.uz колумнисти
Дилмурод Ражабоев

Улашиш: