Содда талқин
30.11.2023
280
Канаданинг Онтарио провинциясидаги Жастин Блэйни соғломлаштириш маркази (Justine Blainey Wellness Centre)нинг машҳур раҳбари бор. У шифокорлиги учун эмас, ўтмишдаги бир иши сабаб оғизга тушган. Тўғрироғи, ўсмирлигида тенгдошлари юрак ютиб айтолмайдиган истагини амалга оширган. Орзусига эришиш учун судма суд юришдан қайтмаган. Исмидаги бош ҳарф (“J”) у учун рамзий маънога эга. Hudud24 ҳаққига эга чиқишда фақат одил судга ишонган, Канада спорт тарихида ном қолдирган жасоратли аёл ҳақида ҳикоя қилади.
Дунёдаги бошқа давлат, жамиятдагидек 1980-йилларгача Канадада ҳам аёлларнинг эркаклар сафида спорт жамоаларига қўшилиши узил-кесил рад этилган. Сабаб битта: аёл заиф бўлади! Бироқ бу стереотипни 1973 йили туғилган, ҳозирда амалиётчи шифокор, ўтмишда хоккейчи бўлган Жастин Блэйни бузади.
Акаси Дэвидга эргашиб шайба ва клюшка (хоккей таёғи)га ишқи тушган Жастин 6-7 ёшигача муз саройларида фақат томошабин бўлиб ўтиради. Унга онаси мажбуран олиб борадиган фигурали учиш ёқмас, бадиий гимнастикадаги чўзилиш-эшилишларни жини суймасди. Хоккей эса мардлар ўйини, довюраклар баҳси эди.
Жастин хоккейни 7 ёшларидан ўйнай бошлайди. У акасидек кучли бўлишни истарди, холос. Унинг дўстлари билан ўйин техникаларини машқ қилиши, клюшкани тутиб, муз устида учишига лол қоларди.
“Лисайд Уайлдкэтс” (ҳозирги Онтарио аёллар хоккейи ассосиацияси) жамоаси дараги чиққач, акасининг ёрдами билан муз устида ҳаракатланишни тезда ўрганиб олади. Ҳатто ора-орада акасининг машғулотларида қатнашиб, мураббийнинг розилиги билан ўғил болалар биланам куч синашади.
Табиатан таваккалчи, шаддод, қўрқмас ва кутилмаган вазиятга осон мослашувчи Жастин негадир қизлардан кўра ўғил болалар билан ўйнашга ошиқаверади. Нимжон, ҳадеганда йиқилиб, туртилиб юрадиган қиз бола жамоадошларига тоқати етмайди.
1981 йили орзулар ушаладигандек туюлади. Жастин Торонто хоккей лигасининг ўғил болалар жамоасига киришга муяссар бўладию, муз майдонга чиқишига рухсат тегмайди. Негалиги сўралганда, мураббий кўзларини ола-кула қилиб: “Ахир қиз бола нарса бўлса! Йиқилиб, майиб бўлиб қолса-чи?” дейди.
Орзуларидан осон воз кечишни хаёлига келтирмайдиган Жастин 12 ёшидан ўсмирлик даври тугагунича 5 марта судга мурожаат қилади. Ҳаққини сўрайди. Камситилаётганини яширмайди.
1985 йилнинг баҳорида эндигина 12 ни тўлдирган Жастин тегишли ташкилотга хат ёзишга аҳд қилади. Тенгдош ўғил болалар билан тенгма тенг шайба суришни, мусобақаларга чиқмоқчилигини қистириб, унга ҳам рухсат беришларини илтимос қилади.
Эркакларникидан фарқли аёллар хоккейида рақибни итариш, қаттиқ туртиб ерга йиқитиш мумкин эмас. Аммо Жастин айни шунақа бешафқат ўйинни хоҳларди.
“Қизлар билан хоккей ўйнаш кони азоб эди. Акам билан шафқатсизларча шайба улоқтирардик. Қизлар билан ўйнаётганимда пеналтиларнинг охири кўринмасди, томошабинлар эса нуқул мендан нафратланарди”, деб эслайди у.
Бироқ ўғил болалар жамоасида ўйнаш ниятини ҳеч ким эшитгиси келмайди. “Нозик, заиф қизга ўғил болалар орасида нима бор?”, дейилади. Ҳатто расмий ташкилотлар ҳам шу гапни такрорлайверади.
Ўйлаб-ўйлаб Торонтодаги энг катта, нуфузли ва аудиторияси кўп газетага – Toronto Star’га хат ёзилади. Онаси Каролинанинг далдаси, қўллови билан бор тилаги туширилган мактуб қуйидаги жумла билан якунланади: “Бирор кимса ёки гуруҳ менга кўмак беролармикан? Бирор ҳуқуқшунос бундай ноҳақликка қарши курашишда вақтини эҳсон қилолармикан? Фақат ва фақат қобилиятларимга қараб ҳукм чиқаришларини истайман, холос”.
1985 йилнинг 5 майида хат газетада чоп этилади. Бир неча кун ўтиб телефон жиринглайди. Хоккейни ривожлантириш зарурлиги ҳақида туркум мақолалар ёзиб юрадиган колумнист Лоис Колхман митти ва жасоратли қизалоққа ёрдам бергиси келади. У қиз ва онани ҳуқуқшунос Анна Фрейзер билан таништириб қўяди.
Онаси билан Торонтодаги адвокат фирмасига йўл олган Жастин Анна Фрейзер билан илк учрашувини қуйидагича хотирлаганди: “Андак ҳаяжонланардим. Лекин у шунчалик ажойиб эдики, нуқул менга тикилиб гапирди. Кўзларимга қаради. Онамга бир оғиз ҳам сўз қотмади. Онамни кўндиришга уринмасди. У мендан ўта жўн саволларни, нимани ва нега айнан шуни хоҳлаётганимни сўрарди”.
Ўсмир қизгинанинг дардини тинглаган адвокат хоним ишни олишга рози бўлади. Бироқ асосий юмушидан ташқари – бўш вақтидагина шуғулланиши мумкинлигини яширмайди. Энг қизиғи, барчасини текинга қилиб бераман дейди.
Тажрибасида бундай антиқа, аммо ўта муҳим масалага дуч келмаганига Анна Фрейзер бошида роса қийналади. Босимга учрайди. Тинч ўтириши маслаҳат берилади. Ўта қудратли ташкилот бўлмиш Канада муз хоккейи билан рўбарў келишига тўғри келади. Аммо ўртада бир инсон мисолида миллионлаб тақдирнинг ҳуқуқи, умидлари борлиги кучига куч қўшади.
Рост, жаҳонда жисмоний қувват, биологик турфалик сабаб спорт турлари қиз-йигитникига ажратилади. Лекин Жастин “қиз бола ўша спортга ҳар томонлама тайёр бўлса, чиғириқлардан ўтса, нега жамоага олинадию, амалда ўйнолмайди? Нима учун майдонга қўйилмайди?” деб сўрайверади.
1985 йилнинг 11 сентябрида бошланган илк суд мамлакатда овоза бўлади. Қизиғи, саноқли кишидан ташқари оломон қийиқ қизнинг бу “қилиғи”ни ҳазм қилолмайди. Жамоат жойларида уни учратишса, кесатиқ-пичинг тугамайди.
1986 йил ўртасигача апелляциялар сабаб умумий уч марталаб ўтган суддан кейин Жастинга ўғил болалар жамоасида ўйнашга рухсат берилади. Аммо Олий суд қарори қоғозда қолиб, амалда ҳеч нарса ўзгармайди. Торонтодаги ўйин майдонига тушишга саноқли дақиқалар қолгач мураббий Жастинни бир четга тортиб, ўйинга қўёлмаслигини айтади.
Яна судга чоп, ҳужжат йиғ, қонунларни қайта кўриб чиқишни талаб эт – ҳаммаси бошидан бошланади. Қиз ниҳоясиз курашлардан чўчимайди. Ахийри, 15 ёшни тўлдирганида, 1988 йили муваффақиятсизлик тугаб, толе кулади – судда ғалаба қозонади. Ўша йилиёқ Жастин ўғил болалар сафида аренага тушади.
Томошабин эса илгариги фикрида қатъий қолаверади: қиз болага нима бор катта майдонда, дея дод солади. Ўйин тугагунича: “Э, чиқариб юборинглар”, “Қандай йўл қўйдингиз бунга!”, “Бало борми қиз деганга!” каби ҳайқириқлар тинмайди.
Бугун Онтариода ўғил болалар жамоаси билан муз устида ўйнашда қизларга тақиқ йўқ. 2015-2016 йиллари қарийб 100 нафар қиз ўғил болалар билан баб-баравар куч синашган.
Ўсмирлик йилларининг сўнгигача шайба ва клюшкани қўлидан қўймаган Жастин йигирма ёшларида мақсадларини ўзгартиради. 1995 йили Торонто Скарборо университетининг психология ва кимё факультетини тамомлайди. Кейинчалик амалиётчи шифокорликка (хироамалиётга) ўқийди.
50 ни қоралаган Жастин Блэйни-Брокер ҳозир ҳам турмуш ўртоғи, қизи ва ўғли билан икки жамоага ажралиб хоккей ўйнаб туради. Канададаги жамоавий ўйинларнинг доимий иштирокчиси.
“Болаларим ҳам бошимдан ўтган воқеаларни эшитишган”, — дейди Жастин хоним, — “уларга астойдил ёрдам беришга, ҳаётда ҳалоллик билан яшашларига ҳаракат қиламан. Тўғрилик учун тўғри бўлинг. Ҳатто бу машаққатли бўлса ҳам”.
Келажак авлодга қизлар ҳам жамиятда тенг ҳуқуқли экани, жинси сабаб камситилмаслиги шартлигини амалда исботлаган Жастин хоним бугун хироамалиёт бўйича қўли енгил шифокор. Бўғин, умуртқадаги оғриқлар, суяк синиши-чиқиши кабиларни табиий йўл билан даволаб келмоқда.
Чарос Низомиддинова тайёрлади.
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Генри Киссинжер 100 ёшида вафот этди: буюк дипломат ва АҚШ собиқ давлат котиби XX аср дунё тарихини қандай ўзгартирди?
Кеча, 29 ноябрь куни Коннектикутдаги ўз уйида 100 ёшида вафот этган АҚШ собиқ давлат котиби Генри Киссинжерни “совуқ урушни тугатмаган, балки назорат қилган” дипломат дейишади ва шу жиҳатдан унинг фаолиятини тарихий деб баҳолашади. Hudud24.uz Киссинжернинг дунё тарихида ўйнаган роли ҳақида қисқача ҳикоя қилади.
Кремний водийсидаги драма: ChatGPT раҳбари нима учун ишдан олинди ёки сунъий интеллект хавфлими?
Ўтган ҳафта ChatGPT ботини ишлаб чиққан OpenAI компанияси директорининг ишдан олиниши юқори технологиялар оламини жунбишга келтирди. Чунки жанжал жиддий саволларни кун тартибига олиб чиқди: Сунъий интеллект келажакда инсониятга зарар келтириши мумкинми? У ривожланишда қаергача боради? Инсон уни қандай назорат қила олади?
Тошкентда ногиронлиги бўлган болалар томонидан чизилган “Мафтункор ранглар жилоси” илк расмлар кўргазмаси ўтказилади
Тошкентда ногиронлиги бўлган болалар томонидан чизилган “Мафтункор ранглар жилоси” илк расмлар кўргазмаси ўтказилади Кўргазманинг расмий очилиш маросими Тошкент фотосуратлар уйида 2023 йил 29 ноябрь куни соат 11:00 да бўлиб ўтади.
Шамоллаш ва гриппга қарши курашда қайси маҳсулотлар фойдали?
ССВ мавсумий ўткир респиратор касалликларга қарши курашишда инсон иммун тизими учун фойдали бўлган маҳсулотлар ҳақида маълумот берди.