currencies image

12 844,21 UZS

11,72

usd

currencies image

13 508,26 UZS

62,46

eur

currencies image

127,35 UZS

0,81

ru



АсосийЯнгиликларКремний водийсидаги драма: ChatGPT раҳбари нима учун ишдан олинди ёки сунъий интеллект хавфлими?

Кремний водийсидаги драма: ChatGPT раҳбари нима учун ишдан олинди ёки сунъий интеллект хавфлими?

Содда талқин

calendar

28.11.2023

eye

338

Кремний водийсидаги драма: ChatGPT раҳбари нима учун ишдан олинди ёки сунъий интеллект хавфлими?© Фото: hudud24.uz

Ўтган ҳафта ChatGPT ботини ишлаб чиққан OpenAI компанияси директорининг ишдан олиниши юқори технологиялар оламини жунбишга келтирди. Чунки жанжал жиддий саволларни кун тартибига олиб чиқди: Сунъий интеллект келажакда инсониятга зарар келтириши мумкинми? У ривожланишда қаергача боради? Инсон уни қандай назорат қила олади?

Жанжал тарихи

Аввалига Директорлар кенгаши кутилмаганда компания бош директори Сэм Алтманни вазифасидан озод этди. Сабаб – “ишончнинг йўқолиши”.

Аммо уч кундан кейин Алтман лавозимига қайтди. Чунки унинг ишдан олиниши компания ходимларининг аксари томонидан норозилик билан қарши олинди ва 770 ходимдан 700 нафари ишдан бўшаб кетиш ҳақида ариза ёзди. ChatGPT ни яратган шундай катта жамоанинг олтинбошлари бирданига ишдан кетиши – бу катта муаммо. Бунинг устига OpenAI нинг энг катта инвестори Microsoft ҳам Алтманни қўллади.

Бу кетишда сунъий интеллект қаергача боради?

Бўшатилган бош директор ўз вазифасига қайтар экан компания бошқарув кенгашидаги аксар директорлар ишдан олинди. Уларнинг ўрнига янги менежерлар, хусусан, АҚШнинг собиқ молия вазири Ларри Симмерс келди.

Экспертлар фикрича, ушбу бир неча кунлик талотўплар нафақат компанияга, балки умуман сунъий интеллект саноатига ҳам жиддий таъсир кўрсатди. Яъни бир қанча муҳим саволлар кўндаланг чиқди:

·       сунъий интеллект (СИ) ривожланиб кетса нима бўлади?

·       бизнес манфаатлари ва инсонпарварлик мақсадлари ўзаро тўқнаш келса, СИ ишлаб чиқарувчилар қайси бирини танлашади?

·       бу кучли технологиялар кичик бир гуруҳнинг қўлида жамланиши қандай оқибатларга олиб келади? Улар ўзаро уришиб қолишса, нима бўлади?

Бир пайтлар Опенҳеймер ядро бомбасини яратиш устида ишлаганида, шундай умуминсоний ва ахлоқий дилеммалар қаршисида турганини биламиз. СИ ядро бомбасидан ҳам кучлироқ дейишмоқда. Бунинг эртаси нима бўлади, қандай ютуқ ва хавфларни олиб келади?

“Кучли СИ ишлаб чиққан одамлар ҳозирда унинг уч кундан кейин қандай оқибатларни юзага келтиришини баҳолай олмайдилар” – Варшава университетининг квант физикаси бўйича профессори Анджей Драган Твиттер (Х) саҳифасида шундай деб ёзди.

ChatGPT тижорий лойиҳами ёки ижтимоий?

Кулранг тусли свитерлар мухлиси, 38 ёшли Алтман СИ-инқилобнинг юзи сифатида танилди, ChatGPTнинг муваффақиятини ҳам бевосита унинг номи билан боғлашади.

ChatGPT – бундан бир йил аввал, 2022 йилнинг ноябрида интернетда пайдо бўлган бот. У саволларга қатъий жавоб беради, шеър ёзади, мусиқа басталайди, компьютер кодларини яратади ва яна кўплаб ишлар қилади. Шу йил ноябрнинг бошида Альман ChatGPTдан ҳафтасига 100 млн одам фойдаланаётганини маълум қилди.

Фойдаланувчилар ва инвесторлар ChatGPT дан рози, унинг ривожланишини исташади. Бироқ мутахассислар ва сиёсатчилар СИнинг истиқболини ўйлаб бир сесканиб олишди ва СИ саноатини ҳуқуқий тартибга солиш лозимлиги ҳақида бонг ура бошлашди.

Алтманнинг ўзи ҳам СИ соҳасида тартибга солувчи қонунлар ишлаб чиқилиши лозимлигини гапириб келади.

“Ушбу технологиянинг афзалликлари хавфидан кўра кўпроқ бўлса ҳам, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш муҳим деб ҳисоблаймиз” деган у май ойида АҚШ сенатида сўзлаган нутқида.

Мутахассислар СИ туфайли ёлғон ахборот ва пропаганда тизгинсиз, чексиз тарқалишидан, меҳнат бозорида ишсизлик кўпайишидан, ҳатто машиналар тараққиётнинг тизгинини қўлга олишидан хавотир билдиришмоқда.

Айниқса, технокомпанияларнинг инсон интеллектининг ўрнини боса оладиган “умумий фойдаланиш учун” деган йўналишга алоҳида қизиқиш билдираётгани хавотирларни кучайтиряпти.

OpenAI нинг ғалати тизими

Алтман Илон Маск билан ҳамкорликда OpenAI га асос солган вақтда компания нотижорат ташкилот эди. Алтман ташкилотини “рақамли интеллектни инсоният фойдаси учун ишлатиш” шиори остида таъсис этган, молиявий фойда кўришни мақсад қилмайман деган эди.

Бироқ кейинроқ маълум бўлдики, СИ-тизимлари ишлаши учун жуда катта ва кучли, қиммат ҳисоблаш техникалари зарур.

Шунинг учун 2019 йили OpenAI ўзининг тижорат қанотини ишга туширди. Бу эса компаниядаги кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлди. Гўёки юксак идеаллар тагида охир оқибат барибир моддий фойда кўриш тургандек эди. Шу сабабли айрим мутахассислар ва менежерлар, хусусан, Илон Маск ҳам компанияни тарк этди.

Компанияга асосий инвестор сифатида Microsoft саҳнага чиқди. У миллиардлаб инвестиция эвазига компаниянинг 49 фоизини сотиб олди.

OpenAI ўзининг аввал бошдаги инсонпарварлик мақсадига содиқ қолиши учун Алтман унинг ичида ғайриоддий корпоратив тузилмани ташкил қилди: кичик нотижорат Директорлар кенгаши тижорат бўлими устидан назорат олиб борадиган бўлди.

“Директорлар кенгаши мени бўшатиб юбориши мумкин, мен буни муҳим деб ҳисоблайман”, деганди Алтман Bloomberg нашрига июнь ойида.

Алтманни нега бўшатишди?

Директорлар кенгаши ростан ҳам Алтманни бўшатиб юборди. Бу хабарни эшитганида Алтман Лас Вегасда “Формула-1” пойгаларини томоша қилиб юрган эди. Ҳар ҳолда Wall Street Journal шундай ёзди.

Директорлар кенгашига кўра, Алтман “Кенгаш билан шаффоф ишлашда етарли даражада ҳалоллик қилмаган”. Бошқа изоҳ берилмади.

Компания ходимлари қанчалик қатъий талаб қилишмасин, Директорлар кенгаши бошқа лом-мим демади. Wall Street Journalга кўра, кенгаш юридик сабабларга кўра, жавоб беришдан бош тортган.

Тахминларга кўра, компаниянинг сунъий интеллектни бизнесга айлантириш сиёсати авж олаётгани сабаб директорлар кенгашида эътирозлар кўпайган. Яъни кенгаш СИнинг пул учун инсониятга зарар етказадиган томонга қараб ривожланиб кетишидан хавотирда. Чунки жанжал олдидан компания акцияларини инвесторларга сотмоқчи, бу орқали ташкилот нархини 89 млрд долларга кўтармоқчи бўлган.

Бироқ жанжалдан сўнг компанияга раҳбар этиб тайинланган Эммет Шир ушбу тахминларни рад этди, Алтманнинг ишдан бўшатилиши СИнинг хавфсизлиги билан боғлиқ эмас, Алтман СИ бўйича ишланмаларни шахсий манфаатлари йўлида ишлатмоқчи бўлмаган деди.

Сунъий интеллект кучайиб кетишидан нима учун қўрқишади?

Ўтган пайшанба Reuters компаниянинг икки ходимига таяниб қизиқ маълумот тарқатди. Унга кўра, OpenAI ходимлари янада кучли СИ устида ишлаётганларидан Директорлар кенгаши хавотирга тушган. Чунки компаниянинг бир неча ходимлари бу яхшиликка олиб келмаслиги ҳақида Кенгашга мактуб ёзишган.

Ушбу янги СИ ташқи олам билан ўзи мустақил алоқа ўрнатиб маълумот йиғади ва айрим тижорий масалаларни одамлардан яхшироқ еча олади. Бу эса мустақил, жуда тез ўйлайдиган ва реал жараёнларга таъсир кўрсата оладиган, бироқ инсон каби ахлоқий тушунчалардан йироқ машина дегани. Қўрқинчли а?

Алтманнинг ўзи ҳам яқинда Осиё-Тинч океани форумидаги нутқида СИнинг катта ютуқлари ва порлоқ истиқболи ҳақида гапира туриб мустақил ишлай оладиган сунъий интеллект ҳақида илмоқли гаплар қилганди.

Reutersга кўра, ходимларнинг юқорида тилга олинган хавотирли мактуби Директорлар кенгашининг Алтманни бўшатиш ҳақидаги қарорига сабаб бўлган. Бироқ компания бу хабарга ҳеч қандай муносабат билдирмади.

Ҳар нима бўлганда ҳам, Алманнинг OpenAI раҳбарлигидан бўшатилиши ва уч кунда лавозимга қайта тикланиши сунъий интеллект технологияларининг инсонлар учун хавфи масаласини кун тартибига олиб чиққани билан аҳамиятли.

Улашиш:

Бошқалар

27-октябр 2024, 06:15
1 757

Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади

Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.


19-ноябр 2024, 12:35
1 717

Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб

Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.


13-ноябр 2024, 12:35
1 605

Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб

Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.


27-октябр 2024, 04:36
1 593

Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай

Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.

Мавзуга доир янгиликлар: