currencies image

12 707,95 UZS

57,69

usd

currencies image

14 099,47 UZS

115,87

eur

currencies image

140,95 UZS

1,01

ru



АсосийЯнгиликлар“Қоғоз гапиради” ёки ҳужжатлар инсон ҳаётида қанчалик муҳим?

“Қоғоз гапиради” ёки ҳужжатлар инсон ҳаётида қанчалик муҳим?

Ўзбекистон

calendar

25.07.2024

eye

1 109

“Қоғоз гапиради” ёки ҳужжатлар инсон ҳаётида қанчалик муҳим?

Шахсни аниқлаш ҳар доим муҳим. Идентификация бу ҳуқуқ. Ҳуқуқки, хавфсизлик, ҳимоя, давлат хизматлари, имтиёзлар ва имкониятлардан фойдаланиш учун дарвозаларни очади. Афсуски, ҳаётда турли сабабларга кўра ҳужжатсиз инсонлар учраб туради. Бу уларнинг турмушини мураккаблаштиради, фарзандлари тақдирига таъсир қилади ва турли ижтимоий муаммоларни келтириб чиқаради. Мақолада фуқароларнинг ҳужжатсизлиги ва уни бартараф этиш мавзуси таҳлил қилинади.

Ҳужжат нима?

“Documentum” лотинча “исбот” демакдир. Ҳужжатлар маълумотни макон ва замонда сақлаш ҳамда узатиш имконини беради. Инсон қолдириши мумкин бўлган биринчи белгилар ва рамзлар пайдо бўлиши биланоқ, энг дастлабки ҳужжатлар ҳам пайдо бўлган.

Инсон туғилганидан бошлаб кўплаб ҳужжатларга эҳтиёж сезади. Хусусан:

— туғилганлик ҳақида туғруқхонадан маълумотнома;

— туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;

— аттестатлар ва дипломлар;

— паспорт;

— мулкка эгаликни тасдиқловчи ҳужжатлар;

— ҳайдовчилик гувоҳномаси;

— никоҳ, ўлим тўғрисидаги гувоҳнома ва ҳоказо.

Бир вақтнинг ўзида ҳар бир харид (идеал ҳолатда) ҳужжат билан якунланади. Ҳар бир касса чеки фискал ҳужжатдир. Касса чеки олди-сотди фактини тасдиқлайди. Ушбу ҳужжатлар асосида дўкон, банк ва шу кабилар фаолиятини кузатиб борувчи бошқа ҳужжатлар шакллантирилади.

Бир қарашда бир парча қоғоз, лекин у инсоннинг тақдирини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин.

Ҳужжати йўқ инсонларга нима учун қийин?

Жаҳон банки маълумотларига кўра, дунёда қарийб 1 млрд га яқин инсоннинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати мавжуд эмас. Айниқса, кам таъминланган ва маргинал гуруҳлар аъзолари орасида шахсини тасдиқловчи расмий ҳужжатга эга бўлмаганлар кўп учрайди. Бу глобал муаммо бўлиб, уни бартараф этиш устида халқаро ташкилотлар турли халқаро дастурлар доирасида мунтазам ишлаб келадилар.

Маълумот учун: 2016 йилдан бери Жаҳон банкининг ID4D (“Тараққиёт учун идентификация) дастури шахсини тасдиқловчи ҳужжатсиз одамларга ёрдам бериш учун глобал ID ҳолатини баҳоловчи маълумотларни ишлаб чиқди. 2021 йилдан бошлаб маълумотларни йиғиш бўйича янги ҳаракатлар нафақат ID қамровидаги бўшлиқларни, балки ID тизимига рақамли технологияларни жадал жорий қилиш имкониятларини ҳам ўрганмоқда.

Демак, дунё аҳолисининг ҳар 8 тадан биттаси базавий давлат хизматларини олиш имконига эга эмас: таълим олиш, мулк сотиб олиш, никоҳини қайд этиш, ишга кириш, бизнесни рўйхатдан ўтказиш, ҳатто уяли телефон сотиб олиш ва сим-картадан фойдаланиш ҳам улар учун катта муаммо.

Бу эса ўз навбатида шахснинг ижтимоийлашуви, камбағалликдан халос бўлиши, жисмоний ва руҳий саломатлиги, ҳатто авлодлари тақдирига таъсир этувчи салбий омил бўлиб, ҳам кенг миқёсли ижтимоий муаммоларни, ҳам чуқур шахсий фожиаларни юзага келтириши мумкин.

Маълумотларга кўра, дунё бўйлаб ҳужжатсиз яшаётган 1 миллиард аҳолининг 50% и Африка қитъасида, 31% фоизи Жанубий Осиё мамлакатларида яшайди. Уларнинг 47 фоизи аллақачон паспорт ёки ID карта олиш ёшига етган. 63 фоиз ҳужжатсизлар аҳоли даромади ўртачадан паст мамлакатларда, 28 фоизи эса ўта қашшоқ мамлакатларда яшайди.

Айниқса, аёлларнинг ҳужжатсизлиги жиддий муаммо сифатида кўрилади. Чунки онанинг ҳужжатсизлиги оқибатида фарзандларнинг туғилиши қайд этилмаслиги ва натижада яна бир нечта ҳужжатсиз инсон жамиятга қўшилиши кузатилади.

Ҳужжати билан муаммо туфайли тақдири тубдан ўзгариб кетган инсонлар ҳақида машҳур кинофильмларни биламиз (“Терминал”, “Италияликларнинг Москвадаги саргузаштлари”). Реал ҳаётда эса ҳужжатсизлик бундан-да чуқур муаммоларни юзага келтиради.

Ўзбекистонда муаммо қандай ечилмоқда?

Юртимизда шахсга доир ҳужжатлар билан боғлиқ аҳоли муаммоларини ҳал этиш мақсадида адлия органлари томонидан жорий йилнинг 20 мартидан 1 апрелига қадар “Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди” ҳуқуқий акцияси ўтказилди.

Ҳуқуқий акция доирасида республика миқёсида нафақат адлия органлари томонидан бериладиган ҳужжатлар, балки бошқа давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар юзасидан ҳам амалий ёрдам бериш орқали 116 мингдан ортиқ шахсларнинг ҳужжатлар билан боғлиқ муаммолари ижобий ҳал этилди.

Мисоллар билан айтганда, ҳужжати йўқ бўлганлиги сабабли 10-13 ёшида ҳам умумтаълим мактабларига чиқолмаётган болалар акция натижасида бу йил 1-синфга қабул қилинди, 20, 30, 40 ва ҳаттоки 90 ёшга кирганда ҳам туғилиши қайд қилинмаган ва фуқаролик паспорти ёки ID-карта ололмаган шахслар эндиликда тегишли ҳужжатларга эга бўлдилар.

Ўрганишлар давомида Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳужжатсиз қолишига қуйидаги асосий сабаблар аниқланди:

  • уйда туғиш;
  • тиббий маълумотнома мавжуд эмаслиги туфайли туғилиш ё ўлим қайд этилмаслиги;
  • хорижда туғилганлик қайд этилгани ва гувоҳнома йўқотилгани;
  • турли фавқулодда ҳолатлар туфайли ҳужжатларга зарар етиши (ёнғин, сув тошқини ва ҳк);
  • қонуний никоҳдан ўтмаслик;
  • суд тартибидан никоҳдан ажралиш, бироқ уни ФҲДЁда қайд этмаслик;
  • ота ёки онанинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати йўқлиги сабабли фарзандга ҳужжат расмийлаштирилмаслиги ва ҳоказо.

Масалан, 2021 йилда Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида 50 яшар эркакка туғилганлиги ҳақида гувоҳнома ва ID карта топиширилди. Суҳбат асносида фуқаро 12 ёшида ёнғин туфайли уйида ҳужжатлар ёниб кетгани, орадан бир неча йил ўтиб эса ота-онаси ажрашиб, отаси хорижга кетгани, онаси вафот этгани ортидан ҳужжатларни тиклаш ишлари қолиб кетганини маълум қилди. Фуқаро мактабни тугатганлиги ҳақида шаҳодатнома ололмаган, расман ишга кира олмаган, шунча йил давомида вақтинчалик ишлар, хусусан, мардикорчилик ортидан кун кўриб келган, уйланганида ҳам никоҳини расман қайд этмаган. Бу масалада давлат органларига мурожаат ҳам қилмаган.

Яна бир мисол: 53 ёшли аёлнинг  5 фарзанди бор. Ота-онасиз, қариндошларининг қўлида катта бўлган аёл асли ҳужжатлари бўлганми, бор бўлса, қаерда қолганини ҳам билмайди. Ҳужжати йўқлиги сабабли мактабни битира олмаган, касб-ҳунари ҳам йўқ, турмушга чиққанида никоҳи расман қайд этилмаган. Туғилган фарзандларига ҳам ҳужжатлар олинмаган (ҳужжати йўқлиги сабабли тиббий “учет”да турмаган, туғруқхонада эмас, уйда туғган). Натижада фарзандлари ҳам ҳужжатсиз. 20 ёшли қизи ва 19 яшар ўғли мактабга бормаган, кейинчалик 12, 9 ва 7 яшар фарзандлари ҳам мактабга чиқмаган. Энг ёмони, ҳужжатсизлик балоси учинчи авлодга ҳам ўтиб, аёлнинг қизи турмушга чиққач, никоҳи расман қайд этилмаган ва фарзандига ҳам туғилганлик ҳақида гувоҳнома расмийлаштирилмаган (онаси каби уйда туғган). Оила ижтимоий ёрдам ололмайди, уй-жой учун субсидия ҳам, солиқ ва кредит тарихи ҳам йўқ. Табиийки, тадбиркорлик қилиш, умри давомида эришган мулкини ўз номига расмийлаштириш, фарзандларга нафақа олиш ҳам имконсиз.

Ҳужжатсиз фуқаролар гўёки кўринмас одамлардек. Улар атрофимизда яшашади, имкон қадар шароитлардан фойдаланшга интилишади, бироқ ҳужжатсизлик ортидан келган муаммолар туфайли ижтимоийлаша олмайди, ҳаётда ўз ўрнини топа олмаслик натижасида ҳафсала пир бўлиши, курашмаслик, депрессия, суицид ва жиноятчилик хавфи ортади. Бу эса нафақат шахсий муаммо, балки ижтимоий хавфларни ҳам юзага келтиради.

Юқорида келтирилган 116 минг дан ортиқ инсоннинг барчасида ҳам бундай ҳолат бор деб бўлмайди, чунки ҳужжатлар турлича: кадастр, бизнесни расмийлаштириш, ўлим ҳолатини қайд этиш кабилар ҳам бор. Бироқ фуқаронинг ҳар қандай ҳужжат билан таъминлангани унинг маълум ҳуқуқлари рўёбга чиқишига кафолат пайдо бўлди дегани. Демак, унинг тақдири албатта яхши томонга ўзгаради.

Фуқароларни ҳужжатли қилишда асосий муаммолар нима?

Биринчидан, муаммонинг кўламини аниқлаш. Яъни барча ҳужжатсиз фуқароларнинг сонини аниқлаш. Масала шундаки, ҳужжати йўқ фуқаро кўпинча “бекиниб олиш” пайига тушади, яъни ҳужжатни тиклаш учун бирон органга мурожаат қилиш ўрнига, бу муаммоларимни кўпайтиради деган ўйда ўз муаммосини айтмайди, яширади.

Иккинчидан, тўловлар. Ҳужжатларни тиклашда маълум бюрократик хатти-ҳаракатлар, суд ҳаражатлари, жарималар ва турли бож тўловлари бўлиши мумкин. Ҳужжатсизлик ортидан камбағаллик қопқонига тушиб қолган фуқаро ёпиқ ҳалқани ёриб чиқа олмайди.

Учинчидан, ҳуқуқий онг ва маданиятнинг етишмаслиги. Ҳужжат ўз ҳаётида нақадар муҳимлигини англамаслик, муаммолариинг асл сабаби айнан шунда эканини тушунмаслик, ҳужжатларга масъулиятсиз муносабатда бўлиш. Масалан, ўрганишлар натижасида, 57 мингга яқин фуқарода шахсини тасдиқловчи ҳужжати муддати ўтгани ёки амал қилиш муддати тугаётганидан бехабарлиги аниқланди.

Юқоридаги сабаблар ҳужжатсизлик муаммоси муаммоси нафақат ҳуқуқий, балки ижтимоий майдонда ётгани кўрсатади. Табиийки, ушбу муаммони бартараф этиш ижтимоий ҳимоянинг ажралмас қисми бўлиб қолади.

Муаммолар қандай ечилмоқда?

Биринчидан, Президент Фармони доирасида адлия органлари ходимлари томонидан уйма-уй юриб ўтказилаётган аҳоли муаммоларини ўрганиш тадбирлари доирасида бундай фуқаролар аниқланмоқда ва уларга ёрдам берилмоқда. Хусусан, Фарғона вилоятида 250 дан ортиқ, Андижон вилоятида 120 дан ортиқ, Қашқадарё вилоятида 110 дан ортиқ фуқароларга тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришда амалий ёрдам кўрсатилди.

Иккинчидан, жойларда аниқланган аҳолининг кундалик ҳаётидаги тизимли муаммоларини ҳал қилиш ва барча фуқароларни давлат аҳамиятига молик бўлган ҳужжатлар билан таъминлаш мақсадида ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар ва уларнинг фарзандларига шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни олишдаги турли харажатларни камайтириш ва имтиёзлар белгилашни назарда тутувчи қонунчиликка таклифлар киритилмоқда.

Учинчидан, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни олиш муддатни яқин қолган ёки ўтиб кетаётган бўлса уларга СМС хабар юбориш таклиф қилинмоқда.

Ҳозирда https://t.me/adliya_call_center_bot ишга туширилди. Фуқаролар ушбу ботга мурожаат қолдириши мумкин.

Хулоса

Ўзбекистонда ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмаслиги керак. Ҳар бир фуқаро ўзининг шахсини тасдиқлаш, давлат хизматлари ва белгиланган имтиёзлардан ҳақли равишда ҳеч бир тўсиқсиз фойдалана олишига эришишимиз зарур. Зеро, Юртбошимиз Ш.М. Мирзиёев таъкидлаганларидек “Фуқароларнинг ҳар қандай муаммоларини ҳал этиш – давлатнинг халққа нисбатан асосий мажбуриятларидан бири эканини унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”.

 

Шаҳноза Соатова

Адлия вазирлиги масъул ходими

Улашиш:

Бошқалар

13-август 2024, 13:32
4 003

Олимпиада ғолиблари, уларнинг тренерларига қанча мукофот берилади?

Қонунчиликда ғолиблар, тренерларга бериладиган мукофот миқдори аниқ белгиланган. Мазкур мукофотдан солиқ ундириладими? Спортчини бир нечта тренер тайёрлаган бўлса қандай йўл тутилади?


17-август 2024, 12:47
1 223

Ерда кучли магнит бўрони кузатилиши мумкин. Бундан қандай ҳимояланиш керак?

Якшанба, 18 августга ўтар кечаси ва якшанба кундуз куни 4-6 баллик магнит бўрони кузатилиши мумкинлиги прогноз қилинмоқда.


19-август 2024, 04:06
1 214

Қобулда “Made in Uzbekistan” кўргазмаси иш бошлади

Амалий ташриф билан Афғонистонда бўлиб турган Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Қобул шаҳрида ташкил этилган Ўзбекистон-Афғонистон бизнес форуми ҳамда “Made in Uzbekistan” кўргазмасининг расмий очилиш маросимида иштирок этди.


20-август 2024, 12:40
1 177

Қандай ҳолларда ходимнинг розилигидан қатъи назар, меҳнат ҳақидан ушлаб қолишга йўл қўйилади?

Меҳнат кодексининг 269-моддасига асосан ходимнинг розилигидан қатъи назар, меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин бўлган ҳолатлар келтирилган.